Яқиндагина мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 20 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ республикамиз бўйлаб ҳарбий хизмат ёшига етган, ҳарбий хизматга бориш учун махсус комиссиядан муваффақиятли ўтган йигитларни ҳарбий хизматга кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Йигитларимизнинг ҳарбий хизматга чақирилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига асосан бир йилда бир марта – февраль-март ойларида ўтказилади. Хўш, бугун кимларга армияга бориш насиб этаяпти? Кимлар йигитлик бурчини ўташдек шарафдан мосуво бўлиб қолаяпти? Фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга саралашда одиллик нечоғли таъминланаяпти, деган саволлар кўпчиликни қизиқтирмасдан қолмаса керак, албатта.
Эсингизда бўлса биз ўтган мақоламизда ўзбек йигитларининг характеридаги ўзгаришлар, хулқ-атворларидаги сунъий майинликлар хусусида бонг урган эдик. Ўзбекистондаги мактабларда эркак ўқитувчилар сони етишмаётгани, мактаб директори ва унинг ўринбосарлари лавозимида деярли хотин-қизлар фаолият юритаётгани, бунинг натижасида нафақат ўғил-болалар, шу билан бирга, қизлар тарбиясида ҳам кемтикликлар вужудга келаётгани, навқирон ва ёш йигитлар орасида хотин-қизларга тақлид қилиш одати кучаяётганини мисол тариқасида тилга олиб, ўз фикримизни баён қилган эдик.
Бизнинг фикримизга нисбатан ким қандай муносабатда эканини билмадигу лекин чиндан ҳам бугунги йигитлар феъл-атворида сезиларли ўзгаришлар кузатилаётгани, уларнинг характерлари майинлашиб бораётгани айни ҳақиқат. Бугунги навқирон, ўсмир ёшдаги болаларга “катта бўлганингда ким бўласан?” деб савол берсангиз, улар орасидан кўпчилиги фалончига ўхшаб “артист”, писмадончига ўхшаб “хонанда” бўлиши тўғрисида гапиришади. Бизнинг тенгдошларимиз эса болалигимизда ўзимиздан катталарнинг ким бўлишимизга оид берган саволларига “солдат”, “полковник”, “майор”, “спортчи” бўламан, деб жавоб беришарди.
Биз ўз навбатида шуни алоҳида таъкидлашни истардикки, ўзимизнинг ушбу фикрларимиз орқали актер, артисту хонандаларни ва бошқа соҳа вакилларини асло қораламоқчи эмасмиз. Ўғил-болалар характери, хулқ-атворида кузатилаётган ўзгаришлар хусусида ва бундай ўзгаришлар мактаб остоналаридан бошланаётгани ҳақида тўхталмоқчимиз. Санъат соҳасини ҳарбий соҳа билан муқояса қилар эканмиз, мавриди келганда ҳарбий соҳанинг санъат соҳасига нисбатан залворли, масъулиятли соҳа эканини инкор этмаслигимиз ҳам керакка ўхшайди.
Қолаверса, ёшларимизда мана шундай масъулияти кўпроқ соҳаларни танлашда эса, мактаб, коллежларда етарли имкониятлар мавжуд эмаслигини, билим даргоҳларида эркак ўқитувчиларнинг камлигини яна бир карра алоҳида таъкидламоқчимиз, холос. Улар тарбияси билан деярли нозик ҳилқат вакилалари, меҳрибон опа-сингилларимиз шуғулланаётгани, ҳатто, жисмоний тарбия ва бошланғич ҳарбий тайёргарлик фанларидан ҳам хотин-қизлар сабоқ бераётгани, мактабларда ўзига яраша қаттиққўллик етишмаётгани ўғил-болалар ўртасида бундай соҳаларга қизиқишнинг сустлашишига олиб келмоқда, десак у қадар хатога йўл қўймаган бўламиз. Шунинг натижасида бугунги ёшлар ҳарбийликка қараганда нисбатан енгилроқ санъат соҳасини танлаётган бўлса ажаб эмас.
Бироқ йигитларимизнинг ҳарбий бўлиш орзуси ушалишига давлатимизнинг Қуролли Кучлар соҳасида олиб бораётган ислоҳотлари ва мазкур ислоҳотлар негизида вужудга келган адолатсизликлар ҳам сабаб бўлаётир, десак гапимиз муболағага айланмайди.
Собиқ СССР пайтида ва Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида ҳарбий хизматга яроқли бўлган ҳар бир йигит ҳарбий хизмат сафида ўз йигитлик бурчини ўташи шарт ва зарур эди. Шу йилларда миллий армиямиз сафида хизмат қилишдан ҳар хил йўллар орқали бўйин товловчилар, чақирув ёшига етган йигитлар орасида ҳарбий хизмат сафида хизмат қилишга “яроқсиз” йигитлар ҳиссаси ниҳоятда кўпайиб кетган эди. Навқирон, тоғни урса талқон қиладиган ёшдаги йигитларни касалга айлантиришга мамлакатимизда авжга чиққан порахўрлик, таниш-билишчилик сабаб бўлган эди.
Хўш, бу жараён бугунги кунда, яъни Қуролли Кучларимиз соҳасида янги ислоҳотлар жорий этилгандан кейин, аниқроғи, ҳарбий хизматда бўлган йигитларга кейинчалик олий ўқув юртларига киришда имтиёзлар яратилган, тўлиқсиз олий, олий маълумотга эга бўлгач эса, ИИВ, МХХ, Чегара қўшинлари каби ёғли жойларда ишлаши мумкинлиги ойдинлашгандан кейин армияга бориш “мода”га айланган бир пайтда қандай ҳолатда? Бунга тўла-тўкис барҳам берилдими?
Назаримизда, йўқ, бундай жараёнларга чек қўйилмаяпти, аксинча янада кучаймоқда. Бир пайтларда шахсий манфаатлари учун йигитларни осонгина ҳарбий хизматга яроқсизга, касалга айлантирган “устаси фаранглар” бугун ҳам нафсларига эрк бериб, ўз ишларини давом эттираяпти. Бунинг натижасида фуқароларни ҳарбий хизматга саралаб олишда ҳар хил адолатсизликларга йўл қўйилаяпти, соғлом фуқаролар носоғлом фуқароларга айланиб қолаяпти, махсус комиссия қарори ҳарбий хизмат бурчини ўташ иштиёқида бўлган йигитларимиз руҳиятига салбий таъсир кўрсатаяпти, уларнинг қалби озурда чекишига олиб келаяпти.
Шу тариқа армия кўрмаган йигитлар сони кундан кунга ошиб бораяпти. Бу эса, юқорида атайин таъкидлаганимиздек, жасур, мард, бир сўзли йигитлар сони камайишига, улар хулқ-атвори майинлашишига олиб келаяпти.
Эҳтимол, мактаб ёшидаги йигитлар келгусида армияга бориш учун катта миқдорда пул сарфлаш кераклигини билиб ва бунга имкони етмаслигини англаб ҳам ҳарбий соҳаларни танлаб овора бўлмаётгандир. Ҳар не бўлган тақдирда ҳам бугун армияга бориш истагида бўлган йигитларнинг ота-оналари чўнтакларида каттагина пул бўлиши керак. Бу уларнинг армияга яроқлилигини таъминлайди. Акс ҳолда хизматга яроқсизга айланади.
Шу ўринда тарихдан маълум бир воқеани ёдингизга соламиз. 1812 йили Россия билан урушда тўла инқирозга учрагандан кейин ўзи бир гуруҳ шериклари билан аранг қочиб қутилган Наполеан юртига бориб етгач “армиянг қани” деган саволга нима деб жавоб берган эди? Наполеон гарчи бу сафар аскарларидан тугал айрилиб қолган бўлса-да, Франция яшашни тўхтатгани йўқ. Армия қайта яратилди. Франция буюк держава мартабасидан айрилиб қолмади.
Ер юзида мустамлакачилар зулмидан азият чекмаган давлатлар ниҳоятда кам. Қарамлик шароитида ҳам мустақиллик учун курашни амалга ошириш мумкин. (Ана шундай курашлар туфайли мустақилликка эришган давлатлар ер куррасида юзлаб топилади). Бунинг учун ягона шарт керак: халқ оммаси соғлом бўлиши даркор. Борди-ю армия тузиш, мустақиллик учун курашувчилар сонини тўлтириш учун фуқаро етмай қолса у ҳолда нима бўлади? Бу ҳақиқий фалокат. Назаримизда Ўзбекистон учун аскарлар сонини камайтириш ноқулай. Зеро ҳар бир давлат “Ўзингни эҳтиёт қил, қўшнингни ўғри тутма”, деган нақлга амал қилиши керак. Ўзбекистонимиз ҳам бундан мустасно эмас.
Асил ЭЛЎҒЛИ
http://mulkdor.com/news/хизмат-кимларга-насиб-этаяпти-кимлар/



