СУВРАТ МУҲИММИ ЁКИ СИЙРАТ?

watermarkТошкентдаги исталган гимназия, коллеж ёки олий ўқув юртига ташриф буюриб, талабалар билан суҳбат қурсангиз, гап айланиб, албатта, бугун  талабалардан талаб қилинаётган, улар кийишлари шарт қилиб қўйилган “форма”га бориб тақалади. Бу бир томондан ижобий ҳолат. Талабалар ўқитувчилардан ўтаман дея кимўзарга кийинишининг, қолаверса, айрим “бой  ака”ларнинг қизлари  ўртаҳол оилаларнинг фарзандларини камситиб, қимматбаҳо тақинчоқларию “модный” либосларини кўз-кўз этишининг олдини олади. Ҳамда уларнинг кўчадаги бошқа одамлардан фарқли ўлароқ  талаба, яъни келажакнинг зиёли инсонлари эканлигини билдириб туради. Аммо иккинчи томондан эса… Кўп гаплар ана шу иккинчи томонда асли…

       Ёшларни  ўзбекона кийиниш маданиятига ўргатиш катталар учун қарз ҳам фарз, албатта. Бироқ, бир колипда кийинтиришнинг ўзи том маънодаги маданият тушунчасини шакллантириш учун кифоя қилмайди. Ёшларнинг дид билан кийинишига мутлақо қаршилигим йўқ. Уларнинг кийиниш борасидаги дидини тарбиялаш учун керак пайтда  қаттиққўллик қилиш ҳам жоиздир, эҳтимол. Аммо фақат ташқи ялтироқлик билан кўзланган мақсадга эришиш қийин. Либос одамзотнинг фақат зоҳири учун кўрк бериши мумкин. Аммо инсонларнинг ботиний гўзаллиги учун чуқур билим, чиройли хулқ, юксак маънавият, қалбнинг тозалиги, ниятнинг эзгулиги, руҳ тарбияси муҳим омиллардан ҳисобланади. Биз, афсуски, масаланинг ана шу томонини кўпинча эътиборсиз қолдираётганга ўхшаймиз. Ўзини Лобар дея таништирган талаба қиз шундай дейди:

-Институтда таҳсил оламан.  Ўқув  йили  бошланиши биланоқ ўқитувчиларимиз  қизларга оқ кофтаю қора костюм-юбкада, йигитларга эса оқ кўйлагу кора костюм-шимда дарсга келишни шарт қилиб қўйди. Ёз буйи дидимизга кўра танлаб, не-не орзу ниятлар ила харид қилган кийимларимизни  ҳали эгнимизда яшнатишга улгурмай туриб яна қайта жомадонга жойладигу,  тишимизни тишимизга қўйиб, “қоида”га бўйсундик. Ўқув йилининг илк ҳафтасиданоқ катта харажат қилиб, бош-оёқ кийим сотиб олдик. Сочбоғичимиздан то  пойафзалимизгача “оқ-қора” килдик. Ота-оналаримиз степендия олгунимизга қадар мўлжаллаб, еб-ичарга   дея бериб юборган пулларни кўзимизни чирт юмиб, “оқ-қора” кийим-бошга сарфлаб юборган жойимизда ҳурматли устозларимиз энди сумкаларимизга “ёпишишди”. Қизил, сариқ, кулранг ва шунга ўхшаш рангли сумкалар кўтариб борган қизлар дарсга киритилмади. Институт эшигидан ортга қайтарилди. “Қора сумка билан келасанлар”, дейилди. Кечирасиз-у, мухбир опа, энди буёғи ҳаддан ошиш бўлди. Ҳатто сабр косаси тошиб кетган дугоналаримдан бири шундай деб юборди:

Кечирасиз-у, мухбир опа, энди бу ёғи ҳаддан ошиш бўлди. Ҳатто сабр косаси тошиб кетган дугоналаримдан бири шундай деб юборди:   ”Яқинда кўз ёшимизни артадиган дастрўмолимизу  ошқозонни алдаш учун оладиган сақичимизнинг қоғози қандай рангда бўлиши кераклигини ҳам белгилаб берасизлар, шекилли?…”

Тўғри-да, бу ёкда ректорат эшик қоқишимиз ҳамоно юзимизга шапалоқ туширгандай “Бир ой ичида контракт пулини тўламаган  талабалар институтдан ҳайдалади”, дея бонг уриб турган бир пайтда  ўқитувчиларимизнинг формапарастлик, рангпарастлик қилишларига бало борми?

Энг қизиғи бирорта ўқитувчи бирор бир талабадан “Дарсларни қандай ўзлаштираяпсан? қўшимча адабиётларни  ҳам ўқийсанми? Жилла қурса Навоийдан ёки Бедилдан бирор байтни ёд олдингми?”, деб сўраганини ҳеч биримиз эшитмадик. Талабанинг моддий имконияти борми-йўқми, бундан қатъий назар, йиллик контракт пулини тўлаши ҳам, тасодифан эълон қилинган “форма”га ўтиши ҳам шарт! Моддий талабларни бажаришга бою камбағал бирдек мажбур этилади-ю, аммо ё “зар”ининг ё “зўр”ининг орқасидан ўқишга кириб қолган савияси паст талабадан ҳеч қачон ахлоқли ва билимли талабага тенглашиш, ундан ибрат олиш талаб этилмайди. Бу нимани англатади? ”Юксак маънавият – енгилмас куч”  қоғоздаю, амалда   эса юксак моддият енгилмас ва емирилмас кучга айланиб бораётганлигиними? Олий ўқув юртларида нима учун таҳсил олаяпмиз ўзи? Билимли, маданиятли ва маънавиятли бўлиш учунми ёхуд ботинимиз бир аҳволда бўлсаям, зоҳиримизни рисоладагидек кўрсатиш, яъни модапарастлик ва моддиятпарастлик санъатини ўрганиш,  ҳаётнинг китобларда ёзилмаган “оқ-қора” ўйинлари   қоидаларини ўзлаштириш учунми?  Бу кетишда қандай қилиб буюк келажак барпо этилиши мумкин? Буюкликнинг, камолотнинг, гўзалликнинг  мезони нима билан ўлчанади: суврат муҳимми ёки сийратми?…

         …Азиз ватандошлар! Камина бу борадаги мулоҳазаларимни билдиришдан ҳозирча тийилдим. Талаба қизнинг ҳақли саволларига жавобни сиз билан биргаликда излашни лозим топдим.

Келинг, бу хусусдаги  фикр-мулоҳазаларимиз, таклиф ва ташаббусларимизни ўртага ташлайлик. Қандай қилсак, жамиятимизнинг оғриқ нуқталарига малҳам топган бўламиз?  Қўнғироқ қилинг, мактуб йўлланг ва энг яқин дўст бўлиб қолинг.

           Эҳтиром билан Шамсия.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares