«БИРДАМЛИК»нинг “ОШ” ТАДБИРИ ҲУКУМАТ ҲАМЛАСИ БИЛАН ИНҚИРОЗГА УЧРАДИ

ОҚ ЛИБОСЛИЛАР ОРАСИДА КУЧ ИШЛАТАР ТИЗИМЛАРИ ТОМОНИДАН КАЛТАКЛАНГАНЛАР БОР!

 Osh 19

Ҳар доимгидек Конституция қабул қилинган кун муносабати билан “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон аҳлини Оммавий Шодлик, Оқсаройга Шошилинг, Оммавий Шикоят, Оммавий дардингни айт каби тушунчаларни ўзида мужассам этгувчи Оммавий ОШ тадбирига чорлаган эди.

ОШ тадбири талабига кўра зулмкор Каримов тузимига қарши фуқаролар оқ либос кийиш орқали ўз нарозиликрини изҳор қилиш мақсадида 5-,6-,7-,8 декабр кунлари пойтахт Тошкентнинг Олой бозори олдидаги бош майдонга тўпланишлари лозим эди.

Шундай ҳам бўлди: 5 декабрь куни “Бирдамлик” ХДҲ Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова, Альянс инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти лидери Елена Урлаева бошчилигидаги 14  нафар ҳақиқат ва ҳақ талаблардан иборат бўйнига оқ шарф боғлаган фуқаролар маҳаллий вақт билан соат 14.15 да Олой бозори дарвозаси қаршисида жамул-жам бўлишган эди.

Қўлларида Ўзбекистон Республикаси Конституциясини тутган тадбир иштирокчилари  эсдалик учун суратга тушиш жараёнида “ОҚ либос”лилар қандайдир нотаниш “қора кучлар” тамонидан ҳаёл ўтмай қуршовга олинди.

Бу пайтда ОШ иштирокчиларининг Олой майдонига келганларига ҳали 10 дақиқа ҳам ўтмаган, тадбир қатнашчилари нафас ростлашга ҳам улгуришмаган эди.

Узун бўйли басавлат эркак киши даставвал ҳуқуқ етачиси Елена Урлаеванинг қўлидаги фотоаппаратини куч билан тортиб оларкан, навбат Эшонқуловага етди.

“Қаний, қандай матоҳ экан бу? Бир кўриб қўяйликчи?” дея ярим киноя аралаш “Бирдамлик” етакчисининг қўлидан видеофотоаппаратини оларкан, атрофдаги шерикларига,  “Бўлди, бас, йиғиштиринглар барчасини” дея фатво берди.

Унинг ўзи шериги билан Елена Урлаеванинг икки томондан қўлтиқлаганча оёғини ерга текизмасдан бозор ортига қараб судраклади.

Шунда икки нафар ёш йигитчилар Эшонқулова қаршисида пайдо бўлди:

“Малоҳат опа, яхшимисиз? Оқ либосларингиз ўзингизга жудаям ярашибди. Энди биз билан боришингиз керак, гап бор, қани, кетдик” дейишди улар минг йиллик қадирдонлардек юзида табассум ва очиқ чеҳра билан.

Эшонқулова видеофотоаппаратини олиб, Урлаевани қарйиб “кўтариб” кетаётган барзанги нотаниш одам ортидан эргашганди, ёшгина орган ходимлари етакчининг йўлини тўсишди.

“Эй, йўқ, опа, сиз у ёққа эмас, бу ёққа, – деди ходимлардан бири қўли билан қарши томонни кўрсатаркан, – Биз билан боришингиз керак.

Икки ходим қуршовидаги Эшонқуловани аввалдан шай қилиб қўйилган ИИБ машинасига ўтқазишди.

– Мени машинага олишлари билан мобил телефонимни қўлимдан олиб қўйишди. Ортимдаги издошларимга хавотир билан қараганимда, уларни бир нечта фуқаро формасидаги ходимлар тўрт томонга тортқилашаётганликларига кўзим тушди, – дейди М. Эшонқулова.

Бу гал  Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасининг терроризимга қарши кураш бўлими ходимлари ўзига хос йўл тутишди.

“Тўрга туширилган” ОШ тадбири иштирокчилари одатдагидек воқеа содир бўлган ҳудуд ички ишлар бўлимига келтирилмади. Кейинчалик маълум бўлишича, ҳар бир фуқаро ўз яшаш жойига қарашли ички ишлар идораларига олиб кетилган.

– Мени ўзим яшаётган Учтепа туман ички ишлар идораси биносининг орқа ҳовлисидан бинонинг учинчи қаватига олиб чиқишди. Бу ерда афтидан вақтинча тутқунлар учун мўлжалланган иситиш тизими ҳам ўрнатилмаган, “тўкилиб” ётган хароба ва ўта совуқ бир хона бор экан. Мени ўша хонада “асир” қилишди. 99 таси келиб сўроққа тутишди….

“ОШ”га ОҚ либос кийиб чиққандим, одамларга йўлбошчилик қилиб намойишга бошлагандим” деб ёзиб берасиз дея қисташди. “ОШ” моҳияти ва оқ либоснинг мазмунини тавсифлаб берасиз деб талаб қилишди.

Қарасам, менга “диктовка” қилиб, тушунтириш хати ёздиришмоқчи. Тушунтириш хатини ўз билганимча қоралаб бердим. Ходамлардан бири тутуштириш хатим мзмунини ўзгартиришимни кўп илтимос қилди. Энг қизиғи, уларнинг қай бири ИИБ ходими, қай бири МХХ ходими, билиб бўлмади. Барчаси фуқаро кийимида. Ажабланарлиси, бирортаси ўзини таништириган эмас. Таништиришни лозим топишмади ҳам. Лекин ўта хушмуомалалик билан муносабатда бўлишди.

Тўғри, ораларида оддий одамларни писта пўчоқчалик кўрмайдиган битта тумшуғига хода етмайдиган, кеккайган, кибори бор экан. Муомаласи ҳам феълига яраша. Фақатгина ўша ходим бир иккита сўроқ саволи, дағдағали гаплари билан “силтаб” ташлади… Унга ўзига муносиб оҳангда жавоб қайтармоқчи эдиму, бироқ бу зиёли шахс хулқига тўғри келмаслигиги учун  базур ўзимни босиб қолдим… Кейин дўқ-пўписа қиладиган ходимнинг қораси ўчиб, унинг ўрнини аврашга уста мулойимхунук ходимлар эгаллашди….

Бизни кундузи тахминан соат 14.30 ларда тутиб кетишган бўлса, мени қарйиб тунги соат 24 ларга яқин ушлаб ўтиришди. Бу саотлар давомида мингтаси келиб мен билан уҳбатда бўлишди.

“Эшонқулова деганлари сизмисиз? “Интернетни ёндириб” ётган аёл-а? Ўзингиз бир бурда экансизу, иддаонгиз оламни бузаман дейди?” дея  ким-қанча ходимлар зоопарккка қўйилган маймунбаччани томоша қилаётган кишидек, ажабланиб, менга бош оёқ ҳайрат, қизиқиш ва ачиниш билан боқиб ҳам кетишди…

Тўғри, менга қўпол муомалада бўлишган эмас. Бироқ улар бу гал мени жазолаш учун узгача “услуб” қўллашди. Илк қорли куннинг изғирин совуғида иситиш тизими йўқ ўта совуқ хароба хонада қарйиб 10 соат давомида ушлаб ўтиришди… Ниҳоятда совуққотиб кетдим. Совуқ еганимни, қизларимга қўнғироқ қилиб, иссиқ кийимларимни келтиришларини сўрашимни айтиб, ходимларга бир неча бор илтимос қилдим, фойдаси бўлмади… Хуллас, ўша совуқ хонада ўпкамни уриб кетди-ёв…

Ниҳоят менинг кетишимга изин беришлари арафасида хонага салобатли тўрт ходим кириб келди. Улардан бири кўзойнак таққан, қўлида бир даста қоғозлари ҳам бор. Иккита холис ҳамроҳлигида кириб келган шахслар ўзларини суд ижрочилари деб таништиришди.

Ярим тунда менга тегишли бўлган телефон аппарати ва фотовидеоаппаратни давлат фойдасига мусодара қилиш хусусида “қоғоз-қалам” қилишди – далолатномалар тузилди. Фақатгина сим картамни қўлимга тутқазишди.

Шундан кейингина ходамлардан бири қўшни хонадан қайгадир сим қоқди ва “Ҳаммаси айтилгандек бўлди, мана бу Эшонқуловани нима қилайлик энди?” деб сўради телефон ортидаги одамдан.

Гўшак ортидаги овоз эшитилмади. Афтидан “Кутинглар” дейилди чамаси, “Опажон, яна бироз ўтириб туришингиз керак” дейилди менга….

Ниҳоят “ит-итга, ит-қуйруғига буюради” деганларидек, униси бунисидан фатво олиб бўлди, назаримда, менга жавоб тегди.

Янаям қизиғи, ярим тунда ИИБ биноси эшиги тагида турган йўловчи аёлдан ҳайдовчилар ҳайиқишади, чамаси, бирорта такси тўхтай демайди….

Учтепа ИИБ биносига яшаш манзилим у қадар узоқ эмас – уч бекат нарида жойлашган…

Уйимга эмаклагудек бўлиб, яёв келишга мажбур бўлдим. Уйга кирганимда совуқдан кўкариб кетгандим… Туни билан ҳароратим кўтарилди. Қаттиқ шамоллабман шекилли… Грипп “теккан”… Ҳозир “ичимни аптека” қиливолиб, уй шароитида даволаниб ётибман…, – дейди “Бирдамлик”нинг Ўзбекистон бўлими етакчиси, – Бир сўз билан айтганда, ОШ тадбирининг илк куни ҳукуматнинг ҳамласи билан инқирозга учради. Лекин олдинда яна икки кун бор. Дардим ариб, оёққа турсам, эрта-индин яна оқ либосда Олойга йўл олиш ниятим бор…

Афтидан, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари кимга қандай муомалада бўлишнинг хў-ўўўп ҳаддини олган кўринади.  Тутқундаги журналист Эшонқуловага куч ишлатилмади, қўпол муомалада бўлинмади. Шунчаки… Бу “бебош” аёлни ўзгача йўсинда жазолашни маъқул кўрдилар, холос: табиат кучидан, қорнининг совуғидан фойдаланган ҳолда руҳий, жисмоний таъсир ўтказишга уринишган. Аёлни атай совуқ хонада тутқин қилиб туришган.

Бироқ, энг ачинарлиси, орган ходимлари томонидан ҳеч бир сабабсиз қўлга олинган ОШ тадбирининг барча иштирокчиларига ҳам бир хил муносабатда бўлинган эмас экан.

Мана, масалан, “Бирдамлик”  етакчиси Алиқул Саримсоқовни Олой майдонидаги ОШ тадбиридан қармоққа олган куч ишлатар тизимлар уни ўша заҳотиёқ оёғини ерга текказмасдан ўзи яшайдиган ҳудуд – Жиззах вилоятининг Зомин туманига елтиб қўйишган.  Саримсоқов билан боғланишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, Шайҳонтоҳур туман ИИБ биносига келтирилган ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамовга “Қайта бу ерларда қорангизни кўрмайлик. Яна бир бор оқ шарф тақиволиб Олойга чиқадиган бўлсангиз, Конститутция куни ўтгунга қадар қамаб қўйиласиз!” дея дағ-даға қилиб, қўрқитишга уринишган.

ОШда иштирок этган айрим аёлларга эса куч ишлатар тизими ходимлари томонидан ундан-да кучлироқ жазо чораси – калтак қўлланилганлиги ҳолатлари хусусида хабарлар мавжуд.

– Уларнинг калтакларини олдида эримиздан еган таёқлар холва бўлиб қоларкан, – дея синиққина жилмаяди ОШ акцияси иштирокчиси, 5 декабр тадбирида асоссиз куч ишлатар тизимлар томонидан қапқонга туширилган фаол Муҳаббат Муҳиддинова, – Ёмон калтаклашди. Ҳозир буйругим оғриб, аъзойи баданим қақшаб ўтирибди… Қолган ҳамроҳларимни ҳам силташаётганларига кўзим тушди… Яна чиққудек бўлсак, бундан баттарроғини қилишади-ку, улар…. – зорланади юрак олдириб қўйган Муҳаббат опа.

Муҳаббат опанинг охирги сўзларига эътибор беринг: “Яна чиққудек бўлсак, бундан баттарроғини қилишади-ку, улар….”….

Шу маънода, айтиш мумкинки, Ўзбекистон куч ишлатар тизимлари қайсидир маънода ўз муддаоларига етишди, ҳисоби. Уларнинг асл мақсади ОШ тадбирида иштирок этиш учун Олойга оқ либосда келган тинч фуқароларни тутқин қилиб, калтаклаш орқали уларнинг кўнглига қўрқув уруғини сочиш эди.

Муҳаббат Муҳиддинова мисолида, Каримовнинг куч ишлатар тизимлари бунга муваффақ бўлишди. ОШда иштирок этиш мақсадидаги кўнгилли фуқароларнинг ўтини, юрагини олиб қўйишди.

Аслида, Ўзбекистон ҳукумати ана шу каби зўравонлик усулини қўллаш орқали ўзбек халқини куч билан ушлаб, халқ норозилигини ўта ваҳшийлик-ла зўр-баъзур бостириб турибди…

Вақти келиб ҳукуматнинг бу каби зўрлигу зулумлари ҳам ҳеч бир иш бермай қолиши ҳам мумкин….

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот маркази

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares