Дилмурод САЙЙИД,
Тошкент.
![]()
Рауф Парфи Ўзтурк ижодига беписандлик ўзи тириклигидаёқ бошланганди: ёш хонандалардан бири шоирнинг “Лайло” шеъри билан айтиладиган қўшиқдаги айрим сўзларни ўзгартириб куйлашга журъат этганди. Бу борада билишимча, аввалига мазкур қўшиқни қарийб қирқ беш йил йил аввал ижро этган таниқли ҳофиз Дадахон ака Хасан жиддий эътироз қилгандилар. Кейинроқ бизга ўхшаш бир-иккита журналистлар ҳам бу мавзуни қаламга олгандик.
Бироқ Рауф ака бағрикенглик қилиб, бунга унчалик эътибор қаратмадилар… Фақат бирда ҳазил аралаш “Сичқонлар еб кетди охир шеъримни!” деб тугайдиган шеърни ўқиб бергандилар…
Шоирнинг кечирувчанлик фазилати вафотидан кейин ҳам кимларгадир асқотмоқда. Аниқроғи, Шоирни нимталаш, унинг ижодига беписандлик ҳеч бир андишасиз кўринишда бугун ҳам давом этмоқда…
Яқингинада Шоирнинг исми билан эълон қилинган “ҲУКМНОМА” китоби қўлимга келиб қолди. Кўзларимга ишонмадим. Китобни ўқимасдан варақлай бошладим. Кейин ҳаяжоним босилгунга қадар бир четга олиб қўйдим…
Китоб билан танишиш давомида Рауф аканинг “Сичқонлар еб кетди охир шеъримни!” деб тугай-диган шеърни ўқиб бергани хаёлимдан кечди ва Шоир ижодига бунчалар беписандлик билан ёндошмоқ кимга зарур бўлганлигини сира англай олмадим.
Сабаби, бироз муболағали қилиб айтганда, бу китоб Рауф Парфи Ўзтуркнинг асарини эълон қилиш мақсадида эмас, аввало, унинг беваси Сулҳида Хоним ва тилчи олим Бахтиёр Исабек шахсини тарғиб этиш учун нашр қилингандек туюлди менга!!!
Сулҳида Ёлғизга қўнғироқ қилиб, бу китобни Шоир номидан бундай ҳолатда чоп этишга журъат кўрсатган жасорат соҳиблари билан қизиқдим.
Афсуски, у ўзининг мутлақо бехабарлигини, фақат аввал бир суҳбатимизда эслатилган парчаларнигина берганлигини, бироқ уни ҳам китоб қилиш учун эмас, балки САҚЛАБ ҚЎЙИШЛИК УЧУН (!?) олишганлигини айта олди, холос. Кейин китобга иккита мақоласи илова қилинган тилчи олим Бахтиёр Исабекка сим қоқдим. Бахтиёр ака қўлёзма Сулҳида Ёлғиз томонидан берилганлигини, Шоирнинг шогирдлари эса, ўша қўлёзма асосида китоб қилганликларини айтди. Мен ҳам ўз таассуротимни билдириб қўйдим.
Аввало, биз Шоир тириклигида ўз сўзлари билан қисқача таъриф берган “ҲУКМНОМА” битиклари китоб эмасди! Балки Унинг шахсий қарашларидан иборат муносабатлар мажмуи бўлиши керак эди. Тўғри, Шоир айнан шу ном билан китоб қилиш нияти борлигини гапирган, лекин “КИТОБ ҚИЛДИМ” деган эмас! Шунингдек, бу битикларда бошқа тўпламларга киритилган шеърлари берилиши билан ҳам бу нашр Шоир назарда тутиб гапирган “ҲУКМНОМА” мазмунидан кескин фарқ қилади.
Энди китобнинг 73-саҳифасида берилган Шоир ҳақидаги маълумотга келсак, ҳақиқатда Шоир қўли билан ёзилган нусхадан олинган. Лекин бир варақ қоғозга чизиб-бўяб ташлаб ёзилган ва кейинчалик ҳам Шоир ўзгартириш киритиши мумкин бўлган ёзувларнинг “ҲУКМНОМА”дек тўпламга киритилиши фақат КИМнингдир манфаати юзасидангина қилинганлиги аниқ, аммо Шоирнинг эмас! Рауф Парфини билганлар унинг ўз қўлёзмаларига алоҳида меҳр билан қараганлигини тасдиқлашар. Чунки Шоир ўз қўлёзмаларини ҳамиша вақт топиб оққа кўчиришдан, ҳатто муқовалашдан сира эринган эмас.
Ва Уни яқиндан таниганлар доимо Рауф ака ўз қўли билан муқовалаган қўлёзмаларини яқин танишларига, мухлисларига кўрсатишдан эринмаслигини ҳам билишади. Бу-Шоирга хос машғулотлардан бири эди, десак муболаға бўлмас! Баъзан ҳафта-ўн кун кўринмай қолар ва учрашганда “Уйда ишлаганлиги”ни, “қўлёзмаларини муқовалаганлиги”ни завқланиб сўзлаб берарди. Сўнгра дид билан муқоваланган қўлёзмани олиб кўрсатарди.
Буни эслашимдан мақсад, Рауф Парфи бирор битигини неча қайта ўчириб, таҳрир қилиб, устидан чизиб-бўяб ёзган бўлмасин, ўша қўлёзмасидан кўнгли тўлгачгина ОҚҚА кўчирарди ва тегишли тўплами қўлёзмаларига қўшарди! Ҳар ҳолда Шоир Ўз ижодини БОШҚАлардан кўра кўпроқ қадрлаганига шубҳа йўқ!!!
Яна “ҲУКМНОМА” нашрига қайтсак. Мен ушбу мақолани қоғозга тушираётганимда Сулҳида Хоним қўнғироқ қилди. У ноширларга “Дилмурод Саййиднинг Рауф Парфи билан суҳбатини китобга киритишни айтганлиги”ни, лекин “улар негадир бу илтимосни эътиборга олмаганликлари”ни гапирди. Бу маълумот менга оғир ботди. Чунки Рауф Парфи билан суҳбатлар ёки замондошлар муносабати алоҳида китобат қилинадиган мавзу! Ва бу мавзунинг “ҲУКМНОМА”га мутлақо алоқаси йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас!
Бироқ Сулҳида Хонимнинг гапларидан англаганим шу бўлдики, салгина олдинроқ китоб қилинишидан бехабарлигини таъкидлаган бу Аёл ўз таъкидига қарши сўзлаётганди. Кейинроқ маълум бўлишича, аниқроғи, Сулҳида Ёлғизнинг гапларига қараганда, У китоб тайёр бўлгачгина хабар топган экан. Агар бу гапга ишонадиган бўлсак, Рауф Парфининг ижодий мероси эгасиз қолган деган маъно келиб чиқиши аниқ! Ахир, Шоир вафот қилган бўлса-да, унинг меросхўрлари тирик!
Китоб нашр қиладиган жонкуяр, энг аввало, МЕРОС эгаларидан рухсат олиши шарт! Ё бу тамойил Рауф Парфи ижодий мероси учун тегишли эмасми?
Янглишмасам, олдинги йил Рамазон ойида айнан Шоир ижоди масаласида мени Бахтиёр Исабек хонадонига таклиф қилишди. Бордим, машварат мазмунидан маълум бўлдики, РАУФ ПАРФИ халқаро жамғармасини тузиш зарурати кун тартибида экан.
Мендан фикр сўрашганди, қарши чиқдим. Ва сабабини оддийгина изоҳладим. Яъни, Рауф Парфини тарғиб этмоқчи бўлсак, энг аввало, Унинг китобларини нашр қилишдан бошлаш лозимлигини, бу масалада албатта Шоирнинг яқин кишилари рухсати билан улар иштирокида иш юритишни таъкидладим. Менинг фикрларим уй эгасига маъқул келмади. Шундан сўнг мени бунақа йиғинларга чақирмай қўйишди, чақирганларига эса, ўзим бормадим.
Фақат ўшанда ҳам китоб нашр этиш маблағ талаб қилишини, агар зарур бўлса, аниқ ҳомийлар топа олишлигимни қайта-қайта эслатгандим. Жамғарма масаласи ана шундан кейингина ўшанда ҳам бизнинг эмас, балки яқинларининг розилиги билан тузилиши мақсадга мувофиқ эканини айтганман. Бугун эса, худди осмондан тушгандек, “ҲУКМНОМА” аталмиш билан бир нима Рауф Парфи номи остида нашрдан чиқиб турибди ва на дид бор, на ижодкор нафосати, на аниқ манба…
Шунингдек, Бахтиёр Исабекнинг бошқа бир тўплам-“Иймон асири” учун ёзилган тақризи “ҲУКМ-НОМА”га қанчалар алоқадор бўлишлигини мен тушуна олмадим. Ёки шу муаллифнинг Шоир таваллуди 60 йиллиги муносабати билан 2003 йили “Жанубий Қозоғистон” газетасида чоп қилинган мақоласи ҳам “ҲУКМНОМА”га қанчалар мувофиқ келиши ажабланарли!
Майли, бу мақолалар ва (73-саҳифадаги!) маълумотлар КИМ(лар)гадир керак бўлгандирки, китобга илова қилинган. Ахир, “…курмаклар ҳам сув ичади”-ку! Аммо мундарижа сифат АСОСИЙ сарлавҳалар билан китоб ичидаги матнлар орасидаги фарқ, номувофиқлик хусусида бирор қаттиқроқ эътироз билдиришга сўз тополмаяпман. Мен Бахтиёр Исабекка қўнғироқ қилганимда бу китобнинг бунчалар ғарибона эълон қилинишини ШОИРга нисбатан ХИЁНАТ деб атадим.
Хиёнатлиги шундаки, истаймизми-йўқми, бу китоб тегишли идораларга ҳам етиб боради (агар шуларнинг топшириғи билан чоп этилмаган бўлса, албатта!). Бундан маъно кўринадики, Рауф Парфи Ўзтуркни саёзлаштиришдан фақатгина тегишли идоралар манфаатдор эмас эканлар!..
Ушбу мавзуни яна давом эттириш имкони бор. Бироқ ҳозирча қисқагина муносабат билан чекланиш маъқул кўринди. Балки юқоридаги эътироф ва эътирозлар юзасидан китоб ноширлари бирор тайинли раддия эълон қилишар агар истасалар…
Хулоса ўрнида Сулҳида Ёлғизнинг Шоир ҳақидаги суҳбатларимиздан бирида айтган қуйидаги таъкидини келтириш маъқул кўринди. Сулҳида Хоним шундай деганди:
-Рауф ака менга таъкидлаб, “Менинг вафотимдан кейин менга нисбатан биринчи бўлиб хиёнатни хотинларим ва улар орқали ўзини дўст кўрсатиб юрган одамлар бошлаб беришади…”-деб айтардилар…
Беихтиёр Шоирдан мисралар қуйилади:
Ҳақиқат Каъбаси! Тингла додимни,
Исо Масийҳ, уйғон, додимга етгил.
Оқла суягимни, оқла зотимни,
Ҳақ бирлан бирга бўл! Ё мутлоқ – битгил!



