- “Бирдамлик” матбуот маркази хабар қилади.
Ўзбек халқида қадим-қадимдан қўй ва бўри ҳақида кўпдан-кўп эртак ва мақоллар тўқилган. Шулардан бирида: “Бўрига раҳм қилсанг, қўйнинг шўри қурийди” дейилади.
Дарҳақиқат, бу жуда топиб айтилган мақол. Ахир бўри ўз феьлига кўра ўта бераҳм, қонхўр ҳайвон-да. Бизнинг замонда эса одам сифатида юрган бўриларни турқига қараб аниқлаб олиш қийин. Чунки уларнинг кўпи ўз устига қўй терисини ёпиниб олган.
Келинг, Сирдарё вилояти Сардоба тумани солиқ инспекциясида ишлаётган ана шундай “бўрилардан” айримлари фаолиятига бир назар ташлайлик.
Инспекция бўлим бошлиғи: Илҳом Шоимов, бошлиқ муовини Аҳмад Абдураҳмонов, ходим Даврон Аъзимовлар (ул шахс «кимсан» Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси, ўткир қаламкаш Манноп Азимовнинг ўғли) уюшган ҳолатда «давлат мулкини туя» қилиб, хазинага тушадиган солиқ йиғимларини «хуфя чўнтаклари»га уришмоқда.
Сўзимизнинг исботи учун Сардоба туманида рўйхатга олинган ва олинмаган тадбиркорлар рўйхатини келтирамиз:
Ш.Рашидов СФУда (Сардоба фермерлар уюшмаси) рўйхат бўйича 9 та тадбиркор ва рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётган 26 та;
Т.Малик СФУсида рўйхат бўйича 7 та тадбиркор ва рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётган 21 та;
Ғ.Ғулом СФУсида рўйхат бўйича 12 та тадбиркор ва рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётган 16 та;
М.Узоқов СФУсида рўйхат бўйича 17 та, тадбиркор ва рўйхатдан ўтмай фаолият юритаётгани 12 та.
Ушбу маьлумотда келтирилган рўйхатга олинмаган хўжаликлардан 30000 – 40000 сўмдан нақд пулларни номлари юқорида зикр этилган кимсалар давлат ғазнасига эмас, ўз киссаларига уришмоқда. Булардан ташқари шахсий ун тегирмони бўлган кишилардан 57.000 сўмдан пул ундиришмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоиз:
бундай ҳолатлар бўлар экан;
давлат хазинасига тушумлар тўлиқ тушмас экан;
давлатимиз ишонган шахслар ўз ишига виждонан ёндошмас экан;
вилоят аҳолисининг «косаси оқариши» амри-маҳолдир. Бу эса вилоят миқёсида «коррупция» кучли илдиз отиб кетганидан дарак беради.
Сўзимиз аввалида бўри ва қўй ҳақидаги мақолни келтирган эдик. Бу икки жонивор ҳақида яна бир бошқа мақол бор: “Бўрини бўрилиги учун эмас, қўйни еганлиги учун ўлдирадилар”.
Бу қадимий мақолни юқори ташкилотларда ишлаётган раҳбарлар қачон англайди ва қадрига етади?
Худо билади…
Сирдарё вилояти.