Хабарлардан Сизга яхши маълумки, 5 декабр куни “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати чорлови асосида Олойга – ОШ тадбирига отланган оқ либосли фуқаролар куч ишлатар тизимлари томонидан “аср” олинган эди.
Ҳар бир ОШ аксия иштирокчиси ўз ҳудудларидаги Ички ишлар бўлимига олиб кетилган ва турли вақтга қадар ҳеч бир асоссиз тутқинликда тутиб турилган.
Янгийўллик фаол Муҳаббат Муҳиддиновага нисбатан милиция ходимлари куч ишлатиш – қўл кўтаришгача бориб етишган эди.
Ҳаракат Матбуот Хизмати ҳозиргина олган хабарга кўра, 5 декбарь куни тахминан соат 14.30 ларда Олой бозори олд майдонидаги “ОШ” тадбирида иштирок этганлиги учун милиция ходимлари томонидан қўлга олинган ва зудлик билан ўзи истиқомат қилаётган Зомин туман Ички ишлар идорасига олиб кетилган Ҳаракатнинг Жиззах вилоят бўлими етакчиси Алиқул Саримсоқов тун давомида милиция бўлимида “меҳмон” бўлишга мажбур этилган.
“Бирдамлик” етакчиси то тонгга қадар ҳеч бир асоссиз, ғайриқонуний тарзда Ички Ишлар идорасида олиб ўтирилган ва эрталаб “Руҳсатсиз Зомин туман ҳудудини тарк этмаслик ва яхши хулқда бўлишлик” ҳақидаги таҳдидли огоҳлантириш ва тилхат эвазига озодликка чиқарилган.
Шу алфозда И.Каримов ҳукумати “Бирдамлик”нинг ОШ тадбири иштирокчилари сонини “тушовлаб қўйиш” эвазига биттага камайтиришга муваффақ бўлди.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Матбуот Хизмати