ЎЗБЕКИСТОН ТУМАН, ШАҲАР, ВИЛОЯТ ҲОКИМЛАРИГА МУРОЖААТ: ОММАВИЙ ИСТЕЪФО БЕРИНГ!

 

Муҳаммад Али Уроков
Муҳаммад Али Уроков

Ҳурматли ҳокимтўралар!

Ёки эскичасига мингбоши ва юзбошилар!

Мана, бир неча йилдирки, балким бирингиз кўпроқдир, бирингиз камроқ, сиз қайсидир вилоят, шаҳар, туманларга раҳбарлик қилиб келмоқдасиз.

Ким фатво берган билмайман-у, ваколат доираларингиздан анча ташқарига чиқиб, хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб, Ўзбекистонда қонунсизликка асосан, диктатура ўрнатилганини айнан сиз -мингбоши ва юзбошиларнинг ноқонуний ҳатти-ҳаракатларида кўрамиз.

Ўзбекистондаги  диктатура борлигини, оғзаки диктатуранинг ҳар қандай       Конституциядан устунлигини Сизлар исботлаяпсизлар.

Албатта, шерикларингиз ҳуқуқ-тартибот органлари ҳам бундан мустасно эмас. Яхшигина улушлари бор!

Лекин, сизлар ўша туман, шаҳарда биринчи шахсисизлар, Прокурорни танимасаям, МХХ бошлиғини танимаса ҳам, халқ Сизни танийди.

Лекин, бир нарсага ҳам ажабланаман, ҳам ажабланмайман. Сизлардан олдинги ҳокимтураларнинг аянчли тақдирларидан наҳотки хулоса қилмайсизлар?

Ахир, сизгача сиз ўтирган курсида 1991 йилдан буёғига неча одам келиб ўтирди-ю, нечтасини тақдири неча хил бўлиб кетди?

Сиз ўтирган курси қайси бирига содиқ қолди?

Сизгача ишлаб кетган ҳокимлар Каримовнинг топшириқларини жон-жаҳтлари билан бажаришга ҳаракат қилишди. Кечалари ухламади. Мажлисларда ким-кимларнинг оналарини “ҳалоллади”.

Ўзларининг ҳам оналари Тошкентда “ҳалолланиб” келди.

Эшакдай ишлади. Лекин, оқибатда нима бўлди?

Ўзи келар ёр-ёр, ўзи кетар ёр-ёр.

Каримов балчиққа булаб, у нажасхонадан олиб, бу нажасхонага ташлаб, юрту жаҳонга шармандасини чиқариб, мол-мулкини тортиб олиб, нечтасини қамади.

Нахотки, сиз ўйласангиз, менинг тақдирим ўзгача бўлади, мен отага содиқман, сидқидилдан хизмат қилаяпман деб?…

Чучварани хом санабсиз, сизники ҳам худди аввалгиларники каби бўлади. Ундан баттари бўлмас, бўлди….

Буни ўзиниз ҳам жуда “прекрасно” биласиз.

Шундай экан, нега вақтинчалик ҳокимлик пайтингиз бунчалик қутурасиз?

Ҳа майли, олдинлари ОТА бақувват эди. Қўрққансиз. Энди, у ёғидан бу ёғи яқинлашиб қолди. Ёки ОТАни умрбод яшайди деб ўйлаяпсизми? Жиддий фикр юритсангиз, ОТА ўлмас кашчей эмас. Бир кун ўлади. Ёки бирор ўзариш бўлиб, ҳукумат состави ўзгаради. Унда нима қиласиз?

Cиз ҳам оддий одам, сизда ҳам бола-чақа дегандай… Сизни бир сариқ чақага олмайдиган одамнинг ноқонуний, но инсоний буйруқларини бажаришга нимага бунча ошиқасиз? Шунчалик ожизмисиз? ОТАнгиз тарихда қонхўр диктаторлар қаторидан фахрли ўринларни олишга улгурди. Сиз Ўзбекистон тарихида қандай ном қолдирмоқчисиз?

Навоий вилояти Зарафшон шаҳрининг собиқ ҳокими худди шундай шахслардан эди. Отаси тенги одамларни сенсирарди. Сени Зарафшон шаҳридан 24 соат ичида йўқ қилиб юбораман, дерди. У кишинин исми фамилияси:Эшмирзаев Илҳом Норбекоович эди. Бу Э.И.Н деганлари қаерда ва ким томонидан таълим тарбия олган экан, билмадим. Яна у киши сенатор эди. Парламентарий!!!!

Ҳозирги вақтда, Ўзбекистон ҳудудидаги барча йўл патрул хизмати постлари-ю, паспорт столи, участка нозирлари хоналарининг ёнларида ҚИДИРИЛМОКДА, орган ходимларининг қидирув “ҳурмат тахтаси”да фахрли биринчи ўринда фотосурати турибди. Тагига зарҳал ҳарфлар билан 144-205-210 моддалар деб ёзиб қўйилибди. Шуми ҳокимлининг қисмати?!

Э.И.Н қанчадан-қанча тадбиркорларни ёстиғини қуритди. Қанчасини шилди. Шантаж қилди. Мажбурлаб Болалар спортини ривожланириш фондига пул кўчиртириш бўйича унинг олдига тушадиган йўқ эди. Ҳатто бир тадбиркорни ҳисоб рақамидан банк бошқарувчиси орқали ҳеч қандай тўлов-топшириқномаларисиз 3 миллион сўмини тортиб олган эди.

Нурали деган ҳамқишлоғи номига тадбиркорлар ҳисобидан ўзи учун иссиқхона (теплица) қурдирди. Мактабларга бориб, ўқитувчиларни террор қилиб, ноутбукинг қани, флешканг қани деркан. Худди ҳамма ўқитувчига ўз ҳамёнидан биттадан ноутбук ва флешка олиб бериб қўйгандай. Мактабларга ҳам ота-оналардан мажбурлаб пул йиғдириб, теплица, товуқхона, қуёнхона қурдирди. Жўжа, бир бош сигир, қуён олдиртирди.

Ишдан кетгандан бери, на қуёнлардан дарак, на сигиру на товуқдан. Қуёнлар жуфтакни ростлаган бўлиши мумкин. Чунки қуён зоти ўзи қўрқоқ бўлса хам, чаққон жонивор!!! Қуёнларга қўшилиб Илхомбек ҳам жуфтакни ростлади.

Фақат фотосуратлари қолди. Қидирилмоқда…..144-205-210 Ўз РесЖК моддалари…

Собиқ Зарофшон Ҳокими Илҳомбекнинг қаро қисмати сизларда ҳам такрорланмаслиги учун, келинглар, сизларга бир дўстлик қилай!

“Бирдамлик”ка қўшилинг!

Оммавий тарзда аризангизни ёзиб ишдан кетинг.

Зеро, бугунги мухолифат, эртанги ХУКУМАТ!!!

Келажакда эса ҳокимликни “Бирдамлик” билан энг аввало, ҲАЛОЛЛИКдан бошлайсиз. Ўшанда эртангиз ҳам, ҳаётингиз ҳам бехавотир бўлади, ишонаверинг.

Энг тўғри йул шу!!!!!

Муҳаммад Али Уроков 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares