“Бирдамлик” Халқ Демократик Мухолиф Ҳаракатига асос солган шаҳрисабзлик Баҳодир Чориев Каримовнинг ноҳақликка асосланган тузумини рангли инқилоб йўли билан таназзулга учратиш ғояси муаллифи ҳисобланади.
Ана шу эзгу мақсадда, биласизки, “Бирдамлик ХДҲ етакчиси Мустақиллик айёмлари арафасида, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан мунтазам равишда “ОШ” – Оммавий Шикоят” – “Оммавий Шодлик” – “ОШ” тадбирларини ўтказиб келмоқда.
Мунтазам равишда ўтказилаётган мазкур ОШ тадбирларида “Бирдамлик” етакчиси Ўзбекистон аҳолисини Каримовнинг адолатсиз салтанатига қарши тинч, нозўравон йўллар билан бош кўтаришга – мавжуд режимга қарши оммани эгниларига оқ либос кийиш орқали ўз норозиликларини намойиш этишга чорлаб келмоқда.
Тан олишимиз керак, кейинги вақтларда “Бирдамлик”нинг “Оммавий ОШ” акцияси халқ орвасида маълум маънода оммавийлашиб бормоқда.
Бундан тинчи бузилган Каримов ҳукумати эса ёш мухолифат етакчиси Баҳодир Чориевнинг руҳини синдириш, овозини ўчириш истагида унинг Шаҳрисабзда истиқомат қилаётган оила аъзоларига тинимсиз равишда босим ўтказиб келмоқда.
Шу йилнинг 6 август куни ёш мухолифатчининг 71 ёшли отаси Ҳасан Чориевнинг ёш қизни номусига тегиш жинояти билан туҳматдан айбланиб, ноқонуний тарзда 5 йилу 2 ой озодликдан маҳрум этилганлиги Каримов ҳукуматининг қутириб кетганлигидан далолат беради.
Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати кекса Ҳасан Чориевни туҳмат билан қамоққа олиш ва номини бадном этиш билангина чекланган эмас.
Каримовнинг ваҳшийликка асосланган ноинсоний тузуми вақтинча қамоқда сақланаётган Ҳасан Чориевнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини қўпол равишда бузишдани чўчимади. Отахоннинг ёнига ҳатто ҳимоясинини йўлатишни ҳам лозим топмади.
Энг ачинарли томони шундаки, Чориевлар оиласи ҳамон оталари Ҳасан Чориев билан кўришиш имкониятидан мосуво этилган.
Хабарингиз бор, Каримов тузумининг қабихликларига қарши турган шаҳрисбазлик Чориевлар оиласи оталарига қўлланилаётган ноҳақликларга барҳам берилишини талаб қилиб шу йилнинг 3 июль куни Қашқадарё вилоят прокуратураси биноси олдида норозилик пикети ўтказишни режалаштирган эдилар.
Гарчи қонун талабига кўра маҳаллий ҳокимият бўлажак норозилик пикети хусусида Чориевлар оила аъзолари томонидан ўз вақтида огоҳлантирилганлигига, тегишли идораларга билдирга берилган бўлишига қарамасдан, мутасадди раҳбарлардан садо чиқмади, лом-мим демади.
Аксинча, улар Чориевларнинг пикетини барбод қилишга пухта ҳозирлик кўрдилар.
Натижада, 3 июль куни норозилик пикетига отланган Чориевлар оила аъзоларини куч ишлатар тизимлари томонидан махсус ёлланган йўлтўсар, талончи ва зўравон аёллар тўдаси қарши олди.
Бир сўз билан айтганда, маҳаллий ҳокимият билан куч ишлатар тизимлари ўзоро тил бириктирган ҳолда норозилик пикети иштирокчиларини аёвсиз калтаклашга муваффақ бўлдилар.
Ҳали ҳамон талончи аёлларнинг топилмаётганлиги бу “ўйин” маҳаллий ҳокимият томонидан ўйлаб топилганлигидан далолат беради.
Қисқаси, калтаклангандан кейингина тиббий кўмакка муҳтож пикет иштирокчилари ички ишлар идоралари ходимлари томонидан “шифохонага” дея алдов йўли билан Қарши шаҳар ички ишлар бошқармасига келтирилди.
Ўша куниёқ пикет иштирокчиларига нисбатан маъмурий иш қўзғатиш мақсадида сохта ҳужжатлар “ижод” қилинди.
Қарши шаҳар ички ишлар идоралари ходимларининг қалбаки баённомаларига асосан Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар суди судьяси Отабек Мустафоев пикет ўтказишга отланган 7 нафар фуқароларнинг ҳар бирини ғайриқонуний тарзда 6 миллон сўм миқдоридаги жарима жазоси билан “сийлади”.
Айниқса, “Бирдамлик” Халқ демократик мухолиф Ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориевнинг шу йилнинг 26 август куни Ўзбекистон аҳолисини рангли инқилобнинг биринчи босқичига ўтишга чорловчи видео мурожаатидан кейин Каримов янада тутоқиб кетди.
Куч ишлатар тизимлар зулум ўтказай деса, ёш мухолифат етакчиси олисда – бу адолатсиз тузумнинг жафоларидан жабр кўриб, океан орти мамлакатидан қўним топган.
Лекин пихини ёрган Каримовнинг куч ишлатар кўппаклари устаси фаранг!
Улар мухолифат йўлбошчисидан қандай қилиб аламларини олишни жуда яхши билишади!
Чунки уларнинг қўлида гаровда қолган “асир”лар – мухолифатчининг Шаҳрисабзда ота-онаси, оила аъзолари, қондошлари бор.
Баҳодир Чориевга қасд қилган Каримов унинг кекса отасини минг бир балога гирифтор этди – ўзбекнинг менталетитидан келиб чиққан ҳолда – Чориевлар ор-номусининг энг нозик жойини нишонга олди ва ўхшатиш жоиз бўлса, орқадан номардларча пичоқ санчди. Чориевлар оиласининг кекса отасини номус билан боғлиқ жиноятда туҳматдан айблаб қаматишга муваффақ бўлишди.
Энди навбат Чориевларнинг ўзга оила аъзоларига!: Аламидан ёрилай деган Каримов ва унинг манқурт малайлари руҳий босим чораларини кучайтирди.
Бу борада уларга яқингинада Қарши шаҳар суди томонидан қўлланилган ноҳақ жарима қўл келди.
Мустақиллик байрамини байрам демади улар.
Мудомки, Мустақиллик олди Чориевлар оила аъзоларининг таъбини хира, кўксини яра қилишса бўлгани!
Шундай ҳам қилишди: Байрам кунлари Каримовчилар Чориевнинг шаҳрисабздаги оила аъзоларига “суд қарорига асосан Бекзод Чориев ва рафиқаси Шоҳиста Маллаеваларнинг ҳар бирига жазо чораси сифатида қўлланилган 6 миллонлик (жами-12 миллон сўм) жаримани тезлик билан тўлаб қўйиш” тўғрисидаги суд ижрочиларининг талабномаларини “туҳфа” қилишди.
Шаҳрисабз шаҳар суд ижрочилари ҳам манфур ҳукуматнинг малайлари: талабнома ва чақирув қоғозларини кетма-кет жўнатишдан чарчашмади.
Мустақилликнинг 22 йиллиги муносабати билан “Бирдамлик” ХДҲ етакчиси Баҳодир Чориевнинг “ОШ” – “Инқилобий босқичлар” борасидаги навбатдаги чақириғи ва мазкур “ОШ” акциясининг расмлар танловига Ҳаракат ҳисобидан 16 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағнинг мукофот тарзида қўйилиши, айтиш мумкинки, Каримов ҳукуматининг жонини халқумига келтирди.
Айниқса, мавжуд тузумдаги адолатсизликларга қарши оқ либосли кишининг энг наъмунали деб топилган расмига сиёсий маҳбус Ҳасан Чориев номидаги Олий мукофот – 3 минг АҚШ доллар тикилишидан воқиф бўлган Каримов, аниқ, шайтонлаб қолди.
Каримов ўз курсиси қимирлаб қолганини жуда яхши билади.
Шу сабаб ҳам кўнглига қўрқув ин қўрган. Хаёлида “ОШ” тадбири иштирокчилари эрта индин тахтидан мосуво қилиб, Президентлик амалини олиб қўяётгандек ўтакаси ёрилаёзди.
Каримов қўрқувининг тасвири шаҳрисабзлик Чориевлар оиласига қилган таҳдидида яққол кўзга ташланади.
Ҳали жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ноқонуний қарори суднинг юқори инстанцияларида кўрилиб улгурилмасданоқ, Каримовнинг куч ишлатар тизимлари қўлланилган жаримани ундириб олиш ниқоби остида Чориевлар оиласига жабр ўтказишни бошлаб юборди.
Натижада, бугун, 4 сентябрь куни суд томонидан қай тақлид ғайриқонуний тарзда жарима чораси қўллланилган бўлса, суд ижрочилари томонидан айнан ўша услубда – ноқонуний йўсинда жарима ундириш Чориевларнинг мол-мулкига қаратилди.
Оқибатда, суд ижрочилари томонидан Баҳодир Чориевнинг кенжа укаси Бекзод Чориевнинг номида бўлган Nexia русмли автомашинасини мусодара қилиш илинжида олиб кетилди.
Қиссадан ҳисса шуки, токи Каримовнинг зўравонликка асосланган тузуми таназзулга юз тутмас экан адолатсизликлар тугамайди. Мамлакатда инсон ҳақларининг бузилиши авж олаверади.
“Бирдамлик” халқ демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот Маркази




