ҲОКИМ ҚАРОР ЧИҚАРДИ, БЕКОР ҚИЛДИ

 

(шу оралиқда бир неча минг киши азият чекди)

хусусий гаражларГарчанд, меҳнаткаш халқимизнинг пешона тери эвазига бўлса-да, пойтахтимиз Тошкент шаҳри кундан-кунга чирой очаётгани, кўчаларимиз, хиёбону боғ-роғларимиз ўзгача тусга кираётгани, шаҳримизда замонавий бинолар, иншоатлар қад ростлаётгани айни ҳақиқат. Ўз навбатида бундай ютуқларга бир қатор йўқотишлар эвазига эришаётганимиз ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ўтган 2013 йил давомида бир неча минг нафар тошкентликлар ана шундай йўқотишларга мубтало бўлишди.

Ўтган йил мабойнида пойтахтимизнинг деярли барча туманларида жойлашган автомототранспорт сақлаш қурилмалари – гаражлар аҳолининг ҳар қандай қаршиликларига, йиғлов-сиқтовларига қарамасдан оммавий тарзда бузилди. Пойтахтдаги хусусий гаражларни бузиш ишлари Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2013 йил 8 апрелдаги “Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида”ги 314-сонли қарори эълон қилингандан кейин бошланди. Энг ачинарлиси, бу каби бузиш ишлари олдиндан пухта ўйланмаган ҳолда олиб борилди. Бунинг натижасида тошкентликлар нафақат гаражсиз қолди, шу билан бирга иқтисодий, моддий томондан сезиларли зарарга учради. 

– Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Қўйлиқ-3 мавзесида иккита гаражим бор эди, – дейди куюниб Олим Кенжаев. – Энига беш ярим, бўйига сал кам икки метрли гаражимни 2011 йилнинг август ойида 1.500 долларга, ундан кичикроқ гаражимни эса 2012 йил январда 900 долларга сотиб олган эдим. 2013 йил 24 май куни 100 нафардан кўп кишиларнинг гаражлари жойлашган Қўйлиқ-3 мавзесига Миробод туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, Қўйлиқ 1-, 2-, 3-, 4-мавзеларидаги маҳалла оқсоқолларидан вакиллар келиб, йиғилиш ўтказишди. Йиғилиш гаражларимизга дахлдор эди. Бироқ бу йиғилишда ҳамма гараж эгалари иштирок эта олмади, улар ичида йиғилиш ўтказилишидан бехабар қолганлари ҳам талайгина. Тўпланган тахминан 40 нафар гараж эгаларига ҳокимликдан келган вакил мазкур ҳудудда келажакда замонавий автомобиллар сақлаш жойи қурилажагини айтди ва ўз гаражларимизни бир ҳафта ичида қандай йўл билан бўлса-да, олиб кетишимиз кераклиги бўйича буйруқ берди. Топшириқ белгиланган муддат ичида бажарилмаса, фақат ўзимиздан хафа бўлишимизни пўписа қилишди. Табиийки, йиғилганлар гаражларимиз бузилишига қарши бўлдик, аммо вакилларнинг қатъий буйруғидан кейин ҳокимият томонидан белгиланган муддатнинг ниҳоятда қисқалигини, ҳеч бўлмаса бир ой муддат берилишини айтиб эътироз билдирдик. Аммо вакиллар Тошкент шаҳар ҳокимининг қарорига қарши чиқа олмасликларини рўкач қилишиб, халқнинг арз-доди-ю хасратига парво қилмасдан йўлларида равона бўлдилар.

Ҳақиқатдан ҳам орада 8 кун ўтгандан кейин, яъни 1 июнь куни Миробод туман ҳокимлигининг ишчилар гуруҳи ўз техникалари билан бизнинг гаражхонамизга, ўзларининг вақтинчалик “иш жойлари”га етиб келишди ва ишни бошлашди. Белгиланган қисқа муддат ичида гаражини сота олмаганлар, ҳатто бузиб металлари-ю гараж ичидаги керакли ускуналарини олиб кета олмаганлар ҳам бўлди.

Мен минг машаққатлар эвазига, емай-ичмай йиғған 1.500 АҚШ долларга сотиб олган катта гаражимни аранг 500 минг сўм (тахминан 175 АҚШ доллари)га сотишга эришдим. 900 долларга сотиб олган гаражимни эса чилангарларга 20 минг сўм бериб буздириб, металларини 80 минг сўмга металлаломга топширишга мажбур бўлдим. Гаражларни сотиб олишда келгусида уларни қайта сотиб ўрнига Тошкентдан бир хонали уй харид қилишни мақсад қилган эдим. Чунки ҳозирги кунгача Тошкентда оила-аъзоларим билан бирга ижарада яшаб, ишлаймиз. Юқоридагиларнинг бизнинг ҳақ-ҳуқуқларимиз, мулкимиз билан заррача ҳисоблашмаганликлари кишига ниҳоятда алам қилади. Бироқ начора, қўлимиздан нима ҳам келарди? Энг ачинарлиси, бузилган гаражларимиз ўрни ҳамон ҳувиллаб ётибди, кўп қаватли уйлар олдидаги йўллар, уйга кирадиган кўча эшиги олдидаги йўлакларни енгил автомобиллар батамом забт этган, автомобиль ва унинг деталларини ўғирлашга боғлиқ жиноятлар кундан-кунга ўсаётгани ҳам асло сир эмас…

Биз гаражидан бемаврид айрилиб қолган биргина шахснинг ҳасратини ҳукмингизга ҳавола қилдик. Ўтган йили шаҳримизнинг барча туманларида аҳолиларнинг гаражларини оммавий равишда бузиш ишлари рўй берганлигини инобатга олсак, у ҳолда жабрдийдалар сони бир неча минг кишига етиши табиийдир…

Бир неча минг кишини нафратлантирган, уларга иқтисодий, моддий, маънавий жиҳатдан зарар етказган, олдиндан пухта ўйланмасдан чиқарилган Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг ғишт қолипдан кўчгандан кейин бекор қилиниши яна халқнинг юқоридагиларга нисбатан ғазабини жунбушга келтирди.

Газета.uz сайтининг иқтибосига кўра, 2014 йил 13 январда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов томонидан 2013 йил 8 апрелда қабул қилинган “Тошкент шаҳрида автомототранспорт сақлаш қурилмаларини ободонлаштириш ва шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ тартибга келтириш тўғрисида”ги 314-сонли қарори бекор қилинган. Унинг ўрнига шаҳар ҳокимининг 46-сонли қарори эълон қилинганлиги тўғрисидаги ҳужжат шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан билдирилган. Ҳужжатда қайд этилишича, мазкур қарор Тошкент шаҳар прокуратурасининг 2013 йил 31 декабрдаги 10/15-13 сонли протестига асосан қабул қилинган. Янги қарорнинг вужудга келишига эски қарорни бажариш вақтида шаҳар туманларида кўплаб қоидабузарликларга йўл қўйилгани сабаб бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас…

Эсингизда бўлса, бундан икки йил олдин Европадаги нуфузли экспертиза ташкилотларидан бири томонидан “Дунёдаги яшаш қулай шаҳарлар” рўйхати эълон қилинган эди. Унда тадқиқотчилар шаҳарнинг қурилиш  лойиҳаси, унинг инфратузилмаси, ободонлиги ва бошқа ҳолатларига алоҳида эътибор қаратганди. Ушбу тадқиқот ишининг биз учун муҳим томони шундаки, унда пойтахтимиз Тошкент шаҳри ҳам ўзига хос ўрин эгаллаган, анниқроғи дастлабки элликта шаҳар қаторидан жой олишга эришган эди. МДҲ давлатларидаги йирик шаҳарлар ичида Тошкентимизнинг элликталик сафига кириши биз учун фахр, ифтихор ва ғурур, албатта. Шаҳримизда замонавий биноларнинг қад ростлаши, ҳозирги замонга мос хизматларни юзага чиқариш ҳаммамизни бирдек қувонтиради, албатта. Бироқ бу борада шошма-шошарликка йўл қўйиш, бунинг эвазига халққа ҳар томонлама жабру ситам етказиш яхшиликдан далолат бўлмаса керак. Зеро, алломаларимиздан бири халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир, деб беҳуда айтмаган бўлсалар керак.

Асил ЭЛЎҒЛИ   

http://mulkdor.com/news/ҳоким-қарор-чиқарди-бекор-қилди/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares