Когондаги портлашларда '27 киши ҳалок бўлган'

 

Образец Web-страницы

kogon2203.gif
Портлаш кунлари когонликлар Бухородаги зиёратгоҳлардан паноҳ излашган

Норасмий инсон ҳуқуқлари гуруҳи олиб борган текширув натижаларига кўра, 10 июл куни Когондаги ҳарбий омборда юз берган портлашларда камида 27 киши ҳалок бўлган.

«Тезкор гуруҳ» ноҳукумат ташкилоти қурбонларнинг исм-шарифи ва манзилларига доир маълумотлар тўплаганини айтган.

Гуруҳ тарқатган ахборотда айтилишича, уларнинг ҳаммаси Когондаги портлаш марказидан бир ярим-икки чақирим узоқликда яшаган тинч аҳоли вакилларидир.

Ҳисоботда ҳарбийлар орасидаги талофатларга доир маълумот келтирилмаган.
Ўзбекистон ҳукумати Когондаги қурол-аслаҳа омборида юз берган портлашлар натижасида уч кишининг ҳалок бўлгани ва йигирмадан ортиқ одамнинг яраланганини маълум қилган.

Ахборот қамали

«Тезкор гуруҳ»нинг хулоса қилишича, ўзбек ҳарбийларининг «уйдаги гапни кўчага чиқармаслик»ка уриниши аслаҳа омбори яқинида яшаган аҳоли учун ҳалокатли оқибатларга олиб келган.

Гуруҳнинг шоҳидларнинг ҳикояларига таяниб билдиришича, ҳарбий қисмдаги ёнғин кетма-кет портлашларни келтириб чиқарганидан икки соат ўтиб, одамлар хавфни англаб етишган ва уйларидан чиқиб, қоча бошлаганлар.

Мустақил таҳлилда айтилишича, портлашлар билан боғлиқ ахборотнинг ёпиб қўйилиши натижасида фожианинг эртаси куни тонгда Бухоро бўйлаб миш-миш ва уйдирмалар тарқалган.

«Россиянинг сунъий йўлдош телеканалидан ўн мингга яқин вагон портлаши мумкинлиги ҳақидаги хабарни эшитганимдан сўнг, Тошкентга қараб, йўл олмоқчи бўлдим»,- деб айтган когонликлардан бири.

Гуруҳнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг давлат телеканаллари фақат мусиқа ва бошқа кўнгилочар дастурларни намойиш этган.

Шоҳидларнинг сўзларига кўра, фожиа юз берган кунлари ваҳима ва саросимада уйларини ташлаб чиққан когонликлар орасидан маҳаллий масжид ва зиёратгоҳларга оқиб келаётганлар кузатилган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари когонлик рус миллатига мансуб фуқаролардан бирининг мана бу сўзларини келтиришади: «биз тунда қўшним билан Баҳовуддин (Баҳовуддин Нақшбандий мақбараси-Би-би-си) га келдик. Қўшним мусулмон ва менга фақат ўша ерда паноҳ топишимиз мумкинлигини айтди. Йўлда мен унинг ўзини йўқотиб қўйдим ва унинг учта боласини олиб, Баҳовуддинга келдим. У ерда мени овқатлантиришди, бошпана беришди, мени, рус аёлини!».

Ким айбдор?

«Тезкор гуруҳ» мамлакат фавқулодда хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот идораларини фожиани бартараф этиш учун етарли чораларни кўрмаганликда айблаган.

Гуруҳнинг айтишича, ҳарбий қисмда юзага келган ёнғинни жиловлаш учун ҳарбийларнинг ихтиёрида камида икки соат вақт бўлган.

«Одамларни портлаш марказидан кўчириш учун бу вақт етарли эди, аммо бундай бўлмади», дейилади инсон ҳуқуқлари фаолларининг хулосаларида.

Гуруҳнинг айтишича, фожиа юз берган пайт фуқароларга кўмаклашиши керак бўлган куч тизимлари, хусусан, кўп сонли милиция «кўздан ғойиб қолган».

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, ҳукумат тизимларининг иши ва қутқарув амалиётлари яхши мувофиқлаштирилганида кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди.

Портлашлардан бир ҳафта ўтиб, Когонга ташриф буюрган Президент Ислом Каримов шўро даврида қурилган қурол-аслаҳа омбори «норматив талабларга жавоб бермагани»ни айтган.

У Мудофаа вазирлиги ҳарбий омбордаги вазиятни «етарли даражада назорат қилмагани»ни ҳам тан олган.

Ҳодиса юзасидан тузилган ҳукумат комиссияси ҳозирга қадар фожиа сабаблари ва қурбонлар сонига доир дастлабки хулосаларини эълон қилмаган.

Расмийлар эса аллақачон Когонда ҳаётнинг изга тушганини айтишмоқда.

BBCUzbek.com

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares