“БИРДАМЛИК” АЪЗОСИ САҲОДАТХОН ТОШМАТОВА ҚАМОҚҚА ОЛИНДИ

10 апрел куни “Бирдамлик” ҳаракатининг Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги фаоли Саҳодатхон Тошматова бундан уч кун олдин вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан қамоққа олинган. Милиция ходимлари унинг уйида тинтув ўтказган.

“Бирдамлик”нинг Шаҳрихон туманидаги яна бир аъзоси Саҳодатхон Отажонованинг билдиришича, у адвокат билан биргаликда Шаҳрихондаги С.Тошматова вақтинчалик сақланаётган изоляторга бориб, у билан учрашишган. С.Тошматованинг аҳволи яхши, унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ ва ноқонуний ҳаракатлар амалга оширилмаганлиги маълум бўлди.

С.Тошматова 13 апрел куни озодликка чиқарилди. Терговчи Темур Ҳожиматов унга нисбатан ЎР Жиноят Кодексининг 241-моддаси билан айблов қўйилганлигини айтган. Саҳодатхон Тошматова март ойида Шаҳрихон бозоридаги сотувчиларнинг норозилик чиқишларини ташкилотчиси сифатида айбланганлиги маълум бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 12-моддасида ўлкамиздаги ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланиши кафолатланган. Асосий Қонуннинг 33-моддасига мувофиқ, ватандошларимиз ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Шундай экан, фуқаролар ўзларининг конституциявий ҳуқуқларини эркин амалга оширишларига шарт-шароит яратиб бериш ўрнига, ҳукуматнинг ижро органлари уларга асоссиз айбловлар қўйишни давом эттираётганини тушуниш қийин.

“Бирдамлик” ҳаракати Ўзбекистон ҳукуматидан С.Тошматовага нисбатан қўйилган асоссиз айблов бекор қилиниши учун керакли ҳаракатларни юритишни ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини амалда таъминлашни талаб қилади.

“Бирдамлик” ҳаракати.

13 Апрел 2007 йил

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares