ҚАРОВСИЗ АВЛОД ТАҚДИРИДАН ХАВОТИРДАМИЗ

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти қошидаги “Ёш эзгуликчилар” клуби мамлакатимиздаги болалар меҳнати экспулатацияси, уларнинг таълим олишига нисбатан юзаки эътиборни қоралаб келган. Гарчанд Ўзбекистон ҳукумати ёш авлод, болалар тарбиясига юксак эътибор қаратиб келаётгани ҳақида баландпарвоз чақириқлар билан чиқаётган бўлса-да, амалда уларга нисбатан эътиборнинг деярли йўқлиги аён бўлмоқда.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида Ибн Сино номли иқтидорли болалар интернатининг аълочи ўқувчиси Шоҳиста Сарибоева вилоят миқёсида ўтказилган фанлар олимпиадасидан чиқиб, тумандаги 3-Боёвут ширкат хўжалиги ҳудудида бедарак ғойиб бўлган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг тергов ва суриштирувлардан сўнг Шоҳистанинг жасади (17.01.2007 й.) шу хўжаликнинг 5-бўлимидаги зовурдан топилди. Маълум бўлишича, ширкат хўжалигида яшовчи, ўрта мактабни эндигина битирган икки ўспирин уни зўрлаб, ғайриинсоний тарзда қизни бўғиб ўлдириб, сўнгра зовурга ташлаб юборишган.

Мазкур иш бўйича вилоят прокуратураси гарчанд тергов ҳаракатларини олиб бораётгани бўлса-да, кишини масаланинг ижтимоий аҳамияти ташвишга солади. Муаммонинг илдизи мактабни битираётган ўспиринларнинг фойдали иш билан банд эмаслиги, қаровсизлигидадир. Туман ва шаҳар ИИБ нозирлари томонидан тез-тез учрашувлар ташкил этилаётганига қарамай, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашмаётгани, маорифчиларнинг эса бунинг олдини олиш мақсадида антиқа жарималар ўйлаб топишаётгани (дарсга қатнашмайдиган ўқувчи кунига 1000 сўм жарима тўлайди — “ЁЭ” клуби) ажабланарлидир.

“Ёш эзгуликчилар” клуби

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares