МЕҲРИБОНЛАРИМИЗ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК!

 

МЕҲРИБОНЛАРИМИЗ  БАЙРАМИНГИЗ  МУБОРАК!Азиз оналаримиз, опаларимиз, рафиқаларимиз, сингилларимиз, қизларимиз баҳор гуллари, шабадаси ва майсалари ила ўралган гўзал айёмингиз қутлуғ бўлсин!

 

Меҳрибонларимиз, Сиз ҳаммамизга ҳаёт совға этиб, тарбиялаб, илму маърифат, аҳлоқу одоб ҳадя этиб, тафаккур, ишбилармонлик, мустақиллик, уддабуронлик  уруғларини кўнглимизга сочиб, парваришлаб вояга етказган мўътабар зотларсиз.      

Ўзбекнинг меҳр, инсонпарварлик, оқибатга тўла руҳини, борлигини дунёга кўз-кўз қила билган, ўткир ақл, ирода соҳибаси Ёдгор опа Насриддинова,  жумҳурриятимизнинг илк Президентларидан эдилар. Ёдгор опанинг нурли ишларида, умидларида Сиз мужассам эдингиз.

Зульфия, Гульчеҳра Нуриллаева, Ҳалима Худойбердиева шъерияти элимизни мукаммаллик, ҳақиқатпарварлик ва ҳуррият сари ундаганда, бу Сизнинг миллатдошларимизни улғайишга, етукликка, истиқлолга чорловчи дил нидоингиз эди.

Юртдошларимизни мусибат, ғаму-алам, қатоғон, талон-тарож, адолатсизлик гирдобига ғарқ этган мустабид тузум шароитида ҳам, Сиз гўдаклар, болалар, йигитлар, эрлар меҳрибони, таянчи ва умир безагисиз.     

Саккиз паҳловон, икки оқила қиз улғайтириб, ўқитиб, тарбиялаб, улар ичида эл дардига малҳам топишни ўз мақсади деб билувчи Баҳодир Чориев, тўнғич ўғлини иши ҳам, дили ҳам пок эканини оламга баралла айта олган, Норой она Хасанова, Сизнинг бир табаррук, олижаноб вакилингиз.

Бундай дили поклик, меҳрибонлик, ҳақиқатпарварлик, элимизнинг озодлик, адолат ва фаровонлик сари юришидаги оналаримиз, опаларимиз, рафиқаларимиз, сингилларимиз, қизларимизни рўли нақадар юқори эканини кўрсаткичидир.

Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати азиз  аёлларимизни гўзаллик, оқилалик, меҳрибонлик, вафолилик, инсонпарварлик байрами билан самимий табриклайди!

Муҳтарам аёлларимизнинг улуғворлик, олижаноблик, инсонпарварлик амалиётларини санаб тугатиш мушкул.  Шундай экан биз ҳам қадрли аёлларимизга энг сара тилакларимизни, қалб истакларимизни изҳор қиламиз.

Азиз аёллар, мунис онажонлар, қадрли опа-сингиллар!

Баҳорнинг илк байрами, оналаримиз, опаларимиз, рафиқаларимиз, сингилларимиз, қизларимизнинг нурли айёми  барчангизга қутлуғ бўлсин!

Миллатимиз рўшноликка эришсин, бахтсаодат, ҳуррият, адолат ва фаровонлик ҳар биримизга, оиламизга, жамоамизга ёр бўлсин!

Сизга қанча совға-салом берсак ҳам, Сизни қандай эъзоз қилсак ҳам, барчаси оз!

“Дил соғиниб йиғлайди доим
Ҳозир, майли, йиғласин кўзим.
Тарғилланиб бормоқда осмон,
Оппоқ ҳидга тўлмоқда бағрим.
Айтингиз-чи, борми соғ-омон
Шаҳло кўзли менинг тарғилим?
Оғушимда зангори сезги,
Кипригимда суюқ ҳаяжон.
Кўзларимда юмалоқ севги,
Саломатман мен ҳам, онажон.
Қайтиб келдим яна. Чанг тўзган
Йўлимизни соғиндим, она.
Том устида майсалар ўсган
Уйимизни соғиндим, она”.

Азиз, меҳрибон оналаримиз, опаларимиз, рафиқаларимиз, сингилларимиз, қизларимиз, бизнинг таъзим ва табригимизни, миннатдорчилик ва муҳаббатимизни қабул этгайсиз!

 Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares