Кимдир Ўзбекистоннинг эртасини ўйлаши ҳам керак эди.
Йўқ, янглишдим. Шунчаки ўйлаш керак эмас. Негаки, ўйлай-ўйлай сал кам чорак асрни бой бериб қўйдик. Айни дамда биргина ўйлашнинг, қайғу-ла андуҳ чекишнинггина ўзи камлик қилади.
Халқимизда ҳўп топиб айтилган нақл бор: “Ўйчининг ўйи битгунча, таваккалчининг иши битади” дейишади.
Бугун амалий ишларга, дадил қадамларга, пухта ҳаракатларга ўтмоқликнинг айни фурсати.
Ўй уммонига шунғиган кишини сув гирдоби ўз қаърига тортиши, алал-оқибат одам боласи чўкиб кетиши тайин.
Токай ўй билан иш битиршга уринамиз?
Биз “Узоқ ўйни ўйлаб-тубсиз дарё бўйлайман” дея шу йиллар давомида Каримовнинг диктатурага асосланган ҳукуматини кучайиб, оёққа туриб олишига кўмак бердик, холос.
Ўзбекистон ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, қўйингчи, ишлаб чиқаришнинг, турмуш тарзининг турли жабҳаларида оқсаётган, ортда қолаётганлиги ҳақиқат.
Бироқ халқ ҳаёти Каримов учун бир пул.
Ўзбекистонликларнинг бугуни ва эртасини мамлакатнинг диктатор йўлбошчисига сариқ чақалик ҳам қиймати йўқ.
У неки қилиб бўлса-да, ўз ҳукмронлигини сақлаб қолса, имкон қадар шоҳлик даврини бардавом қилса бўлгани.
Шу нуқтаи назардан, Каримов қатор йиллар давомида мамлакатни фарофон қилиш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ташвишларига диққат қилган эмас, аксинча, бор эътиборини асл мақсади – ҳукмронлигининг умрбоқийлигига қаратди.
Хўш, Каримовнинг саробларга суянган салтанатини сақлаб қолувчи куч нимада?
Табиийки, кишилар қалбидаги қўрқувда.
Шу боис ҳам Ўзбекистон президенти кейинги йиллар давомида халқ кўнглига тинимсиз қутқу, ваҳима солиб келди.
Каримов тахт тепасига ўтирибдики, турли баҳоналар билан ҳур фикрли инсонларни қатиломон қилиш кучайиб, қама-қамалар кўпайиб кетди.
Руҳан ва жисмонан қурбон қилинганлар сони ортгандан ортди.
Яқин тарихга назар ташлайдиган бўлсак, талабалар шаҳарчасида, Бўка, Пискент, Паркетда бўлиб ўтган хунрезликлар, пойтахтда театрлаштирилган 16-феврал воқеалари, қўйингчи, кечагина бутун дунёни ларзага солган Андижон фожиалари фикримизнинг исботи.
Комил ишонч билан айтишимиз мумкинки, Каримов кейинги 23 йил давомида халқ қахру ғазабини ҚЎРҚУВ билан кашанбанд этишга уриниб келди ва бунга қайсидир маънода эришди ҳам.
Баралла айтишимиз мумкинки, Каримов тахтига халқимизнинг руҳиятига сингиб кетган қўрқув ҳисси тиргак бўлиб турибди.
Омма қачонки қўнглидаги қўрқувни енга олсагина Каримов тахтининг қулаши муқаррар!
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати айнан ана шу мақсадда одим отмоқда.
Зеро, қатор йиллардан бери “ОШ” –Оммавий Шикоят, Оқсаройга Шошилинг каби шиорлар остидаги тадбирларга асос солиб келинаётганлигининг моҳияти ҳам ана шунда:
“Бирдамлик” ХДҲ халқимиз, қадрли ватандошларимиз кўнгилларига ин қурган қўрқувни енга олишларида кўмак бериш илинжида!
Қўрқмас одам ботир бўлади. Мард кишигина майдонга чиқади. Қўнглидан қўрқувни қува олган даовюракларгина ўз ҳақ-ҳуқуқи учун талашиб-тортишади, тўкин турмуш кечириш илинжида интилади, фарзандининг эртаси учун қайғуради, беллашади, кураша олади.
Энг муҳими, адолат йўлида зўравон режимга, ноҳақлик асосига қурилган ҳукумат амалдорларига ҳам қарши боришдан чўчимайди, қўрқмайди.
Тажрибадан маълумки, қўрқув солиш ва қўрқувда ушлаб туриш Каримовнинг мамлакат аҳолисига қарши қўллайдиган қуроли – атом бомбаси.
Бас шундай экан, сизу биз Каримовни қуролсизлантиришимиз керак. Диктаторни “қўрқув ёмғири” деб аталмиш ёвуз ядродан мосуво этишимиз шарт.
Қандай қилиб?
Бунинг учун сизу биздан жуда кўп нарса талаб қилинмайди.
Фақат ўзимизга ўзимиз кучимиз етса бас. Ички қўрқувимизни енга олсак бўлгани!
Ватандош, Ана шу қўрқувингизни қувишда кўмаклашиш мақсадида биз, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати сизларни 1 сенябрдан то 10 сенябрга қадар ўтказилиши кўзда тутилган навбатдаги “ОШ” тадбирига таклиф қилган эди.
Тадбиримиз иштирокчисига айланиш талаби жудда оддий: жамиятдаги ҳақсизликларга қарши ўз қаршилигингизни эгнингизга оқ либос илиш орқали кўз-кўз қила олсангиз бўлгани эди. Ва яна оқ либосда суратга тушиш. Шугина холос.
Зеро мақсадимиз холис ва самимий: “Бирдамлик” ХДҲнинг “ОШ” тадбирлари журъат ҳисимизни тарбиялайди, тоблайди, иродамизни чархлашга, фикримизни тийран, тиниқ ва тетик қилишга хизмат қилади, ўз кучимизга ишонишга, Ҳақ сари ҳаракат қилишга, курашга ундайди.
Тадбир доирасида фаол фуқароларни рағбатлантириш мақсадида расмлар танлови ҳам жорий этилган, сизга – кўрсатган қахрамонлигингиз эвазига мукофот тариқасида туҳфалар ҳам ажратилган эди.
Йўқ, сиз калта ўйламанг: “ОШ” да иштирок этиш дегани бу – сиз мукофот пулини қўлга киритиш илинжидагина интилдингиз дегани эмас, кенг маънода талқин қиладиган бўлсак, бу билан сиз истиқболли онларингиз, нурли келажагингиз соҳибига айланиш истагида курашдингиз, аниқроғи, тинч, нозўравон усулда ноҳақликларга қарши бош кўтариш учун ўзингизда куч топа олдингиз, ички қўрқувингиздан устун кела олдингиз демакдир.
“Бирдамлик” томонидан туҳфа тариқасида ажратилган маблағ эса ҳадсиз босим, аёвсиз тақиб, чексиз таҳдидларга қарамасдан кучли диктатура ҳукм сураётган салтанатда ўз қўрқувини енга олишга қодир қахрамон кишилар учун Ҳаракатимизнинг ҳадяси эди, холос: ўз қўрқувингиздан ғолиб келмоқликнинг мукофоти.
Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, “ОШ” тадбири деб аталмиш ўша 10 кун сизу биз учун мисоли бир синов муддати бўлди.
Ўзгалар билан эмас, энг аввало ўзимиз – ички қўрқувимиз билан яккама-якка курашиш онлари.
Шу ўринда яна бир аччиқ ҳақиқатни ҳам биламизки, “ОШ” тадбирининг талаби етиб борган кишиларнинг аксарияти оқ кийишга журъат қилолмай қийналган бўлишса, янаям ёмони, “ОШ” моҳиятини оммага тўлақонли етказиш учун мамлакат аҳолисини батамом қамраб олишнинг мутлақо имкони ҳам бўлмади.
Биласиз, Ўзбекистон аҳолисининг асосий қисми қишлоқларда истиқомат қилишади. Қишлоқ турмуш тарзи эса, ўзингизга маълум, электрсиз, газсиз.
Ҳаракатнимиз “ОШ” тадбирининг тарғибот-ташвиқот ишлари асосан интернет воситаси орқали олиб борилаётганлигини ҳисобга оладиган бўлсак, қишлоқ кишиларининг аксарияти Оммавий Шикоят, Инқилобий Босқичлар тадбирининг моҳиятидан бехабар ва бебаҳра қолганликларини ачиниш билан таъкидлаб ўтишимиз жоиз.
Тўғри, жойларда Ҳаракат фаоллари имкон қадар тушунтириш ишлари олиб борган бўлишларига қарамасдан, табиийки, ҳеч бир шахс ОАВ воситасининг ўрнини боса олмаслигини ҳам кези келганда тан олмоғимиз керак.
Шу нарса аниқки, ўнлаб кишилар ўн кун давомида уддалайдиган юмушни ОАВ воситалари ўн дақиқа давомида қойилмақом қилиб амалга оширишга қодир эканлиги ҳеч кимга сир эмас.
Шу маънода, мамлакатимиз – ватандошларимиз тақдирига вобаста бўлган “ОШ” каби савобли ва хайрли ишни оммавийлашувида демократликка иддао қилгувчи баъзи бир ҳорижий радиолар(номларини санаш шарт эмас)нинг ўзбек бўлими хизмати ходимлари кўмак қўлини чўзиш ўрнига негадир сукут сақлаб, кузатувчи бўлишни афзал кўрганликлари ҳамон бизни ҳайрон қолдирмоқда.
Нима бўлишидан қатъий назар, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг навбатдаги “ОШ” тадбири қониқарсиз ўтди демоқликка ҳеч бир асосимиз йўқ.
Шу 10 кун давомида 30 миллион аҳолидан лоақал 100 кишининг журъатини “қитиқлаб” қўйишга эришган бўлсак, бу – халқ орасидаги “жонли радио” кўмагида яна 100 овулнинг мудраб ётган кишилари хушёр тортди деган гап.
Кўп ўтмай 100 овул орасидаги гап оламга ошкор бўлишига, элни уйғотишига умидвормиз.
Афсус, ҳар бир нарсанинг дебочаси бўлгани каби, хотимаси ҳам бор, албатта.
Куни кеча, 10 сенябрь куни “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг “ОШ” – Оммавий Босқичлар тадбири ниҳоясига етди.
Хўш, бу тадбирда иштирок этганлар – ўз қўрқувидан кучли кишилар сони қанча экан?
Ажаб, шу вақт мобайнида ўз ички қўрқувидан кимларнинг қўли баланд келди экан?
Бу каби саволларга жавоб топишни расмлар танлови ҳайъатига ҳавола этамиз, албатта.
Танлов натижалари ва “ОШ” ғолибларидан режага мувофиқ 25 сентябрдан кейин огоҳ бўласиз.
Биз эса ҳозир хулоса ўрнида ўзга бир муҳим гап айтмоқчи эдик:
Муҳтарм юртдош, шу 10 кун давомида “ОШ” тадбирида иштирок этиш учун эҳтимол ўзингизда куч топа олмагандирсиз… Журъатингиз етмагандир?
Ҳечқиси йўқ. Негаки тадбир тугади дегани бу – энди ҳаммаси тамом дегани эмас.
То ҳаёт эканмиз ҳақ учун, адолат учун, истиқболли кунларимиз учун кураш давом этади.
“Бирдамлик”нинг “ОШ” тадбири беллашувида қатнаша олмадингизми, у ҳолда ҳаётда сергакроқ бўлинг, ҳукуматда авж олган ҳақсизликларга қарши туринг, адолатсизликларга қарши курашинг.
Болаларим жафолардан жабр чекмасин, эртам бугундан-да оғир кечмасин, ҳукуматнинг ҳақсизлиги ҳар куни юрак-бағримни минг-бир эзмасин десангиз курашишга ўзингизда куч топинг.
Бунинг учун журъат керак. Журъатлироқ бўлинг!
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати матбуот хизмати



