Хюман Райтс Вотчга кўра, Россияга келаётган меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари поймол этилмоқда.
Ташкилот ҳисоботида айтилишича, меҳнат муҳожирлари ҳам иш жойлари ва ҳам кундалик ҳаётда ҳуқуқ бузилишларининг қурбони бўлмоқдалар.
«Халқаро молиявий инқироз туфайли меҳнат муҳожирларига нисбатан тобора кучайиб бораётган зўравонликлар манзарасида Россиянинг расмий идоралари бу ишчиларни иш берувчиларнинг ўзбошимчаликларидан ҳимоя қилишга қодир эмас», дейилади ҳисоботда.
Хюман Райтс Вотч меҳнат муҳожирларининг иш ҳақларини вақтида бермаслик, меҳнат шартномаларининг йўқлиги ва қурилишларда хавфсизлик қоидаларининг бузилишларига доир кўплаб ҳолатларни аниқлаган.
Ташкилот ҳисоботида, шунингдек, меҳнат муҳожирларининг ишга ёлловчи агентликлар томонидан Россияга ноқонуний йўллар билан олиб келиниш ҳоллари ҳақида ҳам айтилади.
Бу каби ҳолларда ишчиларга қурилиш майдонларида иш ваъда қилинади, аммо уларни иш берувчиларнинг қўлларига топширилади.
Иш берувчилар эса уларнинг паспортларини олиб қўйиб, ўзларини текинга ишлашга мажбурлайдилар.
Нон ўрнига калтак
Хюман Райтс Вотчнинг айтишича, айрим ҳолларда ишчилар қамоққа ташланади ва калтакланадилар.
Агар Россия расмийлари шошилинч чораларни кўрмасалар, қурилишларда ишлаётган меҳнат муҳожирлари иш берувчилар ва Россиядаги иқтисодий инқироз учун уларни балогардон қилишни истаганларнинг ҳужумига икки карра дучор бўлишлари мумкин
Жейн Бюкенен, Хюман Райтс Вотч
«Меҳнат муҳожирлари Россияга иш топиш илинжида келишади, аммо бунинг ўрнига зўравонлик ва экплуатация билан тўқнаш келадилар», – дейди ХРВнинг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Жейн Бюкенен.
ХРВга кўра, меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари Россия иқтисодий жиҳатдан гуллаб-яшнаётган даврларда ҳам поймол қилинарди.
Ташкилот ҳозирги иқтисодий инқироз даврида зўравонликларнинг янада кучайишидан хавотирда.
«Агар Россия расмийлари шошилинч чораларни кўрмасалар, қурилишларда ишлаётган меҳнат муҳожирлари иш берувчилар ва Россиядаги иқтисодий инқироз учун уларни балогардон қилишни истаганларнинг ҳужумига икки карра дучор бўлишлари мумкин», -дейди Жейн Бюкенен.
Унинг айтишича, Россия меҳнат муҳожирларини жиддий ҳуқуқ бузилиш ҳолларидан озод қилиш учун радикал ислоҳотларни ўтказиши зарур.
Хюман Райтс Вотч 2006-2008 йиллар мобайнида Росиянинг 49 шаҳридаги қурилишларда меҳнат қилган 140 нафар муҳожирлар ўртасида сўров ўтказган.
Ҳисоботда айтилишича, Россияда умумий сони 4 миллион билан 9 миллион орасида бўлган гастарбайтерларнинг 40 фоиздан кўпроғи айнан қурилиш соҳасида меҳнат қилади.
Уларнинг аксарияти собиқ совет жумҳуриятларидаги қашшоқлик ва ишсизликдан қочиб келганлардир.
Ўтган йили Россия расмийлари мамлакатдаги меҳнат муҳожирларининг энг кўпи ўзбекистонликлар эканини маълум қилишган.




