«БИРДАМЛИК» ҲАРАКАТИНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚИГА МУРОЖААТИ

“Бирдамлик” ҳаракати диктатурага қарши кураш усули сифатида танлаган нозўравон усуллар билан курашиш тарихи минг йилларга бориб тақалади. Бунга мисол ўлароқ, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ва сафдошлари бошлаган ҳаракатнинг Макка шаҳри ва кейинчалик Арабистоннинг ҳамма ёғига ёйилиши; Маҳатма Ганди бошчилигидаги ҳинд халқининг Буюк Британия мустамлакачиларига қарши кураши; Польша ва Европанинг бир қатор давлатлари халқларининг Қизил империя зулмидан ҳалос бўлиши; Филиппин давлати икки миллион аҳолисининг мамлакат президенти истеъфосини талаб қилган намойишлари; Грузия, Украина ва Қирғизистонда халқнинг нозўравон ҳаракатлари оқибатида режим ўзгаришлари ва ҳакозоларни келтириш мумкин.

Юқоридаги мисоллардан кўриб турганингиздек, нозўравон кураш усули азалдан мавжуд ва маълум бўлиб, “Бирдамлик” томонидан ўйлаб чиқилган эмас. Ўзбекистонда юзага келган шароитга қараб, кураш усулида турли ҳаракатларни қўллаш мумкин.

Аввал маълум қилганимиздек, “Бирдамлик” Андижон қирғинининг икки йиллиги муносабати билан 13 май кунини “Озодлик” куни деб эълон қилиб, шу куни ўзбекистонликларни ҳукуматга нисбатан норозилигини уйдан чиқмасдан билдиришга даъват қилди. Шу тариқа, озодлик йўлида жон берган ватадошларимиз руҳини ёд қилишни истадик.

Норозилигимиз таъсирчан бўлиши учун сиздан кўп нарса талаб қилинмайди. Асосий гап – уйдан чиқмаслик ҳаракати кенг халқ оммаларига етиб боришида. Бунинг учун, интернетдан фойдаланиш имконига эга бўлган ватандошларимизни ўн кишининг e-mail манзилига оммавий бўйсунмасликни қўллаб-қувватлаш ҳақида мактуб юбориш ёки 5-10 кишига телефон орқали хабар етказишга чақирамиз! Ўз навбатида, хабар олган кишилар ҳам ўзлари таниган-танимаган 5-10 кишига интернет ёки телефон орқали хабар қилиши зарур. Шу тариқа, бутун мамлакатимиз аҳолиси нозўравон ҳаракатимиз ҳақида маълумотга эга бўлади.

Ҳуқуқ ва эркинликларимизни ўзимиз ва фақат ўзимиз қилган ҳаракатларимиз орқали қўлга киритишимиз ва диктатура режимидан қутилишимиз мумкин. Ташқаридан биров келиб ёрдам беролмайди, чунки бу масала мустақил давлатнинг ички масаласи деб тан олинади.

Барчани 13 май куни ўтказиладиган ҳукуматга қарши “уйдан чиқмасдан норозилик билдириш” нозўравон ҳаракатига қўшилиш ва қўллаб-қувватлашга даъват қиламиз.

09.05.2007

“Бирдамлик” ҳаракати.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares