Ўзбекитонда Янги – 2014 йил йил “Соғлом бола йили” деб эълон қилинди.
Лекин қоронғу қишда бу юртнинг бешикдаги болалари совуқдан қотиб қолмоқда.
Ишонмайизми?
У ҳолда Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманига сафар қилишингиз мумкин.
Туманнинг Андижоний, Оқ мачит, Мўлиён, Сочак маҳаллаларида электр ҳам, газ ҳам ҳамма жойдаги каби анқонинг уруғи.
Аксига олиб ўтган йилнинг охирги кунларида қор деганлари ҳам мўл-кўл қилиб ёғиб берди…
Натижада аҳоли хонадонлари музлатгич тусини олди.
Совуқдан-да совуқ хоналарни иситиш учун мол тезагидан қорилган таппилар ҳам иш бермади….
2013 йилнинг февраль ойида биргина Самарқанд туманида совуқдан қотиб вафот этган бешикдаги бир гўдак ва ёши 80 дан ошган биргина қария норасмий ҳиобга олинган бўлса, янги йилнинг илк кунлариданоқ қурбонлар сони 4 та етгани айтилмоқда.
Бироқ, амалдаги ҳукумат фуқароларнинг совуқдан музлаб, вафот этиши билан боғлиқ фактларни яшириш билан овора.
Аммо минг бир андоволаган билан Каримовчилар ойни этак билан ёпиб бўлмаслигини ёдларидан фаромуш қилишган кўринади…
Шу ўринда савол туғилади: нега энди айнан бешикдаги гўдаклар ва кекса қарияларнинг совуқдан қотиши кўпроқ кузатилмоқда?
Гап шундаки, совуқдан асраш илинжида онаси томонидан бешикка қўл-оёғи маҳкам боғланган болакай туннинг қаттол совуғида қимирлаш, устига кўрпа тортиш имкониятидан маҳрум бўлиб қолмоқда.
Жумладан, ёши 80 дан ошган қарияларга ҳам туннинг электрсиз қоронғусида қимирлаш, хонани иситишлари амри маҳол бўлмоқда.
Қарабизки, ёш гўдаклар ва кексалар то тонгача қишнинг узоқ тунида тарашадек қотиб қолмоқда.
Декабрнинг энг охирги кунида Самарқанд туманининг Андижони маҳалласидаги хонадонларнинг биридан совуқдан муз қотган яна бир болакайнинг жонсиз – совуқ танаси яхмалак бўлиб қолган ерга қўйилди…
Йўқотишу жудоликларга кўникиб қолган Ўзбекистон аҳолиси эса ҳар доимгидек гунг, кар ва ожиз….
Орзигул ХУДОЁРОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Самарқанд вилоят бўлими фаоли



