(НЕГА БИР ДОМЛА ИККИНЧИСИНИ ИТ ЮРАК ДЕГАН?)

Домла Алибой Йўляхшиев “мулоҳазаларига” нисбатан кўнгилда туғилган айрим эътирозларни ёзиш ва айтиш истаги, бу кишининг бир “мумтоз мақола”си қўлимга тушиши билан пайдо бўлди. Ушбу “нодир мақола” 2009 йилнинг 26 октябрида ёзилган бўлиб “Баҳодир Чориев нега Ўзбекистонга қайтди? Ёки Баҳодир Чориев Ўзбекистонга қайтаркан, ўз хавфсизлигини қандай “қоя”ларга ишонди?” сарлавҳаси билан чоп этилган.
Домлажон! Мусофирликнинг “оғир” юкини толмасдан тортиб юрибсизми? Сиз мени танимайсиз. Бироқ, мен сизни озми-кўпми танийман. 1988-89 йилларда СамДУда талаба эдим. Ҳам ўқиб, хам ишлардим. Ишим Ёзувчилар уюшмасининг Самарқанд вилоят бўлимида эди. Котиба эдим.
Ўша йилларда мен ҳам сиз каби “Бирлик”га аъзо бўлгандим ва ҳатто, адашмасам, 1989 йилда Тошкентда, “Бирлик”нинг қурилтойида Самарқандлик вакиллардан бири сифатида сизнинг қаторингизда иштирок ҳам этгандим. Ўша анжумонда сиз ва биз билан бўйлари узун физик домла, фан номзоди, доцент Сулаймон ака Муродов ҳам иштирок этган эди. Ёдингизда бўлса керак? Чамаси Сизлар дўст, ошна эдингиз.
Ўша қурилтойда “Бирлик” иккига бўлиниб кетганди. “Эрк” бунёд бўлганди. Ўша пайтларда жуда ёш эдим. Очиғи, мазкур қурилтойда бўлиб ўтган даҳанаки жанглар, тортишувларнинг гувоҳи бўларканман, масаланинг асл моҳиятини тушунишга “тишим ўтмай”, барчасига қўл силтаб кетгандим ўшанда…
Қаранг-а, ўша воқеаларга ҳам сал кам чорак аср бўлибди. Аммо бугун мен сиз билан сал кам чорак асрлик ўша ўтмиш хусусида сўйлашмоқчи эмасман.
Очиғи, мазкур туҳматномани, кечирасиз қўш тирноқ ичидаги “мақола”нгизни илгари ўқимаган эканман. Ўқигач кўнглимда бир қанча эътирозлар, саволлар туғилдики, буни сизга очиқламасам бўлмайдигандек. Ваҳоланки, ёшингиз ўтиб қолгани, соқол ўстириб олиб, бошқаларга насиҳат ва ҳақиқатни “олий” даражасини, тўғрисини айтганда ёлғонни, бепул сотаётганингиз кўпчиликка маълум.
Домлажон! Туҳматномангизда илгари сурилган ғоят “залворли” айбловлар юкининг бир учи айни дамда Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими етакчиси сифатида менинг гарданимга ҳам тушмоқдаки, бунга чидаб, жим туриш мумкин эмас деган тўхтамдаман.
Домлажон! Сизнинг “мақола”да ёзганларингиз эл учун қайғуришдан кўра кўпроқ ичи қораликка, ғайирликка ўхшаб кетмоқда-ку, десам, мендан ранжимайсизми-а? Келинг, “мақола”нгиздан иқтибослар келтирган ҳолда ҳар бир сўзингизни ҳасад юки босиб ётганлигини исботлаб бера қолай:
Қизиқ, “… энг аввал ундан ҳақингни ҳалол эт Баҳодир бой дейишни ўз бурчим деб биламан” каби сатрларингиз билан нима демоқчи бўлгансиз, домла, тушунмадим?
Ёзганларингиздан уқишимча, Баҳодир Чориев сизнинг дастурхонингиздан туз тотган эмас, аксинча, сиз Баҳодир ва бошқа Чориевларнинг хонадонларида меҳмон бўлгансиз. Бас шундай экан, юқоридаги сатрларингиз мантиққа тўғри келмайди-ю?
“… энг аввал ундан ҳақингни ҳалол эт (Баҳодир бой эмас !) АЛИБОЙ дейишни ўз бурчим деб биламан” дейилса тўғрироқ бўлмасмиди?
Ёки “Бирдамлик”нинг ташкилотчиси, етакчиси, жонкуяри ўнлаб, юзлаб, минглаб элимиз вакилларига ёрдам бергани, мамлакат аҳлини кўтарай деб, ўзининг тинимсиз меҳнати билан топган ўн, юз минглаб долларларини сарф этганини ва этаётгани Ўзбекистонда, Дунёда анча – мунча инсонлар билишади. Лекин механика – математика фанлар номзоди, доцент беҳабар? Сиз балки шуларни назарда тутиб Боҳодирбой дегандирсиз?
Унда “кечиринг” мени. Ҳақиқатда ҳалқимизни ҳурриятга, фаровонликка олиб чиқиш борасида, қилинган саҳоват, бағри кенглик, фидоийлик бўйича бизнинг Ҳаракатимиз ва Етакчимиз олдига тушадиган на ташкилот, на шахс бор. Майли, буни сиз билатуриб, ўзингизни билмасликка олақолинг. Чунки Самарқанд, Тошкент, Қўқон ва хориждаги мўйсафит мухолифатчилар Алибой каттакон ёлғончи, фирибгар ундан эхтиёт бўлинг, чунки бир Абдираҳим Пўлатовни этагини ушлади, сўнг Салой Мадаминов олдида тизза чўкди, бир оз ўтиб Хазратқул Худайберди ортидан чопди ва ниҳоят Исломчиларни товоғини ялай кетди деб айтишгани ростга ўхшайди-ми?
Мана ўзингиз бир қаранг, жиддий фаолият олиб бораётган Ҳаракат ва унинг раҳбарига хакамлик қилмоқчисиз?
“… Сўнгги 4-5 йил ичида “Бирдамлик” номли ташкилотнинг (унинг ташаббускорлари уни ҳаракат ҳам дейишади) раҳбари сифатида номи чиққан Баҳодир Чориевнинг Ўзбекистонга бемалол қайтиши, ҳеч бўлмаганда ўзларини ўзбек мухолифати деб атовчилар орасида айнан бир хил қабул қилинмади. Унинг бу юришини (менимча, бу ҳолни ҳаракат деб аташ мумкин эмас) ҳамма бировлар мардлик, жасурликка десалар, бошқалар хиёнат дейишдилар. Нима бўлганда ҳам бу воқеага эътиборсиз қолиш тўғри эмас деганлар қаторига мен ҳам қўшиламан. Ҳатто бу қайтишни танқидий изоҳлаганларнинг биринчиларидан бўлдим дейишга ҳақлиман” дея Б. Чориевнинг Ватанга бориши ва АҚШга яна қайтишини ҳеч ҳам ҳазм қила олмаслигингизни баён қилибсиз. Ўзингиз пинхоний неча маротаба бориб келдингиз? Айта оласизми? Йўқ, яширасиз?
Домлажон, шундай каслар бор – икки дунёда ҳам бунингдек жумрадликни ҳазм қила олмайди. Негаки, журъат деган нарса аслида унингдек кимсаларга мутлақо ёт туйғу.
Наҳотки, сиздек “катта арбобий” киши ўшандай кимсалар тоифасидансиз, домла? Ишонгим келмайди. Таваккал қилмоқлик, ўлимга тик боқмоқлик ҳам сиз кабиларга бегона. Шу сабаб ҳам, Баҳодир Чориевнинг Қашқадарёликларга хос мардлиги, таваккалчилиги сиз кабиларга ғалати, қандайдир сирли ва шубҳали туюлади, туюлаверади, акаси Йўляхшиев.
Дейлик, менингдек бир аёл тақдир тақозоси билан мусофир юртга тушиб қолса-ю, юрт соғинчи юрагимни ўртаб юборса, чидай олмаган бўлардим. “Нима бўлса бўлар!” дердиму, ота юртга отланган, тупроғини кўзимга тутиё қилган бўлардим.
Ҳа, мен аёл бошим билан шундай қилардим! “Бир бошга бир ўлим” деган ақидага амал қилган бўлардим. Албатта шундай қилардим: Таваккалга қўл урардим.
Эҳтимол, бунингдек сай ҳаракат сизга телбаликдек, девоналикдек туюлар, лекин сиздек Художўй шахс “Девонанинг ишини Худонинг ўзи ўнглайди” деган иборани билмаслигингиз мумкин эмас!
Каримов диктатор бўлиши мумкин, қабих, ёвуз бўлиши мумкиндир. Лекин сиз куну – тун сажда қиладиган Яратгандан қудратли эмас, тўғрими? Бир мусулмон сифатида “Аллоҳга таваккал қилмоқлик” нима эканлигини яхши билсангиз керак?
Шу маънода сизу биздаги йўқ журъат Баҳодир Чориевда туғилган экан, у Аллоҳга таваккал қилган экан, хўш, бунинг нимаси ёмон? Нега энди “асл” мусулмонликка даъво қиласизу, Худога ширк келтирасиз, Аллоҳга таваккал қилган бандани бадном қилмоқ ишқида ўртанасиз, домлажон?
Тирноқ ичидан кир қидиришингизнинг боиси не? Муҳолиф мўйсафитлар ҳақлар шекили? Улкан шоиримиз Абдулла Ориповнинг шундай сатрлари бор:
“Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё”.
Ажабо, сиз ва сиз кабилар нега Баҳодир Чориевнинг қадамидан кир, истагидан иллат қидиришади, тушунаолмадим?
Ёинки “… яъни ҳукуматнинг маҳаллий органлари қабул қилган қарорларига чориевларнинг қарши туришларини ҳеч бир кўринишда, ҳеч бир тарафдан сиёсий кураш, расмий ҳукуматнинг тузимига мухолиф ҳаракат деб атаб бўлмасди…” дея эътироз билдирибсиз. Буни номини соҳталаштириш, “қуда” томонга ишлаш деб аталади.
Айтингчи, сиз қачон ва неча ёшингизда “мухолифатчи” бўлиб қолгансиз ўзи? Ҳарҳолда она қорнидан “мухолифат кишиси” бўлиб туғилмагандирсиз? Ёхуд бирор бир гўдакнинг бира тўла мухолиф қарашлар билан дунёга келганлигига асосингиз бўлса, уни айтинг, домлажон? Она қорнидан мухолифатчи бўлиб туғилганлар ҳам бормикин ўзи?
Айтингчи, Б. Чориев маҳаллий ҳукуматнинг ҳақсизликларига қарши бош кўтарганида неча ёшда эди-ю, “мухолифатчи”га айланганингизда сизнинг ёшингиз нечада эди? Таққослаб кўриш адолатли иш бўлмасмикин, домлажон?
Биласизми, нима? Айблов деганлари асосли бўлиши керак эмасми, Йўляхшиев ?
Сиз эса ўз “мақола”нгизда нуқул тахмину фаразлар ва уйдурмаю тухматлардан нарига ўта олмагансиз. Аниқроғи, аравани қуруқ ҳам эмас, балки ёлғонга тўлдириб олиб қочгансиз.
Қизиқ-а, ёш Баҳодирнинг маҳаллий ҳукумат билан курашиши сиёсат томон илк қадамлар эмас “бўлса”, сизнинг атак чечакларингиз-чи?. Балки “… Демак, Б.Чориевнинг мухолифатчи бўлиб қолиши ва унинг ҳаракатларини Ўзбекистоннинг давлат режимига мухолиф ҳаракат деб кўрсатиш бошқа бир гуруҳларга зарур бўлиб қолганди, шекилли. Бу гуруҳлар, Б.Чориевни Ўзбекистон ҳукуматига мухолифатда этиб кўрсатувчилар гуруҳи ҳар ҳолда тамоман бошқа мақсадларни кўзлагандилар” дея иддао қилишингиз, қип қизил туҳматлиги учун кишини хайратга солади ва виждонсизликнинг чегараси бўлмаслигини кўрсатади, шундайми Йўляхшиев?
Хўш, бунингдек далилларни бизиб кўрсатишингиз, эгри талқинингиз нимани намоён этади? Дунёда энг учқур нарса хаёлот дейишади, домлажон, хабарингиз бор. Инсоннинг тафаккури, тасаввури чегара билмайди. Шу маънода киши ўзга шахс хусусида истаганича тахмин ва тасаввур қилиши мумкин. Аммо ҳақиқат албатта юзага чиқади.
Масалан, мен СамДУнинг талабаси сифатида математик ва физиклардан “Йўляхшиев бизнинг даврларда талабаларидан соққа эвазига “имтиҳон” ва “зачёт” қўйиб берадиган кимса эди деб бир неча бор эшитганман. Лекин сизнинг ўртоғингиз, доцент Сулаймон Муродов фақат билим талаб домла бўлган деб ҳалигачан эслашади. Нега, домлажон? Чунки ҳақиқатни этак билан ёпиб бўлмайди, шекили? Мен бу маълумотни ютиб юборган бўлардим, агарда тухматномангиз кўзимга тушмаса.
Домлажон, доно ҳалқимиз олдин ўзинга боқ, сўнг бировга хакамлик қил, дейди. Бу тўғрими? Бугун “дахолик”ка даъво қилиб қолибдиларми?” дея тасаввурга берилсам, тахмин қилсам бўладими-а? Йўқ, бўлмайди. Истаган тақдиримда ҳам бундай дея олмайман. Негаки қўлимда асос йўқ. Сизда бунинг учун, Боҳодир Чориевда бор ватанпарварлик, элпарварлик, фидоийлик, билим (ҳа, билим), қобилият, тадбиркорлик, руҳ, ширкат, маблағ, шижоат ва ташаббускорлик йўқ.
Кўрдингизми, шахс ҳақидаги ҳақиқат бари бир юзага чиқади. Шу боис ҳам ўзгаларга туҳмат қилишдан, ўйламай нетмай салбий фикр билдиришда эҳтиёт бўлмоғимиз лозим эмасмикин?
Сизнинг Баҳодир Чориевга ҳавас билан эмас, ҳасад ила қарашингиз қуйидаги сатрларингизда янада яққол намоён бўлади:
“… Б. Чориев жуда қулайлик билан Америкада сиёсий қочоқ мақомига эришди…. … Булардан ташқари Б.Чориев 5-та ёки олтита укаларини ҳам сиёсий қочоқлар сифатида Америкага келтириб олди..” деганингизда кўнглингиз куйиги шундоққина кўриниб қолибди, домла.
Ушбу айтганларингиздан ҳасаднинг бадбўй ҳиди шундоққина анқиб турибди-ю, домлажон, ё нотўғрими? Бир бандага омад деганлари кулиб боққан бўлса-ю, толе деганлари сиздан юз ўгириб қўйган бўлса, Худо ярлақаган одамнинг ёзғи не?
Биласизми, юқоридаги жумлаларингизни ўқиганимда дафъатан қандай фикр келди хаёлимга?: “Ахмоққа калтак – ақлга ишора” дейишади. Мени тушинарсиз деб, умиддаман.
Домлажон, “… Б.Чориев … анчагина кишиларнинг Америкада ва бошқа бутун дунё мамлакатларида сиёсий қочоқ мақоми олишларига воситачилик қилди” дея оғиз тўлдириб айтишингизга қани исбот?
Ёш бўлсам ҳам, бир текин маслаҳат қилишимга изин беринг: ҳеч қачон умумий гапларни гапирманг. Исботсиз иғволардан қочинг, узоқроқ юринг.
Ёки ростданам Б. Чориевнинг воситачилик қилганлигига далилингиз бўлса, марҳамат: “Бирдамлик” БМТга АСОССИЗ ТАРЗДА қўллов хати берган фуқаролар рўйхатини келтиринг, Баҳодирнинг “даллоллиги” билан сиёсий қочқин мақомини олишга муваффақ бўлган кишилар сонини санаб ўтинг, қаршилигим йўқ.
Айблов қўйиш деганлари аслида ана шундай асосли бўлиши керак эмасми, домлажон? Қўлингизда аниқ фактлар йўқми, иззатингизни билиб, индамай ўтирганингиз тузук эмасми, Йўляхшиев?
Сиз ҳасад уруғини ундириб, ғайрликни шу тақлидда давом эттирасиз: “… Нима, Б.Чориевнинг ҳаёти Ўзбекистонда шу даражада таҳликада қолмоқдамидики, унга қочоқлик мақомини бериш бунчалар оператив ҳал этилди?..” дея ҳайратдан ёқа тутасиз.
Йўляхшиев, Баҳодир Чориевнинг Ўзбекистондаги таҳликали қисматидан, бошидан кечирган таҳдидларга тўла ҳаётидан бехабармисиз, яхшиси бу борада оғиз очмаганингиз маъқул эмасми?
Ёш бўлса-да хибсхона ҳужраларини кўриш “бахтига” мушарраф бўлган Баҳодир Чориевни, ўз маслагидан қайтариш учун ўласи қилиб калтаклашганлари, чалажон қилиб, қопга тиқиб, чиқиндилар “хирмонига ҳадя” қилиб кетишлари, соҳибини ўлди деб ўйлаб миниб юрган машинасининг кулини кўкка совурганлари – сизнингча бу хатар эмас, ҳазилмиди?
Қандай ҳолатда Ҳукумат томонидан киши ҳаётига хавф солинган ҳисобланади сизнингча, домла? Қачонки фуқаро кўзи ё қўлидан жудо бўлганидами, ёки танасини жони тарк этганидами?
Сизнинг тасаввурингизда таҳдиднинг қиёфаси қанақа? Киши хаётига солинган хатарнинг “ҳиди”-чи? Албатта жабр оқибатида жон таслим қилиш шартми ҳар бир кишига? Шундай бўлмаса беҳисоб эмас-ми?
“… Ҳурматли Б. Чориев мени бағишласин, унда бугун бундай билим ва тафаккур жуда саёз десам уни мақтаб юборган бўламан” – деб ёзиш учун юқори билим эмас, балки юқори даражадаги андишасизлик, худбинлик, маданиятсизлик керак, десам хафа бўлмайсиз. Сабаб Сизнинг ёзганингиз киноя эмас, туҳмат, нонкўрлик десам ранжимайсиз-а?
Менинг касбим журналист, шу боис эринмай Сизни биладиган ва билим даражангизга баҳо бера оладиган кишиларни Самарқандда ва бошқа шаҳарлардан қидирдим. Топдим ҳам, лекин улар Алибой мағзава ҳўр, билми ўта саёз, паст даражада, Киевда аспирантурада ўқиган.
Аммо рус тили ва ўз соҳаси математикадан нўноқ, унинг “кучли” тарафи олди бердини қойил қилиши ва иғвогарлигида деб, уларни номларини эълон қилмаслигимни илтимос қилишди. Рус тилидан диктант олинг, агар ҳар бир сўзда хато қилмаса, отимни бошқа қўяман, хозиргача тушина олмайман Алибой қандай қилиб диссертация ёзган ва химоя қилганлигини деганлар ҳам бўлди. Бунга нима дейсиз, ўткирий Йўляхшиев? Ҳақиқатда сизни шундай атасак “Парвона”даги ака ёки укангиз Ўткирий билан бирлигингиз очиқланади, холос?
Сиз фикрларингизни давом эттираркансиз, янада оғирроқ айбловларни айтишга журъат топасиз:
“…Энди, “Бирдамлик” номи билан ўртага чиққан ҳаракатга келсак, бунинг ҳам фаолиятида бир қатор ғайритабиий ҳолатларни кўрмаслик мумкин эмас. Биринчидан, бу ҳаракатга негадир ўзбекистонлик мусулмончиликдан воз кечганлар (исломда буларни муртад-ренегат деб аташади) ўзбеклар ёппасига аъзо бўлмоқдалар” дея хакамлик қилишга уялмайсизми, домлажон?
Cизнинг иддаоингиз Ўрта асрни эслатади, биз янглишмасам ХХI асрнинг иккинчи декадасида яшаяпмиз, тўғрими?
Шахсан мен “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракатининг Ўзбекистон бўлими етакчиси сифатида сизга “…. бу ҳаракатга негадир ўзбекистонлик мусулмончиликдан воз кечганлар (исломда буларни муртад-ренегат деб аташади) ўзбеклар ёппасига аъзо бўлмоқдалар” деган иддаоингизни аламзада, чала савод ва қалби ғайриинсоний хислатларга тўла кимса ёзгандек, деб айтсам хафа бўлмайсиз-a? Шу ростми, ўткирий Йўляхшиев?
Негаки биз юқоридаги юки оғир айбловингиз Ҳаракат фаоли, етакчиси сифатида мен учун ҳам ҳақоратдир. Асоссиз ва исботсиз айблов. Домла, ҳижобга ўраниб олиб, хиёнат кўчасига кирган аёлларни, беш вақт юмалаб туриб, саждага бош қўйиб-да Худони унутганларни, Худодан қайтганларни кўп кўрганман.
Ёхуд АҚШда, Чориевлар уйида туз тотганингизда Баҳодир Чориев сизга Худодан қайтганини тан олган жойи бормиди? Мабодо шундай бўлган бўлса, очиқламайсизми? Мусулмонларга ҳақсизлик қилиш, муртадга чиқариш сизнингча Худосизлик эмасми?
Домла, ўз маломатларингизга қуйидагича хотима қилибсиз: “… демократия ва нозўравонлик шиори остида фаолият кўрсатаётгандек кўринган “Бирдамлик” ҳаракатида, Ватан тақдирига, унинг келажагига ўта хавфли таҳлика солаётган ана ўшандай оқимлардан бири миссионерликнинг яширин аломатларини кўраяпман”
Кечирасизу, ушбу сатрларни ёзаётганингизда ҳойнаҳой иситмангиз баланд бўлган бўлса керак. Акс ҳолда бу каби алаҳсирамаган бўлардингиз.
Агарда алаҳсирамаганингиз рост бўлса, айтингчи, Ҳаракатимиз фаолиятидаги “миссионерликнинг яширин аломатларини” айнан нималарда кўрмоқдасиз, домлажон?
Алҳамдулиллоҳ, мен ҳам мусулмонман. Худо деган одамларнинг боласиман. Лекин хеч кимга хеч қачон хакамлик қилмадим. Мусулмонми, насронийми, даҳрийми, мурдатми, агностикми, буддистми, баптистми, хиндуистми, сентоистми бу шахснинг иши. Инсон бўлсин, инсоний шахс бўлсин. Виждон ва дунёқараш эркинлиги деган нарсалар бор Умумжаҳон Инсон Ҳуқуқлари Деклорациясида ва Ўзбекистон Конституциясида, хабарингиз йўқ-ми?
Сиз ўзи “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати ташкил топганида Ўзбекистондамидингиз? Бир бор бўлсаям Ҳаракатнинг Ватан ичидаги фаолиятига гувоҳ бўлганмисиз? Мабодо шундай бўлса нималарни биласиз? Айнан нелардан воқифсиз?Ўзбекистон ичкарисидаги жонини хатарга қўяётган юртдошларингизни ҳақорат қилишга Сизга ким ҳуқуқ берган?
Домлажон, Сиз қуруқ Худо деркансизу, мўмин мусулмонларга туҳмат тошларини отишга, ҳақсизлик қилишга Худодан қўрқмас экансиз. Шунинг тасдиқловчи воқеани Баҳодир Чориев менга сўзлаб берган эди.
Сиз Чориевлар хонодонидан учиб кетганингиздан 2-3 кун кейин, улар хонадонига Нью-Джерси штатидан Сулаймон Муродов телефон қилиб, Сизни сўраган ва унинг оиласи бошига тушган оғир мусибат, Самарқандда жарроҳлик (хирурглик) қилиб донғи чиқан, катта ўғли Ғайратнинг авто халокатда вафот этганини айтиб қаттиқ куйинган. Алибой шу ергачан келиб, нега менга ҳатто қўнғироқ қилмади, уйимга келмади, нега хамдардлик билдирмади, деган?
Шунда гапни Сулаймон ака яна Йўляхшиев тарафга буриб, Москвада мухожирликда юрганимда Норвегиянинг, Берген шаҳрига телефон қилдим ва бир ачиқ гаримдори сўзлар айтиб Алибойни «хурсанд» қилмоқчи эдим. Аммо телефонни олмади. Сўнг у Москвада доимо ўралашиб юрган Ислом Конгрессига бориб, у балки телефонини ўзгартиргандир, менга унинг янги телефонини беринг деб сўрадим. Ислом Конгрессининг раҳбарлари ва ходимлари маюслик билан жилмайиб, хорижга кетганидан бери бизга бирон марта қўнғироқ қилмади, икки кишидан қарз олган экан, улар бир неча марта келиб, уни топиб беришни талаб этишди, бизда фарош (уборщица) бўлиб ишлайдиган аёлни уйида турар эди, уни ҳам ҳафа қилиб жуфтагини урибди.
Балки шунинг учун бу аёл милицияга қўнғироқ қилган ва Йўляхшиев ўша 1998 йил қамалган, деб қолишди. Йўляхшиевга биз, Ислом Конгресси доимо ёрдам берганмиз, лекин у бизни бир оғиз салом учун ҳам эсламади, деб куйинишди. Мен шу заҳоти Москвадаги муҳолифат фаҳрийси Хамид ака Расуловга қўнғироқ қилдим ва бор гапни айтдим. Шунда у, Сулаймон кўп йилдам бери Алибойни била туриб, наҳотки Шайтон уни кўрса қочишини тушинмадингиз, деди. Хозир эса мен Сизга, Боҳодир Чориевга айтаман, Йўляхшиевни олиб келдингиз, меҳмон қилдингиз, “Бирдамлик”нинг фахрийлар груҳига раис этиб тайинладингиз, кузатиб қўйдингиз, энди бироз кутинг у албатта ўз “миннатдор”чилигини сизга исҳор этади. Чунки Алибой ит юрак кимса, бу мен учун жуда оғир хулосани узоқ йиллар зеҳниятимдан қувидим, лекин энди буни тан олишга мажбурман, деган кўзида ёш Сулаймон Муродов.
Ҳақиқатда ҳам, ўз вақтида талабалардан фақат билим талат этган, соф инсон, домла Сулаймон Муродовнинг айтганлари бир неча ойдан сўнг амалга ошган, Алибой Йўляхшиев туҳматномани чоп этиб, ўз маҳиятини номоён қилган.
Яратганнинг бир бандасига, бутун бир Ҳаракат фаолларига асоссиз айбловлар қўйишингиз, ғайрлик қилишингиз яхши эма-ааас, домла…..
Сизга охирги сўз ўрнида демоқчи бўлганимни аллақачонлар халқимиз билиб-билиб айтиб қўйган:
Сиҳат сўрасанг – кўп ема,
Иззат тиласанг – кўп дема!
Ана, энди ўзингиз мушоҳада қилиб кўрингчи, муҳтарам ўқувчи, Алибой Йўляхшиев домланинг Баҳодир Ҳасанни бадном қилиш йўлидаги бу уринишлари ҲАҚИҚАТДАН ҲАМ ХАЛҚ УЧУН ХАВОТИРМИДИ ЁКИ ҲАСАД?
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси



