НОГИРОНЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ АЙБ ЭКАН…

НОГИРОНЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШЎзбекистонда  қабул қилинган бир қатор Қонунларда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлар таълими ва уларни касбга тайёрлаш, ногиронлар меҳнати, уларга кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам ва бошқа масалалар билан бир қаторда, ногиронларни реабилитация қилиш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилган дейилади матбуотда.

Реабилитация-бу, бемор ва ногиронларнинг лаёқатларини ривожлантириш, сақлаш ва тиклаш ҳамда мавжуд чекланишлар ва ижтимоий камчиликлар олдини олиш йўли билан уларни жамоат-ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этишини таъминлашга қаратилган тиббий, ижтимоий, касбий, педагогик, психологик ва бошқа тадбирлар мажмуасидан иборат бўлган аҳоли соғлигини сақлаш борасидаги энг муҳим давлат вазифаларидан биридир.

Ногиронларни реабилитация қилишдан кўзланган мақсад-уларнинг ижтимоий мақомини, ўз-ўзига хизмат қила олишини ва хар хил касбий фаолиятларини тиклаш орқали уларнинг тўлақонли ҳаёт кечиришини ҳамда ўз ҳуқуқлари ва потенциал имкониятларини тиклашдан иборат.

Тошкент вилояти, Бекобод тумани, Навоий ДФХУ  4-бўлим, «Қўқони» МФЙда яшовчи I-гуруҳ  ногирони Қўчқоров Бахтиёр  бахтсиз фалокат туфайли 11 йилдан буён ногирон.

Ҳозирги кунда  унга тоз шаригини операция йўли билан сунъий шарикка алмаштириш  учун 4 000 АҚШ доллар керак бўляпти. Лекин унда бундай маблаг йўқ. Оқибатда бир умр тўшакка михланиб ётишга мажбур бўлиб қолади.

Маҳаллий хокимият, нодавлат хайрия ташкилотлари, ногиронлар жамҳармаси, хуллас, ҳеч ким ёрдам бергани йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва Аҳолини Ижтимоий Муҳофаза Қилиш Вазирлигининг ногиронларни  реаблитация қилиш ва протезлаш миллий маркази директорига ҳам мурожаат қилди лекин  фойдаси бўлмади.

Шу ўринда эътироф этиш мумкинки, Тошкент вилояти, Бекобод туманида  ногиронларни реабилитация қилиш, уларни протез ортопедия маҳсулотлари билан таъминлаш ишлари яхши йўлга қўйилмаган. Жумладан, барча бирламчи ТМЭКлардан реабилитация потенциали юқори бўлган ногиронларни саралаб, уларни соғ-ломлаштириш ва протезлаш миллий марказига юбориш ҳамда реабилитация тадбирларини ўтказиш бўйича доимий ишлар олиб борилмаяпти.

Шунингдек, ногиронларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий маркази олимлари томонидан ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар хаётга тез тадбик этилмаяпти.

Ижтимоий кўмакка муҳтож, бунингдек қўли калта ногиронлар бисёр. Айнан пулсизлик уларни бир умр тушакка михлаб қўймоқда.

2013 йил 30 сентябр куни кундузи тахминан соат 12-00 ларда Жиззах вилояти Зомин тумани Қудуқча қишлоғида  жойлашган Парда Умурзоқов номли мактабнинг тайёрлов синфига бораётган 2007 йилда туғилган Босимова Барчинойни  катта тезликда келаётган, фуқаро Эшбоев Фарход (тел раками: +998915996165) бошқарувида бўлган  “Ласетти” автомашинаси билан уриб юбориши натижасида бахтсиз ҳодиса рўй бериб,  қизча зудлик билан Зомин тумани ШТТЁБнинг  жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Операция ўтказилаётган пайтда жавобгар қизчага дастлабки биринчи тез тиббий ёрдамни кўрсатган. Лекин  Босимова Барчиной 2013 йил 30 сентябрда  биргина Зомин тумани касалхонасида эмас балки, 08 октябрдан то 09 декабрга кадар Сирдарё вилояти шошилинч тиббий маркази жарроҳлик бўлимида ҳам ётди. Ҳар иккала вилоят шифохоанларида даволаниши учун жами 9 000 000 (Тўққиз миллион) сўм  сарф-харажат бўлди. Мақсад тилдан қолган, кома ҳолатида ётган қизчанинг ҳаётини сақлаб қолиш эди.

“Ҳозир кизим ногирон булиб колди.У реаблитацияга муҳтож. Унинг ҳаётини сақлаб қолиш учун барча чораларни кўрдик. Лекин бизда пул йўқ.Ҳозир уни Самарқанд вилояти шифохонасига олиб келганмиз. Қизимнинг бошига протез қўйиш учун камида 6 000 АҚШ доллари керак бўлар экан. Агар бу пулни топмасак қизчамнинг ҳаётини сақлаб қолишга кафолат йўқ. Эрим ҳам олти ойдан буён ишламаяпти”  дейди қизчанинг аяси Дилафрўз Раҳмонова.

Жабрланувчининг аяси шу кунларда фуқаролик ишлари бўйича Зомин туманлараро судига моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида қуйидаги мазмунда мурожааат қилган: “2008 йил 11 июлида янги таҳрирда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун, шунингдек, республика Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 8 августдаги “Тиббий-меҳнат экспертиза хизмати бошқариш тузилмасини ва фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2009 йил 18 мартдаги “Ногиронни реабилитация қилишнинг якка тартибдаги дастури тўғрисидаги Низомни тасдиклаш ҳақида”ги қарорлари асосида мамлакатда ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу директив ҳужжатлар ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиш ҳуқуқларини руёбга чикаришда ғоят муҳим ахамиятга эга. Кизимни  реабилитация килиш, яъни унинг организмини издан чиккан ёки йўқолган функцияларини тиклашга, турмуш фаолиятининг чекланганлигини бартараф этишга каратилган тиббий, ижтимоий, психологик, педагогик, жисмоний ёрдам кераклиги бизни хавотирга солмокда.

Жиноят содир этиб, жиноят туфайли қизимга азоб берган ва оиламизга катта миқдорда моддий ва маънавий зарар етказган Эшбоев Фарходга нисбатан менинг фойдамга моддий ва маънавий заррани ундириш бўйича киргизган даъво аризамни қўйидаги асосларга кўра қаноатлантиришингизни сўрайман.

Ушбу факт бўйича жиноят иши кўрилаётганда маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъво арз қилинмаганлиги, турмуш ўртоғим Ботир Раҳмоновнинг розилиги ва эътирози йўқлиги билан суд кифояланиб қолганлиги назарда тутилсин”.

Тиклаш терапияси ва реконструктив жарроҳлик амалиёти стационарларда, амбулатор-поликлиника ва кундузги стационарларда ҳамда Ўзбекистон Республикаси ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий ҳамда минтақавий реабилитация марказларида амалга оширилади. Протезлаш ва ортезлаш эса ногиронларни реабилитация қилиш ва протезлаш миллий марказида ёки вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш бошқармалари қошидаги протезлаш, протез маҳсулотлари билан таъминлаш корхоналари томонидан амалга оширилади.

Тиббий реабилитация турларидан яна бири-бу ногиронларни сиҳатгоҳ ва оромгоҳларда даволашдан иборатдир. Реабилитация потенциали юқори бўлган ногиронларга ҳукуматимизнинг 2008 йил 8 августдаги 75-сонли қарорига асосан якка тартибдаги реабилитация дастури (ЯТРД) тузилди.

Ушбу дастур ТМЭК томонидан даволаш-профилактик муассасаси билан биргаликда тузилиб, унда тадбирларнинг турлари ва шакли, бажарилиш муддатлари, уларнинг ҳажми ва навбати аниқ белгилаб берилади.

Дастурининг бажарилиши устидан мунтазам равишда назорат олиб борилади ва унинг самарадорлиги баҳоланиб борилади. Ушбу дастур уч йилга мўлжалланган бўлиб, уч йилдан кейин тадбирлар самарадорлиги баҳоланиб борилади. Дастур ногиронларнинг қўлига берилади ва унда бажарилган тадбирлар ҳақида мунтазам равишда муассаса, ташкилотлар томонидан белгилар қўйилиб, маъмурият томонидан раҳбар имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши лозим.

Афсуски, баъзи бир даволаш-профилактик муассалари томонидан ТМЭК нинг тиббий реабилитация тўғрисидаги тавсиялари тўлиқ ҳажмда ва сифатли бажарилмаяпти. Натижада ногиронларни реабилитация қилиш кўрсаткичлари йилдан йилга бир мунча пасайиб, ногиронликнинг оғирлашиш кўрсаткичлари эса ошиб кетиши кузатилмоқда.

Шунинг учун ҳам соғлиқни сақлаш муассалари ушбу масалага жиддий эътибор беришлари лозим.

Авлиё ОСМОН

Мустақил журналист

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares