БУГУН “БИРДАМЛИК” ҲАРАКАТИ ЕТАКЧИСИ ТУҒИЛГАН КУН

B.Choriyev(7)Халқимизда “Беш қўл баробар эмас” деган ибора бор.

Фикримча, аждодларимиз ушбу каломда “Беш қўл” эмас, “Беш бармоқ”ни назарда тутгани аниқ.

Ҳақиқатдан ҳам беш бармоқ бирдек эмас: Бири йўғон бўлса, бири “новча”, жимжилоғ эса бутунам ингичка… Ва яна бир қўлга жо бўлган бармоқларимизнинг ҳаракати, ишчанлик қобилияти ҳам бўлакча.

Бош ва ўрта бармоққа қараганда кўрсатгич бармоғимиз ҳаётий ҳаракатларимизда бизга кўпроқ иш беради, шундай эмасми?

Ўхшатиш жоиз бўлса, олам одамларини ҳам “баробар” бўлмаган бармоқларга қиёслагим келади.

Одамлар бор – бир умр ўз рўзғори, кундалик тирикчилик ташвишларидан ортмай ўтиб кетади.

Одамлар бор – фикру ўйи тўрт қаватли том қуриш, бойиш, топганини еб-ичиш.

Баъзилар бор – “е тўним,е, ич тўним, ич” қабилида иш битиради, қўйиб берсангиз, арбобнинг оёғига пойтава бўлиб беради.

Айримлар бор – “дунёни сув босса – ўрдакка не ғам” қабилида иш тутади. Неки бўлса-бўлсин, фақат ўз олтин боши омон қолса бўлгани….

Яна кимлардир қорин қайғусининг қули. Ундай одамлар учун миллат, элат деган тушунчанинг ўзи йўқ. Халқ ғамини ейиш нима эканлигини билмайди, элнинг корига ярай демайди. Бундай кимсалар учун қайдаки усти бут, қорни тўқ бўлса ўша ер – Ватан! Бундай шахсларнинг бор дунёси – ёлғизгина ўзи, бирини кийиб, бирини ечиб, катта еб-катта ичиб юрса, беш кунлик ҳаётида таралабедод яшаб ўтса, бўлгани….

Шундайлар бор – номсиз бармоғимиз каби бу дунёдан ҳиссиз, ҳаракатсиз,  изсиз кетади.

Бироқ орамизда  бор юмушни елкасига олишдан қўрқмайдиган, эл-юрти дардида меҳнатдан қочмайдиган, серҳаракат, сермазмун ҳаёт йўлида толмайдиган  “кўрсатгич” бармоқлар ҳам йўқ эмас…

Мен Баҳодир ҲАСАНни кўрсатгич бармоққа ўхшатаман. Ажабланманг, кулманг ҳам. Давомини эшитинг, ёзганларим ёқмаса, энсангизни қотиришга ҳали бемалол улгурасиз…

1969 йилнинг 30 октябр куни Қашқадарёдаги бир оддий ўзбекнинг оиласида тўнғич ўғил туғилди.

Ўша пайтда дунёга келган бу гўдак келажакда ўз умрини эл ғамини аритишга бахшида этадиган  миллатпарвар, халқпарвар йигит бўлиб етишишини ким ҳам билибди дейсиз?

Эҳтимол, болакай қулоғига  Баҳодир деб азон айтаётганларида кўкдаги кўринмас фаришталар ҳам гўдакка саховат қилгиси келгандир  – унинг юрагига осомндек журъат бергандир, ким билсин?

Кечагина Қашқадарё кўчаларини чангитиб юрган болакай қалби бугун Ўзбекистон аҳолисини ойдин кунларга олиб чиқиш  ўйида ўртанмоқда. Баҳодир куну тун ўзигагина  эмас, бутун элига тўқ, тўкин-сочин ҳаёт бахшида қилиш ишқида яшамоқда.

Менимча, қалбида заррача миллий ғурури бор ўзбек бугун Баҳодирдек мард ўғлонлари борлигидан фахрланиши керк.

Ҳа, нима, Қашқадарёнинг бироз тўпори, камгина жайдари, далли-ғулли кўп сонли одамлари каби у ҳам бу беш кунлик дунёда фақат ўз ғамини ўйла-аааб яшаса бўларди-ку?

Нега шундай қилмади? Америка деб аталмиш аксарият одамлар орзу қилган оламда ўзгаларни ўйламасдан ҳам умргузорлик қилиши мумкин эди-ку?

Нега энди у эл деб ўртанади, миллат учун қайғуради, халқ ғамида сочи оқаради.

Нега энди у Ўзбекистон аҳолиси учун бор умрини бахшида қилади?

Негалигини биласизми?

Негаки, адашмасам, Баҳодирнинг қалбига бу каби эзгу туйғуни, буюк мақсадни Яратганнинг ўзи юқтирган. Элпарварликни унинг юрагига Эгамнинг ўзи жо қилган. Шунинг учун.

Айнан Аллоҳнинг шарофати, истак ҳоҳиши билан бундан 10 йил муқаддам ўзбекнинг 34 ёшли ўғлони “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатига асос солган эди, агар билсангиз.

Айтингчи, Ўзбекистон президенти бўлишни орзу қилиш айбми? Халққа йўлбошчилик қилиш истаги – гуноҳми?  Аҳолини мунаввар кунларга етаклаш, ўз элига ойдин онлар ваъда қилиш, ватандошларига тўкин турмуш тарзини тилаш – жаҳолатми? Ёки жасорат?

Қани эди ўзбекнинг ҳар бир боласи ана шундай осмонўпар орзулар оғушида яшаса эди!

Ўзбекистонга президент бўламан, элимнинг турмуш тарзини ўзгартираман – юртдошларимни фаровон кунларга етаклаб бораман деган юртдошларимиз сони ўнта, юзта, мингта бўлганида эди – бугун ўзбекнинг 8 миллионга яқин фуқаролари ўзга юртларда мардикорчилик қилиб юрмаган, юрт, оила соғинчида кўнгиллари куйиб ўтмаган бўлар эди. Баҳодирдек миллатпарвар, элпарварлар сони мингта бўлса, коши эди!

Ҳали мен юқорида Баҳодирни кўрсатгич бармоққа ўхшатгим келади дедим. Тўғри-да, эътибор қилган бўлсангиз, Баҳодир залворли  юк машинасини бошқариш, оғир жисмоний меҳнат қилиш билан бирга эрта-ю кеч элни ўйлайди, ўз видеомурожаатлари, “Қўлланма”ларида халққа  адолатни тиклаш, дориломон кунларга етиш йўлларини кўрсатиб беради. Юртдошларини тинч, нозўровон – яъниким, қурбонларсиз курашга чорлайди, кўпсонли “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати фаолларига йўлбошчилик қилади.

Энг қизиғи у 10 йилдирки юзлаб юртдошларига ўз ҳамёнидан ойма-ой узлуксиз ҳиммат кўрсатади.

Ўзбекистондаги юзлаб хонадонларнинг қора қозонини бугун Баҳодир Ҳасаннинг меҳнати, пешона тери  қайнатиб турибди.

Тўй борми, маъраками, бетобу бемор борми, Баҳодир ҳамиша хизматга, кўмакка шай.

“Ҳадеб оилавий бюджетингизга зарар қилаверманг, яхши эма-ааас” деб қўяман – бир рўзғор бекаси – аёллигимга тортиб қоламан гоҳида.

“Куйинманг, ҳаммаси жойида, – кулиб қўяди у, – Ҳаётимда энг муҳим нарса – халққа кўмаклашиш”….

Орамизда ким кўп –  кимлардир сиёсий қочқин сифатида, баъзилар иш юзасидан, бошқа бировлар – яхши ҳаёт илинжида – турли мақсадларда ҳориждан кўним топган юртдошларимиз кўп.

Айтингчи, орангизда пешона тери эвазига ишлаб топган пулидан – ўз ҳамёнидан (грант маблағлари бундан мустасно)  қайсидир қашшоқ юртдошига,  10 йил давомида  юзлаб одамларга ойма-ой  узлуксиз улашишни қўя туринг, лоақал бир бора 100 доллар ҳиммат кўрсатишга кўзи қийган валломат борми, топиладими?

Сиз Баҳодир каби саҳоватпеша бўла олармидингиз? Масалан, бу менинг қўлимдан келмаган бўларди.

Бошқаларни билмадиму, шахсан ўзим 50 ёшимгадовурам бировга беҳудага бир сўм берганимни эслай олмайман.

Шу пайтгача ҳавойи орзу ҳавасларим, рўзғоримдан орттириб кимгадир ҳиммат кўрсата олган банда эмасман.

Эҳсонни қўя туринг, қарз сўраган банданинг мушкулини осон қилсаммикин, йўқми деб нақд ўн кун ўйлаб, уйқум қочади. Бу бор гап, алдаб нима қилдим?

Сизга ёлғон гапиришим, керилишим мумкин, лекин Эгамни алдай олмайман-ку?

Эҳтимол, орангизда мен кабилар кўпдир? Сиз ҳам, ҳақиқатнинг кўзига тик қарайдиган бўлсак, мен кабидирсиз, ким билсин?

Шу маънода, тан олинг, серҳимматлилик ҳамма учун ҳам эмас….

Ким нима деб ўйлаши, ким нима деб сўйлашидан қатъий назар биз биладиган, биз ҳурмат қиладиган ва биз яхши кўрадиган Баҳодир Ҳасан ана шундай саҳоватпеша шахс.

У ўзгалар каби фақат халқини оғиздагина  ардоқламайди, балки йиллар давомида  элпарварлигини амалда ҳам исботлаб келади.

Эшитган бўлсангиз, халқ орасида латифанамо бир ривоят юради: Бир банда нуқул “Эй, Худо, туғилганимдан бери сендан ризқ сўрайман, оҳу ноламни эшитай демайсан, насиба бермайсан…. Мениям кўпнинг қаторида кам қилмасанг, менгинагаям берсанг, нима қиларкин?” деб Яратганга нола қиларкан.

Охийри бир кун Аллоҳдан овоз келибди: “Эй, бандам, бергим бору, нуқул бармоқларинг мушт бўлиб тугилган, қўлларинг очиқ эмас. Оз бўлсаям кафтингни тут, оладиган қўлларинг очиқ бўлсин-да, ўшанда бераман” деган экан.

Ушбу ривоятда ҳикмат бисёр. Эҳтимол, Баҳодир Ҳасан эрта-ю кеч халқнинг ҳузурини ўйлагани учун ҳам унинг рисқини Худонинг ўзи бут қилар, ким билсин?….

Ва энг муҳими Баҳодир Ҳасан сизу биз – эл кўзлаган маррага, бахтиёр кунларга беталофат етиш йўлини кўрсатиб бермоқда – халқимизни оммавий нозўравон курашга  – миллатни жипслашишга, бирлашишга, ҳамжиҳатликка, бир мушт бўлиб тугилишга,  бир ёқадан бош чиқаришга, чорламоқда, юртдошларимизни “Бирлашган узар – бирлашмаган тузар” деган ақидага амал қилишга ундамоқда.

Шундай инсоннининг кўкрагидан итариш, юрагида юртдошларига нисбатан бир дунё меҳри бор кишини камситиш, бир банданинг кўкўпар орзулари, эзгу мақсадларни масхаралаш  мумкинми?

Шундайлар топилгудек бўлса – кўнглиллари кўмирдан нусха олган нокаслар улар деган бўлардим.

Ундан кўра, Баҳодирга қулоқ тутинг, унга ишонинг, унга эргашинг, елкадош бўлинг, кам бўлмайсиз.

Миллатдошларимга Баҳодир Чориевга ишониш, унга елка тутиш тезроқ дориломон онларга етиш, қисқа фурсат ичида фаровон, адолатли жамият қасрига кириш калитидир дегим келади.

Бугун миллатпарвар, халқпарвар Баҳодир Чориевнинг туғилган куни.

Ушбу кун Баҳодирдек элпарвар ўғлони бўлган барча Ўзбекистонликлар учун чинаккам байрам бўлиши керак, аслида.

Чунки бутун борлиғини, бир марталик умри – ҳаётини халқига бахшида қилишга қодир баҳодирлар ҳар куни туғилавермайди, миллатпарвар ҳақиқий мардлар юз йилда бир бор дунёга келади.

Бугун Баҳодирдек фарзанди бор миллатдошларимга элпарвар ўғлингизнинг таваллуд айёми барчангизга муборак бўлсин дегим келади.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares