Мамлакатимизда И. Каримов ташаббуси асосида ҳар бир йил алоҳида ном билан аталиши одат тусига кирган. Келаётган янги йил номи Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинган кунга бағишланган ва вазирлару ҳокимлар, партия ташкилотлари раҳбарлари-ю депутатлар ҳамда мамлакатимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакиллари-ю элчихона элчилари ва бошқа зиёлилар иштирокида ўтказиладиган тантанали маросимда шахсан Каримов томонидан юртимиз аҳлига маълум қилинади.
Янги йил номи Президент томонидан эълон қилинган заҳоти унча-мунча гап-сўзларга ўрниларидан қўзғалиши амримаҳол бўлган йиғилиш иштирокчилари (казо-казолар) ўзлари ўтирган ўриндиқлардан шахт турган ҳолда Юртбоши ташаббуси билан келгуси йил учун берилган янги номни узоқ гулдурос қарсаклар билан кутиб олади. Бу анжуман иштирокчиларининг Президент томонидан илгари сурилган таклифига бўлган эътирофлари белгиси, қўшимча фикрлар, эътирозлар йўқлигидан далолат намунасидир.
Шундай қилиб, бутун бошли бир йил номи кенг халқ оммасининг фикри ўрганилмаган, улар ўртасида олдиндан ҳеч қандай сўровномалар ўтказилмаган ҳолда биргина инсон – Президент (мазкур жараёнда унинг бармоқ билан санарли ишончли вакиллари иштирок этиши эҳтимолдан ҳоли эмас) томонидан белгиланади-қўяди. Ҳатто янги йил номини шахсан президентимиз оғзидан эшитган, унгача “янги йил қандай ном билан аталаркан?” деб қулоқларини динг қилган ҳолда юртбоши оғзига қараб ўтирган йиғилиш иштирокчилари – юрт зиёлилари ҳам “айтилган сўз – отилган ўқ”қа қарши лом-мим деёлмайди. Бу эса, мамлакатда халқ ҳеч ким эмаслигидан, уни яккаҳоким бошқараётганидан далолатдир.
2014 йил мамлакатимизда “Соғлом бола йили” деб эълон қилингани кўпчиликка яхши маълум. Шу муносабат билан яқинда ҳукуматимиз томонидан мазкур йилнинг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифаларини ўзида мужассам этувчи Давлат дастури қабул қилинди. Етти бўлим ва 125 банддан иборат Дастур билан танишаркансиз, унинг пухта ишланганидан кўнглингиз тоғдек кўтарилади.
Дастурга кўра, “Соғлом бола йили” муносабати билан 8 та қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилганлиги, унинг халқбоплиги кишини бағоят қувонтиради. Шунингдек, ушбу Дастурда 194 та тумандаги олис қишлоқларда намунавий маиший хизмат мажмуалари очилиши тилга олинган.
Айни пайтда мамлакатимиздаги бир неча олис қишлоқларда ҳаёт деярли издан чиққани, келажаги йўқ қишлоққа айлангани, туб аҳолининг бошқа борадиган жойи бўлмагани учун иложсизлик туфайли “ўз уйи ўлан тўшаги”ни ташлаб кетолмаётгани ҳеч кимга сир эмас. Шу кунгача на тоза ичимлик суви, на газ, на иш ўрни, на чироқ (кун давомида 1 ёки 2 соат ёруғлик билан таъминланаётган қишлоқлар, ҳатто пойтахтимиз атрофидаги қишлоқларда ҳам етарли), на дўкону на боғча ва бошқа маданий муассасалар йўқлигидан афтодаҳол кўйга тушиб қолган қишлоқларда Дастур бўйича намунавий маиший хизмат мажмуалари очилишини эндиликда бир бор тасаввур қилиб кўринг…
“Соғлом бола йили” Давлат дастуридаги “олис туманларда яшовчи 145 минг нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади” деган жумлалар (агар бепул бўлса) ҳар томонлама таҳсинга лойиқ, эзгу тадбир эканини алоҳида эътироф этиш керак. Бироқ шу ўринда тиббий кўрикдан ўтиш пойтахтимизда кўндаланг муаммо бўлиб турган бир пайтда олис қишлоқларда қай тариқа амалга ошириларкан? деган ҳақли савол туғилади.
Йилнинг “Соғлом бола йили” деб белгиланганидан фойдаланиб, мавриди келганда тиббиёт соҳасига доир аччиқ бўлса ҳам очиқ ҳақиқатни айтсак.
Бугунги кунда давлат бюджетидаги поликлиника ва касалхоналарнинг аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиши қонунан мустаҳкамланган бўлса-да (айрим пулли хизмат турлари бундан мустасно), бироқ амалда бунинг тескариси эканини етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган юртдошларимиз жуда яхши билишади. Бу борада жорий йилнинг “Соғлом бола йили” деб белгиланганини инобатга олган ҳолда, фақатгина соғлом болаларни дунёга келтириш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ҳақнинг икки баравар қимматлашганини тилга олишнинг ўзи кифоя. Масалан, ҳомиладор аёлдан гепатит касаллиги бор ёки йўқлигини текшириш мақсадида олинадиган қон ва унинг таҳлилини аниқлаш хизмати жорий йилда 40 минг сўм бўлган. Поликлиникалар қошида фаолият юритаётган ва фақат шифокор йўлланмаси асосида тушириладиган УТИ бўлимида кўрикдан ўтиш 8 минг сўм (хусусий клиникаларда 2-3 баравар қимматлашган), скрининг марказидан кўрикдан ўтиш 10-20 минг сўм, доплероскопик текширувдан ўтиш 45 минг сўм ва бошқа қон таҳлилларини аниқлаш учун тўланадиган хизмат ҳақлари ҳам ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ошган. Булар сарф қилинадиган харажатларнинг ҳаммаси эмас, албатта, бемор ўзи билан бирга шприц ва резинкали қўлқоп (баъзи оқ халатлилар беморлардан спирт олиб келишини ёки уни ўз ёнидан ишлатгани учун ҳақ ҳам сўрашади) олиб бориши шарт ва зарур. Ушбу жараёндан нафақат ҳомиладор аёллару уларнинг оила-аъзолари воқиф, балки аҳолининг барча қатлами етарлича хабардор.
Хуллас, “Соғлом бола йили” Давлат дастурида белгиланган эзгу ишларнинг рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Унга кўра, 130 та маданият ва дам олиш масканларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланади, 15 та янги маданият ва истироҳат боғлари барпо этилади, шу кунгача мавжуд бўлган 29 таси реконструкция қилинади ва таъмирланади. Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан кам таъминланган оилалар фарзандларига 516,9 минг тўпламдаги қишки кийим ва 3,1 миллион нусхада дарслик, ўқув қуроллари бепул берилади. 2,6 миллион ўқувчи 575 номдаги 25 миллион нусха дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар билан таъминланади.
Шунингдек, Давлат дастурида 60,1 мингта ўқув ўринга мўлжалланган 380 та умумтаълим мактабларини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, уларни компьютер техникаси, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар билан таъминлаш белгиланган. 161 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, 48 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 110 та болалар спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва тубдан таъмирлаш режалаштирилган.
Ўз навбатида шу кунга қадар умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежи ва академик лицейларда таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ўқувчилар ота-оналари ҳам жалб қилиниб келинганини яна бир карра ошкоралашни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Ўқув йили охирига келиб таълим муассасалари раҳбарияти томонидан (бу ишлар кўпроқ синф раҳбарлари зиммаларига юкланади) ўқувчилардан мактаб таъмири учун пул йиғиб олиниши аллақачон ўз сирлилигини йўқотган. Пул беришдан бўйин товлаган ўқувчилар бир ёки икки идиш бўёқ, лак ва шунга ўхшаган бошқа қурилиш анжомларини сотиб олиб, мактаб ихтиёрига топширишлари шарт ва зарур. Эндиликда “Соғлом бола йили” муносабати билан бу каби “йиғ-йиғ”ларга чек қўйилса, ота-оналару болаларга қисман енгиллик бўлармиди?!
Бундан ташқари Дастурда 586,9 минг нафар биринчи синф ўқувчиларига ўқув жиҳозлари тўпламлари ва 6,5 миллион нусхадаги дарсликлар, умумтаълим мактабларининг 500 мингдан ортиқ 2-синф ўқувчиларига чет тиллар бўйича мультимедиали иловали дарсликлар бепул берилиши, соғломлаштириш оромгоҳларига 280 минг нафар ўғил-қиз имтиёзли, 35,7 минг нафари бепул йўлланмалар билан таъминланиши тилга олинган.
Кўп йиллардан бери илк марта мактабга қадам қўйган биринчи синф ўқувчиларига ўқув жиҳозлари тўпламлари ва дарсликлар гўёки “Президент совғаси” сифатида бепул берилар эди. Жорий йилда қандай бўларкин, бу анъана бузилармикан ёки Дастур устида бош қотирганлар юқорида тилга олинган ўқув анжомларини Юртбошимизнинг совға сифатида ҳадя этишини унутиб қўйдимикин?..
Хуллас, Дастурда таъкидланишича, Давлат дастури доирасида амалга ошириладиган тадбирларга 4 509,2 миллиард сўм ва 302,9 миллион доллар миқдорида маблағ йўналтирилади. Бу озмунча маблағ эмас, албатта. Мазкур Дастур шунчаки қоғозда қолиб кетмай, реал ҳаётда тўла бажарилса, у ҳолда 2014 йилни “Жасоратга бурканган йил” сифатида тарихимизга киритсак ҳам арзийди. Энг муҳими, ажратилган бу маблағлар кимларнингдир чўнтагига тушиб кетмаса нур устига нур. Шундагина инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни кўнгилдагидек амалга оширишга эришилади.
Асил ЭЛЎҒЛИ








