МАҚОМИНИ ЙЎҚОТАЁТГАН ШАҲАРЧА

Красногорск - Qiziltog'Тошкентдан 66 км жануби-ғарбда, Чатқол тоғининг жануби-ғарбий қисмида, денгиз сатҳидан 600 метр баландликда жойлашган Красногорск шаҳарчаси дастлаб 1955 йилда Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани негизида шаҳар посёлкаси сифатида ташкил топган. Юртимиз мустақилликка эришгунга қадар мазкур шаҳарча нафақат Ўзбекистонда, ҳатто собиқ узоқ-яқин давлатларда ҳам таниқли шаҳарча бўлган. Бугунги кунда номи Қизилтоғ деб ўзгарган мазкур шаҳарчада ўн беш мингга яқин аҳоли яшайди. Асосан саноат корхоналари – кўмир конларида ишлаган халқи бундан 25 йил олдин бой яшаган. Бугунги кунда мазкур шаҳарчанинг деярли ярим аҳолиси қашшоқона ҳаёт кечирмоқда. Шаҳарчанинг айни кундаги аҳволига эса, маймунлар йиғлайди десак муболаға бўлмас.

Аввало, юқоридаги гапимиз республикамиз мустақиллигига қарши фикрлар сифатида қабул қилинмаслиги керак. Зеро, мустақиллик бу – бизнинг ғуруримиз, ифтихоримиз, ота-боболаримизнинг узоқ йиллик армонлари ижобати ва ҳакозо. Бироқ айнан шу мустақиллик йилларида биз ютуқлар билан бирга йўқотишларга ҳам дуч келдик. Буни инкор этмаган ҳамда мавжуд устувор  жараёнларга чуқур эътибор қаратган ҳолда, табиий жараён сифатида қабул қилиш мумкин. Аммо, бизнинг назаримизда йўқотишларнинг барчаси бирдек устувор жараёнларга боғлиқ эмас. Бу кўп ҳолларда сиёсий жабҳага доир пала-партиш ислоҳотларга ҳам боғлиқ. Буни Қизилтоғ шаҳарчаси мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хўш, биз нимага асосланган ҳолда шаҳарча аҳолисининг деярли ярми қашшоқона ҳаёт кечирмоқда, дея хулоса чиқардик. Бундай фикрга шаҳарчанинг бугунги кундаги аҳволига асосланган ҳолда келдик. Масалан, айни пайтда Қизилтоғ аҳолисининг тахминан 80-90 фоизи ишсиз. Шаҳарчада фаолият юритаётган бир қатор давлат муассасалари ва саноқли кичик-кичик ташкилотларни ҳисобга олмаганда умуман иш ўринлари мавжуд эмас. Бир пайтларда аҳолининг асосий даромад манбаи ҳисобланган саноат корхоналари эса, ўз фаолиятларини аллақачон тўхтатган.

Тоғ бўйида жойлашган шаҳарча аҳли қиш фаслидан ниҳоятда қўрқади. Чунки Қизилтоғда қарийб 15 йилдан бери иситиш ускуналари ишламайди. Шаҳарчадаги 2, 3, 4, 5 қаватли хонадонларни иссиқлик билан таъминлайдиган қозонхона ҳозирда ахлатхонага айланган.

Ичимлик суви масаласи йилнинг тўрт фаслида ҳам долзарб муаммолигича қолмоқда. Хонадонлардаги сув жўмракларидан фақат эрталаб соат 7 дан 9 гача ва кечқурун соат 18 дан 20 гача сув оқади. Бироқ афсуски, бу тартиб тез-тез бузилиб туради. Аҳоли баъзан бир кунда бир мартагина “сувли” бўла олади. Шунинг учун ҳам улар торгина каталак хонадонларида катта-катта кострюлкаларда сув сақлашга мажбур.

Газ масаласи ҳам қишин-ёзин муаммо. Газ қадри, айниқса, қиш мавсумида яққол сезилади. Хонадонларидаги иситиш мосламалари шунчаки “экспонат” вазифасини бажараётганлиги туфайли аҳоли ўз уйларини газ ёрдамида иситишга мажбур. Бироқ яшаш учун кураш мақсадида Қизилтоғдаги кўп қаватли уйларда яшовчи кўпгина хонадонлар уйларига ясама сандал ўрнатишган. Уларнинг ошхоналари сандалхона ва кўмирхона вазифасини ўтамоқда. Шунинг учун ҳам шаҳарчада мавсумий кўмир бизнеси – кўмирни қоплаб сотиш андак ривожланган.

Аҳолини ёруғлик билан таъминлаш ҳам издан чиққан. Қизилтоғликлар кун бўйи чироқсиз ўтиришга аллақачон кўниккан. Бироқ шундай бўлса-да, улар чироқнинг дабдурустдан ўчиб қолавериши туфайли электр ёрдамида ишлайдиган ашёлар – телевизор, музлатгич ва ҳ.к. ускуналарнинг тез-тез бузилишидан қаттиқ сиқилади.

Шаҳарчада бугунги кунда биронта маданият маскани фаолият кўрсатмайди. Аҳолининг деярли 80 фоизи мусулмонлар бўлса-да, бу ерда битта ҳам масжид йўқ. Туб аҳоли шаҳарчани батамом қоплаган ишсизлик туфайли, доимий даромад манбаига эга бўлмаганликлари сабабли ҳашар ёрдамида масжид қуриш имконига эга эмас. Тадбиркорлар мазкур ҳудудда бизнес олиб боришга негадир қизиқишмайди. Эҳтимол, бунга шаҳарчада ёруғлик таъминоти издан чиққанлиги сабаб бўлса керак. Ахир ҳозирги кунда ёруғликсиз, чироқсиз қандай қилиб бизнес юритиш мумкин?

Шаҳарча давлат эътиборидан мутлақо четда қолгандек. У шу кунга қадар тайинли  ҳудудий мақомга ҳам эга эмас. Қизилтоғ гарчи юридик мақомига кўра Тошкент вилояти, Ангрен шаҳри, Қизилтоғ шаҳарчаси деб юритилса-да, аҳоли ер, мол-мулк учун солиқлар ҳамда ёруғлик учун ҳақни паркентликларга тўлашади. Қизилтоғ шаҳарчаси ичида қатнайдиган йўналишли автобуслар аллақачон ўз фаолиятларига чек қўйган. Шунинг учун ҳам аҳоли шаҳарнинг у бошидан бу бошига пиёда бориб-келишга мажбур…

Назаримизда, юқорида таъкидлаганимиз, аҳолининг қашшоқона ҳаёт кечираётганига оид фикримиз хато бўлмаса керак. Ахир инсоннинг ўзи учун энг зарур бўлган нарсаларга ҳамиша эга бўла олмаслиги қашшоқлик аломати эмасми?! Ўзини, оиласини таъминлайдиган доимий даромад манбаига эга бўлолмаслик, ўз уйида сиқилиб яшаш, зарурий ичимлик суви, иссиқлик, ёруғлик ва бошқа нарсалардан мунтазам равишда бебаҳра қолиш каби жараёнларга “қашшоқона ҳаёт” таърифидан бошқа қандай таъриф бериш мумкин?!

Хуллас, бугунги кунга келиб, бир пайтларда сўлим гўша бўлган Қизилтоғ шаҳарчаси ўз мақомини йўқотмоқда. Шаҳарча шаҳар турмуш тарзига оид хизматнинг барча турларидан деярли жудо. Аҳоли ўз насибасини минг машаққатлар эвазига пойтахтдан топмоқда, иш излаб, юрт кезиб кетганлар ҳам талай.

“2013 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг қарорида ўтган 2013 йилда мамлакатимизда қурилган намунали қишлоқ уйлари сони тилга олинган. Бундай қурилиш ишлари мамлакатимиз ютуғи сифатида эътироф этилган. Шу ўринда оддий савол туғилади: ҳукуматимиз нега эскисини эътибордан соқит қолган ҳолда, янгисини қуришга шошилмоқда? Умуман, қурилаётган “намунали уйлар” кимларга сотилаяпди? Уларга кимлар эга бўлаяпди? Оддий халқ бу каби саволларнинг реал ҳаётдаги  жавобини яхши билишади ва улар бундай уй-жойларга эҳтиёжманд аҳолиг осонлик билан эриша олмасликларини теран тушунишади ҳамда бу каби уйлар жойларда фаолият юритаётган тадбиркорлар, пулдорларга, гарчи улар уй-жойга эҳтиёж бўлмаса-да, мажбурий тарзда сотилаётганини ҳам жуда яхши билишади.

Юқорида таъкидланган Вазирлар Маҳкамаси мажлиси қарорида, шунингдек, мамлакатни узоқ муддатли ривожлантиришнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, қуйидагилар 2014 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари этиб белгиланган: 1. Ишбилармонлик муҳитини (“бизнес билан шуғуллан” тамойили бўйича) шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва янада рағбатлантириш. 2. Ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим жараёнини ва соғликни сақлаш соҳасини ислоҳ қилишни давом эттириш ва такомиллаштириш…

Белгиланган ушбу вазифаларнинг ҳар томонлама халқбоплигини инкор этиб бўлмайди. Бироқ ишбилармонлик муҳитини (“бизнес билан шуғуллан” тамойили бўйича) шакллантириш учун аввало, муҳит – ҳукмрон доира вакиллари соғлом бўлишлари керак. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳар томонлама ривожи ҳақиқатанан ҳам қўллаб-қувватлашга эҳтиёж ва буни янада тараққий топтириш учун рағбат керак. Бироқ афсуски, бизда, яъни реал ҳаётимизда бунинг акси. Ўз бизнесини аранг оёққа турғизган тадбиркор мажбурий равишда “намунали уй” сотиб олиши, кимларгадир фойдасидан улушлар бериб туриш керак. Жойларда, айниқса, кичик шаҳар, қўрғон, туман марказлари, қишлоқларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг ҳам ниҳоятда қийинлиги ҳаммага бирдек равшан. Чунки юқорида айтганимиздек, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун энг муҳим нарса – ёруғлик таъминотига хос узилишлар устун. Бундан бошқа кўргуликлар ҳам етарли. Ахир уларга барҳам берилмасдан туриб, қандай қилиб бизнес юритиш мумкин? Ҳаммаси одатдагидек қоғозда қолиб кетмайдими?

Асил ЭЛЎҒЛИ

http://mulkdor.com/news/мақомини-йўқотаётган-шаҳарча/

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares