Эгамназар Шайманов. “Бирдамлик” фаоли.
БИШКЕКДА “БИРДАМЛИК” БАЁНОТИ ЎЛАРОҚ ТАДБИР
ЁКИ “УЙДАН ЧИҚМАЙ ИСЁН ҚИЛИШ” БАҲСЛАРИГА ДОИР ФИКРЛАР
12 май куни Бишкекдаги Ўзбекистон элчихонаси олдида Андижон қатлиомнинг икки йиллигига бағишлаб пикет ўтказилди. Тадбир “Бирдамлик» ҳаракатининг Қирғизистон Реапубликаси бўлими ва Инсон ҳуқуқи билан шуғилланадиган ташкилотлар томонидан ташкил этилди.
13 май куни эса “Бирдамлик” ҳаракатининг ушбу сана муносабати билан тарқатилган баёноти ўлароқ яна бир тадбир бўлиб ўтди. Чайхонада ўтказилган ушбу тадбирда 7 киши иштирок этди. Йиғилганлар фожеа даҳшатлари ҳақда суҳбатлашдилар. Қурбонларнинг хотирасига оят қироат қилинди. Қирғин акс этган фотолавҳалар ёнига оқ гуллар қўйишди. Тадбир иштирокчиларига ҳаракат манзури ҳисобланган оқ рангли дўппилар улашилди.
“Бирдамлик” ҳаракатининг “Исёнкор” да эълон қилинган айни баёноти қизғин баҳсга сабаб бўлганди. Биров ундай, деди, биров бундай. Ҳатто, очиқ-ойдин ҳаракат лидерига нисбатан хақоратли изоҳлар ҳам ёзилди. Мен ҳам айни мунозара мавзусида ўз фикрларимни ўртоқлашгим келди.
Мухолифат неча партия ёки неча ҳаракатдан иборат бўлмасин, мақсад битта—халқни диктатор зулмидан ҳолос қилиш, Ўзбекистонда демократияга асосланган тузум ўрнатиш. Шу эзгу мақсад—биз мўлжаллаган, биз орзулаган манзил. Манзилга эса ҳар-ким ҳар хил йўллар билан боришни истайди. Худди ҳажга кимдир пиёда, кимдир туяда… боргани каби.
Ҳаракат ва партиялар ўз халқи руҳиятидан келиб чиқиб, кураш усулларини ишлаб чиқади. Қачонки, танлаган йўл манзур бўлса ва элни эргаштира олсалар мақсадга эришиш осонлашар, лекин, биздаги шароит халққа рўпара келиш-у, уларга ўз йўлларини ташфиқот қилишгача бўлган қийин “довонларни” босиб ўтишни ҳам тақозо қилади. Чунки, сўгги йиллар ичида мухолифатимиз элдан анча узилди.
“Бирлик” ташкил этилган дастлабки уч йилдаги муваффақиятларни эсланг. Халқ билан якдиллик юзага келаётганди. “Бирлик” ва “Эрк”ни шаҳарликлар тугул, энг олис қишлоқнинг деҳқони-ю, тоғу-тошда пода боқиб юрган чўпонгача танирди. Халқ бу ҳаракат ва партияга ишониб, талпиниб келаётганди. Мухолифатимиз шу имкониятни бой бериб қўйди ва бугунга келиб эса “махолифат партия” сўзини эшитганда кўпларнинг нақ лабидан учуқ чиқади! Айтаётганларимнинг ҳеч бир муболағаси йўқ.
Жиззах муҳолифат лидерларидан бири бўлган дўстимизнинг айтишича, унинг Бахмал туманида “Бирлик” партиясига аъзолар топиш харакати хеч бир натижа бермаган. Нафақат аъзо тополмаган, балки қувланган ҳам! Унга ҳонадонидан жой берган қадрдони “Бирлик”ни ташвиқот қилиб юрганини эшитгач, уйидан чиқиб кетишини талаб қилиб туриб олган. Бу хол 2004 йилнинг бошида юз берганди.
Демак, сўгги 15 йил давомида мухолифатимизнинг “отлари нуқул ортга чопди”, десак бўлади. Шунчалик ортга чопдики, халқдан узоқ-узоқларга кетиб қолишди…
2003 йилда жиззахлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Бахтиёр Хамроев берган “Ҳаракат” журналининг бир неча сонларини Бунёдкор қишлоғига олиб бордим. 91-92 йилларда чоп этилган “Бирлик”, “Эрк”, “Эркин сўз” каби газеталарини қўлма-қўл қилган бунёдкорликлар 15 йил давомида мухолиф овозни соғинишганди. Сўнгги йилда чоп этилган мухолифат жаридасини ўқиганлар эса ҳафсалалари “пир” бўлганлигини айтишди.
Кейинроқ Дўстлик туманига олиб борганим IWPRнинг “Ўзбекистон-2003” деб номланган мақолалар жамламаси шунчалик қўлма-қўл бўлдики, жилди ва варақлари нақ латтасифат бўлиб кетди! Ўша вақтларда IWPR мухбири бўлган журналист дўстимиз: «Жамламамизнинг шу ахволга тушганидан шодман!»-деган эди.
Айтмоқчиманки, ташвиқот муҳолифат учун зарур омил. Мухолифат ўз мақсад ва йўлини матбуоти орқали тарқатади. Ҳукуматга даъвогарлик қилаётган партия учун интернет сайтларининг ўзи кифоя қилмайди, айниқса Ўзбекистон учун. Халқимиз ўзгача фикрлайдиган манбаларга жуда ташна. Улар кимдандир ниманидир кутиб яшамоқдалар. Ўзбекистондаги асосий фоиз ахоли интернет-матбуот тугул унинг нималигини билмайди. Бир йўлини қилиб мухолифат манбаларни топа олганларнинг эса юқорида айтганимиздек ҳафсаллари “пир” бўлмоқда.
Мухолифат ташкил этилганидан буён ўтган вақт янги муаммолар келтириб чиқарди. Жумладан, эл ишончини, ўша даврнинг мурғак, энди шаклланаётган эътиқодларини ўз даражасига, 1992 йиллардаги даражасига қайтариш… Эътиқодлар доимо сувталаб ниҳол каби ўз “чашмаларидан” сув ичиб туриши керак, деб ўйлайман. Лекин, гўёки 15 йил “йўл юриб, йўл юрса ҳам мўл юриб”, излаган “чашма” ни топганларни “заҳарлаб” қўймайлик.
Демак, халқни уйғотиш сари йўл тутганлар ҳам аввало айтар сўзининг манзурлигини мустаҳкамлаши зарур. “У партия—ёмон, бу—партия яхши” ёки “У—ҳоин, мен—содиқ” қабилидаги гап билан эл дилига кириш амри маҳол.
Эндигина қўлига қалам ушлашни ўрганган боладан ҳарфлар ёзишни талаб қила олмайсиз. Унгача ҳарфларни ёзишга хизмат қиладиган амаллар ишлаб чиқилган. Бу қиёсни халқимиздаги хозирги ахвол ўлароқ келтирдим. Энди барча ишни “0”дан бошлаш керак.
Халқни норозилик аксияларига, митингларга чорлаш тобора қийинлашди. Сал илгарироқ бўлиб ўтган, тинч пикет иштирокчиларни уриш, калтаклаш, жиноий иш очиш ва қамаш билан қўрқитиш каби ҳукумат таҳдидлари янада даҳшатлироқ тус олиб, очиқ ойдин отиш амалиётини ҳам қўллаб кўрдилар. Шу сабаблар боис энди халқни яна митинг ва пикетларга жалб қилиш қийинлашди чоғи. Оммавий норозиликларнинг бошқа усулларини ўйлаб топиш, ҳукумат босимларига чап бериш ҳам аслида катта бир зарурият. Дастлабки, содда куринишдаги амаллар кейинчалик оммавий пикет ва митингларга йўл очса ажабмас.
Юқорида ”қалам ушламаган бола” ўхшатиши келтирилганди. Кўпларга бу жумла қўполроқ туйилиши мумкин. Тан олишимиз керакки, ҳали минг-минглаб юртдошларимиз ”пикет”, “митинг” атамаларининг туб моҳиятини англамайдилар. Шу ўринда ишнинг содда, деҳқонбоп усулларидан фойдаланишга зарурат туғилади.
Файласуфларининг фикрича эса, “нозўравонлик биздан инсониятга ва инсон ҳаётига нисбатан ҳурматни талаб қилади”. Шу принсиплардан келиб чиқиб ҳам ўзга партия аъзоларига хурматсизлик қилмаслигимиз, уларнинг ҳам биз каби эзгу мақсадлар сари интилаётганлигини эзозлашимиз керак экан. Яна амалиётчилар, хатто ўз мухолифларимизга нисбатан ҳурмат, самимият ва муҳаббат кўрсатиш лозимлигини уқтиради!
Баҳодир Чориевнинг чақириғи ҳам кўпчилик амалга оширса бўладиган тадбир. “Бирдамлик”нинг баёнотига нисбатан изоҳ ёзган Юсуф Расул “яхшиямки бу чақириқни ҳеч ким эшитмайди”,- дейди. Мен эса шу чақириқни кўплар эшита олмаслигидан афсусланаман.
Қани эди, бу чақириқ ўз моҳияти билан бутун ҳалқимизга етиб борса. Мақсадни ҳамма ҳис қилса ва бир кун давомида кўчалар ҳувиллаб қолса!
“Бугун кимнинг асабига ўйнасам экан”-деган мақсаддагина “Исёнкор”ни очадиган, ўзини ҳабаш деб ҳисоблайдиган йигитнинг табора расволашётган “ижоди” ҳисоблашишга арзимайди. Айни мавзу бўйича яна бир йигит, изоҳ ёзиш бобида танилиб бораётган Соли исмли дўстимизнинг “Буни Каримов ҳукуматидан бошқа ҳеч ким ёқламайди”-деган гапига эътирозим бор.
Тадбир агар кенг кўламда амалга ошса, оммалашса Каримов жуда ҳисоблашарди-да. Олайлик Андижон фожеаси куни, мустақиллик байрами куни, сайлов кунлари… уйдан чиқмай исёнлар қилишса, бу бир неча бор ва бир неча кунлаб ўтказилса, тасаввур қилинг, бутун рахбариятнинг нақ “пайтавасига қурт тушарди”.
Улар шунда нима қилишарди? Ҳукумат қарши чора сифатида шаҳар марказларига ашулачиларни сафарбар қилишга, талабаларга концерт учун текин чипталар тарқатишга мажбур бўларди. Шунда халқнинг эбин-эркин кўчага чиқишидан ғаши келадиган хукуматчи миршабларга уйма-уй юриб, ҳаммани кўчага томон қувиш топшириғи берилиши ҳам турган гап эди. Қизиқ-а, тасаввур қилинг. Ана ундан сўнгроқ янаги тадбирга гал келарди!
Исёнлар ҳам турли халқларнинг минталитетига қараб турлича бўлиши табиий. Олайлик, ўзбек исёни чеченларникидан фарқ қилгани ёки хатто бир ўзандан сув ичадиган қирғиз қардошлардан кескин фарқланганимиз каби.
Баҳодир Чориев таклиф қилаётган усул, кечган жараёнлар сўнггида ўзбекбоп исён, деб ҳисоблайман. Ҳаракатсиз, кучли исён—бу!
Мен деҳқонман. Деҳқонларнинг шунга қиёс исёнларига гувоҳ бўлганман. Булар ичида айримларини айтиб беришим мумкин.
Йили ёдимда йўқ, райкомимиз маишат қилишни хуш кўрадиган дачанинг ёнидаги далага қисқа муддатда карам ва памидор экиш керак бўлиб қолибди. Тахминан 5 гектар жойга кўчат экиш анча ишчи кучи талаб қиларди. Деҳқонларнинг баҳорги юмушлари билан бандлиги сабаб бу ишни ҳамиша текин ишчи кучи ҳисобланган мактаб ўқувчилари зиммасига юклаб қўяқолишди. Шусиз ҳам эрта баҳорданоқ бошланган ғўза чопиғи, пилла боқиш, териш ишларига сафарбар қилинаётган болаларга навбатдаги буйруқ малол келган чоғи, улар исён қилишибди. Йўқ, улар на синф рахбарларига, на директорларига ва на сояда чардона қурган район ва хўжалик рахбарларига бирон бир эътироз билдириб ўтиришганлари йўқ. Улар ўз норозиликларини англатиш мақсадида дала четидан 100 метрлар ичкарига ўтишгач, барча карам ва помидор кўчатларини чаппа экиб кетишибди. Қарийиб, 60 фоиз кўчатларнинг пояси—чуқурда, томири—очиқда, ишни “қойиллатиб” жўнаворишибди, азаматлар!
Яна бир деҳқонча мисол: Экиладиган пахта бригадирлар ихтиёридан бўлак, ер имкониятларидан қатъий назар идораларда режалаштирилар эди. Буни аниқ эслайман 1988 йилда Худойназар деган бригадирга 42 гектар пахта учун ”промплан” келтиришибди. Бригадирнинг боши қотган, неча бор даласини ўлчайди, 38,6 гектар чиқаверади. Бу орада идорага зир қатнади. Танобчилар, (землямерлар) “Ишласанг—шу, ишламасанг…”- деб, катта кўчага шаъма қилишди.
Бригадир рахбариятга қарши исён кўтарди. Смолани соляркада чайқаб эритиб, ранг тайёрлади. Йўл ёқасидаги лотокка катта-катта ҳарфлар билан ўзидан олдинги бригадирлардан суриштириб аниқлагани, ишлаётган даласининг турли йиллардаги “кенгайиб-торайиш” тартибини ёзиб қўйди:
“Хақиқий майдон – 38,6 га.
Режалаштириш:
1985 йил – 44 га;
1986 йил – 43 га;
1987 йил – 40 га;
1988 йил – 42 га.”
Дала катта йўл ёқасида эди. Идоравий сирларининг тафтишчилардан ўзга киши билмайдиган рахбарият учун албатта далаларнинг “кенгайиб-торайиб” туришининг ошкор бўлиши талвасали эди. Чунки, бу “усул” уларга ҳали узоқ йиллар хизмат қилиши керак. Кимларнингдир даласини “чўзиш” эвазига, ўз қариндошларнинг, ёки юқори хуш кўрадиган “машъаллар”нинг далалари “торайтирилиши”, ёхуд ўзлари ҳар йили қовунфурушларга сотадиган бир неча ўн гектар ерларнинг ўрнини қоплаш учун ҳам бу усул жуда асқотарди.
Лотокдаги ёзув ҳақда директорга етказишди чоғи, эртасига нақ “учиб” келди. Шафёри билан ёзувни сувда ювишди, темир билан тирнашди. Ўчиришни эплолмагач, лой суваб кетишди. Директорнинг ҳаракатларини бир чекадан кузатиб ўтирган Худойназар ака яна лойни ювиб, ёзувни очди. Темир билан тирналган ҳарфларни яшириб қўйган қўлбола бўёғида қайта ранглаб қўйди.
Бир неча кун ўтиб, Худойназар аканинг ўзи яқиндагина кимларнидир сўка-сўка ёзган ёзувини қўшиқ хиргой қилганча ўчиришга уринаётганини кўрдик. Айтишича, у ғалаба қозанибди. Даласи 38 гектар қилиб расмийлаштирилибди!
Сайловларга бормаслик, раҳбарлар чорлаган йиғилишларга қатнашмаслик, рахбарнинг тўйига ўтмаслик, ёки ўз тўйига идора составини чақирмаслик, мажбуран буюрилган ва иш ҳақи билан баҳоланмайдиган ишни қилмаслик… мен билган дехқонларга ҳос исёнлардир. Аксари деҳқонлар йиғилиш, сайлов ёки мажбурий ҳашар кунлари, 4-5 та бўлиб бир уйга кириб оладиларда, нарда суришади, карта ўйнашади. Ўзларини излаб келган миршаб ё рахбар-ходимларга аёллари бирров: “Уйда йўқ. Тонгда чиқиб кетганди”-деб жавоб қилади. Эртасига рахбарининг дўқ-пописасига жиндай дош бера олсалар, ўз ғалабаси “Нашидасида” қолаверадилар, томом-вассалом.
Тўғри, мен гувоҳи бўлган деҳқонча тўпори норозиликлар ”Бирдамлик” харакати тарғиб қилаётган нозўравонлик усулларига кўпам тўғри келавермайди. Жумладан: порахўр рахбарнинг экинига зиён етказиш, ваъда қилинган буғдой унавермагач, ярим тунда ваъдабознинг буғдойзорини каллаклаб кетиш… ва ҳакозолар. Гап бирон-бир воқеликка ёки босимларга нисбатан халқнинг нафратини англаш ва шу норозиликни тинч йўллар билан тадбиқ қилиш ҳақда кетаяпти.
Нега нозўравонлик ҳаракати фақат пикет ёки митингдан иборат, деб ўйлаймиз? Ўзбекистонда пикетларнинг калтакланиши, митингларнинг ўққа тутилиши дунёга маълум бўлди-ку! Шундай тадбирларда бир бор қатнашиб, калтакланган ёхуд ўқдан омон чиққанларни яна пикетга ё митингга жалб қила оламизми?
Ўзбекистондаги илк норозилик акцияларнинг кашшофлари бўлган Елена Урлаева, Толиб Ёқубов ва Абдужалил Бойматов бир гуруҳ сафдошлари билан пикетда туришганларида, автобусларда ўтаётган ёшларнинг уларни “Биз сизлар билан бирдаммиз” қабилида олқишлаб ўтганларини кўрганман. Бундай норозилик намойишлари, ҳам муаммони ҳал қилишга, ҳам одамларни уйғотишга хизмат қилади, деб ўйлагандик. Лекин, неча кунлар давомида пикетчилар сафи кенгаймади. Қишлоқликлар тугул нисбатан илғорроқ табақа деб баҳоланадиган шаҳарликлар ҳам уларнинг ёнига туришга ҳали тайёр эмас эканлар.
Демак, бугунги мухолифат олдида элни уйғотиш каби улкан юмуш бор. Бу борада қандай ишлар олиб борилаётгани менга қоронғу.
Аслида “Бирлик”нинг ҳам, “Эркнинг ҳам”, “ОДП”нинг ҳам барча ҳаракатлари нозўравонлик тамойилларига асосланган. Нозўравон усуллар эса, дунёни демократиялаштириш харакатлари давомида шаклу-шамойил топган ва алоҳида бир фан кўринишидаги амалиётга эга. “Бирдамлик” харакати бу манба адабиётларини топиб, уни ўзбек тилига таржима қилмоқда. Ҳали бу борада талай ишлар қилинади, нозўравон усуллар минтелитетимизга мос равишда миллийлаштирилади ва тадбиқ қилинади, деб умид қиламан.
Ҳали “Бирдамлик” харакати бу дунё амалтётидан яхши адабиётлар тўплашига ва уни фидоий олимлар кўмагида миллийлаштиришига ишонаман. Ҳали барча муҳолиф партиялар бир ёқадан бош чиқаришларига, асосий мақсад—нозўравон тузум ва Ватан ичида ижтимоий адолат ўрнатиш, бу борада улар ҳамкорлик қилишларига умид қилса бўлади. Ва яна Ватандаги акцияларда ҳам ёнма-ён туришларидан умидворман.
“Кўчага чиқмаслик исёни” аслида яхши ўйлаб топилган усул. Шу усул бизнинг халққа мос келади ва қўллай олади. Шу тарздаги содда усуллар бир кун келиб бошқа бир кўринишдаги норозилик намойишларига айланиши мумкин.
Мухолифатда кечган давр нуқтиа назаридан “Бирдамлик” янги ташкилот. Қувонарлиси, у курашнинг янги, халқимизбоп йўлларни излаяпти. Бу йўллар—мутлақо янгилик. Янгиликнинг эса, ҳамиша бир қанча қаршиликларга дош берган тақдирдагина яшовчанлиги таъминланади.