ҚАМОҚХОНА ҚАНАҚА ЖОЙ – БУ ДУНЁНИНГ ЖАҲАННАМИ…МИ?

  

«Айбсиз одамга аминистия акти қўлланилган»

Бугун, 2014 йилнинг 14 январь куни “Бирдамлик” Халқ Демократик мухолиф Ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориевнинг 71 ёшли отаси Ҳасан Чориев аминистия акти билан азодликка чиқарилди.

Ҳaсан Чориев.
Ҳaсан Чориев.

Эслатиб ўтамиз, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Қашқадарё вилоят бўлими етакчиси, Шаҳрисабзда истиқомат қилувчи   Ҳасан ота  тўнғич ўғли Баҳодир Чориевнинг 2013 йилнинг 9-14 июнь кунлари  Россия ОАВларида эълон қилиган “На грузовике против Каримова”,“Американский дальнобойщик –будущий президент Узбекистана” сарлавҳали мақолаларидаги кескин суҳбатлари, диктатор Каримовнинг ахмоқона сиёсий бошқаруви юзасидан билдирган танқидий фикрлари туфайли мухолифат лидерининг кекса отаси кўп кечиктирилмасдан, 17 июнь куниёқ куч ишлатар тизимлари томонидан кўз кўриб-қулоқ эшитмаган мутлақо асоссиз ва ахмоқона айблов  – 118- модда – номусга тегиш жинояти билан шошилинч тарзда қамоққа олинган эди.

Хибсда эканлиги даврида оила аъзолари, қариндошлари, ҳатто қонуний адвокати билан ҳам кўришишга изин берилмаган Ҳасан ота Чориеа 2013 йилнинг 6 август куни Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё шаҳар суди томонидан ёпиқ-яшрин тарзда 5 йилу 2 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Ҳуқуқий ҳимоя олиш каби ҳуқуқлардан маҳрум этилган мухолфат лидерининг оти Ҳасан Чориев айни дамда Тошкентнинг Товоқсой ҳудудида жойлашган жазони ижро этиш муассасасида жазо муддатини ўтаётган эди.

Маълумот ўрнида яна шуни айтиб ўтишимиз мумкинки, Ҳасан Чориевга алоқадор сохта жиноят ишини уюштиришда иштирок этган ва мутлақо ноқонуний тергов ҳаракатларини олиб борган барча ҳуқуқ-тартибод идоралари ходимлари – Қашқадарё вилоят ҳокимидан тортиб, Қашқадарё вилоят миллий хавфсизлик хизмати раҳбари, Қашқадарё вилоят прокурори, Қамаши туман Ички ишлар бўлими раҳбар ўринбоари ва ҳатто ғайриқонуний тергов ҳаракатларига “бош-қош” бўлиб, ҳуқуқий ҳимоячи – адвокатни ҳам  тергов изоляторида сақланаётган маҳбус билан учрашиши учун рухсат бермасдан ўзини тўрт томонга ташлаб юрган – Қашқадарё вилоят прокуратураси катта терговчиси Рустам Ночаев жаноблари ҳам айни дамда тегишли қонун идораларининг ертўласида тергов бериш “шарафига”  муяссар этилган ва  маҳбуслик аламининг таъмини тотиш “толеъи”дан баҳраманд  бўлмоқда.

Янаям қизиғи ва эътиборли томони, нафақат мухолифат лидери отасини, балки  ўзига тўқ, тадбиркор оилаларнинг 5-6 нафар ёш-ёш  фарзандларини жувонмарг қилишда Қашқадарё вилоят қонун идораларининг муттаҳам ходимларига хўрак вазифасини ўтаб берган – бир йилда 5-6 бор “номуси барбод” бўлган, “номусига тажоввуз қилинган” “жабирдийда” –  19 ёшли Матлуба Абдураҳмонова ҳам Ҳасан ота воқеасидан уч ой ўтиб-ўтмай қамоққа “путёвка” олган.

Фикри ожизимизча, мазкур амалиёт – қизгинанинг ғайриқонуний ишларга қўл ураётган ҳуқуқ-тартибот идоралари ва МХХ ходимларининг сирларини сотиб қўймаслиги учун амалга оширилган бўлиши керак, ҳойнаҳой…

Бугун Каримов режимининг минг бир макр-ҳийласи билан рўпару бўлган Ҳасан ота ниҳоят Ўзбекистон ҳукуматининг “меҳру-саховати – инонпарварлик ақидалари”га кўра аминистия актига асосан озодликка чиқарилди.

– Ҳасан отани Бек-барака бозори қаршисидаги Қашқадарё питагида кутиб олдим, дейди “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлми етакчиси Малоҳат Эшонқулова, –   Отахонинг озодликка чиққанлиги ва қамоқхона муассасаси ходими кузатувида ўз уйига қайтаётганлиги хусусида менга фарзандлари хабар беришган эди.

Зудлик билан отани кузатиб бораётган муассаса ходимининг телефон рақамини аниқлаб, қўнғироқ қилдим.

Ходим 5-10 дақиқа ичида Қашадарёга кетадиган машиналар питагида бўлишлари ҳақида хабар берди.

Ва айтилган  вақтда улар етиб келишди.

Очиғи, мабодо, қамоқхонанинг фуқаро кийимидаги муассаса ходими менга қўнғироқ қилмаганларида эди Ҳасан отани танимаган бўлардим.

Во дариғ: киши ғоят қисқа – бор-йўғи 8 ойлик фурсат ичида шунчалар ҳам ўзгариши мумкинми?

Отани кўришим билан миямга урилган дастлабки фикр шу бўлди: наҳотки қамоқхона деганлари ер юзининг жаҳаннами бўлса?

Илгариги қаддини ғоз тутиб юрадиган Ҳасан отадан асар ҳам қолмабди!

Ранглари докадек оқариб кетган қариянинг соч-сақоллари қиртишлаб ташланган.

Асо тутган қўллари қалтираб қолган.

Озиб кетган гавдаси бир томонга хиёл оғиб қолгандек.

Енгларида қамоқхонанинг яғири чиқиб  кетган сарғимтир либослари….

Ота оқсоқлана-оқсоқлана оғир қадамлар билан менга яқинлашдилар.

Қадирдонлардек кўришдик.

“Кўрган ёмон кунларингизнинг ортда олгани рост бўлин” дедим оҳиста….

Одатда кўнгилчан, йиғлоқи аёл эмасман. Бироқ негадир шу тобда тамоғимга нимадир тиқилгандек бўлди: “Ҳаёт деганлари бунчалар шафқатсиз?! Йўқ, адашдим, олам эмас, одамлар аждар бўлиб кетишган – бир-бирларини ямламай ютадиган”….

Ҳасан отанинг ҳасса тутган – титраётган қўлларидан тутдим: “Тамадди қиламизми?”

Билмадим, нега, бироқ негадир титраётган кишини кўрсам,  нуқул оч бўлса керак деган ўй уради миямга… Эҳтимол, шу боис  ҳам овқатланиш ҳақида оғиз очгандирман…

Собиқ маҳбус “Йў-ўўқ” дегандек оғир бош чайқаб, қонсиз лабларини қимтиди…

– Унда бндай қиламиз. Дўcт-бор, душман бор. Шаҳрисабзга бу алфозда кириб бормаганингиз маъқул. Қамоқхонанинг мана бу кийимлари чириб кетай дебди-ю? Бозорга кирайлик. Бугун 14 январ – эр йигитларнинг байрами. Бугун қаро кунларингиз орда қолгани билан табриклаб – сизга битта бухорача тўн совға қилай, –  дедим Ҳан отанинг қўлтиғидан тутиб.

– Менга ҳеч нарсанинг кераги йўқ, – гап бошладилар отахон синиқ товушда, – Шу ергача зўрға етиб келдим. Юришим осон эмас. Бозорга кирадиган аҳволда эмасман. Шаҳрисабзга, уйимга етиб олсам, бўлгани, – гапиришга ҳам қуввати етмаган Ҳасан ота бироз тин олиб, оғир-оғир нафас олдилар-да, –  Кетмасам, бўлмайди. Ҳолим ўзимга маълуми, – дедилар ҳастагина оҳангда.

Озиб-тўзиб кетган, зўр-баъзур оёқ босаётган отага эътироз билдириб бўлмас эди шу тобда….

Уларни кузатувчи кўмагида машинанинг орқа ўриндиғига зўрға  ўтқаздик.

Ноилож Ҳасан Чориевни қамоқхон муассасаси ходимининг ҳамроҳлигида Шаҳрисабзга кузатиб қўйдим…

Отахонни Сирдарёда катта қизлари Зулайҳо Чориева кутаётганди, – дея хабар беради Малоҳат Эшонқулова.

Ҳасан Чориевнинг озодликка чақиралиши муносабати билан “Бирдамлик” лидерининг отаси ҳимояси билан шуғулланишга бел боғлаб – нуқул омадизлик ва ҳақсизликка учраган Шуҳрат Рустамов билан боғланиб, ҳуқуқ фаолининг мазкур масала билан боғлиқ фикрларига қизиқдик:

–  Ҳасан Чориевга оид жиноят иши “А” дан то “Я”гача сохта – уюштирилган эди. Одатда, айбиз айбдор бўлганлар кечирилмайди. Аминистия акти ҳақиқатдан ҳам жиноятга қўл урганларга нисбатан қўлланилиши керак, аслида, – дейди биз билан суҳбатда ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов, – Ҳасан ака амалда жиноят содир этмаган бўлса, нега энди авф этилиши керак?  Айбсиз одамга нисбатан ҳам аминистия акти қўлланиладими? Мана шу воқеликнинг ўзиёқ жамиятда адолат ўлиб бўлганлигидан адолат! “Бирдамлик” мухолиф ҳаракати етакчисининг падари бузрукворига нисбатан аминистия акти мутлақо қўлланилмаслиги керак эди! Ҳасан Чориев адолат юзасидан оқланиши эвазига озодлигга чиқиши лозим эди!

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон Бўлими Матбуот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares