ИНСОНПАРВАРЛИК, МИЛЛАТПАРВАРЛИК ИШБИЛАРМОНЛИК КАМТАРИНЛИК!

 

(“Бирдамлик” раиси Баҳодир Чориев 44 ёшда)

Bahodir Choriyev

Кўпинча Баҳодир Чориевни яхши билмаган кишилар, нима кераги бор, бу шахсни сиёсатга аралашиб юришига, катта бўлмаса ҳам ширкати, АҚШ учун жуда керакли забардас юкмашиналарни ҳайдовчилик касби бор экан, дейишади. Инсон руҳиятининг билимдонлари, шахснинг у ёки бу муҳим хислатлари ва интилишлари, унинг ёшлигида кўрган тарбияси, олган билими, йўналтирилган иродасига боғлиқ эканини такидлашган. Худди шуни Баҳодирнинг отаси Хасан ака ва онаси Норой опани тарбияси, мактаб ва атроф муҳитдаги ўзбекларга хос  фидоий аҳлоқийликда кўриш мумкин.

Ўн уч ёшли Баҳодир отасига қарши маҳкама чиқарган, ноҳақ айбловни бекор қилишга ўз хиссасини қўшган. У отаси ўрнига, уйидан 160 км узоқда жойлашган совхозга бориб, деяли бир йил ишлаган. Хасан ака, ўзини тўлиқ расман оқлагач, беҳад хурсанд уйига, мактабга қайтган. Баҳодирнинг эслашича, у ўша чоғлар,  доимо ноҳақликка, адолатсизликка учраган инсонларга, қўлимдан келган ёрдамимни кўрсатаман деб дилига туккан. Кейинроқ, у армияда, олий ўқув юртида, тинимсиз ва ишни кўзини билган ҳолдаги меҳнатида, ишбилармончилиги даврида, ўзининг инсонпарварлигини амалда кўплаб исботлади. Унинг “Бирдамлик”ни тузиши ва бор имкониятларини ишга солиб, нозўравон фуқаровий кураш байроғини кўтариши буни улкан тасдиқидир.   

АҚШ ва бошқа тараққий этган мамлакатларда тақослаш (сomparative) услуби билан муаммоларни ўрганиш илмда, амалиётда кенг йўлга қўйилган. Шу тақослаш услуби, ўзбекларни йигирма тўрт йилдан бери зулм, ҳуқуқсизлик, порахўлик ва қашшоқлик занжирига боғлаб келаётган, Каримов диктатурасининг ҳамма соҳаларда миллатимизни, мамлакатимизни ботқоқга ботишига олиб келганини кўрсатади.

Баҳодир, Халқ ҳокимияти, инсон ҳуқуқлари заминидаги, озод ва фаровон Ўзбекистон учун!  дейилган “Бирдамлик” шиорини амалга ошириш орқали, шу ботқоқдан чиқиш мумкинлигини  кўрсатди. У юртимизнинг барча ер ости ва ер усти (олтини, гази, урани, элетроэнергияси, пахтаси, пилласи, қора кўли ва бошқа) бойликлари, ҳамда солиқлар ва бошқа давлат даромадлари, биринчи ўринда аҳолини ижтимоий ҳимояси учун сарфланиши лозим, деб такидламоқда. У бу аянчли шароитни тубдан ўзгартириш учун, барчамиз сиёсий фаол бўлишимиз,  Нозўравон Инқилобни биринчи босқичини янада фаоллаштиришга ўз хиссамизни қўшишимиз, Ош – инқилобий босқичлар, Оқ – либос ва шу каби   тадбирларда иштирок этишимиз даркор эканини, тинимсиз, чарчамай тарғиб этмоқда. Албатта, бу унинг юрагидаги, руҳиятидаги ва амалиётидаги, миллат дардига малҳам излашдек олийжаноб интилишидан келиб чиқади.

Ишбилармончилик на фақат иқтисод, молия, савдо, техология, қурилиш, инженерия соҳаларида, балки сиёсатда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Баҳодир, деярли ўн  йил давомида, тараққий этган, демократик мамлакатлардаги каби, озодлик ва ҳуқуқга таянган мулкдорлар жамиятини, давлатини яратишгина Ўзбекистонни рўшноликка олиб чиқиши мумкин, дейди. Унинг  фикрича, фақат мулкдоргина мустақил, ўз ҳаёт йўлини ўзи белгиловчи, мустахкам оила қурувчи етук шахс бўлиши мумкин. Бу бирданига ҳамма задогон, бой бўлиб қолади деган гап эмас. Лекин ҳар бир оддий ишчи, деҳқон, фермер, хизматчи ўз пулига, уй-жойига, машинасига эга бўлишини, шу Ўзбекистонда барпо этиладиган мулкдорликка асосланган давлатдаги шароит таъминлайди, деб такидлайди  ишбилармон – сиёсатчи Баҳодир.

Баҳодир сўрайди: Хўш,  Ўзбекистоннинг президентига, у тасдиқлаган ҳукуматга аҳолини барча қатламига, қонунга кўра нормал ўқишлари, ишлашлари ва яшашлари учун ҳаётий шароитни яратиб бериш маъсулияти, Конституцияда белгиланганлиги, унитилдими? Бугунги кунда қарийб 7-8 миллион ўзбеклар турли хориж мамлакатларда, асосан қора ишларда фаолият кўрсатиб, ҳуқуқсиз, ижтимоий мухофазасиз яшашларига, ким жавобгар? Ўзи камтар Баҳодир, юртдошларимизни,  ортиқча камсуқумликни, қўрқувни, лоқайдликни ва ёлғонга ишонишни улоқтириш ва нозўравон фуқаровий курашга, “Бирдамлик” сафларига қўшилишга чорламоқда!

Бу инсонпарвар, миллатпарвар, ишбилармон ва камтарин шахс –  Баҳодир Чориевга қулоқ солайлик ва биргаликда “Бирдамлик” сафида, диктаторни ағдарайлик ва Ўзбекистонда демократияни тиклаб, озод, фаровон ва адолатли жамият, давлат яратайлик.

Ёдгор Турлибеков

Абдуфаттоҳ Маннопов

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares