Зомин тумани, Даштобод шаҳри, Ш. Бурхонов кўчаси, 71-уй (Тел:+998902967562) да яшовчи фуқаро Турдиева Мавлуда Зомин тумани Янги хаёт ҚФЙ, Фурқат кўчасида жойлашган Бобоқул Жўраевга 2009 йил 700 000 сўм фоизли қарз беради.
Қарз беришдан олин судхўр аёл Турдиева М. Бобоқул Жўраевга тегишли бўлган 2-уй 1-хонадонни ўзининг номига вақтинчалик ўтказиб олади.
Фермер судхўрдан олган қарзини ўз вақтида тўлай олмайди.
Шундан кейин Турдиева Мавлуда Бобоқул фермернинг қизини Зомин тумани ИИБда ишлайдиган танишлари орқали гаровга олади ва ўз хонадонига яшириб қўйиб, Бобоқулдан катта маблағ талаб қилади.
Бахтли тасодиф туфайли қизча гаровдан озод этилади.
Орадан олти ой ўтгач, процентчи аёл Турдиева М. ушбу хонадонда яшаб келаётган Жўраевлар оиласини бошқа турар жой бермасдан низоли хонадондан мажбурий тартибда чиқариш хақида 2010 йил 25 -март санаси билан фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судига даъво аризаси киритади.
Суд фермер Бобоқулни қарздор деб топиб, қарзни ундириш масаласини унинг мол-мулкига қаратади. 2012 йил Зомин тумани суд ижрочилари Бобоқулга тегишли уй жиҳозлари мебель, телевезор, идиш-товоқ, 4 бош қўй ва гиламларни олиб чиқиб кетишади.
Аниқланишича, хақиқатдан ҳам 2009 йил 31 июл куни Зомин тумани «Янги ҳаёт» ҚФЙ, Фурқат кўчасида жойлашган Жўраев Бобоқул оиласи билан яшаб келаётган, афтидан, Собиқ Иттифоқ давридан қолган ҳали давлат тасарруфида бўлган, фермер номига привитизация қилинмаган 21-уйни Зомин тумани давлат нотариал идорасининг катта давлат нотариуси Т.Зулимовнинг тасдиғи билан, Жўраев Бобоқулнинг вояга етган ва хозир ҳам шу уйда яшаётган фарзандларининг розилиги олинмасдан туриб, Турдиева Мавлудага олди-сотди шартномаси тузилиб, сотиб юборилган.
Турдиева Мавлуда асли педагог бўлиб, 2010 йиллар судхўрлик билан шуғуллана бошлайди.
Жойи келганида эслатиб ўтамиз, 2002 йил ана шундай судхўрлардан бири Чутбоевлар оиласи номаълум шахслар томонидан вахшийларча болта билан чопиб ташланганидан кейин, жиноят изи очилмай қолган эди.
Бу ҳақда ўз вақтида Озодлик радиосидан хабар берилган. Лекин бундай мудҳиш қасосдан ҳулоса чиқармаган Турдиева М. оддий фуқароларни ана шу тарзда хонавайрон қила бошлайди.Энди Ўзбекистон қонунларига бир назар ташлайлик.
ЎзР ФКнинг 225-моддаси талабига кўра, биргаликдаги мулк бўлган мол-мулк барча иштирокчиларнинг розилиги билан тасарруф этилади, мол-мулкни тасарруф этиш хусусидаги битим иштирокчилардан қайси бири томонидан тузилаётган бўлишидан катъий назар, бундай розилик талаб қилинади.Биргаликдаги мулк иштирокчиларидан бири тузган умумий мол-мулкни тасарруф этиш билан боғлик битим уни тузган иштирокчининг зарур ваколатлари йўклиги сабабли, битимдан иккинчи тараф буни билган ёки билиши лозим бўлганлиги исботланган тақдирдагина қолган иштирокчиларнинг талабига мувофиқ ҳақиқий эмас деб топиши мумкин.
Бобоқулнинг хотини Жўраева Меҳри ушбу қонун нормасига мувофиқ, низоли уй жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судига Турдиева Мавлуда билан Бобоқул Жўраев ўртасида тузилган уй олди-сотди шартномасини хақиқий эмас деб топиш хақидаги даъво билан мурожаат қилган.
Орадан 2-3 йил ўтса-да Турдиева Мавлуда фермер Жўраев Бобоқулни қайси йўл билан бўлса ҳам қаматиш пайида юради. Ва нихоят, жорий йилда у ўз ниятини амалга оширишга муваффак бўлади.
Жўраев Бобоқулни 2013 йил 24 сентябр куни кеч соат 20-00 ларда прокурор, ёки Жиноят ишлари бўйича Зомин тумани суди томонидан унга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилган бўлмаса-да, Зомин тумани ИИБ терговчиси Дилмурод исмли ходим томонидан санкциясиз жисмоний куч ишлатилиб Бобоқул Жўраев тергов изоляторига тиқилган..
1995 йили Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1966 йилда қабул қилинган «Фуқаровий ва сиёсий хуқуқлар тўғрисида»ги халқаро Пактни ратификация қилган. Шахснинг ўз манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқи мазкур Пактнинг 9-моддасида белгилаб қўйилган: «Қамоққа олиниши ёки хибсда ушланиб туриши туфайли озодликдан маҳрум этилган хар бир шахс ўз ишининг судда кўриб чиқилиши ҳуқуқига эга, чунки суд дарҳол унинг ушланиши қанчалик қонуний эканлиги борасида қарор чиқара олсин ва агар унинг ушланиши ноқонуний бўлса озод қилиш хақида фармойиш бера олсин».
Санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши, мохияти нуқтаи назаридан, жуда жиддий институтдир.У жиноий таъқиб тизимини тубдан ўзгартириб юбориши турган гап.Чунки жиноят процессидаги тортишув принципи терговнинг бошланғич жараёнига кириб келди. Эндиликда қамоққа олиш эхтиёт чорасини қўллаш масаласида судга тақдим этилган далилларни томонларнинг тортишуви принципи асосида текшириб, қонуний қарор қабул қилишга замин яратилди. Қонунда, тергов харакатларини амалга ошириш мобайнида айбланувчи ёки гумон қилинувчи шахсга қамоққа олиш эхтиёт чорасини қўллашга етарли асослар мавжуд бўлганда, прокурор ёки прокурорнинг розилиги билан терговчи бу хақда судга илтимоснома билан чиқиш тартиби белгилаб қўйилди.
Унга кўра, жиноят содир этишда гумонланиб ушланган шахсни қамоққа олишга асос бўлувчи хужжатлар тегишли илтимоснома қўзғатиш ҳақидаги қарор билан бирга судга тақдим этилади.
Суд, ўз навбатида, мазкур ҳужжатларни якка тартибда, прокурор, айбланувчи, ҳимоячи иштирокида ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқади.
Шунингдек, гумонланувчи ёки айбланувчининг қонуний вакили ва терговчининг бу жараёнда иштирок этиш ҳуқуқи белгилаб қўйилди.
Минг афсуски, «Гумон қилинувчини ушлаш» институтининг номукаммаллиги аксарият ҳолларда жиддий ќонунбузилишларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.
«Гумон қилинувчини ушлаш» деганда амалиётчилар кўпинча унинг Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси асосида баённома ёзиб, вақтинча ушлаб туриш изоляторига киритилишини назарда тутади. Айнан шу вақт 72 соатлик муддатнинг бошланиши хисобланади. Лекин баённома шахс ички ишлар идораларига келтирилгандан кейин бир кун ўтиб ёзиладими, икки кун ўтибми, афсуски, бу ҳолат назардан четда қолмоқда.
Масаланинг нозик томони шундаки, шахс хуқуқ-тартибот идорасига ушлаб келтирилиши билан ушланганлик тўғрисида баённома тузилиши оралиғидаги вақт давомида у расмий процесс иштирокчиси мақомига эга бўлмайди. Бу эса фуқаро хақ-хуқуқларининг қўпол бузилишига олиб келади. Айнан шу жараён устидан назорат ўрнатилиши зарур.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2007 йил 14 ноябрдаги «Судга қадар иш юритиш босқичида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасининг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида»ги 17-сонли қарорида хам кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, шахсни тахминларга кўра ёки фақатгина тезкор маълумотлар асосида ушлаб, хуқуқ-тартибот идораларига келтириш амалиётига ҳам чек қўйиш лозим.
Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддасида кўзда тутилган асослар мавжуд бўлмас экан, бирорта шахс жиноят содир этишда гумон қилиниб, ҳуқуқ-тартибот идорасига келтирилиши мумкин эмас.
Ана шундай ҳолатларга қонуннинг қўпол бузилиши сифатида қарашимиз лозим.
Ўз.Респ. ЖКнинг 168-моддасида назарда тутилган қилмиш билан айбланувчи тариқасида Ховос кўрғонида жойлашган УЯ 6413 тергов изоляторида ушлаб турилган Жўраев Бобоқулнинг ҳимоя хуқуқини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар томонидан биронта ҳам амалий ҳаракат қилинмаган.
Фермер 2013 йил декабрда Амнистия вақти билан озод қилинди.
Авлиё ОСМОН




