
Ҳам жонини, ҳам молини олгувчиларнинг қиёфасини кўрганмисиз?
Йўқми?
У ҳолда биз томонга, Ўзбекистонга келинг.
Кишининг ҳам жонига, ҳам молига кўз тикадиганларнинг шаклу-шамойили худди бизнинг ҳукумат кўринишида бўлса керак, ҳойнаҳой.
Биласиз, “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакичи Баҳодир Чориевдан қасд олиш мақсадида кекса отаси Ҳасан Чориевга Каримовнинг зўравон режими қонунчилар қўли билан ноҳақдан қамоққа “путёвка” беришган эди.
Бунингдек ҳақсизликлар Шаҳрисбазда истиқомад қилувчи Чориевлар оиласи аъзоларига маломат ва ҳақорат тоши янглиғ қалбларини яро қилди, албатта.
Чориевлар хонадон аъзолари шунингдек ярим юрак билан ноҳақ қамоққа ташланган оталари ҳимояси учун отланишганди.
Каримов ҳукумати эса оталарининг озодлиги йўлида адолатсизликларга қарши курашаётган фарзандларга “онасини учқурғондан кўратиб қўймоққа” астойдил киришиб кетди.
Каримов ёш мухолифатчи Баҳодир Чориевнинг отасини зиндонбад этиш орқали жон олиб эди, энди навбат молга келган кўринади.
Суд қарорининг ижросини бажариш баҳонасида суд департаментининг ижрочилари ниқоби остида келган Каримовнинг “қароқчилари” Шаҳрисабздаги Чориевларга тегишли нексия русмли машинани мусодара қилишганларига кўп бўлган эмас.
Бугун, 10 сенябр куни тунаш навбатида Ҳасан отанинг кенжа қизи Зулфия Чориева хонадонига ҳам етиб келди.
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё суди томонидан ғайриқонуний солинган олти миллион сўм жаримани унтириш баҳона-ю сабаб бугун Каримовнинг қўли эгри қозилари Зулфия Чориеванинг уйига “ўғирлик”га тушишди.
Муддао Зулфия Чориевнинг уйидан пичоққа илинадиган бирор бирор бир буюм олиб чиқиб кетиш бўлган.
Бироқ талончилар қарашсаки, кўзлаган манзилларида муродлари ҳосил бўлмайдигандек, уйда қўлга илингулик нарсанинг ўзи йўқ.
Аммо Каримовчилар атай атоқлаб кирган уйларидан қуруқ қўл билан қайтиб кетишга урганишмаган.
Шу сабабли суд ижрочиларининг кўзи Зулфия Чориева томорқаси адоғида ўтлаб юрган сигирларга тушди.
Улар “Ҳар-на, унгани наф” деганча, Зулфия Чориеванинг қўшнисига тегишли бўлган бир сигирни бузоғи блиан етаклаб кетишди.
Зулфия Чориеванинг қўшниси “Бу моллар менинг мулким-ку?!” деганча талончилар ортидан изиллаб қолайверди.
Хўш, бунингдек “англашилмовчилик”нинг боиси не?
Ростанам суд ижрочилари Зулфия Чориевага тегишли дея ўйлаб қўшнисининг мол-ҳолини билмасдан етаклаб кетишдимикин?
Йўқ, албатта.
Биласиз, ўзбекда “Қўшничилик – минг йилчилик” деган гап бор. Шу сабаб ҳам “Ҳовли олма-қўшни ол” дейишади.
Айтишларича, “Гилам сотсанг, қўшнингга сот, бир четига ўзинг ўтирасан” деган ҳикматлар ҳам бежиз айтилмаган.
Инсоннинг ҳузр-ҳаловатда умргузорлик қилишида маҳалла-куй, қўни-қўшнилар билан аҳиллик ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода, суд ижрочилари била-кўра туриб Зулфия Чориевага оид жаримани ундириш илинжида атай унинг қўшнисининг молини олдиларига солиб кетишган, мусодара этишган.
Сабаб?
Сабаб, маҳалла-куй, қўни-қўшнилар билан

хонадони ўртасида ўзоро низо келтириб чиқариш бўлган, деган тахминимиз ҳам йўқ эмас.
Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, қўшнилар орасига совуқчилик солиш, келишмовчилик келтириб чиқариш орқали З. Чориеванинг ҳаловатини ўғирлаш, тинчини бузиш, руҳий боисм ўтказиш бўлган.
Она-бола сигирини қайтариб олиш учун Зулфиянинг қўшниси маҳкамага минг бир марта бориб-келивериб бир-иккита калишининг таги ейилиб кетгач, кўрасиз, томошани.
Ана шунда Зулфия Чориевани анордек сиқиб, сувини ичиш учун Каримовнинг куч ишлатар тизими ходимларининг кучи ҳам керак бўлмай қолади.
Қўшни билан муносабатларнинг кескинлашуви ҳам киши асабларини эговлаб, руҳиятини ишдан чиқаришга етарлича омил бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, бугун Китоб туман суд ижрочилари Зулфия Чориевага ноқонуний солинган жаримани ундириш баҳонасида қўшнисининг она-бола сигирини ўмариб, тунаб кетишди. Провардида қўшниларни бир-бирларига қайраб қўйишди.
Эҳҳҳ, Каримов, яна қандай томошаларингиз бор?
Ўзбекистоннинг машҳур театрлари таътилга чиқаверишсалар ҳам бўлади энди.
Мамлакат президентининг халққа кўрсатаётган томошаларининг ўзи ҳам одамларга етиб-ортади. Пул тўлаб, театрга киришнинг ҳам ҳожати қолмай қолди-ку?
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот хизмати



