ҲОКИМ ҚАБУЛИДА “ЎТ ЧИҚИШИГА” ОЗ ҚОЛДИ….

“Эсизгина, янги ҳоким Эшдавлат Жўраев ҳам иш бермайдиган кўринади”

                                     (Сурхондарёликларнинг ёзғиришларидан…)

QabuldaБугун, 2014 йилнинг 4 февраль куни айни тушлик маҳали Сурхондарё вилоят ҳокими қабулида халқ исён кўтаришига бир баҳия қолди.

Негаки,  биласиз, шу кеча кундузда бутун Ўзбекистонни қалин қор қоплаган. Қаттол қиш айни қахрига олган маҳал. Ерга қарасангиз, яхмалакдан кўзгуга айланган, афтингиз кўринади.

Қора совуқ чақаман дейди.

Шундайин аёзда кўча тугул, уйдан эшикка чиқиш малол.

Аслида-ку, кўчаям бир нави, йилт этган қуёш бор.  Афсуски, айни қиш ўртасига келиб, тезак ҳам тортилиб қолган бир пайтда хонадонлар кўчадан-да совуқ, музлатаман дейди. Уйдан эмас, иссиққина кўрпасидан бош чиқаришга эринади киши….

Шундайин изғирин совуқда, тизза бўйи қорда Сурхондарё воҳасини-ку, асти сўраманг. Кенг ялангликда совуқ уриб, аҳоли шўрлик кўкариб ҳам кетгандир-а…

Бироқ,  ана шундай оғир шароитга қарамасдан янги ҳокимтўра Эшдавлат Жўраевнинг “Фуқароларни қабул қиламан” деган ваъдасига ишониб, Сурхондарё вилоят ҳокимидан умид қилиб, минг бир илинжда иссиққина жойини совутиб, қаронғу қишда ҳали Денов, ҳали Жарқўрғон, Сариосиё-ю, ҳали Узун, ҳали “ҚИСҚА” йўл юриб, йўл юрсаям мўл юриб, қоракўлини сотиб топган тўрт тангасини мошинкирога сарфлаб Термизга келган халойиқнинг кута-кута пешоналари тиришиб қолмоқда.

Мана, бугун аҳолининг Сурхондарё вилоят ҳокимининг қабул куни “Қабул”га келиб, сарсону-саргардон бўлиб кетаётганларига ҳам роппа-роса икки ой бўлди, – дейди вилоят ҳокимияти эшигида ранги самон бўлиб ўтирган деҳқонлардан бири.

– Нимасини айтасиз, ҳар гал шахсан вилоят ҳокимининг қабулига кириш истагида атай қорни-қор, совуқни совуқ демай, дўлу жалада ивиб, 100-120 километр масофа босиб Термизга келамиз. Соатлаб кутамиз, то қош қорайгунга қадар. Ҳар гал янги ҳокимдан дарак йўқ. “Ҳали у ёқда, ҳали бу ёқда” деб “алдагани бола яхши” қабилида иш тутишади. Қабулга келган фуқароларнинг ёнига вилоят ҳокимининг “шотирлари”ни туширишади. Кошки бу ходимлардан бирор ёруғлик чиқса. Улардан кишда қор ҳам олиб бўлмайди-ку?- дея оташин бўлади номини ошкор қилмаслигимизни ўтинган фермерлардан бири, “Акс ҳолда битар ишим бутунлай битмай қолиши мумкин-а?” деган ҳадикда.

Мамлакат бош вазири Шавкат Миромоновичнинг  шахсан ўзлари “Совуқдан қотиб ўлди” деган гапни эшитмай дея Ўзбекистондаги бор мактаблар, коллеж-у болалар боғчалариини беркитиб ўтирган бир пайтда Сурхондарёнинг Президент Каримов ишониб қўйган янги ҳокими Эшдавлат Жўраев айнан нимани истайди, бир қарашда англаш мушкул.

Назаримизда, унинг қабулига кириш иштиёқида қорли кунларда Узун туманидан Термизга келаман деган бирор бир аризачи муз қотмаса, қабулида соатлаб кутаётган аҳолидан бирортаси совуқда жон бермаса, беҳисоб шекилли-да-а? Янаям ким билсин.

Акс ҳолда Сурхондарёнинг узоқ ва яқин туманларидан қабулга келган халқ шўрликни икки ой ҳам бўзчининг мокисидек зир қатнатадими? Аҳолини шунчалар ҳам ҳор қилиши мумкинми ҳоким дегани?

Биласиз, ҳамма нарсанинг: сабр, қаноат, шукурнинг ҳам чеки, чегараси бор.

Бир пайтлар, Ўзбекистоннинг ярим асрлик президенти Ислом Каримов, адашмасак, шундай деган эди: Халқимиз ҳамма нарсага чидаши мумкин, адолатсизликдан бошқа…”…

Бунингдек “ҳикмат”ли ибора кимнинг “ижод”ига мансуб: Хайриддин Султонов жанобларинингми ва ё “Мен президент маърузаларининг ижодкориман” дея мақтанишни хуш кўрадиган шоир Хуршид Давроннингми, буниси бизга қоронғу. Бироқ, хонаси келганида, Ислом Абдуғаниевичнинг қўлига ана шундай доно ибора қораланмасини тутган қаламкашга, ким бўлишидан қатъий назар ташаккур айтишни истардик: “Отангизга раҳмат!”… Зеро, Ислом Каримовнинг ўзларидан юз йилдаям бунингдек оқил фикир чиқиши душвор…

Хўш… ўтлаб кетдик-а… гап нима ҳақида эди, кимсан Каримовнинг эркатойи Эшдавлатбой ҳақидамиди?

Хуллас, Ўзбекистон президенти Каримов “башорат” қилганларидек, халқ одолатсизликка дош бера олмади. Янаям аниқроғи, икки ойдирки вилоят ҳокими Жўраевнинг қабулига қатнаб, кута-кута, кираолмасдан сил бўлаётган воҳа фуқароларининг бунингдек бошболдоқликка бефарқ қарашга  бардоши етмади.

Бу гал ҳам, бугун, 4 февраль куни соат 10.00 га белгиланган навбатдаги “Қабул”га вилоят ҳокими одатдагидек қадам ранжида қилмади. Соат миллари 13.00 дан ошган ҳам эдики, кутишлардан тинкаси қуриган фуқароларнинг сабр косалари тўлиб –тўкилди:

– Бу нима деган гап? Каримов Жўраевни шу умидларда ҳокимлик курсисига ўтқазганмиди? Булар бир амал кунсисини эгаллагунча! Бирорта мансаб крислосига ўтириб олишдими, тамом, туққан онасиниям танимай қолишади булар!  Сабримизни синашмоқчими булар?  Бизни вилоят ҳокими эшитишни истамаса, дардимизни кимга айтишимиз керак?! Токи Эшдавлат Жўраев келиб қабул қилмас экан, шу остонадан бир қадам ҳам жилмайман, – деди олтинчи бор ҳоким остонасидан ноумид қайтаётган ишбилармон аёллардан бири ғазабкор нигоҳ ва важоҳатли овоз билан, – Мен тадбиркорман. Ҳокимнинг бўсағасида ойлаб сарғаядиган бўлсам, корхонам синади, банкрот-барбод бўлади-ку!

Аёлнинг важоҳатига қабулга келган фуқароларнинг “Ҳа-я!”, “Шуни айтинг!”, “Бизда ҳам аҳвол шу!”, “Икки ойдирки қабулхона эшигида илҳақмиз?”, “Бу ҳоким ҳам халқни ўйлайдиганлар хилидан эмас экан”, “Буларнинг ҳаммаси бир гўр!” деган тасдиқли овозлари жўр бўлди.

Сурхондарё вилоят ҳокимияти қабулҳонасида ўтирган “баковуллар” қарашсаки, аҳвол чатоқ: Изиллаган совуқда ҳокимтўранинг виқорли нигоҳи-ю сохта табассуми тафтида исиниш бахтидан бенасиб қолган қабулдаги бу инсонлар “Ҳа, ҳа” дейишмаса, исён қилиб юборгудек чўтлари бор.

“Фавқулодда вазиятлар”нинг олдини олиш илинжида ҳокимиятдагилар томонидан қўшимча куч – наряд чақиртирилди.

Қабулдаги гувоҳларнинг сўзларига кўра, милиция формасидаги икки йигит энг аввало “тилига эрк берган” табдиркор аёлнинг қўлтиғидан олиб, ташқарига куч билан кузатиб қўйишган.

Бунингдек мулозаматга хуши бўлмаган қабулдаги қолган фуқаролар эса ўз ҳоҳишларига кўра қабулхонани бўшатиб қўйишган.

Вилоят ҳокимининг қабулида милиция ходимлари “ҳайдалиш куйини” чалишган –  қабулга келган 20 нафарга яқин фуқароларни ИИБчилар  ҳокимият биносидан  қувиб солишган.

2014 йилнинг 4 февраль куни соат тахминан 13.30 – 14.00 ларда Сурхондарё вилоят ҳокимининг қабулида содир бўлиши мумкин бўлган аҳоли ғалаёни худди мана шу услубда миршаблар томонидан куч ила бостирилган.

Хабарни ОРЗИГУЛ  тайёрлади

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares