Дилмурод САЙЙИД:- МАЪНАВИЙ ҚИЙНОҚ

ЁКИ ҚОНУННИ ОЁҚОСТИ ҚИЛАЁТГАН РАИС ХУСУСИДА

Сарлавҳани ўқиган одам : “Ўзбекистонда нима кўп-раис кўп! Қайси тоифага мансуб раис хақида экан буниси?”-деган хаёлга бориши аниқ.

Ушбу мақола-суҳбатимиз Ўзбекистон Адвокатлари Ассоциацияси РАИСИ Баҳром САЛОМОВ ва шу тизимдаги айрим масъулларнинг ғайриқонуний ва ғайриинсоний бир ҳаракати хусусида!

Маълумингизки, ЎзР Адвокатлар ассоциацияси, Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати ва “Аргумент АNN” адвокатлик ташкилоти (фирмаси) муассислигидаги “Адвокат пресс” газетаси 2005 йил 24 ноябр куни савдо шахобчаларидан йиғиб олиниб, таҳририят фаолияти тўхтатиб қўйилганди. Бир йилдан ортиқ қилинган ҳаракатлар самара бериб, таҳририят шу муассислар ҳамкорлигида “Ҳимоя-жараён” номи билан (2007 йил 11 январда) қайта рўйхатдан ўтказилиб, фаолиятини тиклаганди. Газетада махсус мухбир бўлиб ишлаган тажрибали журналист Равшан БОБОМУҲАМЕДОВ бош муҳаррир этиб тайинланганди. Қайта рўйхатдан ўтган газетанинг илк сони шу йил 15 март куни нашрдан чиқарилди. Бир йилдан ортиқ югур-югур, асаббузарликлар таъсири ҳам бўлиб, янги бош муҳаррир шу йилнинг 12 апрел кунидан даволаниш ва касалхонада бўлган. Унинг ўринбосари (собиқ “Адвокат пресс” газетаси бош муҳаррири) Р.ГАПИРОВ ва бошқа ходимлар (бири Р.Гапировнинг туғишган укаси, бири Р.Гапиров таклифи билан ишга келган ходим ва ҳисобчи!) Р.Бобомуҳамедовнинг касаллигини яшириб, уни сабабсиз ишга келмаётганлиги ҳақида ёзма, асоссиз далолатномалар тузишиб, муассислар эътиборига ҳавола қилганлар. Ҳатто 3 май кунидан кейин ишга қабул қилинган ходим (эндиликда шу газета бош муҳаррири) С.Рустамов ҳам ўзи кўрмаган ва билмаган ҳолатлари юэасидан тузилган актларга имзо чекканлигини таъкидлайди.

Муассислар ўзларининг йиғинларида тузилган Далолатномаларнинг қай даражада қонуний ва асосли эканлигини суриштириб ўтирмай, газета бош муҳаррири Равшан Бобомуҳамедовни таклиф қилмай ёки ёзма огоҳлантирмай ИШДАН ҲАЙДАЙДИЛАР. Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида биз Равшан Бобомуҳамедов билан яна бир бор кўришиб, суҳбатлашдик.

Д.С. -Равшан ака, ишдан ҳайдалганингиздан кейинги воқеаларга изоҳ бериб ўтсангиз.

Р.Б.- Биласиз, ўз вақтида “Қишлоқ ҳаёти” газетаси таҳририятида анча йил касаба уюшмасига ҳам раҳбарлик қилганлигим боис ҳозирда ўзимнинг бундай ғайритабиий тарзда ИШДАН ҲАЙДАЛИШИМ ҳола-тига ҳайрон бўлдим. Хуллас, 11 июн куни жаноб Б.Саломов қабулига кириб, ишдан ҳайдалишимга оид муассислар умумий йиғини қароридан кўчирма сўрадим. Саломов мени суҳбатга тортмоқчи эди, касал-хонага вақтида боришим зарурлигини, қолаверса, суҳбатга эҳтиёж йўқлигини айтиб, фақат қарор нусха-си учунгина келганлигимни билдирдим. У эса, ҳали қарор тайёрмаслигини, мен даволаниб бўлганимдан кейингина беришлигини айтди. Ўша кунлари бўлажак Съезд бўйича жуда банд экан. Шунингдек, съезд ўтгунича сабр қилиб туришимни, кейин агар рози бўлсам, ўринбосарликка тайинланишимни гапирди…

Д.С. –Балки бирор асослари бордир Сизни ҳайдашган?..

Р.Б. – Мен ҳам озми-кўпми, қонунларни тушунаман. Ҳеч маҳал даволанишда бўлган ходимни ишдан бўшатиш мумкин эмас. Чунки даволаниш вақти меҳнатга вақтинча лаёқатсизлик даври ҳисобланади.

Д.С.-Бугун 2 июл! Сиз 12 апрелдан буён ишда эмассиз. Шу даврда даволанишда бўлганлигин-гизни асословчи ҳужжатларга эгамисиз?

Равшан Бобомуҳамедов жавоб ўрнига ёнида турган папкадан бир неча варақли тахламни олиб узатди. Бир-бир кўздан кечира бошладим: бешта касаллик варақаси: 12-28 апрел кунларига; 29 апрел-3 май кунларига; 3-19 май кунларига; 19 май-3 июн кунларига; 4-29 июн кунларига! 28 июн куни берилган йўлланмада эса, беморнинг ВККдан ўтиши таъкидланган! Қолган уч варақда қилинган муолажалар ва қўйилган ташҳислар ҳақидаги маълумотлар. Ва бу ташҳислардан баъзиси айнан муассислар томонидан қилинган ноҳақлик сабаб юзага келган касаллик бўлишига шубҳа йўқ!

Мен бу ўринда бирор изоҳ айтиб, муштарийнинг қимматли вақтини олишга тортиндим. Фақат…

Биз Ўзбекистондаги қийноқлар ва ғайриинсоний муносабатлар хусусида жуда кўп ёзмоқдамиз. Ва асосан бу битикларда ҳуқуқ-тартиботнинг ички ишлар, прокуратура тизимини танқид қилаяпмиз. Бироқ жисмоний қийноқдан ташқари МАЪНАВИЙ ҚИЙНОҚ ҳам мавжудлигини негадир жуда кам эътиборга оламиз. Менинг назаримда, Равшан БОБОМУҲАМЕДОВга нисбатан муассислар-Ўзбекистондаги нуфузли АДВОКАТЛИК бошқарувлари томонидан қилинган ғайриқонуний ушбу ҳаракат айнан МАЪНАВИЙ ҚИЙНОҚларга яққол далил бўла олади. Ва бунинг энг фожиали жиҳати мазкур ҒАЙРИИНСОНИЙ ҳаракат АДВОКАТЛИК тизимлари тарафидан содир этилганлигидир.

Кимлардир бу ҳолат бир неча муассис тарафидан йўл қўйилганлигига урғу бериб, Ўзбекистон адвокатлари ассоциацияси раиси масъулиятини чеклашга уринар балки. Лекин РАИСнинг хайрихоҳлиги жиҳати бизни юқоридаги шаклда сарлавҳа битишга мажбур қилди… Биз бу мавзуга яна қайтамиз!

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares