ГАЗЧИДАН, ЭЛЕКТЕРЧИДАН ВА ҲУКУМАТДАН ДОД!

Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

2007 йилнинг биринчи чорагида 4 миллард сўмга кўпайган Андижон вилоятида ахолининг табиий газдан қарзлари. Шу билан жами қарзлар 43 миллард сўмга етган – бу Америка пулига 34 миллион 300 минг доллар атрофида бўларкан. Электр энергияси истеъмоли ва коммунал хизматлар бўйича юзага келган ахолининг қарзларини қай даражада эканини эса Ўзбекистон ҳукумати очиқламайди.

Ислом Каримов режимидаги лўттибозлар келтираётган бу рақамлардан беихтиёр: “Опқоч-эй, ярамаслар!” – деб юборасиз. Ахир Андижонда таббий газ ахолининг эхтиёжини деярли қониқтирмаётган бўлса, қандай қилиб одамлар қарзи 34 миллион доллардан ошиб кетади?! Ёлғон, инсофсизлик, диёнатсизлик ҳам эви билан-да!

Мана, куни кеча бир танишимизнинг 60 ёшдан ошган онаси Андижондан Тошкентга кўчиб кетди. Сабаби, газ ва электрдаги узилишлардан тўйган. Энди кинидик қони тўкилган жойни ташлаб, газ ва электери ўчмайдиган пойтахтдаги ўғлининг уйида яшамоқчи.

4 нафар фарзандини тишида тишлаб, мардикорлик қилаётган андижонлик жувон эса электрдан 150 минг сўм қарзга ботгансан деб ёқасидан олишаётганини, лекин бутун умр бу қарзни тўлай олмаслигини гапиради ва бундай дейди:

– Авжи қишнинг чилласида бетон уйда, газ ва электрсиз ўтиришни айтинг. Ислом Каримов ўзбекистонликларни бира тўла тугатиб, битирмоқчи шекилли, қамоқхонага ўхшатиб қўйган мамлакатни! Ҳатто мардикорлик қилиб ҳам қоринга тузукроқ егуликка ишлаёлмайсан, қарзни тўлашни-ку,гапирмаса ҳам бўлади.

Газ ва электрдаги узилишлар бугун Андижон вилоятининг 90 фойиз жойида борлигини айтган одамлар бир кунда, яъни 24 соатда атиги 5-6 соатдан, баъзида эса умуман электр ёнмаётганини, газ эса ёз фаслида ҳам чой қайнатишга-да ярамаётганини гапиради.

– Ҳар бир тумандаги электр идорасида махсус жадвал бор. Ўша жадвалга қараб қишлоқлар навбатма навбат электрдан узилади. Одамлар ҳозир бунга кўникиб ҳам кетишган. Мана мени 170 минг сўм қарзим бор эмиш. Биламан мусулмончиликда қарзни тўламаслик гуноҳ бўлади, лекин ҳукуматнинг бераётган маоши 40 минг сўм бўлса-ю, 40 минг сўм билан бозорда атиги бир халтани зўрға тўлдирсангиз, қандай қилиб, қачон узишим мумкин бу қарзни! Унинг устига электри ёлчитиб ёнмаса! Қишни-ку қўйинг,мана ҳозир ёз маҳали газда чой қайнатишни иложи йўқ! Ҳўш, нима учун 170 минг сўм тўларканман, бу лўттибозларга!- дейди туманда яшовчи 50 ёшлардаги фуқаро.

Ҳозир Андижон шахрида ва туманларда жуда кўпчилик уйларига газ сўрғичлар ўрнатишган. Лекин бунинг оғирлиги ҳукуматга эмас, қўни-қўшнига, махала – куйдагиларга тушаяпти. Бир одам уйига сўрғич ўрнатиб газни сала баландлатишнинг йўлини қиласа, 10 одамнинг уйида газ босими пасайиб кетади.

Масаланинг яна бир ачинарли томони газ босими етишмаслигидан одамлар уйларига чўян печкалар қуриб олишган ва мевали дарахтлар, тутлар ёқилиб кетмоқда. Худди уруш маҳалидай хатто қишлоқларда мевали дарахтларни ёқиб бўлишганини одамлар эътироф этишади.

Андижонда 2005 йил май воқеаларигача одамлар уйларида газ босими камлигидан ва электр энергияси узилишларидан норози бўлиб кўчаларни тўсиб олиш ҳолати ниҳоятда кўпайган эди. Май воқеалари баҳонаси билан Ўзбекистон хукумати олиб борган аёвсиз қийноқлар натижасида одамларни газ ва электр узилишларидан норози бўлиб кўчаларга чиқиши деярли камайди. Лекин бу вақтинча, аниқроғи қишнинг совуқ нафаси келгунча бўлди. 2005 йил ноябрь ойидан Андижон шаҳрининг ва туманларнинг айрим жойларида, яна одамлар кўчаларга норозилик билан чиқишни давом эттирди.

2005 йилнинг охири ва 2006 йилнинг бошларида, вилоят, шаҳар ва туман хокимлиги ходимлари ҳамда махала раислари худди итларни етаклагандай милиция ходимлари билан бирга Андижондаги хусусий иссиқхоналарга киришган. Эндигина етилиб пишган помидор, бодрингларни юлиб ташлашган. Одамларга тахсимланаётган газ ва электр энергиясини иссиқхоналар тортиб олаяпти деб сабаб кўрсатган Ислом Каримов режимига садоқат билан хизмат қилиб бечора дехқонларни қахшатганлар. Одамларнинг ўшандаги қарғишлари урди шекилли орадан кўп ўтмай вилоят ҳокими ва яна бир қатор маҳаллий расмийлар қамалди, жаримага тортилди ёки ишдан кетди.

Шу кўрганларимиздан хулоса чиқариб, Ислом Каримовга ҳам халқ қарғиши етиб бораяпти шеккилли деган ўй беихтиёр келади. Қиш-қировли кунларда темир-бетонли уйлардаги одамларни газ ва электрсиз яшашга мажбурлаши яратганга хуш келмаётганини бугун ҳамма кўриб, билиб турибди. Украинага ўзбек газининг бир қадоғини 255 доллардан сотиб, шунинг 200ни Россияга бериши ва 55 долларнигина олиб, яна Путинга қуллуқ қилиб, Сочи қароргоҳида ҳамкасбининг итини-да хушомад билан силаши Ислом Каримовни – ўзбек халқини газ ва электрсиз қўяётган Ислом Каримовни бугунги ахволи нечоғли эканидан дарак беради.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares