«Бирдамлик» Халқ Демократик Ҳаракатининг
Б А Ё Н О Т И
Диққат: Ўзбекистонда сиёсий фаолияти туфайли яна бир фуқаро қурбонлик қилиниш арафасида!
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Жиззах вилоят бўлими етакчиси Алиқул Саримсоқов мисолида Ўзбекистон ҳукумати ўзининг ноинсоний бошқарувини яна бир бор намоён қилмоқда.
– Мен, – дейди Алиқул Саримсоқов ҳозирги бош вазир Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоятида ҳокимлик лавозимида ўтирган пайтларидан буён бу шахснинг адолатсиз бошқарувига қарши курашиб келмоқдаман.
Дарҳақиқат, Шавкат Мирзиёев Жиззах вилоят ҳокими курсисида ўтирган кезларидаёқ ўта қаттиққўл ва шавфқатсиз, фуқароларни аёвсиз калтаклайдиган золим раҳбар сифатида “шуҳрат” қозонганди.
Алиқул Саримсоқовнинг Шавкат Мирзиёевни ноқонуний кирдикорларини фош қилишга қаратилган уринишлари унинг бошига чексиз мусибатлар келтирди.
Фермер хўжалиги тортиб олинди, ўзини эса жисмонан йўқ қилишга бир-неча бор уринишлар бўлди.
Бироқ, ҳамиша етакчимизга омад кулиб боқди ва бахтли тасодифлар туфайли золим тўралар тўридан омон қолди.
Алиқул Саримсоқов ҳамон эл манфаати йўлида хизмат қилмоқда, халқнинг нонини туя қилаётган маҳаллий амалдорларга қарши курашиб келмоқда.
Эсингизда бўлса, шу йилнинг апрел ойида сайтимиз саҳифасида Алиқул Саримсоқовнинг “ЗОМИН ЗОЛИМИНИНГ ЗУЛМИДАН ДОД!” сарловҳали дунё аҳлига қилган мурожаати эълон қилинган эди.
“Тўғри гап – туққанингга ёқмайди” деганларидек, мазкур мурожаатда айтилган тўғри гаплар тўқмоғи Зомин туман ҳокими Азимов жанобларининг дилини ўртаб юборган чамаси, у Алиқул Саримсоқовни ЎзРесЖКнинг 139- моддаси билан айбдор деб топиш тўғрисида судга даъво ариза киритишга ошиққан.
Натижада, Алиқул Саримсоқовга нисбатан даставвал ЎзРесЖКнинг 139- моддаси билан эълон қилинган айблов хулосасига судга келиб “ўзгартириш ва қўшимчалар” киритилди.
Айни кунларда “Бирдамлик” Халқ демократик Ҳаракати етакчиси гарданига ЎзРесЖКнинг нафақат 139- , балки, 140-, 159- моддалар ҳам қўйилмоқда.
Янаям аниқроғи, Алиқул Саримсоқов ЎзресЖКнинг 159- моддаси билан, яъни “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий тузумига тажовуз қилиш”да айбланмоқда.
“Босар-тусарини билмай қолган, ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб нонкўрлик қилаётган, халқнинг тузини еб, тузлиғига тупираётган, оммани оёқ учида кўрсатаётган, аҳолининг ижтимоий ҳаётини кундан кунга қийинлаштираётган, фуқаролар фаровонлигини ўйлаш ўрнига ўз ҳамёнлари учун қайғураётган, кўнглининг кўчасига келганини қилишга одатланиб қолган маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳокимтўраларнинг манфур қиёфасини фош қилиш, кирдикорларини оммага ошкор қилиш, маҳаллий ҳокимият арзандалари-ю ҳоким жанобларининг ғайриқонуний ишлари, кирдикорлари хусусида юқори идораларга шикоят қилиш қачондан буён мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” деб баҳоланадиган бўлиб қолдийкин?” дея ҳайратини яширмайди “Бирдамлик” етакчиси ўзининг навбатдаги мурожаатида.
Алиқуловга кўра судда раислик этувчи Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди судьяси И. Абдуллаев ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилаётган “қўли истаган жойига етадиган” ҳокимтўра томон бўлиб, ишни бир томонлама олиб бормоқда.
Провордида, прокурор М. Уразалиев судланувчини айбдор деб топиб, суддан Алиқул Саримсоқовга 139-модда бўйича – 2 йил, 140- модда бўйича – 6 ой ва 159- модда бўйича – 6 йил озодлакдан махрум килиш жазосини тайинлашни сўради.
Суднинг навбатдаги мажлиси шу йилнинг 14 октябр – душанба кунига қолдирилди.
Шу ўринда савол туғилади: Алиқул Саримсоқовнинг айбсиз айбдорга чиқарилиши унинг ножўя, ноқонуний қўйган қадами билан боғлиқми, ёхуд сиёсий фаолияти биланми?
Ҳақиқатнинг кўзига тик қарайдиган бўлсак, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчисини сиёсий қарашлари боис зиндонбанд этишга ҳозирлик кўрилмоқда.
Хўш, Алиқул Саримсоқовни айбдор деб топиш, уни мутлақо асоссиз равишда жиноятчига чиқариш кимга ва нимага керак?
Бу каби адолатсиз амаллар сўзсиз амалдаги ҳукуматнинг аҳолини қўрқувда ушлаб туриш сиёсати, аниқроғи, ҳийлаларидан бири деб ҳисоблаймиз.
Биз Ўзбекистон ҳукуматига бир савол билан мурожаат қилмоқчимиз: “Адолат қидирганларни қама-қамалар қачонгача?”.
Қачонгача Ўзбекистонда “сув келтирган хору – кўза синдирган азиз!” бўлади?!
Ҳур фикрли инсонларни хибс этиш қачон тугайди?
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматидан Алиқул Саримсоқовнинг “жиноят иши” масаласига жиддий ва адолатли ёндашувни талаб қилади.
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Қуйида ҳақсизликлардан кўнгли куйиб кетган Саримсоқовнинг дунё ҳалқига, миллатдошларига қилган навбатдаги мурожжатини эътиборларингизга ҳавола қиламиз.
ЎЗБЕКИСТОНДА ВА БУТУН ДУНЁДА ЯШАЁТГАН ЎЗБЕКЛАРГА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати
Жиззах вилояти бўлими етакчиси,
“Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
Ташкилоти Жиззах вилоят бўлими вакили,
Зомин туманидаги «Узум-боғдорчилик»
фермер хўжалигининг раҳбари
Алиқул Саримсоқовнинг
Ўзбекистонда ва бутун дунёда яшаётган ўзбекларга,
Дунё Ҳамжамиятига
М У Р О Ж А А Т Н О М А С И
Ассалому алайкум ҳурматли ўзбек биродарларим, дунё ҳамжамияти, муҳтарам мусулмонлар, мен энг аввало барчангизни муборак Қурбон Ҳайити айёми билан қутлайман. Сизларга ҳамиша сиҳат-саломатлик, омад тилайман.
Биродарлар!
Сизларга мурожжатнома ёзишимга бошимга тушган кўргуликлар, аниқроғи, Ўзбекистон ҳукуматининг расмий арбобларидан бири солаётган ноҳақликлар, жабру зулмлар сабаб бўлди.
Мана, Ўзбекитонда пахта-йиғим терими бошлангандан бери Жиззах вилоятида гуё уруш бошлангандек. Барча йўллар, корхона, бозор ва дўконлар беркитилган. Ўзбек халқига таъзийқ, зулм ва зўравонликлар бошланади. Барча фуқароларимиз оммавий равишда мажбурий тарзда пахта йиғимига сафарбар этилди. Бунинг асосчиси туман ва вилоят хокимларидир.
Ўзимнинг қисқа ўтмиш билан таништирадиган бўлсам, қишлоғимизда 1998 йилгача бирон маротаба Наврўз байрамлари ўтказилмай келаётганидан норози бўлиб, ўз ҳисобимдан халққа Навруз байрами ва хотира турнирларини ўтказиб берганман. Менинг ушбу ҳаракатларимдан хабар топган Жиззах вилоятининг собиқ ҳокими Шавкат Мирзиёев: «Тезда Алиқул Саримсоқовни ваҳобий деб расмийлаштириб, қамоққа тиқинглар» деган эди. Ўша пайтлардаги вилоят ҳокимининг топшириғини аъло даражада бажарган маҳаллий ҳукуматни бир неча ойлаб қишлоқлар аҳолисидан мени вахобий деб уйма-уй, эшикма-эшик юриб тўплашган сохта маълумотларни бир соатда туман хокимига бекор қилдириб ўзимни оқлаб олгандим.
Мудом ўзбек халқининг қадри, шаъни, ор-номусини ҳимоя қилиб талашиб юрганим учун 2001 йилда Зарбдор элеваторининг директор лавозимида ишлаётган акамни Шавкат Мирзиёев бошчилигида унинг укаси Мухтор Мирзиёев лавозимидан ноҳак бўшатишди. Бу ҳам камлик қилганидек, Шавкат Мирзиёев бошчилигида унинг укаси Мухтор Мирзиёев, У.Азимов, Бахтиёр Қулмаматов, алигарх Турабой Ёрлақабовлар акам етиштирган ғаллани ўзга давлатларга сотиб, давлат мулкини талон-тарож қилишганди.
2002 йилда Шавкат Мирзиёев собиқ Ички ишлар Вазири Зокир Алматов билан келишган ҳолда бир неча миллиард сўм турадиган йирик Зарбдор совхозимизни сунъий равишда банкрот ҳолатига келтириб, совхозимизнинг бир қисмини атиги 63 миллион сўмга хусусийлаштириб олиб, охирги тошигача ташиб кетиб, қишлоғимизни вайронага айлантиришди.
Халқпарвар бир инсон сифатида мен бунингдек бошболдоқликка жим қараб тура олмасдим. Гарчи вилоят ҳокими бўлса-да Шавкат Мирзиёевга қарши бош кўтаришга, адолат ахтаришга, ҳақиқатни қарор топтиришга ҳаракат бошлади.
Ҳақиқат учун курашишим маҳаллий ҳокимият вакилларига ёқмасди, албатта.
Натижада, 2003 йилда Шавкат Мирзиёев ва З.Алматов ўз мансаб ваколатларини яна суиистеъмол қилган ҳолда менга зулум ўтказишди, аниқроғи, ўз ҳожатбаррор ходимлари қўли ва кўмагида менинг фермер хўжалигимда етиштирган ғалла ҳосилимни ўриб олиб кетишгача боришди.
2004 йилда ўриб кетишган ғалла ҳосилимнинг пулини, моддий ва маънавий зарарларни хўжалик суди орқали ундириб олишга муваффақ бўлгандим. Бироқ кейинчалик бу зафар менга жуда қимматга тушганини англаб етдим. Негаки, мағлублик аламига чидай олмаган Шавкат Мирзиёев орадан мудом менга тиш қайраб келди. Ҳатто бош вазир лавозимига кўтарилганида ҳам мени таъқиб қилишини бас қилай демади. Орадан 9 йил ўтгач 2013 йил апрель ойида мендан қасд олиш мақсадида Мирзиёев укам Каримов Умматнинг 18 миллион сўм пулини фирибгарлик йўли билан тортиб олиб, уни совхоз директори лавозимидан четлаштирди. Негаки, бу пайтга келиб Шавкат Мирзиёевнинг қудрати бош вазир лавозимига кўтарилгач янада ошган ва қўли истаган жойига етарди.
2004 йилда Шавкат Мирзиёевнинг ишонган вакили, вилоят ҳокими этиб тайинланган, тирик фермернинг ўзига гўр қаздириб, тириклайин кўмдирмоқчи бўлган Убайдулла Ёмонқуловнинг топшириғи билан тўрт нафар йигитлар мени жисмонан йўқ қилишга чоғланишган эди. Бахтли тасодиф туфайли ўлимни ҳам четлаб ўтганман.
Мен эса жонимга қасд қилганлиги сабабли Убайдулло Ёмонқуловга қарши бош кўтардим. Халқни бир неча бор оёққа турғаздим. У. Ёмонқуловнинг халққа ўтказаётган зулми, адолатсизлиги, кирдикорлари акс этган 52.670 дона варакаларини икки кун ичида учта туман ахолисига тарқатиб чиққанман.
2005 йилда етиштирган ғалламдан кам таъминланган оилаларга 27 тонна буғдой тарқатиб, давлат режасини 200% га бажариб, тинчгина ишлаб юрганимга қарамасдан, 2009 йил февраль ойида туман хокими У. Азимов устимдан иғво тарқатиб, яна тинчлигимни бузди.
У. Азимов Зомин туманига хоким этиб тайинланган кундан бошлаб, менга таъзийқ – зулм ўтказиб, буҳтон ва уйдирмалар тўплаб, 2010 йил 11 февраль куни ҳокимият биносидан чиқаётганимда туман ИИБ бошлиғи Г. Норбеков У. Азимовнинг топшириғига асосан мени хибсга олди.
Шу қамалганимча то 30.06.10 йил суд ҳукми эълон қилингунга қадар хибсда сақланганман.
Суд хукмига асосан 3 йил муддатга шартли равишда жазога ҳукм қилинганман.
Мен 19 йилдан бери ўзимни оқлаб, Бош вазир Шавкат Мирзиёев бошлиқ амалдор тўдаларнинг зулми, таъзийқ-зўравонликларидан ўзбек халқини ҳимоя қилиб келяпман.
19 йилдан бери Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги бу жиноий тўда менинг ҳақиқат йўлидаги ҳаракатимни тўхтатиш мақсадида менга нисбатан таъзийқ, таҳдид ва таъқиб ўтказиб, то шу кунгача менга тинчлик бермай келишмоқда.
Шунга қарамай мен ҳозир ҳам юқори давлат идоралари маҳаллий ҳокимиятнинг ноҳақликларини, кирдикорларини фош қилувчи ўнлаб шикоят ва аризалар ёзиб келаман.
Ўзингизга маълум, кейинги пайтда адолатпарвар, эркин фикрли кишиларни турли усуллар билан суд қилиш, жизога тортиш, қамаш Ўзбекистонда урф бўлди.
Бир томондан Ўзбекистон ҳукумати қоғозларда “Фуқароларнинг мурожаатлари, шикоят ва аризалари” хусусида махсус қонун ишлаб чиқади, ҳаётга тадбиқ этади гуё. Ва қонунда шикоят ва аризаларнинг кўриб чиқилиш муддатларини ҳам белгилаб қўйишади.
Бироқ, амалда-чи?
Амалда эса маҳаллий ҳокимиятнинг қаллобликларини фош қилувчи шикоят ва ариза ёзган фуқаронинг қайта бош кўтармаслиги, шикоят ёзиш учун қўлига қалам олмаслиги учун ва яна ўзга одамларни ҳам шикоят қилмасликлари учун кўзларини қўрқитиб қўйиш мақсадида, “шикоятчининг ҳолига вой” эканлигини кўз-кўз қилиш учун арзнома ёзган шахснинг устидан асоссиз равишда Ўзбекистон Республикаси жиноят Кодексининг 139-140-моддалари билан жиноят иши қўзғатиш ва адолат ахтарган одамни жавобгарликка тортиш, қамаш авж олиб кетган.
Менинг мисолимда ҳам шундай бўлди.
Маҳаллий ҳокимиятнинг жирканч қиёфасини очиб ташловчи шикоят аризаларим туфайли шу кеча кундузда Зомин туман ҳокимининг уйдирма ва бўҳтонлардан иборат даъво аризасига кўра менга нисбатан ЎзЖК нинг 139-моддасига асосан жиноят иши қўзгатилган.
Шуниси ажабланарлики, менга алоқадор айблов хулосасида мени фақатгина ЎзЖКнинг 139-моддаси билан айблашганди, холос.
Бироқ бу модда камлик қилди чоғи, иш судга оширилгач, ҳеч нарсадан ҳеч нарса йўқ меннинг гарданимга тамоман ғайриконуний тарзда Ўз ЖК нинг 140 ва 159-моддаларини ҳам қўшиб қўйишганларидан воқиф бўлдим.
140- модда моҳиятини қўя туринг.
Мен эътиборларингизни ЎзЖКнинг 159-моддаси мазмунига қаратмоқчиман.
“159-модда. Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш —
энг кам ойлик иш ҳақининг олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳокимият конституциявий органларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки уларни Конституцияда назарда тутилмаган параллел ҳокимият тузилмалари билан алмаштиришга қаратилган зўравонлик ҳаракатлари, шунингдек, давлат ҳокимияти ваколатли органларининг Ўзбекистон Конституциясида назарда тутилмаган тартибда тузилган ҳокимият тузилмаларини тарқатиб юбориш тўғрисидаги қарорларини белгиланган муддатда бажармаслик —
энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этилган бўлса, —
беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш —
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Фитна тўғрисида ҳокимият органларига ихтиёрий равишда хабар берган шахс, башарти, кўрилган чоралар натижасида фитнанинг олди олинган бўлса, жазодан озод қилинади.”
Шу нарса қизиқки, босар-тусарини билмай қолган, ўз мансаб ваколатидан фойдаланиб нонкўрлик қилаётган, халқнинг тузини еб, тузлиғига тупираётган, ҳаммани оёқ учида кўрсатаётган, аҳолининг ижтимоий ҳаётини кундан кунга қийинлаштираётган, фуқаролар фаровонлигини ўйлаш ўрнига ўз ҳамёнлари учун қайғураётган, кўнглининг кўчасига келганини қилишга одатланиб қолган маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳоким тўраларнинг манфур қиёфасини фош қилиш, кирдикорларини оммага ошкор қилиш, маҳаллий ҳокимият арзандалари-ю ҳоким жанобларининг ғайриқонуний ишлари, кирдикорлари хусусида юқори идораларга шикоят қилиш қачондан буён мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” деб баҳоланадиган бўлиб қолдийкин?
Бу қўрқоқ ҳокимлар, маҳаллий ҳокимият вакилларини ўзлари ўйлаб топган баҳонадан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас!
Қисқаси, менга алоқадор мазкур жиноят иши шу кунларда Янгиобод туман судида кўрилмоқда.
Табиийки, менга қўйилган айбларнинг бирортаси ҳам суд тергови жараёнида ўз исботини топмади.
Минг афсуски, шунга қарамасдан, айбланувчи, гувоҳларнинг кўрсатмаларини суд баённомаларида сохталаштириш йўли билан мени айбдор деб топишга уринишмоқда. Яъни менинг Бош Прокурор ва Сенат раисига ёзган шикоятларим бўйича тегишли қарорлар қабул қилинмасдан туриб, мени туҳмат қилганликда айблашга бел боғлашган.
Мени жиноий жавобгарликка тортиш учун аввало Бош Прокурорнинг менинг шикоятларим юзасидан қабул қилган қарорини судга тақдим этилиши лозим, лекин суд уларни судга тақдим этилишини таъминлашдан бош тортяпти.
Туман ҳокими У.Азимов ва унинг атрофидаги жиноий гуруҳ аъзоларининг асл башарасини очиб, мен уларни Зоминнинг золимлари, ноқирс-нокас, қонунбузар эканликларини Интернет тармоғида дунё аҳлига ошкор қилганман.
Мен интернет орқали тарқатган мурожаатимдаги маълумотларимни ва ўша сўзларимни судда қайта-қайта такрорладим. Зомин туман ҳокими Азимовни золим, ноқирс-нокас, қонунбузар амалдор эканлигини исботловчи далиллар келтирдим.
Судда раислик этувчи Жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди судьяси И. Абдуллаев ва прокурор М. Уразалиевлар эса менинг исботларимни инобатга олиш ўрнига, нуқул тутиқушдек “ҳокимнинг кирдикорларини исботлаб бер” дея талаб қилишни такрорлашгани-такрорлашган.
Модомики, туман ҳокими мени туҳмат қилганликда айбланишимни истар экан, буни исбот қилиб бериши лозим эди. Бироқ суд негадир ҳокимият вакилидан исбот-далил, асос талаб қилай демайди.
Қолаверса, туман ҳокими У.Азимов мансаб ваколатидан фойдаланиб бор будимдан жудо килиб, оиламни, қўни-қўшни, оға-иниларимни менга қарши қайраш даражасигача бориб етган. Мени, бир пайтлар 27 тонналаб бўйдойни кам таъминланган оилаларга ҳадя қилган фермерни қашшоқ ҳолга келтириб қўйди, ҳеч вақосиз қолдирди.
Яна ҳоким жаноблари ва унинг атрофидаги жиноий тўда аъзолари уялмасдан терговда ва суд залида:
«А.Саримсоқов менга жиддий зарар етказиши оқибатида менинг ишчанлик қобилиятим сусайиб қолди», дея фирибгарлик билан такрорлаш орқали менга туҳмат килиб, шаъним ва қадримни беодоблик билан ерга уришди.
Ҳокимият вакилларининг ўзлари ЎзЖК нинг 168-,139-,140- моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этишганлиги ҳақида тергов жараёнларида ва суд залида айтганимда тегишли чоралар кўрилмади.
Менинг ЖК нинг 139-,140-,159- моддалари билан ноҳақ айблаётганларини исботловчи ҳужжатлар асосида 3.10.13 куни суд раисига қарши шикоят такдим этганлигимга қарамай судья суд муҳокамасини давом эттириб, суд музокарасигача етиб келди.
Музокараларни бошлаш арафасида мен тақдим этган қарши шикоят муҳокама қилинмаганлиги ҳақидаги эътирозим суд томонидан рад қилинди. Судьянинг ушбу ҳаракатлари Конституциянинг 112-,118- моддаларига, шунингдек, “Судлар тўғрисида”ги Қонун, «Прокуратура тўғрисида»ги Қонун ва ЖПК нинг талабларига зид бўлиб, суд жараёни бир ёқлама кўрилаётганлиги тўғрисида судга қилган мурожаатим ҳам эътиборсиз қолдирилди.
Суднинг ва ишда иштирок этаётган прокурор М.Уразалиеванинг ушбу ҳаракатлари Конституциянинг 25-,35-,44- моддаларига зид бўлиб, бу билан улар ЖК нинг 141-, 144-, 205-, 206-, 208-, 208-, 230-, 241-, 242- моддаларида назарда тутилган жиноятларга қўл уришмоқда.
Натижада, прокурор суддан мени жиноят содир этганликда айбли деб топиб, 139-модда бўйича – 2 йил, 140- модда бўйича – 6 ой ва 159- модда бўйича – 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни сўради.
Янаям ажабланарлиси, прокурорларнинг: “Жонинг омонлигида чет элга чиқиб кет, чиқиб кетмасанг, қамаласан” деган огоҳлантиришли таҳдидларидан, маҳалладош ва яқинларимнинг: “Ўзингни осиб қутилмасан, қутила олмайсан” деган гапларидан асло хафа эмасман.
Негаки, ИИБ, прокуратура, маҳаллий ҳокимият вакилларини юқоридан туриб бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг: “Алиқул Саримсоқовни синдириб, йўқ қилсанглар, қолган ўзбеклар бош кўтаришга қўрқиб қолади”, деб топшириқ берган. Бунга мен шу йилнинг 5 октябр куни маҳаллий амалдорларга илтимосномалар тарқатаётганимда 100 фоиз ишончим комил бўлди.
Амалдорларнинг шу зайилда олиб бораётган таъзийқлари натижасида ҳозирги кунда қамоқхоналарда жазони ўтаётганларнинг қарийиб 70% ноҳақ қамалганлар.
Ҳокимиятнинг ноҳақ жабридан азор чекиб она юртини ташлаб ўзга юртларда қул каби сарсон бўлиб юрган фуқароларимиз сони 8 миллионга яқинлашиб қолган.
Мустақилликгача мардикорлик қилмаган аёлларимиз ҳозирги кунда бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек халқига ўтказаётган таъзийқ-зулмидан бутун дунё бўйлаб мардикорликка чиқиб кетиб, кун кўриш мақсадида таналарини сотишга мажбур бўлишмоқда.
Бу нима деган гап?
Қачонгача тарқоқ бўламиз?
Қачонгача балиқдек гунг юрамиз?
Азиз юртдошлар!
Ўзбек халқининг бошига тушган бу фожиалардан бизни бирдамлигимиз, “Бирдамлик”имиз, фақат ва фақат БИРДАМЛИГИМИЗ қутқара олади!
Оммавий равишда қама-қамалардан, Андижон воқеасидан қаттиқ қўрқувга тушиб қолган ўзбек халқининг кўнгилларига ёруғлик солиб, уларни бирдамликка чақириш мақсадида айни кунларда Жиззах вилоят аҳолисига мурожаатномалар тарқатиб чиқдим. Ҳозир ҳам бу анъанани давом эттирмоқдаман.
Мен тарқатган мурожаатнома ноҳақ қамалиб ётганлар ҳаққи-ҳурмати, она юртини ташлаб чет элларга кетишга мажбур бўлганлар хаққи-ҳурмати, оиласини боқаман деб чет элларда сарсон бўлиб юрганлар ҳаққи-ҳурмати, азиз ва мутабар ўзбек аёли мардикорликка чиқиб, сарсон бўлиб юрганлар ҳаққи-ҳурмати уларни бирлашишга чақириқдир.
Зомин туманининг золим ҳокими У. Азимов 4 йилдан бери турли йиғилишларда “А.Саримсоқов ножўя ҳатти-ҳаракатлари натижасида тез кунда қамалиб кетади, бу аниқ!” дея тарғиб қилиб, бу билан ўзга фермерларни 4 йилдан бери қўрқитиб келмоқда.
Азиз ва муҳтарам ўзбеклар! Азиз Ватандошлар!
Ўзбек халқига бошига чексиз мусибатлар солаётган бош вазир Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги жиноий гуруҳларга қарши бош кўтарайлик !
Ҳақиқат йўлидаги ҳаракатларимнинг рўёбига тез кунлдарда етишишимизда менга мададкор бўлинг.
Ўзбек халкининг азоблари, озорларига бефарқ бўлмаган!
Тарқоқ бўлманг, бирлашинг!
Ўзбек халқининг тепасига чиқиб олиб хўрлаётган, фуқароларимизни оёқ ости қилаётган Шавкат Мирзиёев ва мирзиёевчилар деб аталмиш жиноий тўдага қарши курашишга ҳечам чўчиманг.
Бу йўлда дунё аҳлидан бизларга – ўзбек халқига ёрдам қилишларига умидвор бўлиб қоламан.
Барчангизга ҳурмат билан
Аликул Саримсоқов
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Жиззах вилоят бўлими етакчиси