
Орамизда юз-кўзидан табассум аримайдиган, ўзгаларнинг дилига озор етказмайдиган бир инсон бор эди – Акромхўжа Муҳиддинов.
Ҳа, бор эди…
Афсуски, энди йўқ…
Қотиллар Акромхўжа акани куппа-кундуз куни, рафиқасининг кўз ўнгида, савдо дўконидан харид қилаётган пайтида чавақлаб кетишди…
Раҳматлик касалхонага етмасданоқ йўлда жон таслим қилганди…
Ортидан турмуш ўртоғи, фарзандлари бўзлаб қолганди…
Йилларнинг елдек ўтишини қаранг, шунга ҳам бир йилдан ошибди….
Акромхўжа Муҳиддинов “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг аъзоси сифатида самарали фаолият олиб борган фидоийлардан эди.
– Акромхўжа бир неча муддат “Бирдамлик” нинг Тошкент вилоят бўлимини бошқарган кезларида у билан пахта даларини кўп кезганмиз. Ўзбекистонда болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиниши борасида Муҳиддинов биринчи бўлиб бонг урган кишилардан бири саналади, – дейди “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Елена Урлаева марҳум ҳақида хотирлаб.
Мусулмонларнинг муборак Қурбон Ҳайити кунларида марҳумларни ёд олиш, руҳи покларига бир ҳовуч дуои фотиҳа қилиш ҳам фарз, ҳам қарз саналади…

Бугун “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ва “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоллари ўз сафдошлари – раҳматлик Акромхўжа Муҳиддиновнинг хотирлаш, марҳумнинг руҳини шод этиш мақсадида Янгийўлга, уларнинг хонадонига ташриф буюрдилар.
Даставвал, Муҳиддиновлар ҳовлисига бурилиш муюлишида мунғайиб турган қабристонда дўппайиб турган раҳматлик Акромхўжа аканинг қабрлари зиёрат қилинди.
Марҳумнинг руҳига тиловат ўқилди.
Ҳаётни эрта тарк этган олиа отасининг сафдошлари ташрифидан марҳумнинг умр йўлдошлари Фарси опа Муҳиддинова, қизлари Ферузахон ва ўғиллари Улуғбекларнинг юз-кўзларида мамнуният аломати зоҳир бўлди.
Дастурхон атрофида марҳум Акромхўжа Муҳиддиновнинг яхши амаллари хотирланди.
Хонадон соҳибларига “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати бошқарувининг “Сайил Хажи” си топширилди.
Сафдошлари томонидан раҳматлик Акромхўжа аканинг хотирланиши, қадр топиши оила аъзолари беҳат қувонтиргани аниқ.
Бир мусулмоннинг кўнглини хуррам қилиш, қалбига севинч бағишлаш қанчалар қувончли ва савобли!
Илоҳим, Акромхўжа Муҳиддиновни Худо ўз раҳматига олган бўлсин.
Барча ўтганларнинг руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин, омин.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати.