Аслида, шу нарсани тан олиб айтишимиз керакки, биз шўринг қургур ўзбеклар ҳар куни амал эгарида ўтирган ўз миллатдошларимиз томонидан ҳар куни тинимсиз таҳқирланамиз, ҳақ-ҳуқуқларимиз маҳаллий тўраларимизга мисоли бир эрмак.
Лекин шунчалар журъатсиз, ҳамиятсиз бўлиб кетганмизки, бир юзимизга ноҳақ тарсаки тортгудек бўлишса, ялтоқланиб, иккинчисини тутиб берамиз. Камига камситишларига қуллуқ ҳам қилиб кетамиз.
Нега?
Бизни таҳқирлаётган тўранинг турмага тиқиб қўйишидан қўрқамиз.
Буни қарангки, ўзбекнинг бир фарзанди, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати раҳбари мусофир бир юртда ҳабаш ходимнинг ҳурматсизлиги, ҳақсизлигига қарши чиқиш учун ўзида куч топди, ёт элда кучли қаршилигу, катта кўнгилсизликларга учраши мумкинлиги ҳақидаги ҳадикли хаёллар ҳам уни ўз аҳдидан қайтара олмади.
Ўз шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш учун у очлик эълон қилишга, ўз саломатлигини гаровга қўйишга ҳам рози бўлди.
Тўғри, бир томондан, Баҳодир Чориевнинг ўз ҳамиятини ҳимоя қилиш борасидаги бу илк уринишлари кўнгилсиз, яъниким, катта миқдордаги жарима билан хотима топган бўлиши мумкин.
Бироқ, масаланинг иккинчи томони ҳам борки, Флорида штатининг Маями шаҳрида жойлашган Sam’s Klub савдо компанияси шаҳобчасининг юк қабул қилиш бўлими ходимлари Баҳодир Чориев мисолида курраи заминда ЎЗБЕК деган бир миллат борлигини, бу қавм кишилари шаъни, қадр қиммати учун курашишга ўз соғлиги – жонини ҳам тикишга қодир ҳамият соҳиблари эканлигига гувоҳ бўлишди.
Айнан “Бирдамлик” етакчисининг саъи ҳаракатлари сабаб Sam’s Klubдагилар юк топшириш истагида келган трок ҳайдовчиларига бундан кейин ўйлаброқ, масъулият билан муомалада бўлишади деган умиддаман.
Ҳар қандай янгилик, ўсиш, ўзгариш, ютуқ, инқилоб ҳам аслида мана шу каби майда қадамлардан бошланади.
Айтишади-ку, “Ғалаба қурбонсиз бўлмайди” деб. Шу маънода, айтиш мумкинки, Баҳодир ва унинг рафиқаси Феруза Чориевалар АҚШдаги ўз ҳамкасблари, катта юк машинаси ҳайдовчиларининг қадр-қиммати, шаъни ҳимояси учун суд томонидан ўзларига солинган гаров пули мисолида қурбонлик беришди. Ҳали юқорида айтиб ўтганимдек, муҳожир миллатдошларимизнинг ушбу моддий юқотишлари беиз, бесамар кетган эмас.
Адолат тантанаси учун курашга киришган инсон қай замон ва маконда, қандай шароитда бўлмасин ўз аҳди, ўз маслагига содиқ бўлиши лозим. Шу маънода, Баҳодир Чориев тили билан дили бир эканлигини амалда яна бир бор исботлаб қўйди.
Ваҳоланки, у ҳам, “оч қорним – тинч қулоғим” қабилида иш тутиши, аксарият ўзбекларимиз каби индамасдан елка қисиб кетиши мумкин эди.
Баҳодир каби ўзбек ўғлонлари бизнинг фахримиз. Барча миллатдошларимиз у каби ўз ҳамияти учун туриб берганида, бера олганида эди, бугун халқимиз шодаси узилган маржондек тўрт томонга сочилиб кетмаган бўларди.
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси