ТЎЛҚИН НОРОВ НАМУНАВИЙ УЙ СОТИБ ОЛУВЧИ АМАЛДОРГА 3 000 000 СЎМ БЕРМАГАНЛИГИ УЧУН ИШДАН ҲАЙДАЛДИ

ИШДАН ҲАЙДАЛДИ                                         ПРОКУРАТУРАга

                                 Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, Сирдарё СИУсида

                                                яшовчи фуқаро Норов Тўлқиндан

 

ШИКОЯТ ХАТИ

 

Аризамнинг мазмуни шу ҳақдаким, мен 2013 йил май ойида   «O’ZKIMYOSANOAT» DAVLAT AKSIYADORLIK KOMPANIYASIга қарашли бўлган жойлашиш манзили Сайхунобод тумани, Ёшлик қўрғонида фаолият олиб бораётган “Сайхунободқишлоқхўжаликкимё” филиалига қарийиб 38 нафар фермер хўжаликларига минерал ўғит тарқатиш шаҳобчаси мудири бўлиб ишга қабул қилиндим.

Иш ҳақим 500 000 сўм килиб белгиланди. Фақат бир марта икки ойлик маошим пластик карточкага ташлаб берилди. Бошқа ойлар учун маошим берилмади.

2014 йил январ ойида Сирдарё вилояти қишлокхўжаликкимё бирлашмаси раҳбарининг ўринбосари Ўктам Рустамов йигилиш ўтказиб, дебетор қарздорликни қоплаш мақсадида накд пул тушумини таъминлаш мақсадида ишчилардан 3 000 000 (уч миллион) сўмдан пул олиб келишни буюрди.

Менда маблағ бўлмаганлиги учун бошлиқ ўринбосарининг югурдаги Норбойга 300 000 сўм бериб юбордим.

Лекин бундан кўнгли тўлмаган Ўктам Рустамов мендан ишдан бўшаш ҳақида  “Сайхунободқишлоқхўжаликкимё” филиали раҳбари Олим Ганиев номига ариза ёзишимни талаб қилди.

Мен ариза ёзиб ишдан кетишга мажбур бўлдим.

Кейинчалик бизга маълум бўлишича, Ўктам Рустамов Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2009 йил 3 августдаги ПҚ-1167-сон қарорини бажариш юзасидан, қишлоқ жойларда тасдиқланган намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қураётган «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси билан келишган холда бирлашмада ишлаётган айрим ходимларнинг эгаллаб қўйган катэджлари учун “Сайхунободқишлоқхўжаликкимё” филиали ишчи-ходимларидан ўлпон йиғаётган экан.

Ахир ким ҳам шаҳарга хос услубда қурилган уйларда яшашни орзу қилмайди, дейсиз?

Хабарингиз бор, 2013 йил  17 апрел куни Тошкентдаги Симпозиумлар саройида  “Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция Ўзбекистонда қишлоқ жойларининг қиёфасини тубдан ўзгартириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва унинг даромадларини оширишнинг устувор йўналиши ҳамда муҳим шарти сифатида белгиланган намунавий лойиҳалар асосида қишлоқ аҳоли пунктларини обод этиш ва якка тартибдаги замонавий уй-жой қурилишига доир дастурлар ижроси натижаларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, халқаро ҳамжамият ва хорижлик экспертларни мамлакатимизда ушбу соҳада эришилаётган ютуқлар билан кенг таништиришга бағишланди.

Ҳар томонлама пухта ўйланган бу ноёб тизим халқимиз орзу ва ниятларининг рўёбга чиқиши, кўркам, шинам, инсон ҳаёти учун зарур барча шароит муҳайё этилган замонавий уйларга эга бўлишида кенг имкониятларни яратаётир.

Бугунги кунда янги уйга эга бўлишни истаган қишлоқ аҳолиси уй қурилишида фақат ўз маблағи билан иштирок этади, холос.

Яъни, дастлаб намунавий лойиҳа асосидаги уй нархининг 25 фоизи миқдоридаги бошланғич бадал пулини тўлайди ва сўнг қурилиш жараёнини назорат қилиб боради.

Лекин ҳукумат қарорида  “XXI асрда ҳам боқимандалик кайфиятида яшаётган Сирдарё вилояти қишлоқхўжаликкимё бирлашмасининг уй-жой сотиб олмоқчи бўлган раҳбарчалари” учун ишчи-хизматчилардан ўлпон йиғиш мажбурий деб ёзилган пункти йўқ.

Биз ишчилар ҳали ишлаган иш ҳаққимизни ололганимиз йўқ.Оиламизга бир тийин кўтариб борганимиз йўқ. Қандай қилиб бу раҳбарлар қозонимизни сувга солиб, бизни гарданимизга осилиб олишган?

Сиздан аризамда келтирилган важларни атрофлича урганиб, ваколатли идоралар ёрдамида ойлик маошларимизни олиб беришда амалий ёрдам беришингизни илтимос киламан.

Сизга ҳурмат ва чексиз эҳтиром билан

Мулоқот учун тел рқками:+998915016964

Фукаро Норов Т. 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares