Ниҳоят яқинларига 71 ёшли маҳбус Ҳасан Чориев билан кўришишга изин берилди….

Ҳaсан Чориев.
Ҳaсан Чориев.

Қашқадарёнинг Шаҳрисабз шаҳрида истиқомат қилувчи Ҳасан Чориев шу йилнинг 17 июнь куни “вилоят прокуратурасига суҳбатга” чақиртирилган.

Икки нафар ички ишлар ходими томонидан маҳаллий вақт билан эрталаб, соат 8.00 лар атрофида ўз уйидан  олиб чиқиб кетилган 71 ёшли отахон уйига қайтмаган.

Қариндошларининг 5 кун давомидаги суриштирувлари натижасида, эндигина қидирув эълон қилиш мақсадида тегишли идорага ариза бериш баробарида, ногоҳон, Ҳасан Чориевнинг дараги Қаршидаги 5-сонли тергов хибсхонасидан топилиб қолган.

Кейинчалик маълум бўлишича, 71 ёшли оқсоқол гуё шу йилнинг 12 июнь куни 19 ёшли  Матлуба Абдураҳмонованинг номусига тажовуз қилишда айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Шу-шу на адвокат ва на яқинлари хибсдаги Ҳасан Чориевни қайтиб кўрмаган.

Ўзбекларда чилла деган тушунча бор: янги туғилган чақолоқни ёхуд ёш келин-куёвларни инсу-жинслардан асраш  мақсадида 40 кунлик чиллага солишади. Ва бу амалнинг ҳам ўзига хос расм-русмлари мавжуд.

Буни қарангки, Ўзбекистон қамоқхонаси маъмурияти ҳам ўзбекларнинг ана шу удумига амал қилишаркан-да. Маҳбусларни чиллага солиб, чилёсин қилишаркан.

Бироқ, фарқи шундаки, қамоқхона маъмурияти жорий қилган чилланинг муддати одатдагидек 40 кун эмас, жа-ааа узоққа чўзиларкан.

Афтидан, 71 ёшли қарияга кўз тегиб қолишидан қўрққан ҳукумат миршаблари турли зиён-заҳматлардан асраш илинжида Ҳасан отага атаган  “чилла мавсуми” ниҳоясига етди, чамаси, ниҳоят, орадан 3 ойдан ортиқроқ  фурсат ўтгач, аниқроғи, 125 кун деганда маҳбусни “чилладан чиқаришди”.

20 ноябрь куни кенжа ўғил Бекзод Чориевга Тошкент вилоятининг Товоқсой “оромгоҳи”га, йўғ-э, хибсхонасига “одил суд” томонидан 5 йилу 2 ой муддатга “путёвка” берилган Ҳасан Чориев билан дийдорлашиш бахти насиб этди.

– Айни дамда отамнинг саломатлиги яхши эмас, шу сабаб ҳозирда Қамоқхона тасарруфидаги Қўйлиқда жойлашган  тиббиёт бўлимида даволанаётган эканлар. Бор-йўғи икки соатлик учрашув беришди, – дейди Бекзод Чориев, – Шундаям, яқинига йўлатишмаскан, учрашиш, қучоқ очиб кўришиш қайда? Бирор маротаба қамоқхонага бирор кишини йўқлаб борган эмасдим. Бу ерда ойна ортидан, телефон орқали суҳбатлаштиришар экан. Отамни ойна ортидан кўрдим, овозларини телефонда эшитдим…. Ўша ерда ҳам ўзларини ўйламайдилар, биздан, оила аъзоларидан, фарзандлари тақдиридан қайқуриб ўтирибдилар….

Эслатиб ўтамиз, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати лидери Баҳодир Чориев Ҳасан отанинг тўнғич фарзанди.

Отахоннинг 7 нафар ўғли сиёсий қочқин сифатида АҚШ давлатидан қўним топган.

Июнь ойининг 9 санасида  Игорь Ротарьнинг “Американский дальнобойщик – будущий президент Узбекистана” мақоласи эълон қилинди. Америкада истиқомат қилаётган ёш мухолифатчи  – катта юк машинаси ҳайдовчиси Баҳодир Чориевнинг келгуси режалари,  орзу-истаклари акс этган  ушбу мақола эълон қилингач, орадан  ўн кун ҳам оралатмай, Ҳукумат  “дальнобойщик – будущий президент”нинг отасини хибсга олиш учун типирчилаб қолишди. Ва бунга эришди ҳам.

Юқоридаги фактнинг ўзиёқ, аслида, 71 ёшли Ҳасан Чориев ёш қизнинг номусига тажовуз қилганлиги учун қамоқ жазосига ҳукм қилинмаганлигини, айнан мухолифат лидери бўлган ўғлининг оламшумул орзулари, оташин сўзларининг тавонини тўлатиш мақсадида зиндонбанд этилганини очиқ-ойдин айтиб, исботлаб турибди….

Одамийлик ақидаларига амал қилинадиган бўлса, “ота ўғил учун, ўғил ота учун жавобгар эмас” дейилади. Лекин дўпписи тор келиб қолган Ўзбекистон ҳукумати бунинг каби инсонийлик тамойилларига тупириб қўйган. Оқибатида эса, энди Ҳасан Чориев  ўзбек халқини оммавий бўйсунмасликка, оммавий намойишларга чорлаб Каримовнинг ҳузурини ўғирлаётган ўғилни дунёга келтирганлиги учун ҳам 5 йилу 2 ой “ўтириб чиқишга” – тавон тўлашга маҳкум.

Модомики, Каримовнинг ҳаловати бир қариянинг 5 йилу 60 кунлик  умри билан ўлчанар экан, начора, Ҳасан ота ҳаётининг 1885 кунини Каримов қасоскорлигининг  алам алангасида қурбон қилишгаям рози…

Фақат…. Фақат, қамоқхона маъмурияти томонидан Ҳасан Чориевнинг  оила аъзоларига 3 ой – 90 кун деганда бир боргина маҳбус билан учрашувга изин беришларини маълум қилгани чакки бўлди-да…  3 ойда бир-а?

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares