ҲАСАН ОТАНИНГ ҚАМАЛИШИ-Ю, NEXIA АВТОМАШИНАСИНИНГ МУСОДАРА ЭТИЛИШИ ОИЛАНИ МУХОЛИФАТЧИ ЎҒИЛГА ҚАРШИ ҚАЙРАШГА ҚАРАТИЛГАН

НОҚОНУНИЙ ИЖРО МАНЗАРАЛАРИ
НОҚОНУНИЙ ИЖРО МАНЗАРАЛАРИ

Шундай бўлган.

Ўзбекистон ҳукумати “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати етакчиси, ёш мухолифатчи Баҳодир Чориевни руҳан синдириш йўлларини қидирган.

Ана шу ғараз мақсаднинг маҳсули сифатида мухолифат етакчисининг 71 ёшли отаси, айтиш мумкин бўлса, атай ўзбеклар учун шармандали ҳисобланмиш ҳолат – номусга тегиш жинояти билан зиндонбанд этилган.

Бироқ  Каримов шу билан қаноатланган эмас. У маккорона ҳаракатларини давом эттириб, куни кеча Шаҳрисабзлик Чориевлар оиласига тегишли бўлган Nexia русмли автомашинани ҳам жаримани ундириш баҳонасида мутлақо асоссиз равишда тортиб олди.

Сохта маъмурий иш очиш ва Чориевлар хонадони вакилларининг ҳар бирига ўтказмаган норозилик пикети учун катта миқдорда жарима солиш ва провордида, ўта шошилинч равишда жаримани ундириш ижросини уларнинг мол-мулкига қаратиш шунчалар шартмиди?

Ҳа, ўта муҳим эди.

Мабодо, диққат билан тафтиш қиладиган бўлсангиз, Ўзбекистон миқиёсида, хусусан, Қашқадарё вилоятида, Шаҳрисабз шаҳрида маъмурий жавобгарлик оқибатида жаримага тортилган юзлаб фуқаролар мавжуд.

Қайсидир йўллар билан – ҳақ, ноҳақ усуллар-ла давлатдан қарздор қилиб қўйилганлар қанчадан-қанча.

Шуни комил ишонч билан айтишимиз мумкинки, Шаҳрисабз суд департаменти қўлида 3-4 йиллаб ўз ижросини кутаётган саноқсиз  суд қарорлари мавжуд.

Дейлик, автоҳалокат туфайли жабр чеккан фуқарога  ҳайдовчидан тавон пули ундирилиши лозим. Бошқа бир жабирдийда товламачидан суд қарори асосида унмас қарзини ундириш илинжида.

Бунингдек  ижросини кутаётган ишларни санасангиз, адоғи кўринмайди,  охири йўқ.

Лекин юзлаб суд қарорларининг ижросини пайсалга солиб урганиб қолган суд департаменти  ходимларининг айнан Чориевларга оид жаримани ўта шошилинч тарзда ундириш илинжида пойтавасига қур тушиб қолгани жуда ғалати, шундай эмасми?

Ваҳоланки, айни пайтда мазкур жарима ишига оид маҳкама қарори суднинг юқори инстанцияларида кўрилмоқда.

Суд департаменти ходимлар эса бу нарсага эътибор қаратишни ҳам исташмайди. Уларни фақат бир нарса: юқорининг топшириға асосан гарчи ноқонуний тарзда бўлса-да жаримани ундириш баҳонасида Чориевларни жазолаш қизиқтиради, холос.

Зеро, Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақининг ўта пастлиги, бу маблағга мушук офтобга ҳам чиқмаслигини ҳамма жуда яхши билади.

Шундай бир шароитда суднинг нохолис чиқарган қарорига асосан катта миқдордаги жаримани тўлашлик учун Шаҳрисабз суд департаменти ходимлари белгилаган уч кунлик  қисқа муддатда  миллонлаб маблағни топиш мутлақо имконсиз эканлиги ҳам барчага маълум.

Хусусан, Чориевлар оиласида ҳам бунингдек шароит мавжуд эмаслиги қонун идораларига ҳам аён.

Негаки, айнан Ўзбекистон ҳукуматининг адолатсизлиги боис бугунги кунда Чориевлар хонадонининг остонасида мушуги ҳам қолмаган.

Бундан сал кам икки йил илгари куч ишлатар тизимлари Чориевлар оиласининг мол-ҳолига кўз олайтирган эди.

Ҳукумат барибир ҳукумат-да! Ҳоқонлигини қилди! Чанг солган нарсани қўйиб юборармиди?

Куч ишлатар тизимларининг қудрати туфайли Чориевлар бутун бир бошли чорвачилик фермасидан муосуво этилди.

Ҳақиқат излаб минг бир ташкилотга хат ёзган оила отаси Ҳасан Чориев эса туҳматчига чиқарилди, Ўзбекистон қозиларининг кўмагида 29 миллон сўмлик жаримага тортилди.

Чорвачилик фермасининг иморатларига қўшиб, Ҳасан отанинг Қамашидаги уй-жойлари ҳам тракторда текистлаб ташланди. Чорва фермасига қарашли ерлар ҳам тортиб олинди.

Чориевларнинг кейинги кўргуликлари олдида ҳали булар холва экан.

Мусибатнинг каттаси олдинда кутиб турган экан.

Ҳукуматнинг ҳақсизлиги тобора авж олди, адолатсизликларнинг оқибати кекса Ҳасан Чориевни хибсга олиш билан якун топди деб туриб эдик.

Лекин Каримовнинг кўнглидаги алам оташига шу билан ҳам сув сепилмаган, қахру-ғазаби ҳали ҳам босилмаган экан, чамаси.

Рост-да, оддийгина хўжалик раиси, ёхуд дейлик, туман ҳокимими ва ё пирокурору қозисими,  ўз курсисини бериб қўймаслик илинжида рақиби билан оз мунча кураш тушади дейсизми?

Ахир бу ерда президентлик  “пости” ҳақида гап кетмоқда-ку?

Яна ким? Шаҳрисабздан чиққан бир  “подачи”нинг боласи халққа йўлбошчилик қиламан, оммани омон-омон кунларга бошлайман деб туради-ю, Каримовнинг ётиб уйқуси келармиди?

Халқумидан хотиржам ош ўтармиди? Ўтиб кўрсинчи? Ўтмайди-ям-да!

Амалдан айрилиб қолиш алами осон эканми?

Шаҳрисабзлик Чориевлар оиласи бошига тинимсиз тушаётган кулфатларнинг асл моҳияти ана шунда!

Мухолифатчининг отасини бир амаллаб қаматиб ҳам олишди, энди нима қилсин экан?

Шундай қилиш керакки, оилани мухолифатчи ўғилга қарши қайраш керак!

Тан олиш керак, ким нима деса десину, барибир Каримов ўта маккор сиёсатчи.

У рақибининг қай томонидан зарба беришни жуда яхши билади. Қабихликнинг минг бир усулини жа-аа ўзлаштириб олган пихини ёрганлардан.

Каримов бир нарсадан, “мол аччиғи – жон аччиғи” эканлигидан ҳам яхшигина хабардор.

Шу боис ҳам Чориевларнинг Шаҳрисабзлик оиласини ёш мухолифатчи – Баҳодир Чориевга қарши қўйиш учун бор эътиборини яна мол-мулкка қаратди.

Жаримани ундириш баҳонасида Чориевларни замонавий усулда талаб кетишди!

Нега?

Нега энди бу қадар шошма-шошарликла жарима ниқоби остида Чориевларнинг автоуловига чанг солишди?!

Назаримда, қўлидан келган бор қитмирликни қилиб қўйган Каримов айни дамда, ҳам ноҳақ қамалик қолган отадан, ҳам автомашинадан айрилиб қолиш алами ортидан оила аъзоларининг АҚШдаги мухолифатчи ўғлнинг баҳридан кечиб юборишини, “бебош бола”га босим қилишини кутмоқда.

Каримов рақибини – мухолифат етакчисини шу йўл билан “синдир”моқчи!

Шу йўсинда руҳий зарба бермоқчи.

Аммо у бекорга илҳақ бўлмоқда.

Негаки қабихлик-ла у этни тирноқдан ажратаман деб умид қилса, хомтама бўлади.

Каримовнинг маккорона усули барибир иш бермади.

Негаки, ўзбек молидан, жонидан кечиши мумкин, фақат боласи, жигаргўшасидан эмас.

Буни асли қони тоза ўзбек бўлмаган кимса қаердан ҳам билсин?!

Алқисса, жаноб Каримов ва унинг куч ишлатар тизимлари қанчалар қитмирлик қилишмасин бу дунёда меҳр, муҳаббат, адолат танта қилаверади.

                 “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими  матбуот хизмати.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares