
Ўтаётган йилнинг март ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТнинг Қийноқларга қарши комитети (ҚҚК) мамлакатимизда қийноқлар кўлами бўйича Ўзбекистон ҳукумат делегациясига бир қатор ёзма саволлар берди. Бу саволларга октябрь ойининг охирги кунларида Женева шаҳрида ўтган БМТ ҚҚКнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон ҳукумати ёзма жавобини тақдим этди. Одатдагидек Ўзбекистон делегациясига “Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари миллий маркази” директори Акмал Саидов бош бўлиб келди.
Мамлакатда қийноқлар қўллаши мумкин бўлган давлат органлари (1) Милиция участкалари –Ички Ишлар Вазирлигига қарашли энг қуйи орган; (2) Тергов органлари – Прокуратура, Ҳарбий прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички Ишлар Вазирлиги таркибидаги тергов бошқармалари;( 3) Жазони ижро этиш муассасалари – Ички ишлар вазирлиги таркибидаги Жазони Ижро Этиш Бош Бошқармаси тизимига кирувчи барча қамоқхоналар ва махбусларни даволаш масканларидир.
Ўзини демократик давлат деб эълон қилган ҳар қандай давлатда Прокуратура, Махсус хизматлар ва Ички Ишлар Вазирлиги қийноқлар масаласида жавобгар органлар ҳисобланади. Ўзбекистон ўзини 1992 йил 8 декбрда демократик мамлакат деб эълон қилган [ЎзР Конституциясининг 1-моддаси]. Иккинчи томондан, БМТнинг ҚҚК сессиясида бирор давлат ҳисобот бераётган бўлса, халқаро келишувларга асосан давлат делегацияси таркибига қийноқлар масаласида жавобгар органлар раҳбарлари кириши керак. Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг ҚҚКда қийноқлар масаласи бўйича ҳисоботни биринчи марта 1999 йил 14 ноябрда тақдим этди. Ундан олдин, 12 ва 13 ноябрь кунлари ўз ҳисоботини Озарбойжон ва Қирғизистон ҳукуматлари тақдим этишган эди. Мен шу икки давлат ҳисоботларини шахсан эшитганман. Уларнинг делегациялари Бош прокурор, Ички Ишлар Вазири, Хавфсизлик хизмати бошлиғи ва бошқа мулозимларидан иборат эди.
Қизиғи, Ўзбекистон делегациясида кучишлатар тизимларининг бошлиқлар у ёқда турсин, ҳатто оддий ходими ҳам йўқ эди. Ўзбекистон делегациясига мамлакатнинг БМТдаги доимий вакили Алишер Воҳидов бошлиқ бўлиб келди, унинг ёнида эса Адлия вазирлигининг учинчи-тўртинчи даражали вакили, Омбудсманнинг бир вакили ҳамда Акмал Саидов ташкилотидан бир йигит бор эди, холос. Кўриниб турибди-ки, Ўзбекистон делегацияси қийноқлар масаласига ҳеч қандай алоқаси бўлмаган одамлардан ташкил топган эди. Бу ниманинг белгиси? Нега қийноқлар учун жавобгар бўлган Ички Ишлар Вазирлиги, Бош Прокуратура, Ҳарбий Прокуратура ва Миллий Хавфсизлик Хизматидан бирорта ҳам мулозим делегацияга киритилмаган?
Ислом Каримов давлат тепасига келгач, у давлат бошқарувининг барча соҳаларида АЙЁРЛИК СИЁСАТИНИ шакллантирди ва шу сиёсатни салкам чорак асрдан бери оғишмай давом эттириб келаяпти. Айёрлик сиёсати нимадан иборат? Айёрлик сиёсатининг биринчи шарти – демократик қонунчиликдир. Ўз-ўзидан тушунарли-ки, нодемократик қонунчилик айёрлик сиёсати учун асос бўла олмайди, чунки БМТнинг Қийноқларга Қарши Комитети, Инсон Ҳуқуқлари Комитети, Болалар Ҳуқуқлари Комитети ва бошқа комитетлари (ҳаммаси – 9 та) бирор давлат ҳисоботини эшитишдан олдин унинг қонунчилигини обдон ўрганишади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон Конституцияси авторитар ҳужжатдир, яъни бу асосий ҳужжат фақат авторитар раҳбар (Президент) учун ёзилган, унда давлат раҳбарига ҳаддан ортиқ ваколатлар берилган, уни назорат қиладиган органлар мазкур ҳужжатга киритилмаган (ва ҳоказо). Бироқ қабул қилинган юзлаб бошқа қонунларнинг аксарияти демократик руҳда ёзилган. Бу томондан БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕҲХТ) ва бошқа халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон қонунчилигига кўп эътирози бўлган эмас.
Айёрлик сиёсатининг иккинчи муҳим шарти – ҳар қандай халқаро анжуманда фақат Ўзбекистонда қабул қилинган қонунчилик ҳақида гапириш, ҳеч қачон унинг амали ҳақида гапирмаслик, ҳар қандай фактни инкор қилишдан иборат. Масалан, агар халқаро анжуманда қийноқлар ҳақида гап бораётган бўлса ва кимдир “Тергов пайтида айбланувчидан керакли иқрорликни олиш учун қийноқ қўллаган терговчини нега ҳукумат жазога тортмайди?” деб савол берса, ҳукумат делегацияси вакили дарҳол: “Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексида 235: “Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш” моддаси бор, биз ҳамма вақт бу моддани қонунбузар терговчиларга нисбатан қўллаймиз. Шу йил ҳисобида биз бу моддани еттита терговчига қарши қўлладик” деб жавоб беради. Бундай жавоб ҳам, одатда, қип-қизил ёлғон бўлади – ҳукумат доклади тайёрланаётган пайтда “мутахассислар”нинг онгида “буни ким ҳам келиб текшира оларди?!” деган ишонч ётади.
Мен ҳуқуқбонлик фаолиятим давомида юқорида айтилган халқаро йиғинлар ва бошқа тадбирларда Акмал Саидов, Сайёра Рашидова ва бошқа мулозимлар билан кўп марта учрашганман. Уларнинг докладлари ва бошқа чиқишларига эътибор қилсангиз, улар ҳамма вақт Ўзбекистоннинг қонунчилиги ҳақида гапиришади, бироқ унинг амали ҳақида бир оғиз ҳам сўз очмайдилар. Комитет аъзолари қонунларнинг амали (бажарилиши) ҳақида савол беришгани бўлганми? Бўлган! Бироқ мулозимлар: “Ўзбекистон ҳукумати ўз қонунларини изчиллик билан, оғишмай бажариб келаяпти. У-бу жойда қонунбузарликлар бўлиб туради. Бундай нарсалар ҳамма давлатларда ҳам бўлади-ку! Лекин биз кузатилган қонунбузарчиликка қарши курашаяпмиз” дейишдан нарига ўтишмайди. Комитет аъзолари Ўзбекистонга бориб буни билиб кела олмасликларини Ўзбекистоннинг айёр мулозимлари яхши тушунишади.
Нима қилиш керак? БМТ Комитетлари ва бошқа демократик ташкилотлар шундай пайтда мустақил ҳуқуқбонлик ташкилотларига мурожаат қилишади ва улар альтернатив (муқобил) доклад тайёрлашади. Ҳуқуқбонлик ташкилотининг доклади Комитет аъзолари томонидан алоҳида эшитилади. Одатда ҳуқуқбонлик ташкилотнинг вакили сессия ўтаётган мамлакатга бориши ва муқобил докладни тақдим этишига ҳукумат жон-жаҳди билан қаршилик қилади: масалан, Ўзбекистондан чиқиш визасини бермайди. ЕҲХТнинг 1998 йил 26 октябрь – 6 ноябрь кунлари Варшава шаҳрида бўлиб ўтган халқаро учрашувида биринчи марта мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) номидан қатнашдим. Ҳукумат делегацияси А.Саидов, С.Рашидова, Тошкент судьялар уюшмаси раиси Тўхташев ва Ташқи ишлар вазирлиги вакили Н.Пўлатовдан иборат эди.
