Бугун Сурхондарёлик бир фаолимиздан хат олдик. Сурати билан.
Суратда Жарқўрғон туманига нисбат берганда анчайин кўркамгина бино акс этган.
Мазкур расмни кўрганимизда, “Жарқўрғонлик бирор бир амалдорнинг кошонаси бўлса керакдур-да” деган ўйга ҳам боргандик.
Буни қарангки, бу кошона ҳеч бир мансабдорнинг бошпанаси эмас экан.
Аксинча, Жарқўрғон туман бозорларининг “қироли” Абдулла Раҳмонованинг “фаҳшхонаси” ҳисобланаркан.
“Мазкур қароргоҳ Жарқўрғон туман марказида – туман марказий шифохонасининг шундоққина орқасида,Қумқўрғонга кетавериш йўлагида қад кўтарган, – дейди сурат муаллифи, – Бу муҳташам бино дарвозаси кундузлари мутлақо очилмайди. Тақа-тақ берк бўлади. Ва яна бу темир дарвозалар ҳар кимга ҳам очилавермайди.
Бу бинонинг эшиклари фақат маҳаллий вақт билан тунги соат 24.00 дан кейин Сурхандарё вилоятининг казо-казоларига ланг очилади холос. Мен ушбу “оромгоҳ”да қора ишчи бўлиб ишлардим. Бу бинонинг ичига бош суқсангиз, эсингиз оғиб қолиши ҳеч гап эмас.
Бунда бор нарсалар Каримовнинг қароргоҳида ҳам бўлмаса керак. Бино ичидаги нарсаларни шахсан ўзим чўтга солиб кўрганман: Бу “сарой”да нақд икки миллард сўмлик тренажёр – спорт анжомлари, сауна, чўмилик курфазлари – бассейнлар бор.
Бу ерга тун алламаҳал бўлганида вилоятимизнинг бор амалдори 15 ёшли қизчаларни келтириб, ишрат қилишади.
Шу сабаб ҳам бозорком Абдуллажонга биров бир нарса деяолмайди, мушугини бирор кас пиштламайди. Жамики амалдорларнинг оғзига уриб, тилини қисиқ қилиб қўйганлиги учун ҳам вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, қози-ю калонлар, ҳатто, миллий хавфсизлик хизмати ходимлари ҳам Абдулла Раҳмоновни кўрганида “еган оғиз уялар” қабилида иш тутишади, оғзларининг таноби қочиб қолади…” дейди номини очиқлашимизни истамаган фаолларимиздан бири.
Дарҳақиқат, Жарқўрғон туманидаги жамики бозорлар “ҳоқони” Абдулла Раҳмонов Жарқўрғон туман ҳокими Усмон Туропов билан ичак-қорин, оғиз бурун ўпишганлардан: тавоқлариям битта, дейишмоқда билган-билмаганлар.
Жарқўрғон аҳолисининг гувоҳлик беришича, Усмон Туропов ҳам босар-тусарини билмай қолган ҳокимлардан бири.
Ҳоким жаноблари барча амалдорлар каби туман йўлларини ободонлаштириш, асфалт ётқизиш мақсадида ажратилган бюжет маблағларини ямламай ютган.
Тоза ичимлик суви учун ётқизилиши керак бўлган қувирларга ажратилган маблағлар ҳам аллақачонлар жойини топиб кетган.
Энг ёмони, Жарқўрғон туманидаги қўпқаватли уйларнинг канализацияси йўқлиги сабабли, кўпқаватли бинолардан чиққан чиқинди сувлар, ахлатлар шундоққина Сурхандарёга оқиб –қўшилмоқда.
Янаям аянчлиси, кўпқаватли бинолардан чиққан ифлос чиқинди сувлар қўшилган Сурхандарё сувидан минглаб аҳоли истеъмол қилмоқда.
Шу боис ҳам аҳоли ўртасида турли юқимли, бедаво дардлар урчимоқда.
Шунча кирдикорларни оддий халқ билганида, тегишли идоралар, ҳуқуқ ходимлари бехабар деб ўйлайсизми?
Билишганда қандоқ!
Лекин барчаси оғзиларига талқон солиб олишган.
Негаки, Сурхондарёдаги амалдор борки, Жарқўрғоннинг “баковули” – бозорком Абдулла бой Раҳмоновнинг дачасида у тортиқ қилган 15 ёшли қизча билан бир тун тунаб қолган.
Табиийки, бу “кўргуликларнинг” бари Абдуллабой томонидан тасвирга олинган – амалдорман деганининг барчаси шу зайилда “жиловлаб” олинган.
Миш-мишларга қараганда, Сурхондарё вилоятидаги амалдорлар ҳатто республикадан, Тошкентдан воҳага ташриф буюрган казо-казолару тафтишчиларни ҳам Жарқўнғонда, Абдулла бойнинг дачаси – “фаҳшхонаси”да бир кечагина “сийлашармиш”….
Эҳтимол, шу боисдир, бозорком Абдулла Раҳмонов бозорларда янги қад кўтарган кафтдеккина дўконларнинг ҳар бирини 100-180 миллион сўмдан пуллаб, туман ҳокими, туман прокурори, МХХ катталари билан арра қилиб келмоқда экан.
Хабарни Орзигул ХУДОЁРОВА тайёрлади.




