“Бирдамлик” ҳаракати фаоллари 21 март – Наврўз байрами куни соат 12.00 дан 13.00 гача Тошкент шаҳридаги «Хадра» майдонида (цирк биносининг рўпарасида) митинг ўтказиш бўйича зарур бўлган ташкилий ишларни амалга оширди. Митингда, асосан, кам таъминланган оилалар ва ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси муаммолари тилга олиниши мўлжалланганди. “Бирдамлик”нинг ташаббуси “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси” томонидан қўллаб-қувватланди.
Ҳар сафар бўлганидек, бу гал ҳам Ўзбекистон ҳукумати митинг ўтказилишига йўл қўймаслик 19 март кунидан бошлаб, ички ишлар органлари ва Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларини сафарбар қилди. Ҳаракатимиз фаоллари ҳамда митингга қатнашиш истагида бўлган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари уй қамоғига олиниб, уларга, ҳатто энг зарурий эҳтиёжлар билан ҳам кўчага чиқишларига йўл қўйилмади.
21 март куни «Хадра» майдонининг атрофи тўсиб қўйилиб, майдоннинг ўзи кўп сонли милиция ва МХХ ходимлари томонидан қаттиқ назоратга олинди. Митинг қатнашувчилари оқ рангли кийим билан келишлари лозим эди. Бу нарса ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига қўл келиб, улар «Хадра» майдони йўналишида ҳаракат қилган ҳар қандай оқ ранг кийим кийган кишиларнинг ҳужжатларини текшириб, майдонга киришига йўл қўйишмади.
“Бирдамлик” ҳаракатининг бошқа вилоятлардан Тошкентга келган фаоллари Адам Тангриев, Абдулло Тангриев, Улуғбек Назаров, Элбек Хушвақтов, Ахтам Бобоев, Мурод Шомуродов, Акбар Ғофуров, Аброр Жўраев, Холбека Жўраева, Бахтиёржон Мамажонов, Бекзод Чориев, Зафар Бобоёров ва бошқалар Хадра майдонига етиб келишга муваффақ бўлишди, бироқ майдонга кирган заҳоти, паспортларини текшириш баҳонаси билан милиция ходимлари томонидан ноқонуний равишда ушланиб, шаҳардаги ички ишлар бўлимларига олиб кетилган. Уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиниб, таҳдид қилинишган ва огоҳлантиришдан кейин ўзлари яшайдиган вилоятларга қайтариб юборилган. Ҳозирги пайтда улар устидан ўрнатилган назорат давом этмоқда.
Андижондан келган Бахтиёржон Мамажонов ёлғиз ўзи «Хадра» майдонига киришга эришди, бироқ сумкасидан оқ матога ёзилган шиорни чиқариши биланоқ, милиция ходимлари томонидан қўлга олиниб, Тошкент шаҳар ИИБга олиб кетилган. Унга ҳам юқоридаги тарзда муомала қилинган ва тўрт соатдан кейин қўйиб юборилган.
Ҳаракатимизнинг бошқа аъзолари Саида Қурбонова, Лутфия Қўшшаева, Гулбаҳор Ғаффорова, Зулфия Ҳайдарова, Ойша Маманазарова, Зулфия Чориева, Юлдуз Жўраева, Фахриддин Бердиев, Муқаддам Маманазарова, Розия Бобоқулова ва бошқалар 19 мартдан бошлаб оила-аъзолари билан биргаликда уй қамоғига олиниб, уларнинг устидан ҳам қаттиқ назорат ўрнатилган.
“Бирдамлик”нинг қаршилик аъзоси Ирина Акопин билан алоқа узилиб қолганлиги туфайли, биз унинг тақдиридан хавотирдамиз.
Юқоридагига ўхшаш ҳаракат ва қўрқитишлар “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси” ташкилоти аъзоларига нисбатан ҳам содир қилиниб, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари уларнинг баъзиларига, ҳатто ўлим билан таҳдид қилишган!
Демократик жамиятлардаги энг асосий ҳуқуқлардан ҳисобланган митинг ва намойишлар ўтказиш ҳуқуқимиз яна бир бор Ўзбекистон ҳуқумати томонидан пой-мол қилинди. Бироқ, ҳар қандай тазйиқ ва қўрқитишларга қарамасдан, “Бирдамлик” ҳаракати яккаҳокимлик ва диктатурага қарши тинч, нозўравон ҳаракатлар орқали курашни давом эттиради. Охир-оқибатда, мамлакатимизда демократик тамойиллар ҳурмат қилинишига эришишимизга ишонамиз!
“Бирдамлик” ҳаракати.