Халқаро учрашувнинг биринчи икки кунида А.Саидов икки марта чиқиш қилди. Унинг докладларини эшитар эканман қулоқларимга ишонмадим – Ўзбекистонни билмасангиз демократик тузум шаклланиши бўйича АҚШ дунёда биринчи, Ўзбекистон иккинчи ўринда экан, деб ишониб қоласиз. Залда ўтирган 500 дан ортиқ одамлар орасида минг чиғириқдан ўтган, ёлғонни ростдан фарқлай оладиганлари ҳам кўп эди – улар А.Саидов гапларига кулишиб, бир-бири билан гаплашиб ўтиришди. А.Саидов докладида давлат мулозимлари томонидан қонунларнинг қўпол бузилишига доир бирорта мисол келтирилган эмас эди. 29 октябрь куни раислик қилувчи менга сўз берди. Менинг докладим конкрет мисолларга бой ва Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига боғлиқ вазиятини анализ қилишга асосланган эди. Мақтаниш эмас – зал менинг докладимни “нафас олмай” эшитди, докладим тугагач мени 20-30 одам ўраб олди ва саволлар бера бошлашди. Йиғилишнинг еттинчи куни эрталаб соат 830лар атрофида кўчада менга суиқасд уюштирилди – икки йигит мени уриб йиқитиб, бир неча минут давомида тинимсиз тепишди. Мен Варшаванинг ҳарбий госпиталида 9 кун ётдим.
1998-2007 йиллар орасида мен ЕХҲТнинг йиллик йиғилишларида 8 марта (Варшава, Вена, Истамбул) қатнашдим. Яна такрорлайман: бу йиғилишларда Акмал Саидов бошлиқ Ўзбекистон делегацияси нуқул Ўзбекистон қонунчилигининг мукаммаллиги ҳақида гапиришган, бирор марта ҳам “Ўша мукаммал қонунларингга давлат мулозимлари амал қилишадими?” деган саволга жавоб беришмади – фақат аравани қуруқ олиб қочиш билан чегараландилар, холос! Юқорида айтганимдай, халқаро ташкилотларнинг залда ўтирган ходимлари Ўзбекистонга бориб бу саволни ўндаб, балки юзлаб холис одамлар, ҳуқуқбонлар, адвокатларга бериб, уларнинг фикрини ўрганиб, текшириб, тахлил қилиб кела олмасликларига Акмал Саидовга ўхшаган “докладчилар”нинг ишончи комил бўлгани учун улар халқаро йиғиннинг юқори минбарида туриб бемалол ёлғон гапираверганлар. Буни халқаро ташкилотлар ҳам яхши тушунишади. Шунинг учун БМТ ўзининг 1948 йил 10 декабрда қабул қилган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”га асосланиб турли йўналишларда фаолият олиб борувчи Махсус докладчилари гуруҳини тузган. Масалан, қийноқлар бўйича ўтказилган халқаро учрашувларда бирор давлат ёлғон маълумотлар бераётгани гумонланса, шу мамлакатга Қийноқлар бўйича Махсус докладчи юборилади. Ўзбекистон шундай мамлакатларнинг бири эди.
Махсус докладчининг бирор давлатга бориши учун БМТ шу давлат раҳбарларига мурожаат қилиши керак – процедура шундай. Қийноқлар бўйича Махсус докладчини қабул қилишга рози бўлган мамлакат раҳбарлари Махсус докладчи истаган қамоқхона эшигини унга очиб бериши лозим. 90-чи йиллар ўртасидан бошлаб БМТ бошлиқларининг Ўзбекистон раҳбариятига қилган мурожаатлари рад этилган. 2002 йилнинг октябрида Ўзбекистонга БМТнинг Бош Котиби Кафи Аннан келди ва Тошкентда у шу масалани тўртинчи марта кўтаргач, Ўзбекистон ҳукумати Қийноқлар бўйича БМТнинг Махсус докладчисини қабул қилишга мажбур бўлди. Бу мутахассис – Тео ван Бовен – Ўзбекистонга 2002 йилнинг 26 ноябрида келиб ўз текширишларини бошлади. Ўзбекистон ҳукумати Тео ван Бовеннинг ишига имкон қадар тўсиқлар қўйишга ҳаракат қилди: қийноққа учраган инсонлар, уларнинг қариндош-уруғлари, адвокатлари, ҳуқуқбонлар билан учраштирмаслик учун турли найрангларни ишлатди, қийноқлар кенг қўлланилган МХХнинг “ертўласи” (вақтинчалик сақлаш изолятори) ва “Жаслиқ” қамоқхонасига киришга йўл бермади. Ўзбекистон ҳукуматининг бундай найранглари Тео ван Бовенга “Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам ва оммавий равишда қўлланади” дея хулоса қилишига тўсиқ бўла олмади.
Тео ван Бовен ўзининг Махсус докладини 2003 йилнинг февраль ойида эълон қилди. У докладида қийноқларни тўхтатиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати бажариши лозим бўлган 22 та тавсия киритган эди. Худди шу йилнинг май ойида Европа Қайтақуриш ва Тараққиёт Банки (ЕҚТБ) бошқарувчилари кенгашининг йиллик сессияси биринчи марта Тошкентда ўтказилиши мўлжалланган эди. Банк раҳбарияти Ўзбекистон ҳукуматига иқтисодни тиклаш учун бир неча катта грантлар бериши эвазига унинг олдига 3 та сиёсий ва 4 та иқтисодий талаб қўйди. Сиёсий талабларнинг бири Тео ван Бовеннинг 22 та тавсиясини сўзсиз бажариш эди. Фуқарога нисбатан қўлланилган қийноқ ҳукумат мулозими (терговчи, тергов бўлими бошлиғи, қамоқхона назоратчилар ва б.) нинг жиноят содир этганини билдиради. Агар давлат бошлиғи мамлакатда қийноқлар мунтазам ва оммавий равишда қўлланишини тан олса (Тавсияларнинг 1-чиси), у ҳолда давлат бошлиғи Халқаро Жиноят Суди (ХЖС)да маҳкамага тортилиши лозим бўлади. Бу перспектива Ўзбекистон бошлиқларини жиддий ташвишга солди ва улар тавсияларни ҳанузгача бажарган эмас. ХЖС маҳкамасига тушиш ҳукумат раҳбарларини шу қадар қўрқувга солди-ки, улар ЕҚТБнинг ҳам талабларини бажармади ва натижада мазкур банк Ўзбекистон ҳукумати билан 2005 йилда алоқани узди.
Тео ван Бовеннинг Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтказган инспекциясидан кейин 10 йил ўтди. Мамлакатда қийноқлар кучайса кучайди-ки камайган эмас. Тергов органлари ва қамоқхоналардан қийноқлар натидасида ўлдирилганлар жасади илгари қанча чиққан бўлса, ҳозир ҳам кам чиқаётгани йўқ. Бу орада Ўзбекистон ҳукумати БМТнинг Инсон ҳуқуқлари комитети ва Қийноқларга қарши комитети сессияларида, ЕҲХТ халқаро учрашувларида бир неча марта ҳисобот берди. Бу ҳисоботларнинг ҳаммасида Акмал Саидов, Сайёра Рашидова, Алишер Шарофутдинов, Абдукарим Шодиев ва бошқа мулозимлар қип-қизил ёлғонни гапириб келмоқдалар. Бошқача айтганда, Ўзбекистон ҳукумати нафақат ўз халқини, балки халқаро ҳамжамиятни ҳам лақиллатиб келмоқда, яъни халқаро миқёсда ҳам ўзининг айёрлик сиёсатини юргизиб келмоқда.
ҚОНУН, ҳозирги замон тили билан айтганда, бу – давлатнинг қонунчилик органи бўлган парламент томонидан қабул қилинган юридик ҳужжатдир. У жамият ҳаётининг ҳар бир слҳаси – сиёсат, иқтисод, ижтимоий масалалар, дин, давлат органлари, нодавлат ташкилотлари, маданият, спорт ва бошқа соҳаларида инсонлар – у ким бўлишидан қатъий назар, у давлат бошлиғи бўладими, милиция ходими бўладими, мактаб ўқувчиси бўладими (ва ҳ.), ўзининг ҳар кунлик ҳаётида, ҳатти-ҳаракатида ана шу қонунларга АМАЛ қилган ҳолда яшаши керак. Қонунлар давлат томонидан чиқарилгани учун энг аввало ўзини ҳурмат қилган давлатнинг мулозимлари қонунларга амал қилишлари керак. Давлат қонунлари умуминсоний қадриятлар асосида ишлаб чиқилган бўлса ва давлат мулозимлари уларга сўзсиз бўйсунишса, бундай давлатда яккаҳокимлик, шахсга сиғиниш ва инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини паймол қилиш
Давлат органи Парламент томонидан қабул қилинган Қонун ҳаётий бўлиши учун унинг Амали бўлиши керак, акс ҳолда Қонун қоғозга ёзилган жонсиз жумла ёки жумлалар тўплами бўлиб қолаверади. ҚОНУН ва АМАЛ – ҲАСАН-ҲУСАНдай, тўғрироғи, СИАМ ЭГИЗАКЛАРИдайдир. Сиам эгизаклари – елкалари ёки қоринлари туташиб кетган ҳолда туғилган эгизаклардир.
История человечества – это история борьбы народов с тиранами, ворами и узурпаторами