ҲИМОЯГА МУХТОЖ ХАЛҚ

Биргина Наманган вилоят бўйича жаъми 1393,9 гектар майдонга чигит экилмаган. Аммо ҳужжатларга «экилди» дея қўшиб ёзилган…

                    (эссе)

фермер хўжалигиФермер хўжаликлари, ўз моҳиятига кўра, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг асосий шаклига, соҳани барқарор ва самарали ривожлантиришни таьминлайдиган етакчи кучга айланиб, ўз самарасини бермоқда.

Ҳукуматимиз томонидан вилоят бўйича фермер хўжаликларига ажратилган ер майдонларидан узлуксиз самарали фойдаланишлари учун ерларнинг мелиоратив ҳолатини тубдан яхшилашга катта аҳамият берилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2007 йил 29-октябрда «‘Ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3932-сонли Фармони ва 31-октябрда «Ўзбекистан Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги ПК-718-сонли Қарори қабул қилинган.

Шунга асосан вилоятда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва 2008-2012 йилга мўлжалланган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури тузилди.

 

Биз Самарқанд вилояти Пахтачи тумани, Зиёвуддин шаҳри, «А.Темур», «Ражабали», «Истиқлол», «Бўстон» ва «Тошкўприк» маҳаллалари фуқаролари ёзган шикоят аризага биноан 2009 йил 20 январ кунида ўша манзилга ташриф буюриб, шикоят  аризасида баён қилинган масала бўйича аҳоли билан уйларда бўлиб, суҳбат ўтказган эдик.

Урганиш давомида аризада кўрсатилган важлар тўлик ўз исботини топганди.

Яъни Пахтачи тумани «Ражабали», ва «Тошкўприк» маҳалларидаги мавжуд 8 та тик дренажларнинг 6 таси электр энергияси лимети камлиги сабабли тўла қувват билан ишламаяпти.

Мазкур ускунанинг 2-таси умуман яроқсиз.

Шунингдек сизот сувларини қочириш ва зовурларни қазишга тўғри келади.

Оқибатда, аҳоли яшайдиган 26 та хонадон, бино авария ҳолатига келиб қолган ва бу вазият хавфли.

Чунки одамлар яшайдиган уйларда қамишлар ўсиб чиқиб деворларни зах ёриб юборган.

Ҳақиқатдан ҳам сизот сувларининг ер юзига кўтарилиши натижасида жуда кўп хонадонларни сув босган ва авария ҳолатида.

Фуқаролар орасида ижтимоий касалликлар авж олган.

Юрак хуружи ва астма, сил касаллигига чалинган фуқаролар орасида вафот этганлари ҳам қайд этилмоқда.

Аҳолини бу ҳудуддан кўчириш эхтиёжи барқарор турибди.

Аҳолининг бугунги аянчли ахволи билан, на ҳокимият, на туман, вилоят прокуратураси ҳатто вилоят ҳокими ҳам қизиқиб кўрмаган.

Ўзбекистон Бош прокурорининг 2004 йил 22 июндаги «Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан прокурорлик фаолияти самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги 25-буйруғининг 2.13-бандида инсон ва фуқароларнинг Ўзбекистон конституцияси ва қонунларда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш прокуратура органларининг жамият олдидаги энг муҳим вазифасидир деб кўрсатилган.

Аҳоли 4 йил мобайнида 40 марта юқори ташкилотларга ёзишма қилган. Лекин хатлар бир ташкилотдан бошқа ташкилотга юборилаверган. Аксинча, арзномаларга нисбатан ҳеч қандай амалий иш қилинмаган.

Ахоли томонидан юборилган ҳужжатлар, илтимосномалар вилоят ва туманнинг собиқ ҳокимларининг столида чанг босиб қолиб кетганлиги ҳақиқат.

Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 13 декабрда чиқарилган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги  Қонунининг ижроси  Пахтачи тумани ҳокимлиги ва прокуратураси томонидан умуман бажарилмаган.

Биз Зиёвуддин шаҳарчасида яшаётган корида номлари қайд этилган маҳалла вакиллари билан 2009 йил 5 июнь куни яна учрашиб, вазиятни ургандик.

Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари О.Алиходжаевнинг 2009 йил 3 мартда бизнинг ташкилот вакилига берган хатида аҳолии ўртасида турли хил юқумли касалликларни олдини олиш мақсадида Самарқанд вилояти ДСЭНМ томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги хусусида гап борган.

Лекин бу жавобдаги ваъдаларни аҳоли инкор этди.

Аслида Ўзбекистон Республикаси ҳокимликлари ҳузурида тузиладиган комиссиялар фаолиятида комиссиялар томонидан кўриб чиқиши керак бўлган материалларни тайёрлаш ҳамда комиссиялар қарорларини бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимлиги котибияти ва гуруҳлари томонидан амалга оширилади.

Зарурият бўлганда бу материалларни тайёрлашга бўлим, бошқарма ташкилот ва корхоналарнинг мутахассислари жалб қилиниши мумкин.

“Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги ваколатлари фуқароларнинг санитария-эпидемиология жиҳатидан хотиржамлигини таъминлаш, профилактика, санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга оширишдан атроф муҳитни муҳофаза этиш ва экологик хавфсизликни таъминлашдан иборат.

Афтидан 2008 йил 30 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига ёзилган билдиришномадан кейин Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарчасига қарашли А.Темур, Истиқлол, Тошкўприк ва Ражабали маҳалларидаги муаммолар қисман урганиб чикилган.

Жумладан, вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Самарқанд вилоят ДСЭНМ,  «Зарафшон ирригация тизимлари хавза» бошқармаси, вилоят гидрогеология мелиоратив экспедециясидан иборат комиссия тузилиб, Пахтачи тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари, ҳокимнинг ўзи А.А.Норқуловлар биргаликда юқоридаги маҳалларда урганишлар олиб боришган.

Ушбу урганиш юзасидан туман ҳокимлиги томонидан Вазирлар Маҳкамасига 2008 йил 15 декабрда 02-33-719-сонли жавоб хати юборилган.

2005 йил 29 июлда Ўзбекистон Республикаси Қишлок ва Сув хўжалиги вазирлигига қарашли Зарафшон ирригация тизимлари хавза бошқармаси А.Б.Диёров шикоятчи С.Авезовга муаммони бартараф этиш учун лойиҳа ишлаб чиқилгани ҳақида жавоб хати йўллаган.

Орадан 4 йил вақт ўтиб, ҳали-ҳанузгача уй-жойлари сув босиб, бўғзигача захга ботган аҳоли ижтимоий ҳуқуқлари топталиб келинмоқда.

Зиёвуддинлик аризачилар ҳокимият вакили З.Ёдгоров захни қочирадиган зовур устини қонунсиз эгаллаб олган ўзбошимча фуқароларни ҳимоя қилиб келаётгани, Сенат депутати Раджапова томонидан унинг қилмишлари Бош прокуратурага топширилганлигига қарамай унга нисбатан қонуний чора кўрилмагани ҳақида ёзишган.

Ҳозирги кунда аҳоли яшайдиган бу ҳудудда фавқулодда вазият вужудга келган. Аҳоли яшаётган уйлар қулаб кетиб, одамларни девор босиб қолиш эхтимоли бор.

Аҳолини зудлик билан бу ҳудуддан кўчирмаса кўп одамни уй босиб қолиши мумкин.

Қишлоқ аҳолисини турмуши учун қулай шароитлар яратиш, улар фаровонлигини ошириш, энг аввало, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар самараси билан узвий боғликдир.

Жаҳонда ҳар бир давлатнинг қудрати аввало, ўша давлатнинг иқтисодий салоҳияти билан ўлчанади.

Бугунги кунда иқтисодий жиҳатдан бақувват давлатлар ҳам молиявий инқирозни бошидан кечирмоқда.

Агар шундай молиявий инқироз иқтисодга хавф солиб турган бир пайтда Зиёвуддин шаҳарчасида яшаётган фуқаролар уй-жойи бузиб ташланса,  ёки зах босиб қулаб тушса, улар каерга боради ва қаерда яшайди?

Пахтачи туманида юзага келган вазият буйича Халқаро Инсон Хуқуқлари Ташкилотига мурожаат қилган фуқаро Авезов С. 2009 йил ноябр ойида узоқ давом этган ўпка касаллигидан кейин олмадан ўтди.

Пахта – миллий бойлигимиз. Ундан мўл ҳосил олиш бугунги ҳаракатимизга боғлиқ.

Афсуски, суяги далада қотган бободеҳқонларимиз бу хусусда кўп бора таъкидлашса-да, айрим юртдошларимиз ҳамон мағзини чақмаган кўринадилар.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 12 февралдаги «2009 йилда ғўзани навлар бўйича жойлаштириш тўғрисида»ги Қарори ижросини бажаришда йўл қўйилган камчиликлар ана шу фикримизни исботлаб, жойларда бир қатор қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилаётганини кўрсатди.

Жумладан, туман ҳокимликлари, ер ресурслари ва давлат кадастри тизими ходимлари ерлардан белгиланган мақсадларда фойдаланилиши устидан етарли назорат ўрнатмаганликлари оқибатида пахта экилиши лозим бўлган майдонларга ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб олиш ҳолатлари аниқланмоқда.

Лекин шунга қарамай, Сирдарё вилояти Гулистон тумани, «Уч қахрамон» ДФХУ худудида фаолият олиб бораётган «Султонбобур Саховат» фермер хўжалиги майдонидан, яъни 288-контурдан уй-жой қуриш мақадида 6 сотих ҳажмда ер ажратиш учун, 2008 йилда турли даврларда маҳалла раиси Нормаматов Илҳом ва А.Турдиев ҚФЙ раиси марҳум Жураев Саидлар 50  нафар  маҳаллий фуқародан 400 000 сўм, жами 20 000 000 сўм пул маблағларини йиғиб олишган.

Шундан кейин А.Турдиев ҚФЙ раиси Турсунқулов А. М.Зокиров маҳалласи раиси Нормаматов Илҳомлар Гулистон тумани ҳокимиятидан келган комиссия иштирокида, туман ҳокими М.Игамназаровнинг имзо қўйиб тасдиқлаган 2008 йил 19 ноябрдаги 1323-сонли қарорини кўрсатиб ерни ажратиб беришган.

Лекин мазкур ер майдонидан фермер Бобоқулов Мамадали фойдаланиб келган.

2009 йилга келиб туман ҳокими ва бошқа мутасадди раҳбарлар уй-жой қуриш учун ажратиб берилган ерни, «сувли майдондан уй-жойга ер ажратиш мумкин эмас» деган баҳона билан яна  тортиб олишган.

Гулистон тумани, «Бешбулоқ» ДФХУси, Ўзбекистон бўлимида яшовчи фуқаро Қудратов С.нинг бизнинг ташкилотга мурожаат қилишича, 2008 йил 16 июл куни А.Носиров ФХУ маъмурияти ва йиғилиш ўтказиб уюшманинг барча фермер раҳбарлари шу ҳудудда «Ҳайдарқул ота» фермер хўжалиги раҳбари бўлиб ишлаб келаётган А.У.Қудратовга Деҳқонобод шаҳарчасининг баъзи муҳим қурилиш иншоатларига ҳомийлик қилганини назарда тутиб, А.Носиров номли хўжалик биносини А.Қудратовга бериш тўғрисида қарор қабул қилишган.

Шундан кейин 2008 йил 12 августда Гулистон тумани ҳокимлиги А.Носиров номли фермер хўжаликлари уюшмаси маъмурияти томонидан 2008 йил 16 июл куни ўтказилган йиғилиш қарорини кўриб чиқиб, фуқаролар Қудратов Солижон ва Қудратов Баходирларга А.Носиров номли фермер хўжаликлари ҳудудий уюшмаси идораси ёнидаги бўш ердан ҳар бирига 0,06 га, жами 0,12 га ер майдони якка тартибда уй-жой куриш учун берилиши ҳақида 526-сонли қарор чиқарилиб, мазкур қарорни назорат қилиш туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Юлчиев зиммасига юклатиляпти.

Аризада баён этилишича, маҳаллий давлат ҳокимияти чиқарган қарор ҳали ижро этилмай туриб, А.Носир ДФХУ раиси Абдурауф Исоқулов ҳокимият қарорини менсимасдан фуқаролар Қудратов Солижон ва Қудратов Баҳодирларга босим ўтказиб, ер ҳужжатларини кадастр рўйхатидан ўтказиш ва бошка нотариал ҳаракатларни олиб боришга тўсқинлик қилган. Аслида, бино қонуний тарзда аукционга қўйилиб сотиб олинган.

Ўзбекистон республикаси ер кодексининг 27-моддасида Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкалари бериш ёки реализация қилиш ҳақида ҳуқуқий нормалар мавжуд бўлиб унда шундай дейилган: Шаҳарлар ва посёлкаларда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ҳамда ўрмон хўжалиги корхоналари, муассасалари ва ташкилотларининг эгалигидаги ерлар таркибига кирмаган қишлоқ аҳоли пунктларида доимий яшаб турган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади.

Шу низоли жанжалдан кейин 2009 йил  19 декабр куни Деҳқонобод қўргонида яшовчи фуқаро, Гулистон пахта заводи ишчиси Кенжаева Улжаной туман ҳокимлигидан 2009 йил 25 август санаси билан иккиламчи чиқариб олинган қарорни важ қилиб, С.Қудратовдан ерни қайтариб олишни талаб қилиб, жанжал кўтаради.(Ҳужжатлар илова қилинади).

Туман ҳокимлиги бир йилнинг ўзида икки фуқарога бир жойни бериш ҳақида қарор чиқариши қайси мантиққа тўғри келади?

Сурхондарё вилояти Денов тумани, Гулистон кўчаси 23-уйда истиқомат қилувчи Дилфуза Исмоилова руслар қабристони атрофидаги ер майдонлари валютафурушларга сотиб юборилганлиги, ва унинг кўп йиллик мурожаати ҳокимият томонидан қаноатлантирилмаганлиги баён этилган. Бироқ бу мурожаат ҳам турли важлар кўрсатилиб оқибатсиз қолган. (Ҳужжат илова қилинади).

Қумқўрғонлик тадбиркор Ферузбек Икромов бундан бир неча йил олдин фермер хўжалиги фаолиятини йўлга қўяётганда, бир кун келиб ер орқасидан бирор кимса билан талашиши ҳеч ҳам хаёлига келмаган бўлса керак.

Сабаби, унга фермер хўжалиги учун ер 2006 йилнинг кузида туман ҳокимининг қарори асосида ажратиб берилганда тузилган шартнома шартларига кўра, ер майдони 49 йил муддатга ижарага берилганлиги ва мазкур ер майдони «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги қонун талабларида белгиланган шартларнинг бузилиши ҳолларидан ташқари қонунга хилоф тарзда олиб қўйилиши ёки бирор-бир бошқа шахсга бериб юборилиши мумкин эмаслигини яхши билгани учун кўнгли тинч юраверган.

Аммо шу туман фуқаролари бўлмиш Х.Қаршиев ва З.Хидировалар томонидан унинг жами 0,66 га ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй-жой қуриб олганликлари унинг тинчини бузган.

Хўжалик раҳбари дастлаб  ўзбошимчалик сабабларини билганидан сўнг бунинг қонунбузилиш эканлигини  Х.Қаршиев ва З.Хидироваларга тушунтириб, ер майдонини бўшатиб қўйишларини билдиради. Бу орада ушбу ҳолатга алоқадор бўлган турли идораларга югуриб-елади. Лекин юзага келган масала аста-секин низога айланиб, унинг уринишлари зое кетаверганидан кейин муаммога узил-кесил чек қўйиш мақсадида туман прокуратурасига мурожаат этишдан ўзга чораси қолмайди.

Туман прокуратураси низони атрофлича ўрганиб чиққанида, фермернинг манфаати ҳақиқатан ҳам поймол этилганлиги аниқланади ва шу асосда «Ферузбек Икромов» фермер хўжалиги манфаатини кўзлаб, жавобгарлар Х.Қаршиев ва З.Хидировалар томонидан ноқонуний равишда эгаллаб олинган ер майдонини мажбурий тартибда қайтариш, ўзбошимчалик билан қурилган уйларни жавобгарлар ҳисобидан буздириш ва етказилган моддий зарарни ундириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туман судига даъво аризаси киритади.

Суд мурожаатни ўрганиб чиқиб, даъво талабларини қисман қаноатлантиришга асос борлиги ҳақидаги хулосага келиб, Х.Қаршиев ўзбошимчалик билан эгаллаб олган 0,22 га ва З.Хидированинг 0,42 га ер майдонларини фермер хўжалиги ихтиёрига қайтариш, ҳар икки жавобгарнинг бу ерда қурган уйларини уларнинг ўз ҳисобидан бузиш ва Х.Қаршиевдан 560 минг сўм, З.Хидировадан 750 минг сўм миқдоридаги зарарни фермер хўжалиги  ҳисобига ундириш тўғрисида қарор қабул қилади.

Мазкур қарор тортишувга қонуний нуқта қўйиб, низони бартараф этгандек бўлади. Лекин орадан бироз вақт ўтиб, ишни апелляция тартибида кўриб чиққан фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди ўз ажрими билан биринчи инстанция судининг бу қарорини бекор қилиб, Х.Қаршиевнинг ноқонуний эгаллаб олинган 0,22га ер майдонини қайтариш ва бу ерда қурилган 3 хонали уйини унинг ҳисобидан буздириш, зарар қисмини рад қилиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқаради.

З.Хидировага тааллуқли қисмини эса фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судида бошқа таркибда кўриб чиқиш учун юборади.Юқори турувчи суднинг бундай тўхтамга келиши иш материаллари билан таниш бўлмаганлар учун янги ва ўз навбатида ўринли саволларни, турли хил гумон ва тахминларни келтириб чиқарди. Ва бу саволлар низо юзасидан узил-кесил нуқта қўйилмагунча давом этавериши тайин. Бунинг учун эса иш материалларини атрофлича, холисона ўрганиб, унга тўғри ҳуқуқий баҳо бериш лозим эди.

Шу мақсадда, юзага келган ҳолат юзасидан қонуний тўхтамга келиб, вазиятга холисона ёндошган ҳолда қонун устуворлигини таъминлаш учун Бош прокуратура томонидан иш материаллари ўрганиб чиқилганда, фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судининг апелляция инстанциясининг ажримини бекор қилишга асоси борлиги аниқланди.

Хусусан, биринчи инстанция суди туман прокуратураси томонидан фермер хўжалиги манфаатларини кўзлаб киритган даъво талабларини қаноатлантиришда жавобгарлар Х.Қаршиев 0,22 га ва З.Хидирова томонидан 0,42 га ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, уй жой қурганликлари, бироқ ушбу ер майдонларига улар томонидан эгалик қилишга  мазкур ер майдонлари унинг ҳудуди ҳисобланган собиқ «Ўзбекистон» ширкат хўжалиги ҳамда туман ҳокимлигининг бу хусусдаги қарорлари мавжуд эмаслигига таянган.

Лекин апелляция инстанцияси Қумқўрғон ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг 2008 йилнинг 8 сентябридаги 217-сонли ҳамда  ер ресурслари ва давлат кадастрининг Сурхондарё вилоят бошқармасининг 2008 йил 9 сентябрь кунги 217-сонли хатларига кўра, тумандаги «Шерозий» маҳалласи фуқароси Х.Қаршиевнинг яшаб турган уй-жойи фермер хўжалиги ҳудудига кирмаслиги кўрсатилганлигига асосланиб, даъвонинг Х.Қаршиевга тегишли қисми бўйича даъвони рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилган.
Бироқ аслида эса Сурхондарё вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри  бошқармасининг 2008 йил 12 сентябрь кунги УКДК-01/694 сонли хати билан «Ферузбек Икромов» фермер хўжалигига 7,9 га ер майдони ажратиб берилганлиги ва жавобгарлар Х.Қаршиев ҳамда З.Хидировалар ушбу ер майдонининг жами 0,66 га қисмини қонунга хилоф равишда эгаллаб олиб, у ерда ўзбошимчалик билан турар-жой қуриб олганликлари ҳақида маълумот берган бўлcа-да, апелляция инстанцияси суди ишни кўриб чиқиш чоғида мазкур маълумотномани Х.Қаршиев ҳамда З.Хидированинг маҳаллада ўзлари ҳақиқатда яшаб келаётган турар-жойлари юзасидан берилган маълумотнома билан солиштириб, уни таҳлил қилмасдан, бу хусусда мутахассиснинг фикрини олмасдан туриб нотўғри талқин қилган.

Натижада нотўғри хулосага келиб, чалкашлик келиб чиққан.

Шунинг учун бу борада низоли уйлар фермер хўжалиги ҳудудида жойлашганлиги бўйича бир-бирига қарама-қарши бўлган ҳужжатларни аниқлаштириш мақсадида мутахассисларнинг кўрсатмалари билан конкретлаштириш, шунингдек мутахассислар иштирокида бевосита низоли жойга чиқиб бу ҳолатларга аниқлик киритиш лозим эди.

Мутахассислар эса Фуқаролик-процессуал кодексининг 35-моддаси талабига кўра, одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар тоифасига киради.

Шу билан бирга апелляция инстанцияси З.Хидированинг ўғли Хидиров Абдулло ва унинг турмуш ўртоғи У.Хидировлар «Ўзбекистон» қишлоқ фуқаролар йиғинининг 2008 йил 25 июнь кунги 124-сонли маълумотномасига мувофиқ «Шерозий» маҳалласида жойлашган низоли уй-жой китобига 1/654 сон билан рўйхатга олинган бўлиб, шу жойда яшаб келишлари аниқланганлиги боис даъвонинг З.Хидировага оид қисми бўйича  ишни янгидан кўриш учун фуқаролик ишлари бўйича Қумқўр­ғон туманлараро судига юборган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 182-моддасида мулк ҳуқуқининг вужудга келишига меҳнат фаолияти, мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш, давлат мол-мулкини хусусийлаштириш, мерос қилиб олиш, эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат кабилар асос бўлиши белгиланган.

Бироқ мазкур нормада белгиланган асосларнинг бирортаси З.Хидированинг ўғли Хидиров Абдулло ва унинг турмуш ўртоғига низоли ер майдонидаги уйга нисбатан мулк ҳуқуқи асосида тегишли эканлигини тасдиқловчи бирорта ҳужжатда мавжуд эмас.

Ўз навбатида «Ўзбекистон» қишлоқ фуқаролар йигинининг маълумотномаси бунга асос бўлолмайди.

Шунга кўра, апелляция инстанциясининг ишни янги таркибда қайтадан кўриш учун биринчи инстанция судига юборганлик ҳолати юзасидан ҳам текшириш ўтказиб, қонуний тўхтамга келиш лозим.

Тошкент шаҳар, Собир Рахимов тумани, Муҳокама кўчасида жойлашган Маҳбуба Юнусованинг бобоси Хўжамхон бойга тегишли бўлган мерос ерни хусусийлаштириб бериш ҳақдидаги  ариза ҳам ҳокимият томонидан  қонуний ҳал этилмаган. (Прокурор хати илова килинади)

Бозор ислоҳотларини амалга ошириш, тадбиркорликни рағбатланлантириш, хусусий мулкни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, одамларнинг моддий фаровонлигини ошириш ва аҳолини кучли ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан ҳал этилиши керак.

Ҳокимият вакиллари томонидан аҳолига ер ажратиш масаласида йўл қўйилган кўзбуямачиликлар бошқа вилоятларда ҳам кўзга ташланмоқда.

Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани  Қўйбоқ ҚФЙ ҳудудида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар Халқаро Инсон Ҳуқуқлари Ташкилотига мурожаат йўллашиб, Пахтачи тумани ҳокимлиги мутасаддилари аҳолидан уй-жой қуриш учун ер ажратишни ваъда қилишиб, 450 000 сўмдан пул йиғиб олишиб, кейинчалик алдаб кетишгани ҳақида баён этишган.

Пахтачи тумани ҳокимлиги ер ажратиш комисссияси раиси А.Умиров имзоси қўйилиб, 2009 йил 16 июн санаси билан махсус бланкада туман ҳокимлиги ҳамда Давлат ер ресурслари кадастри билан келишилган ҳолда сиз ўзингиз яшаб турган ҳудуддан 8,4 (га) ер ажратиш тўғрисидаги қарорини Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 18 йиллиги байрами арафасида топширади деб қалбаки хат тарқатишган.

Пахтачи тумани ҳокими А.Норқулов фермерлар билан тузилган қалбаки шартномалар бўйича пахта режасини бажарилди деб кўрсатиб, ҳисобот берган. (ҳужжатлар илова қилинади)

Мамлакатимизда кейинги йилларда инсон манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган жуда кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Мазкур меъёрий ҳужжатлар мамлакатда ижтимоий ҳаётнинг муайян тартиб асосида бўлишини таъминлашга қаратилган.

Бу тартибнинг бузилиши эса ўз-ўзидан кимнингдир қонуний манфаати поймол этилишига олиб келади.

Жиззах вилояти Зомин тумани, «Янги чорвадор» фермер хўжалиги раҳбари томонидан 50 гектар ер майдонидан нотўғри фойдаланиб, бир қатор фуқароларга 30 гектар лалми ер майдонини иккиламчи ижарага бериб, ўз манфаатлари йўлида давлат мулки бўлган ер ресурсларини суистеъмол қилган.

(Вилоят ҳокими ўринбосари М.Холбутаевнинг хати илова қилинади.)

Зомин туманидаги «Олиш» фермер хўжалиги раҳбари Х.Ш.Алишев Осиё Тараққиёт банкидан олган кредит сўммаларини банклар асоссиз равишда сундирмай туриб, фермерни қарздорлигини кўпайишига сабаб бўлаётгани ҳақида фикр юритган ва турли ташкилотларга хат йўллаган.

Зомин тумани Машина Таркатор Парки раҳбарияти томонидан талон-тарож қилинган ҳориж техникалари ҳақида тақдим этилган шикоят ҳам ўз тасдиғини топди.

Американинг «Кейс» компаниясидан ҳар бири 93 165 АҚШ доллари ҳисобига келтирилган  2 дона янги «Магнум» русумли ҳориж техникаси ва ҳар бири 146 383 АҚШ доллари ҳисобига Ўзбекистон ҳукумати томонидан сотиб олинган 2 дона  «Кейс» ғалла ўриш комбайни, Жиззах вилояти МТПлар ҳудудий бирлашмасининг собиқ раҳбари У.Мингбоев ва Зомин тумани МТП-2  АЖ раиси Бокиев Тоҳирнинг ташаббуси билан, ўзаро тил бириктирилиб, атиги 18 000 АҚШ долларига «Дон-Ризқ» фермер хўжалигига сотиб юборилган.

Лекин Тоҳир Бокиевга чора кўришнинг урнига раҳбарият яна уни шу лавозимга тайинлаган.

Масалан, Тўрақўрғон туманидаги «Обод Намуна Диёр» ММТП ер ҳисобчиси Ғ. Ҳамидов «Биллур толаси» фермер хўжалиги раҳбарининг розилигисиз, 8,91 гектар пахта экилиши мўлжалланган ер майдонини 119 нафар фуқарога уй-жой қуриш учун бериб юборган.

Оқибатда, фермер хўжалиги 29,6 тонна пахта олиш мумкин бўлган имкониятини йўқотиб, 13 миллион 438 минг сўм зарар кўрган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари мазкур ҳолат юзасидан 2009 йил 6 апрель куни Ғ. Ҳамидовга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Шунингдек, айрим фермер хўжалиги раҳбарлари томонидан пахта учун мўлжалланган майдонларга ўзбошимчалик билан сабзавот, полиз ва бошқа экинлар экиб олиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Ўтказилган мониторинглар давомида Учқўрғон, Косонсой, Норин, Чуст, Чортоқ туманларида жами 50,7 гектар чигит экилиши лозим бўлган ерга ноқонуний экинлар экиб юборилгани аниқланди.

Масалан, 2009 йил пахта ҳосили учун ажратилган Чуст тумани, «Кўктош Каркидонобод» ММТП ҳудудидаги «Зарқайнар Даштобод» фермер хўжалиги бошлиғи К. Романов, «Усмон али Мубошер» фермер хўжалиги бошлиғи А. Абдусаматов 3 гектар, Норин туманидаги «Қурбон ороли» фермер хўжалиги раҳбари А. Ўринов, «Тожибоев Нодир» фермер хўжалиги бошлиғи Ж. Тожибоев 2 гектар, Косонсой туманидаги «Гурмирон РАС» фермер хўжалиги бошлиғи А. Раҳмонов 0,8 гектар майдонга сабзавот, кунгабоқар, тарвуз, пиёз экиб олишган.

Текшириш давомида мазкур ҳолат аниқланганда, улар уятдан ер чизиб, қандай изоҳ беришни билмай қолишди.

Прокуратура ишчи гуруҳлари томонидан ушбу майдонларга чигит экилиши таъминланиб, хўжалик раҳбарларига нисбатан маъмурий жавобгарликка оид ишлар қўзғатилган.

Бундан ташқари, ўтказилган текширишлар айрим хўжаликларда чигит экиш учун ер майдонларини текислаш ва бошқа агротехник тадбирлар ўз вақтида, сифатли бажарилмаганини кўрсатди.

Жумладан, Мингбулоқ тумани, «Хоразм» ММТП ҳудудидаги «Охунжон Жавлон», «Моҳигул Долимова», «Жамшид Каримов», «Маъруфжон Манас» фермер хўжаликларида 150 гектар, Поп туманидаги «Раҳим ШИ», «Олимжон Мурод», «Нурилло», «Шерзод-2001», «Давронбек-Достонбек», «Тожихон Аҳрорбек», «Соқижон ўғли Шавкат» фермер хўжаликларида жами 120 гектар ер майдонларига барана тортилмаган ва ер тайёрлаш ишлари бажарилмай, ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Шунингдек, сертификат олинмай, ер майдонлари тўлиқ тайёрланмай, сеялкалар таъмирланмай чигит экиш тадбирларига жалб қилиниши оқибатида сифатсиз чигит экилишига йўл қўйилган.Жумладан, Норин тумани, «А. Шамсиддинов» ММТП ҳудудидаги «Обиджон Ҳасанбой ўғли», «Ҳулкарой Эркинбой қизи» фермер хўжаликларининг 37 гектар, Тўрақўрғон туманидаги «Бурхонов Лутфулло», «Арслонов Муҳаммаджон», «Шерзод Абдураҳмонович», «Абомуслим» фермер хўжаликларининг жами 36,6 гектар ер майдони сифатсиз тайёрланган бўлса-да, чигит экиш учун сертификат бериб юборилган. Мазкур ҳолат бўйича айбдор шахсларга нисбатан интизомий жавобгарликка оид иш қўзғатилган.

Наманган тумани, «Зиёкор» фермер хўжалигининг чигит экилган 16 гектар майдонидан 0,20 гектарига МТЗ-80 русумли чигит экиш трактори механизатори А. Худойбердиев томонидан сифатсиз чигит экилган.

Оқибатда, ушбу майдонга қайтадан чигит экилиб, хўжалик 105000 сўм миқдорида моддий зарар кўрган.

Мана бу ҳолат кишини янада ташвишлантиради: Ўтказилган текшириш давомида чигит экилмаган майдонга «экилди» деб маълумотларга қўшиб ёзиб, кўзбўямачиликка йўл қўйилгани ҳам аниқланди. Жумладан, Учқўрғон туманида 362 гектар, Уйчида 363 гектар, Чуст туманида 216 гектар, Тўрақўрғонда 189 гектар, Косонсойда 144 гектар, Попда 87 гектар, Чортоқда 13 гектар, Норинда 11,9 гектар, вилоят бўйича жаъми 1393,9 гектар майдонга чигит экилмаган. Аммо ҳужжатларга «экилди» дея қўшиб ёзилган.

Бундан ташқари, масъул раҳбарларнинг эътиборсизлиги туфайли чигит экиш тадбирларида қатнашаётган механизатор ва бошқа ишчиларга иш ҳақлари ўз вақтида тўланмай келинишига йўл қўйилган.

Яъни, Мингбулоқ туманидаги «Мададкор Автосервис», Наманган туманидаги «Охунбобоев», Чортоқ туманидаги «Ойқирон миришкорлари», «Р. Ортиқов» ва «Фарғона файз» ММТПларида чигит экишда қатнашаётган 22 нафар механизаторга жаъми 2 миллион 752 минг сўм иш ҳақлари ўз вақтида берилмаётгани аниқланиб, прокуратура органлари аралашуви билан тўлиқ тўланиши таъминланган.

Вилоят прокуратураси органлари томонидан ушбу йўналишда ўтказилган текширишлар якунига кўра, 32 та тақдимнома, 180 та огоҳнома, 76 та интизомий, 234 та маъмурий, 26 та моддий турдаги прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилиб, 824,3 минг сўм моддий зарарлар ихтиёрий ундирилган. 1 та ҳолатда жиноят иши қўзғатилган.

Айтиш керакки, юқоридаги камчиликлар бартараф этилгани билан лоқайдлик, масъулиятсизлик баратараф этилмаса, тузатиб бўлмас хатолар юзага чиқиши шубҳасиз.

Ўзбекистон 2003 йил 6 майда МДҲ давлатлари орасида биринчилардан бўлиб “Сув ва сувдан тўғри фойдаланиш тўғрисида”ги қонунини қабул қилди.

Шунингдек, мамлакатимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи 8 та дарё – Қашқадарё, Чирчиқ, Сурхондарё, Зарафшон, Қорадарё, Норин, Амударё ва Сирдарёлар ҳамда давлат аҳамиятига эга бўлган 11 та ер ости чучук сувлари ҳосил бўладиган ҳудудларни ифлосланишдан муҳофаза қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 11 та қарори қабул қилинди.

Сув ресурслари юртимиз учун фақатгина аҳоли, саноат ва суғорма деҳқончиликни сув билан таъминлайдиган манбагина эмас, балки ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва экологик ҳолатнинг маълум даражада сақлаб тутувчи биринчи даражали омил ҳамдир.

Жанубий насос станцияларидан фойдаланиш давлат бошкармасининг 1-насос станцияси ишчиси Райимкулов К.С.нинг такдим этган аризасида у ишлаётган стратегик объектда рахбарият томонидан йул куйилаётган эътиборсизлик хакида баён этилган.

Ёзилишича гигант сув кувури таъмирга мухтож булиб, нохуш окибатларни келтириб чикариши мумкин.

Шунингдек, Зомин тумани ҳудудида жойлашган насос станцияси иншоатини ноқонуний тарзда, туман давлат нотариал идораси орқали расмийлаштириб олиб, низолашаётган фуқаролар Д.Гулбоева ва унинг жавобгарлари Н.Қўзибоева, М.Раҳимовлар давлат аҳамиятига эга бўлган стратегик объектни яшаш жойи қилиб олишганлиги ҳақидаги ариза ва шикоятлар суд томонидан адолатсиз ҳал этилганлиги ҳақидаги материаллар ҳам тақдим этилмоқда.

Айтилишича, фуқаролик ишлари бўйича Жиззах вилояти суди стратегик аҳамиятга эга бўлган сув узатиш иншоати объектларини фуқароларга хусусийлаштириб беришда кимнингдир манфаатларини кўллаб қувватлаши мумкин эмас ва бу объект давлат эгалигига қайтарилиши шарт.

Шаҳри ЁР

2014 йил январь, Самарқанд.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares