АДОЛАТ УСТУВОР КУЧГА ЭГА БЎЛСА, ХАЛҚ ХОҲИШ-ИРОДАСИ ЮЗАГА ЧИҚАДИ

 

Қрим улусиЎзбекистон каби собиқ СССР таркибида бўлган давлатлардан бири Украинада бугун вазият кўнгилдагидек эмас. Мамлакатда нотинчлик. Қрим можароси авж нуқтада. Шу ўринда тарихга назар солсак, Қримнинг аззалдан талаш ҳудуд бўлганлиги, мазкур ўлкадаги Керчь ярим оролида милоддан аввалги 5-асрда Боспор подшолиги, Қримнинг дашт қисмида эса Скиф давлати вужудга келганлиги, милодий 3-4 асрларда босқинчи готт ва хунн  қабилалари Боспор ва Скиф давлатларини тугатганлиги, 13-асрда Қримга мўғуллар бостириб киргач, бу ерда Олтин Ўрданинг Қрим улуси вужудга келганлиги, Олтин Ўрда инқирозга учрагандан кейин Қрим улуси ўрнида Қрим хонлиги ташкил топиб, 1475 йилдан бошлаб Туркиянинг вассалига айланганлиги, 1783 йилда Қрим бутунлай Россияга қўшиб олингани ойдинлашади. Шунингдек, тарихдан Қримга оид бетиним талаш-тортишишлардан кейин 1921 йил 18 октябрда РСФСР таркибида Қрим автоном совет социалистик республикаси ташкил этилгани ва 1945 йилдан эътиборан Қрим вилояти деб атала бошлангани, 1954 йил Қрим вилояти РСФСРдан олиниб, Украина таркибига киритилганги яхши маълум. Бугун азалдан кўпгина хунрезликларни бошидан кечирган Украина Қрими, аниқроғи ягона Украина яна кўргуликлар исканжасида. Давлат раҳбари юртдан қочган. Кундан-кунга кенгаяётган кескинликлар кўлами, мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳақиқий хавф-хатар солаётган ҳодисалар, сиёсий ўйинлар алал-оқибат қандай оқибатларга олиб келиши, қай тариқа интиҳо топиши ҳозирча ҳеч кимга аниқ-тиниқ маълум эмас.

Украинада юзага келган вазиятда кимдир Россиянинг, кимдир АҚШнинг қўли борлигига доир фикрларни илгари суриб, мазкур давлатларни айблаш, улар қўлида қўғирчоққа айланган қочоқ Януковичнинг гўрига ғишт қалаш билан андормон. Бироқ бу борада Россияни қўлловчилар, АҚШни қувватловчилар, Януковичга тасанно айтувчилар ҳам етарли. Бир сўз билан айтганда, Украинага боғлиқ хилма-хил фикрлар кенг қулоч ёзмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Жаҳон” ахборот агентлиги Украинада содир бўлаётган ҳодисаларга оид ўз муносабатини билдирди. Уни Ўзбекистон томонидан билдирилган расмий хабар дея эътироф этиш ҳам мумкин.

Агентлик хабарида Украинада содир бўлаётган вазиятнинг жиддий оғирлашаётгани ва қарама-қаршиликларга сабаб бўлган кескинлик кўлами ортиб бораётгани ва бу жараён янада кенгайиб кетиши ҳамда тахмин қилиш қийин бўлган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги, мамлакатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига ҳақиқий хавф солаётган ҳодисалар Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғотаётгани алоҳида таъкидланади.

Украина гарчанд бизга ён қўшни – жон қўшни бўлмаса-да, хавотирга тушишимиз ҳар томонлама асосли. Чунки Ўзбекистоннинг сиёсий позициялари мазкур мамлакатнинг сиёсий позицияларига маълум маънода  ўхшаш. Улар ҳам худди биз каби СССР таркибидан ажралиб чиққач, қайси мамлакатлар билан яқин стратегик алоқалар ўрнатиш, жаҳондаги қайси қудратли давлатларнинг тараққиёт йўналишларини танлашда турли-туман  иккиланишларга йўл қўйди. Гарчи мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Украина ҳам, Ўзбекистон ҳам ўзлари танлаган йўлга, сиёсий позицияларга эга эканликларини овоза қилган бўлса-да, бироқ бунга ҳали тўла-тўкис эришмаган эди. Украинанинг АҚШ, Англия, Россия давлатларидан қай бирининг гапига киришни билолмай талмовсирагани, улардан қай бирининг бир-биридан қуюқ ваъдаларига ишонишини билолмай андорман бўлгани ҳам айни ҳақиқат. Ўз навбатида биз ҳам ана шундай иккиланишлар гирдобида қолганимизни, гоҳ Туркия, гоҳ Россия, гоҳ АҚШ сиёсий йўналишларини ўзимиз учун намуна сифатида қабул қилиб, ана шу йўриқда жавлон урганимизни инкор этиш адолатдан эмас.

Демак, юқорида айтганимиздек, Украинадаги вазиятдан хавотирга тушишимиз ўринли. Чунки уларда Қрим бўлганидек, бизда Қорақалпоғистон бор. Ҳар иккала мамлакат ўзларининг ўзгармас, барқарор сиёсий позицияларига эга бўлмас, бугунги иқтисодий оғир аҳволини етарли даражада ўнглаб олмас экан кимларнингдир нигоҳлари остига ҳамда билиб-билмаган ҳолда йўриғига тушиб қолиши, кимлардир уларга кўз олайтиришни кучайтиришда давом этиши, ҳар хил усуллар орқали мамлакатнинг ҳудудий яхлитлигига рахна солиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Ўз навбатида Украина билан Ўзбекистоннинг сиёсий позицияларидаги ўхшаш бўлмаган жиҳатларни тилга олишимиз мақсадга мувофиқ ва адолатлидир. Украинада демократия шабадалари мустақилликдан кейин тўла-тўкис бўлмаса-да, ўзига яраша тарзда эса бошлади. Мамлакатда бўлиб ўтган сайловларда, сиёсий жабҳаларда адолат учқуни аланга олди. Украинлар ўтган давр мабойнида бир неча президент бошқаруви остида бўлиш шарафига эришди. Бизда эса, бунинг акси ўлароқ жамиятимизга демократия тамойиллари кириб келишга сунъий тарзда йўл қўйилмади. Мамлакатимизда демократиянинг йўқлигини ҳатто шахсан давлатимиз раҳбари ҳам яхши билса-да, биз ўзимизни демократик давлат дея жар солишдан бир сония тўхтамадик. Шу кунгача бўлиб ўтган сайловларда том маънодаги адолатсизликлар ҳукмронлик қилди. Бош Қомусимиз – Конституциямизда белгиланган моддалар жаҳон афкор оммаси олдида бурмаланди. Бунинг натижасида мамлакатимиз қарийб 23 йил мабойнида бир шахс томонидан бошқарилди, юртимизда шахсга сиғиниш устувор кучга айлантирилди. Бу эса охир-оқибат “юввош”, “ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмайдиган” ўзбек халқи шаънига путур етказишга олиб келди…

Мақоламиз сўнгида яна “Жаҳон” ахборот агентлиги хабарига тўхталмоқчимиз. Унда “Ўзбекистон юзага келган вазиятни ҳал этиш йўлини куч ишлатиш вариантларидан воз кечиш ва мавжуд муаммоларни тинч воситалар билан, музокаралар орқали халқаро ҳуқуқ ва БМТ Уставининг фундаментал нормаларига асосланган ҳолда сиёсий восита ва ҳаракатлардан фойдаланишда кўради”, – дейилади. Ақлли фикр. Аммо, бундай ақлли фикрларга, аввало биз ўзимиз амал қилишимиз керак. Андижонда юзага келган вазиятни яна такроран эсламасдан иложимиз йўқ. Ана шунда биз юзага келган вазиятни ҳал этишда куч ишлатиш воситаларидан воз кечдикми? Мавжуд муаммоларни тинч йўл билан, музакоралар орқали халқаро ҳуқуқ ва БМТ Уставининг фундаментал нормаларига асосланган ҳолда сиёсий восита ва ҳаракатлардан фойдаландикми? Йўқ, асло. Бу  ўзгаларга насиҳат бераётганимизда бизни кулгули ҳолатга солиб қўйиши шубҳасиз, аниқ. Украинадаги вазиятнинг бизни ташвишлантирганини қонун ҳимоячилари сони кўчаларимизда ҳар қачонгидан кўра янада кўпайганидан ҳам билсак бўлади.

Ҳар бир ишнинг охири бахайр бўлсин. Сиёсий вазиятлар тинч йўл билан интиҳо топсин! Юртимиз раҳнамолари Ўзбекистонимизда Украинадагидек кўргуликлар бўлмаслигини астойдил истаган ҳолда адолатни белларига белбоғ қилиб боғлаб олсин. Адолат қарор топишида шоир дўстим ёзганидек:

Иложсизман юравераман

Қўлларимни қўлтиққа артиб,

Тақдирда не кўравераман

Дардларимни Худога айтиб, –

деб қўл қовуштириб ўтирмасдан, ўз хоҳиш-иродалари ижобат бўлишда сусткашликка йўл қўймасдан, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишини астойдил тилайман. Зеро, адолат устувор кучга эга бўлса, халқ хоҳиш-иродаси юзага чиқади.

Асил ЭЛЎҒЛИ 

http://mulkdor.com/news/адолат-устувор-кучга-эга-бўлса-халқ-хо/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares