
Вазият тақозоси туфайли сўзимни ўзбеклардаги қўполгина бир ибора билан бошлашни истардим. Бунинг учун олдиндан ўқувчилардан узр сўрайман.
Халқимизда бир гап бор: “Ҳам ғарлик – ҳам пешгирлик” дейишади. Ҳеч эшитганмисиз?
Йўқми?
Биз томонларада, Самарқандда шундай дейишади ҳарҳолда. Бу: “Ҳам суюқоёқлик қилади, айби очилиб қолмаслиги учун ҳам олдини олиб қўяди” деган гап-да.
“Замондош” сайтида ўша ўзингиз билган, Толиб Ёқубов таъбирлари билан айтганда “иштонининг боғичи бўш” қиз – маълум ва “машҳур” Матлуба Абдураҳмонованинг видео-мурожаатига кўзим тушганида дафъатан ана шу гап келди хаёлимга.
Йўқ, ўйламанг, мен бу иборани Матлубага қарата айтаётганим йўқ.
“Ҳам ғарлик – ҳам пешгирлик” қилаётган Ўзбекистон режимига, куч ишлатар тизимига қарата айтмоқдаман.
Ҳозир мен “Матлубахон ундоқ деб иддао қилибди” дея таҳлил қилиб, асабларингизни эговлаб ўтирмоқчи эмасман. Яхшиси, эътиборингизни энг асосий масалага қаратсам дегандим:
Хўш, Матлубанинг видео – мурожаат қилишига қандай зарурат бор эди?
Қизгинанинг “ҳуқуқларим паймол этилди” дея “уввос” солишига бирор бир асоснинг ўзи бормиди?
Ҳасан Чориев билан боғлик воқеаларнинг бевосита кузатувчиси, ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева айтганидек, “Матлубанинг даъвосига кўра ўша заҳотиёқ Ҳасан отани оёғини ерга текказмасдан қамоққа олишган бўлса, маҳбуснинг ёнига қарндошлари у ёқда турсин, адвокатлари ҳам кира олмасдан, отахоннинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқларини истаганларича аёвсиз топташган бўлишса, номус масаласига оид суд мутлақо ёпиқ тарзда ўтказилса ва яна боз устига суднинг ёпиқ-яширинлигидан фойдаланиб иш батамом “номуси топталган” қиз фойдасига ҳал этилган бўлса, оқибатда, 71 ёшли қария “емаган сомсасига пул тўлаб” қўйган бўлса – 5 йилу 2 ой озодликдан маҳрум этилса – қамоқда ўтирган бўлса, ана энди айтингчи, яна нима керак, номаъқулнинг нони керакми бу Матлуба деганларига?
Хўш, Ўзбекистон қонуни бундан ортиқ нима қилиши керак эди қарияни?
Ўзингиз айтинг, даъвогарнинг барча талаблари қондирилган бўлса, яна нима керак бу хонимга? Суд ҳукмидан норози бўлса юқори инстанцияларга югургиламайдими?
Йўқ, бу видео-мурожаат Матлуба керак эмас эди, аслида.
Матлубанинг “ўз жонига қасд қилиши – ўзига ўт қўйиш”и ҳақидаги иқрорномаси режим корчалонларига, куч ишлатар тизимларига зарур эди, аслида.
Режимнинг қўллари шунақа узун: истаса, акани укага, отани ўғилга қарши қўя олади. Куч ишлатиб бўлса-да жигарни жигарга қарши “сайратиб” қўяди.
Эсимда, бир пайтлар мухолифат етакчиси Муҳаммад Солиҳнинг қамоқдаги укаларидан бири Ўзбекистон телевединиесидан чиқиб акаси Салай Мадаминовнинг “гўрига ғишт қалаган”ди…. Аниқроғи мажбуран “қалатишган”ди.
Асл ҳақиқатни билмаган халқ бунга ишониши мумкиндир, бироқ тележурналист сифатида мажбуран интервью олиш нима эканлигини мутахассис сифатида мен жуда яхши биламан.
Матлубанинг видео-мурожаатида ҳам айнан ана шу ҳолат ҳукмрон….
Шу ўринда савол туғилади: хўш, нега энди режимга Матлуба Абдураҳмонованинг “ўзига ўт қўйиш” иқрорномаси керак бўлиб қолди экан?
Керак, керак бўлганда қандоқ!: жуда зарур ва шарт.
Менимча шундай.
Қашқдаарёлик куч ишлатар тизимлар Матлуба деган аёлнинг қўли билан Ҳасан Чориевдан қутилди, ҳисоби: қамоққа тиқиб бўлди.
Энди, айтингчи, куч ишлатар тизимларига қабих ишларига шоҳид бўлган ортиқча гувоҳнинг нима кераги бор?: ундан қутилиш керак. Тамом, вассалом!
Лекин… бесўроқ дунё борми? Ҳарҳолда мухолифат етакчисининг отаси Ҳасан Чориевнинг баҳонасида Абдураҳмонова деганларининг ҳам анча-бунча довриғи чиқиб қолди.
Яна ҳали бу ёқда Матлубахоннинг “бокиралигига даҳл қилиб қўйган” бир эмас, 5 нафар йигитча суд ҳукмини кутиб ётибди. Ҳали Матлубахон “жабирдийда” сифатида Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида такрор-такрор кўрсатма бермоғи даркор…
Лекин Қаршининг куч ишлатар тизимлари бу Матлуба деганларини қачонгача қўришади? Бошқа қиладиган ишлари йўқми?
Ундан кўра бирортага “гуллаб” қўймасидан олдин қутилишади-қўйишади-да!
Хўш, унда нима қилмоқ керак?
Бу Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари ҳам анойи одамлар эмас. Онасининг сутини ангишвонада пишириб ичган – пухта, пишиқ, разилликнинг учига чиққан, пасткашликда пихини ёрган шаввозлар.
Шундай қилишсинки, бир ўқ билан икки қуённи отишсин: ҳар доимгидек пичоқнинг сопини ўзидан чиқаришсин.
Матлуба Абдураҳмоновани жисмонан йўқ қилишдан олдин “айбдор”ни топишсин. Ана ундан кейин қолганига “яшил чироқ”-да!
Шундай ҳам қилишди: қизнинг ҳуқуқий саводсизлигидан фойдаланган куч ишлатар тизимлари уни қай бир вокзалга келтириб – ўз ўлми учун унинг ўзидан фатво олишди!
Пихини ёрган каззоблар М. Абдураҳмонованинг “Мен Малоҳат Эшонқулова ва Зулфия Чориеваларнинг таъқибидан қочиб Тошкентга келдим. Паймол бўлган ҳуқуқларимни тиклаш учун БМТга, АҚШ элчихоналарига мурожаат қиламан. Акс ҳолда ўзимга ўзим ўт қўяман!” деган иқрорномасни олиб, олдиндан оламга ҳам ёйишга улгуришди.
Ана энди қонунчиларнинг қўлида асос бор: 19 ёшли қизнинг ўз жонига қасд қилиш даражасига етказганлар – ЎзРесЖКнинг 103- моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилувчи “айбдор”лар шай – таппа-тайёр.
Мана бунингдек мурожаатдан кўп ўтмай Матлуба деганлари жисмонан йўқ қилинса ва бунга “ўз жонига қасд қилиш” эпизоди –мақоми берилса ҳам, ажабланмайман.
Қарабсизки, бира йўла мухолифат етакчисининг кекса отаси Ҳасан Чориевни бадном қилишда “хўрак” вазифасини ўтаб берган ягона гувоҳ – Матлубадан (асл ҳақиқатни кимларгадир валдираб қўймасидан олдин!) қутилишади, ҳам Абдураҳмонованинг қўли билан яна бизга тарсаки туширишади.
Бўладигани шу.
Тан бериш керак: пухта ўйланган режа.
Бироқ куч ишлатар тизимларида кекириб ўтирганлар билишмайдики, улар шоҳида юрса, бу ёқда баргида юрадиганлар ҳам йўқ эмас, бооор….
“Абдураҳмонованинг видео-мурожаатини кўргач, шундай хаёлга бордим: Тахминимча, ундан фойдаланганлар муродларига етиб бўлишди. Отани қаматишди. Энди эса Матлубадан қутилишмоқчига ўхшайди” дейди Гулшан Қораева.
“Ҳасан Чориевни қамоққа тиқишда катта хизмат кўрсатди деб қараб ўтиришармиди? Битта гувоҳнинг ками кам-да”, дейди ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов.
Мен бир нарсага ҳайронман: Матлубанинг тақдири борасидаги кузатувларимдан шунга амин бўлдимки, бу режимга хизмат қилган ҳам қурбон бўларакан, хизмат қилмаган ҳам қурбон бўларакан-да.
Режимга хизмат қиларкансану, вазифангни адо этганингдан кейин кераксиз чиқитга чиқаркансан. Гуёки бирмарталик пайпоқдек улоқтирибворишаркан.
Режимга хизмат қилмасанг ҳам ортингдан тушишаркан, қадамингни қирқишаркан. Кимларнингдир қўли билан юзингга шапалоқ тортиб, қизартиришаракан. Шунда ҳам унинг ўчмадими, бир илож қилиб қонун тўрига туширишаркан-да, ана ундан кейин танобингни маҳкамроқ тортиб қўйишаракан…. Қамоққа тиқиб бўлишдими, у ёқда “жиноят олами”нинг “карол”лари жойингни солишаркан, сидниришаркан-да-а?….
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, назаримизда, Матлуба Абдураҳмнова режимнинг навбатдаги қурбони экан-да.
Аждаб, Матлубадан кейин навбатдаги қурбон ким бўларкин-а?
Сўзим хотимасида Гулшан Қораева каби меннинг қўнглимда ҳам Матлубага берадиган бир қатор саволлар туғилди:
Сингилгинам, айтганларингизга ишондик ҳам дейлик, “зўрлашганларига” бир йил бўлибди. Ҳозир ёшингиз 19 дами? Демак, илк бор “номусингизни топташганларида” 18 да – балоғат ёшида бўлгансиз, тўғрими?
Онангизнинг гувоҳлик беришларича, сиз кейинги 3 йил давомида гоҳ Тошкентда, гоҳ Қарши-ю Самарқандда умргузорлик қилгансиз, шундайми? Айтингчи, бир йил давомида Ҳасан Чориев сизни оёқ-қўлингизни боғлаб қўйиб муттасил тарзда “номусингизга тажовуз” қилмагандир, зиндонбанд этмагандир?
Эркингиз қўлингизда, отадан олисда бўлгансиз, бу бор гапми? Шундай экан, қизиқ, нега энди жиноят хусусида тегишли идораларга ўз вақтида хабар бермагансиз?
Бунинг учун сизга нима монеълик қилганди?
Сингилжоним, қонунчилигимизда даъво муддати деган гаплар бўларди….
“Ҳасан Чориев бир йил давомида менинг номусимга тажовуз қилиб келди” деб эмас, аниқроғи, “Мен, ўзим тирикчилик илинжида бир йил давомида кекса қарияни “сигирдек соғиб келганман” десангиз ҳақиқатга яқинроқ бўлмасмикан?
Сиз ростанам Эшонқулова ва Зулайҳо Чориеванинг зуғумидан қўрқиб, қочиб келдингизми Тошкентга? Тўғрироғи, “мени ихтиёримга қарши зўрлади” дея даъво қилиб, қаматиб қўйганингиз, маҳкама ҳукмини кутаётган яна 5 нафар бегуноҳ йигитнинг бойвачча ота-онаси, оила аъзоларининг таънали қарашлари, ҳақли қарғишларидан қочиб қуён бўлмадингизмикан, мабодо?
Аслида сизни адолатли қонун тизими тергов қилиши керак эди… Эсиз…
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист



