ЭЛНИ СЕВГАН—ЭЛ ДАРДИДА ЯШАЙДИ

Акромхўжа Муҳитдинов. Ҳуқуқ ҳимоячиси. «Бирдамлик» ҳаракатининг Ўзбекистон Республикаси лидери.
Тел: (+8371) 101-92-18

Бобоназарова Надежда Ивановна ўзи яшайдиган Пастдарғом туман, Ўзбекитон жамоа хўжалиги ҳудудда юзага келган оғир экалогик вазиятдан ташвишланиб, бир қанча идораларга аризалар ёзди. Энди у Россия ҳукуматининг Ўзбекистон республикаси элчихонасига бу борадаги ташвишларини билдириш ниятида.

Надежда Ивановнага кўра, ўз юртини севган ҳеч бир инсон бу каби муаммоларга бефарқ бўлмаслиги керак. “Мен Ўзбекистонни севаман ва шу диёр фарзандига турмушга чиққанман. Мен ҳукумат сиёсатига қарши эмасман. Шу ҳалқни севганим учун инсонларнинг турмуш тарзига ва соғлигига путур етказгаётган холатлар мени жуда қийнайди”-дейди Надежда. Уни қийнаётган муаммо эса ҳақиқатдан ўта жиддий.

Гап шундаки, Самарқанд шаҳрида темир йўлга қарашли бўлган депо собиқ СССР даврида вокзалнинг орқа томонида бўлган. Кейинги 5-6 йил ичида «депо» Мароқандга кўчирилган. Юк поъездлари уран моддаси ортилган цестерналарни Советободдан «Мароканд» станция депосига келтирилиб, ундан бошқа керакли манзилларга олиб кетилади.

«Мароканд»да эса «Уран» ортилган цестерналар ювилади. Станция билан аҳоли яшаш пунктлари оралиғи бир чақиримдан ҳам камроқ бўлиб, ўртада пахта даласи бор. Пахтазор билан поезд йўлининг сатҳ-у текислиги бир хил. Турар жойлар ҳам. Аҳоли яшайдиган қишлоқлар ва поъезд йўл орасига, ёки депо билан қишлоқни “узиб” тариш учун лоақал ихота дарахтлари ҳам экилмаган.

Экалогик носоғлом ҳудуд, Надежданинг фикрича 4 та яқин қишлоқни қамраган. Булар: Маданият, Инқилоб, Ҳамзаобод, Жағалбой қишлоқлари. Яна, ташвишланарлиси 1 лицей ва 2 та катта мактаб биноси ҳудудга жуда яқин жойлашган.

Яна ушбу ҳудудлар тоза ичимлик суви, водапровод билан етарли даражада таъминланмаган. Аҳоли бу эҳтиёжларида қазилган қудуқлардан фойдаланадилар, лекин, Надежданинг фикрича, шу ердан ўтувчи нотоза сой ва ҳожатхоналар қудуқлар сувини ифлослантириши мумкин.

“Уран—ўта заҳарли элемент, у аллақачон ўз ишини қилаяпти. Ураннинг зарари йил ўтган сайин ошиши мумкин, уни одам пуштига зарарлилиги ҳеч кимга сир эмас. Хатто, янги туғилган ёш гўдаклар бош мия қон босими касаллигига дучор бўлишмоқда. Катта ёшдагиларда ҳам қон босими, анимия, оёқлар шишиб, кучли оғриқлар пайдо бўлиши ҳасталиклари жуда кўп. Хозир касалхоналаримизда касаллар сони ҳар қачонгидан кўп, болалар ўртасида эса ўлим табора кўпайган-дейди бошқа бир суҳбатдошимиз, -лекин, маҳаллий раҳбарлар бу муаммога панжа орасидан қарашмоқда. ”

Надежда Ивановна “Ижтимоий-ҳимоя йили” деб эълон қилинган 2007 йилда маҳаллий тўралар ижтимоий ҳимояга ўта совуққонлигидан куйинади. “Президентимиз фармонлари бу ерда асло бажарилмаётир, бирон-бир кимсага конпенсация берилмаяпти.”

Надежда Ивановна атрофидаги деҳқонларнинг оғир турмушидан, кўпларнинг яшаш учун уй жой сотиб ололмай сарсонлигидан, аҳолининг қашшоқлашаётганидан жуда эзилади, азият чекади. Лекин, сўнгги пайтда юзага келган “уран” моддаси билан боғлик муаммони ўта жиддий ҳисоблайди, ва керак бўлса бу борада халқаро миқёсда бонг уришга тайёр.

“Мен 53 ёшдаман ва ногиронман. Лекин, ким бўлмайин, шу халқни яхши кўраман ва ҳамқишлоқларимнинг ташвиши менинг ташвишим. Шу ҳалққа беқиёс хурматим боис, қизим Иринани ҳам ўзбек йигитига турмушга берсам, дейман”-дейди Надежда Ивановна.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares