***
Ҳукмронликда у топмади довруқ,
Тарихчилар шундай қилур эътироф,
Мен дейман, йўқ ундан малика улуғ,
Зодагон аёл йўқ унданда ашроф!
Мен қилай у ҳақда тафсил хикоя,
Ўқиб чиқинг буни, қилиб ҳафсала.
Инқилобга қарши йўқ бунда ғоя,
Инқилоб, умуман, бошқа масала.
Олти сўзи унинг жаҳонга аён,
Полшани бўлмоққа бўлди баҳона.
Қилурман илло мен қуйида баён,
Икки сўзи ҳақда қолган нихона:
***
Европа талашиб, неча асрлар,
Урушди Хасбурглар Бурбонлар ила.
Уришди гоҳи бу олий насллар,
Неча минг авомдан қурбонлар ила.
Келиб лек асрга ўн саккизинчи,
Ярашиб олишга қўйишди қудум.
Барқарор бўлишга ўртада тинчи,
Қуда-андачилик тутишди удум.
Терезия аммо – ҳукумрон аёл,
Амал қилмоқ истаб анъанага бу,
Ибтидоий жуда қилганди ҳаёл,
Ҳолбуки, бағоят тўғри ўйлаб у.
Сиёсатни, зеро, тушунмоқ маҳол,
Энг тўғри режа ҳам чиқар гоҳ хато.
Сиёсат ҳар кимни айлайди бадҳол,
Вақтинча қилса-да инъомлар ато.
Аямас ҳеч кимни унинг дарафши,
Тамоилни ҳеч бир билмас устивор.
Терезия барин билса-да яхши,
Истиснога, балки, бўлди умидвор.
У истак билдирди бўлмоққа қуда,
Элчидан Людовик Ўн бешинчига.
Луи ҳам жавобни чўзмасдан жуда,
Розилик мактубин берди элчига.
***
Ўн тўрт яшар эди Веналик келин –
Антуанетта шўҳ, соҳибжамол қиз,
Сўрашганда унинг лутф ила қўлин,
Капетга – Франция тахтига ворис.
Унгача, эмас-ки ҳеч кимга бу сир,
Уч йилга чўзилди борди-келдилар.
Режа эди қилмоқ тарихга таъсир,
Ҳар икир-чикирни ҳисоб қилдилар.
Тўй ҳам бу тарихда қолиши даркор,
Аямади маблағ иккала тамон;
Рейндаги кичик оролда, тезкор,
Келин тушургани қурдилар ровон.
Икки тенг хонали кичик кошона –
Бу ровон қиларди кўзни маҳлиё.
Маъноси: Австрия эди бир хона,
Бошқа хона эса Франция, гўё.
Биринчи хонада либосин ечиб,
Бошқасига келин ўтмоғи лозим:
Австриядан, яъни, батамом кечиб,
Франциялик бўлиш эди маросим.
***
Келишидан келин илгари бир оз,
Бўлди бир ғаройиб ходиса содир:
Кўп эди кўргани жуда ишқибоз,
Оролдаги мазкур бинони нодир.
Бир гуруҳ талаба, яширин, тез ва
Ҳеч нарсага тегмай, хоналар ичин,
(посбонларга пича босишиб ришва),
Кирдилар ровонга томоша учун.
Гобеленлар осиқ бунда бебаҳо,
Ҳар бир буюм бунда санъат асари.
Бир бўйдор талаба (аслида даҳо),
Қотиб қолди бирдан хайкал сингари:
Чунончи, кўрди у гобеленда бир
Ясон тўғрисида қадим ақида.
Рафаэлдан нусха олинган тасвир,
Мохияти бахтсиз никоҳ ҳақида.
Ниҳоят, талаба тутолмай ўзин,
Хитоб этди: – Бу не ҳафтафахмлик?
– Ахир, бу, – деди у, чақнатиб кўзин, –
Қироличага ёш, ёвуз мавхумлик!
Илло унга ҳеч ким солмади қулоқ,
Ўйладилар уни бир авом муте.
Олиб кетди аранг дўстлари, бироқ
Жонини койитган бу эди – Гёте!
***
…
Давоми бор




