2013 йилги «амнистия» кимларга насиб қилди ёки Гулирафторнинг «армон»лари

 

жазо муддати: jazo muddatiЛавҳамиз кахрамони Худойбердиева Гулирафтор Саймухтаровна ҳақида бир оғиз гап.

У 1992 йил фуқаролик ва биродаркушлик уруши авжга чиққан кезларда Тожикистон Республикасининг Душанбе шаҳридан Сирдарё вилоятига кўчиб келган эди.

Турмуш ўртоги оламдан ўтгач шу заминда аёл боши билан тадбиркорлик қилди. Савдо расталари очди.Одамларни иш билан таъминлади. Лекин,  Гулистон деҳқон бозорида яхшилаб ин қуриб олган баъзи бир ваколатли идораларда ишлайдиган, ўша вақтда  Гулистон шаҳар ИИБ бошлиғи бўлиб ишлаган Р. Худойбердиев (ҳозир қамоқда) каби хусусий дўкони бор казо-казолар, Маъруф исмли маҳалла бойлари ва унинг тарафкашлари уни йўқ қилишга бел боғлашди….

2010 йил 24 июь куни соат 16-30 ларда Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар судининг биносида ёпиқ суд мажлиси ўтказилиб, судья У. А. Джумаевнинг раислигида, томонлардан Гулистон шаҳар прокурорининг ўринбосари Б. Хайдаров, ҳимоячи Б. Эшонқулов, айбланувчи Худойбердиева Гулирафтор Саймухтаровнанинг иштирокида, Сирдарё вилояти прокурори ўринбосари Б. А. Абдуллаевнинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 165-моддаси 2-қисмининг «а» банди билан айбланувчи  Худойбердиева Гулирафтор Саймухтаровнага нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномасини тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқиб, қуйидагиларни аниқлаган: айбланувчи Худойбердиева Гулирафтор Саймухтаровна 1967 йил 25 майда Тожикистон Республикасида туғилган. Миллати тожик. Ўзбекистон Республикаси фукароси. 2001 йил 21 февраль кунги жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар судининг ҳукмига кўра ЖКнинг 167-моддаси 4-қисми «а» банди ва 182-моддаси 2-қисми «а» банди билан айбдор деб топилиб ЖКнинг 59-моддасига асосан 9 йил ОМЭ жазоси тайинланган ва ЖКнинг 72-моддасига асосан 3 йил синов муддати белгиланган, 2001 йил 21 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 22.08.2001 йилдаги амнистия тўғрисидаги Фармонинг 1-моддаси «а» бандига асосан жазодан озод қилинган. 2003 йил 16 июль кунги жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг ҳукмига кўра ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб 2 йил ОМЭ жазоси тайинланган ва ЖКнинг 72-моддасига кўра 1 йил синов муддати белгиланган. 2005 йил 05 май кунги жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судининг ҳукмига кўра, жиноят кодексининг 78-моддасига асосан судланганлик ҳолати тугалланган.

Жиноят-процессуал кодексининг 466-моддасига биноан ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилиши зарур бўлган судланувчи хусусидаги бошқа маълумотлар деб — хусусан жазо тайинлашда, жазони ўташ турини аниқлашда, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишда инобатга олиниши мумкин бўлган маълумотлар ҳисобланиши лозимлиги судларга маълум.

Булар қаторида судланувчи саломатлигининг аҳволи тўғрисидаги (масалан, ногиронлик), унда давлат мукофотлари, махсус унвонларнинг борлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам бўлиши мумкин. Шахснинг муқаддам судланганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар қонунда белгилангаи тартибда судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган бўлса, ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилиши керак.

ЖКнинг 77-моддасига мувофиқ судланганлик муддатининг ўтиб  кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча хуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

Шунинг учун у ҳукмнинг кириш ва тавсиф қисмларида кўрсатилмайди.Иш бўйича айблов ҳукми чиқарилаётганда, ушбу иш бўйича чиқарилган биринчи ҳукм тайинланган жазо енгиллиги ёки оғирроқ жиноят тўғрисида қонунни қўллаш зарурлиги сабабли бекор қилинган бўлса, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида судланувчининг айбини тасдиқловчи далилларни келтирмайди, фақатгина ЖПК 414-моддасига биноан жиноятни тавсифлашга ва жазо чораларига боғлиқ бўлган ўзининг хулосаларини асослантиради.

Оддий рецидивнинг мавжудлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топилади (ЖК 56-м., 1-қ. «н» б.). Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 1996 йил 19 июль Пленуми қарорида кўрсатилганидек, «илгари қасддан содир этган жинояти учун шахс судланганидан сўнг такроран ёки янгидан қасддан жиноят содир этишни, агар биринчи жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилиши муддати ўтган, судланганлиги белгиланган тартибда олиб ташланган ёки тугаган ёхуд қонун йўли билан шахс ўтмишда содир этган қилмишининг жазога сазоворлиги бартараф этилган, шунингдек илгари содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилинган бўлса, жазони оғирлаштирувчи ҳолат сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас».

Дастлабки  тергов органлари  томонидан Уз.Рес, ЖПКнинг 22-моддасида «Иш буйича исботланиши лозим булган барча ҳолатлар синчиковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва ҳолисона текшириб чикилиши керак.

Ишда юзага келадиган ҳар қандай масалани ҳал қилишда айбланувчини ёки судланувчини ҳам фош қиладиган, ҳам оқлайдиган, шунингдек унинг жавобгарлигини ҳам енгиллаштирадиган, ҳам оғирлаштирадиган ҳолатлар аниқланиши ва ҳисобга олиниши лозим» деган талабига зид равишда тергов ҳаракатини олиб бориш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленуми ва Олий Хўжалик суди Пленумининг 2006 йил 22 декабрдаги «Судлар томонидан амнистия актини қўллашга доир баъзи масалалар тўғрсида»ги №16-сонли қўшма Қарорининг 9-бандида, давомли жиноятларга тушунтириш берилиб, давомли жиноятлар биринчи жиноий қилмиш содир этилишидан бошланиб, биринчи жиноий қилмишга ўхшаш бир нечта жиноятларни содир этиб келиб, айбдорининг ўзи ёки унга боғлиқ бўлмаган ҳолларда тўхтатилиши тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 32-моддасида, умумий қасд билан қамраб олинган ва ягона мақсадга йўналтирилган бир жиноят таркибини ташкил қилувчи бир-бирига ўхшаш бир неча жиноий қилмишлардан иборат бўлган (давомли) жиноят такроран содир этилган деб топилмайди деб белгиланган.

Эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган айбланувчининг вояга етмаган болалари, қари ота-оналари, қарамоғида бошқа  ногирон шахслар бўлса ва улар қаровсиз ҳамда ёрдамсиз қолаётган бўлса, суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисида ажрим  чиқариш билан бир вақтда ЖПК 476-моддасига мувофиқ уларни қариндошлари ёки бошқа шахсларнинг, муассасаларнинг васийлигига ёки ҳомийлигига топшириш тўғрисида ҳам ажрим чиқариши лозим.

Акс ҳолда айбланувчининг оиласидаги бошқа фуқароларнинг инсоний ҳуқуқлари бузилиши табиий.

Худойбердиева Гулирафтор тадбиркор аёл. Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар Улуғобод қўрғони, А.Икромов кўчаси 7-уйда яшайди.Турмуш ўртоғи 2000 йилда вафот этган. 1989 йилда туғилган қизи Худойбердиева Жамила болаликдан ногирон. 1998 йилда туғилган ўғли Худойбердиев Шаҳзоднинг ягона боқувчиси.

2010 йил июль ойининг 22 куни соат тун 23-55 дан бошлаб, Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро Аширова Лолахон Абдуллаевнанинг шикояти асосида Сирдарё вилояти ИИБ ТБ бўлинма бошлиғи майор Д.Н. Ҳайитовнинг қарорига асосан ушланган. Дастлабки тергов органи томонидан айбланувчи Худойбердиева Г. гуёки 2003 йил февраль ойидан бошлаб то 2009 йил 31 декабрга қадар Гулистон шаҳар деҳқон бозорининг қандолат маҳсулотлари сотиладиган растанинг битта ўрнини савдо қилишга ҳеч қандай юридик ҳужжати бўлмаган фуқаро Расулова Манзура Тилововнадан ҳар ой учун 150 000 сўм ижара пулини олиб турганлиги учун «фирибгар» деб топилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 23 июлдаги 330-сонли қарори билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қоидаларнинг 13-бандида бозор ҳудудида тасдиқланган схемадан ташқари савдо ўринлари ташкил этиш таъқиқланади дейилган. Бозорда истеъмол товарлари билан савдо қилишга савдо қилиш хуқуқи учун белгиланган тартибда берилган рухсат гувоҳномасига эга бўлган бозорда савдо ўрнини ижарага олиш шартномасини тузган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар киритилади. Бозордаги савдо ўринлари сони Гулистон шаҳар ҳокими томонидан тасдиқланиши керак.

Гулистон шаҳар ҳокимлиги бозор томонидан тақдим этиладиган маълумот асосида мавжуд бўш савдо ўринларининг доимий тезкор ҳисобини юриши шарт.Бозорда озиқ-овқат товарлари билан савдо қилишга белгиланган тартибда фақат юридик шахслар томонидан турғун чакана савдо шохобчалари орқали рухсат этилади.Бу жиҳатларни суд терговида синчиклаб ўрганиб чиқиб, айбдор шахсларнинг қилмишларини тўғри малакалашига тўғри келади.

Шунингдек, фукаро Аширова Л.нинг (қонунийлиги аниқланмаган) асраб олган асранди боласи Аширова Севинчни унинг боласи эмаслигини фош қилиш билан қўрқитиб ҳар ойда 150 000 сўмдан пул олиб турганлиги билан айб қўйилган.

— Болалар ҳуқуқи улар туғилган кундан бошлаб кучга киради. Агар фарзанд асраб олишдан бошқа чора бўлмаса, асраб олинган болага унинг ҳақиқий ота-онаси ким эканини албатта айтиш ва зеҳнига сингдириш лозим. Акс ҳолда, жуда хунук оқибатлар келиб чиқади. Яъни, асранди бола ўзининг асл ота-онасини билмаса ёки билдирилмаса, катта бўлганида уни асраб олган одамга нисбатан нафрат уйгонади. Шу ўринда агар Г.Худойбердиева «асраб олинган болани фош қилиш» эпизоди билан айбланаётган экан бу жиноят эмас. Чунки айбланувчи бу сирни матбуотда эълон қилгани ёки бошқа фактик маълумотлар тарқатгани йўқ. Тўғри, фарзандликка олишни сир сақлаш қонун билан ҳимоя қилинади. Лекин фуқаровий даъвогар Л.Ашировада С.Ашировани фарзандликка олиш тўғрисидаги туман, шаҳар ҳокимининг қарори чиқарилганидан кейин ўн кун ичида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органлари фарзандликка олинаётганларнинг туғилиши қайд этилган дафтарга зарур ўзгартиришлар киритиши лозимлиги коунийлаштирилганми буни хам аниклаш лозим.

Худойбердиева Г. карздордан колиб кетган пулларини кайтариб олишни тезлаштириш максадида шундай килган булиши мумкин. Вояга етмаган болаларни фарзандликка олиш Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 12 апрелдаги 171-сон қарорига биноан амалда булган  Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Прокурор Б.Хайдаров айбланувчи Худойбердиева Гулирафтор Саймухтаровна Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланганини, ушбу жиноят оғир жиноятлар туркумига киришлигини важ қилиб кўрсатиб қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаган. Айбланувчи Худойбердиева Гулирафторнинг Гулистон шаҳар покурори ва бошқа идораларга ёзган аризасида фуқаровий даъвогар Аширова Лолахон аслида 2007 йилдан буён фирибгарлик билан шуғулланиб келиб кўча-куйда «шарик» уйнатиб одамларни аладш йўли билан пул топиб юрган.

2007 йил декабр ойида Л.Аширова Худойбердиева Гулирафторнинг ишончига кириб, унинг шахсий пулларига сотиб олинган умумий қиймати жами 5 000 000 сўм турадиган турли хилдаги пишириқларни қарзга олиб, ўз эхтиёжлари учун ишлатиб юбориб, қарзни вақтида қайтармай товламачилик қилган.

Худойбердиева Г. ҳар гал қарзини талаб қилганида  Л.Аширова уни бозорда жамоа орасида ҳар хил  «ит тожик» деган ҳақорат сўзлар айтиб, миллатчилик қилиб, унинг миллий ғурурини ерга уриб, туҳматлар қилиб, олган қарзини бермаслик мақсадида  беобру қилган ва Гулистон шаҳар ички ишлар бўлимига арз қилиш йўли билан қаматиб, қарзни тўлашдан қутилишга муваффақ бўлган.

Хуқуқни муҳофаза этувчи орган мутасаддилари дастлаб, аслида фирибгарликни ким бошлаганини аниқлаб, кейин Худойбердиева Г.га нисбатан чора кўришлари керак эди.

Ўтган йили Ўзбекистон Республикаси Олий Суди Пленуми муҳокамасига киритилган “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси шу мақсадда тайёрланди. Фирибгарлик – иқтисодиёт соҳасидаги жиноят шаклларидан бири бўлиб, алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш орқали ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритишдир.

Бозор иқтисодиёти шароитида бу каби жиноятларнинг кенгаяётгани ва турлича тус олиш тенденсияси кузатилмоқда.

Фирибгарлик жинояти судлар томонидан кўриладиган жиноят ишлари ичида салмоқли ўринни эгаллаётгани шундан далолат. Бундай жиноят ишларини судларда кўриш жараёнида баъзи муаммолар ҳам мавжуд.

Зеро, фирибгарлик жиноятининг янги кўриниши ва усуллари юзага келганлиги уларга мантиқий, назарий ва қонун нуқтаи назаридан адолатли баҳо беришда судларга тушунтириш бериш заруратини туғдирди.

Олий суд томонидан республикамиз миқёсида ушбу тоифадаги ишларни кўриб чиқиш амалиёти умумлаштирилиб, ўрганиб чиқилганда тергов идоралари ва судлар фаолиятида фирибгарлик жиноятининг обектив ва субектив томонларига баҳо бериш, фирибгарлик жиноятини фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармасликдан фарқлаш, қилмишни квалификация қилиш борасида айрим камчиликларга йўл қўйилаётгани маълум бўлди. Дастлаб прокурор терговчининг айбланувчини қамоққа олиш лозимлиги ҳақидаги фикрини қонунийлиги ва асослилиги жиҳатидан текшириб, унга қўшилган тақдирда судга тегишли илтимосномани киритади. Шу босқичнинг ўзидаёқ бир қатор шахсларга нисбатан озодликни чеклаш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чоралари қўлланилиши мумкин. Шундан сўнг туман (шаҳар) суди унга илтимоснома билан тақдим қилинган материалларни шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш учун асослар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқлаш мақсадида ўрганиб, прокурорнинг илтимосномасини қаноатлантириш ёки уни рад этиш хусусида қарор қабул қилади.

Айбланувчи Гулирафтор Худойбердиева хавфли жиноятчи эмас. Фуқаровий даъвогар Л.Аширова ундан катта миқдорда қарздор. Қарз олиш ва қарз бериш жиноят эмас. Бу ишлар фуқаролик суди тартибида кўриб чиқилса ҳам бўлади. Яъни мазкур ишни муҳокама қилиб жиноят ишлари бўйича судга мансуб иш эмаслигини аниқлаш, агар гумонланувчининг ҳаракатларида жиноят аломати бўлса очиқда қолдириб, тергов ишларини олиб бориш мумкин эди.

2013 йил 12 декабрда  амнистия эълон қилинди. Гулирафтор Жиззах вилоятидаги манзил колонниясида жазо муддатининг сўнгги кунларини ўтамоқда.

У уйида ёлғиз, боқувчисиз қолган ногирон қизи ҳақида ҳамиша ўйлайди. Озодликни орзу қилади. Уни қамаган бозор расволари ногирон қизнинг уволига қолишди.

Авлиё Осмон

мутақил журналит

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares