Биз “Нострадамус” ва “Ванга”лар хусусий “Башоратхона” очиволишиб, тирикчилик учун чойчақа ишлашса керак деб ўйлагандик.
Адашган эканмиз.
Энди билсак, Нострадамуслар Ўзбекистон Республикаси Олий судига ҳам ас қотган кўринади, “дарё кўрмаса, этик ечмайдиган” Бўритош Мустафоев жаноблари “Фуқароларни қабул қилиш ва аризалар” бўлимига айнан ана шундай ноёб хусусиятга эга бўлган “башоратчи”ни бошлиқ этиб тайинлаганлар – М. ГАНИЖАНОВ деган “авлиё”ни.
Гап шундаки, ҳар куни таҳририятимизга Ўзбекистоннинг “одил” судловидан азият чеккан минглаб одамлар ариза йўллашади.
Шулардан бири Сурхондарёлик адвокат Жанаев бўладилар.
Адвокатлиги ортидан адолат истаган ва излаган Жанаев Сурхондарё вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари билан “жанг”га киришган эди, прокурору милиция ходимлари пихини ёрган эмасми, адвокатни кўз очиб юмгунча жиноятчига айлантиришди-қўйишди.
Маҳаллий қозиларнинг “азму қарор”и ҳам чиқиб улгурган.
Жабр кўравериб юраги зада бўлиб қолган Жанаев “Олий судга арз қилсамми-йўқми? Арз-ҳол қилсам, адолат топармикинман?” деган хаёллар билан ҳали бир қарорга келолмай турганида, Сурхондарёлик Сайдулло адвокатнинг “Олий судга арз қилиш” истаги Тошкентда – завжасининг иссиққина оғушида ётган ГАНИЖАНОВ жанобларининг тушига кирди.
Қайдам, Олий суднинг “Фуқароларни қабул қилиш ва шикоятлар бўлими” бошлиғи бўлган – фолбинликка давогар Ганижанов жанобларига Худонинг ўзи ғойибдан аён берган бўлса ҳам ажабмас.
Ҳартугул, жаноб Мустафоевнинг олтин бошини “саратоннинг қатиғидек ачитиб” юборгувчи шикоятлар яна биттага кўпайиши мумкинлиги ҳақидаги “ғойибдан келган хабар” шикоят-аризалар бўлими бошлиғи Ганижановни шошириб қўйган кўринади.
Акс ҳолда у ҳали сурхондарёлик адвокат Сайдулло Жанаев Олий суд раисига назорат тартибида шикоят ёзмасдан, арз-додини юбормасдан турибоқ, “Фуқароларни қабул қилиш ва шикоятлар бўлими” бошлиғи “авлиё” Ганижанов 2013 йилнинг 16 сентябрь санаси билан № ШБЖ-3587-13 рақамли “фолбинлик” хатини Термиз томонларга қараб элдан бурун “туҳфа” қилиб юбормаган булур эди!
Қизиғи шундаки, Ганижанов жаноблари ушбу жавоб хатини йўллаган айни бир пайтда адвокат Жанаев “Олий судга шикоят қилсамми, йўқми? Шикоят ёзгудек бўлсам, почта орқали юборганим маъқулмикин ва ё ўзим қўлим билан элтиб берганим қулайроқмикин?” деб пешонаси тиришиб, узооо-оооқ ўйни ўйлаб, тубсиз дарё бўйла-аааб ўтирганди.
Кўрмайсизми, “Ўйчининг ўйи битгунча – таваккалчининг иши битади” деганлари шу-да! Жанаев то бир қарорга келгунга қадар Олий суддаги “авлиё арбоб” ишини ими-жимида битирди-қўйди.
Яъни Жанаев шикоят ёзишидан нақд 9 кун иллай сурхондарёлик аризачи адвокатнинг “оғзига уришга” улгурди.
Жанаев эса ўйла-ўйлай Олий суд раиси Бўритош Мустафоевга 2013 йилнинг 25 сентябрь куни Назорат тартибидаги аризасини хатлар бўлимида рўйхатдан ўтказди.
Шу ўринда саваол туғилади: Ҳали фуқаро Олий суд раисига назорат тартибида арз қилмасдан 9 кун илгари бўлим бошлиғи Ганижановни “Нострадамус”лик қилишга, фол кўришга мажбур қилган нарса не бўлдийкин?
Олий суднинг “Настродомус”и сурхондарёлик адвокта Жанаевнинг оғзига уришга нега бунчалар шошиб қолдийкин?
Энг қизиғи, Олий суддаги “авлиё” – “Нострадамус” ўзининг оламшумул “БАШОРАТ”и учун Сурхондарёлик “мурид”лари – “арбобга” ихлос қўйган “клент”ларидан қанча ҲАҚ олдийкин?
Ҳойнаҳой Термизлик мижозларнинг Олий суддаги БАШОРАТЧИга атаган “назр-ниёз”лари Ганижановнинг ўз шаъни ва амалини хатарга қўйишга арзиса керак-да-а? Нима дедингиз?
Таҳририят













