"Замондош" минбарида мухлислар кутган сиёсатчи ва ижодкор Ҳайит Ғафур

 

Тил учида турган гаплар

Бошқа нашрлардаги бир қолипли «қўлбола» савол -жавобли
суҳбатлардан фарқли ўлароқ мулоқотларни йўлга қўймоқчимиз.

Ўзбекистонда демократия ва чинакам озодлик учун ўз сўзингизни айтишни
истасангиз , тил учидаги , аммо айтиш учун бироз тараддудланиб турганингиз
мулоҳазаларингизни билдириш имкониятидан фойдаланинг.

Демак, мавзу юзасидан дастлабки суҳбатдошимиз, Швецияда муҳожиротда
яшаётган, анчадан буён мулоқоти кутилган, бироқ мавриди бугун келган,
таниқли мухолифатчи ва ижодкор Ҳайит Ғафур.

Савол:Ҳайит Ғафур «Замондош» муштарийлари сиз билан яқиндан
танишишмоқчи.Балки улар сиз учун хуш келмаган қалтис саволлар билан
мурожаат этишлари мумкин.Шундай суҳбатга розимисиз?

Жавоб: Авваламбор Ассалому алайкум азиз ватандошлар, акалар, укалар, дўстлар ва опа- сингиллар. «Замондош» сайти асосчиси Ризо Обиднинг ҳорижда яшаётган мухолифат, инсон хуқуқлари, ижодкорлар, умуман олганда миллатимиз ва мамлакатимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ватандошларимиз билан мулоқот ўтказишни йўлга қўйганлиги таҳсинга лойиқ .

Ўйлайманки, бундан кейин ҳам Ризо Обид, айрим эркин бўлмаган «эркин» матбуот воситалари сингари бир ёқламаликга , тарафкашликга ва маҳаллийчиликга берилмагани ҳолда , ўз фикрини билдиришни истаган мухолифат вакилларига , уларнинг мавқеи ва ким бўлишликларидан қатъий назар, мулоқот минбарини очиқ ва холис тутади деган умиддаман.

Бериладиган қалтис саволлар масаласига келганда эса мен шуни таъкидлайманки, амалий ишларимиз , фикр ўйларимиз, мамлакатимизда демократияга асосланган давлат бошқарувининг яратилиши, иқтисоднинг турли соҳаларидан қатъий назар унинг ислоҳ қилиниши ва ҳар томонлама ривожланиши.
Шунингдек, халқимизнинг сиёсий ҳамда хуқуқий эркинлиги, ижтимоий мухофазаси масаласидан ташқари бўлмаслиги керак.

Янада аниқроғи, бериладиган саволлар Каримовнинг юритаётган сиёсати ва ундан келиб чиқаётган оқибатларнинг ҳозирги кўринишига бир мени эмас, ҳаммамизнинг ҳам бунга бўлган муносабатимиз доирасида жавоб беришлигига қаратилмоғи лозимдир.

Савол:Ундай бўлса, аввало ўзингизни батафсилроқ таништирсангиз.

Жавоб: Мен Ҳайит Ғафур (Қўзиев) 1953 йил август ойида Чуст туманининг Тепақўрғон қишлоғида таваллуд топганман. Маълумотим ўрта. Уч фарзандим бор. Ҳозирда кенжа ўғлим билан Шведсиянинг Тимро шаҳарчасида яшаяпман.

Ҳаётим масаласида шуни айтмоқчиманки, эл қатори деганларидек умр ўтказдим. Бу хусусида мен кўп гапириб ўтирмайман. Сабаби ҳозиргача ёзган ва бундан кейин ҳам ёзадиган мақолалар ва ёки эсдаликларимдан зеҳнли ўқувчиларим шундоқ ҳам билиб олишади.

Савол:Ҳар кўнгилсизликнинг бир кўнгилли томони бўлади дейишади. Гапнинг
oчиғи. Шведсияга келганингиздан сўнг, Фарғона. ру агентлиги мухбири
Волосевичга сиз билан ёнма -ён юрганлар берган таърифларидан сўнг оммага
анчагина танилдингиз.Ўша пайтгача ҳаётингиз ёҳуд фаолиятингиз қандай
кечган?

Жавоб: Кўнгилсизликнинг кўнгилли томони масаласига келсак , айтишим мумкинки, бу соҳада улардан (яъни, интервю иштирокчиларидан) кўра ютуқ мен томонда бўлди деб хисоблайман. Ютуқлар эса кўнгилсизлик ҳисобланмайди.
Шунингдек, кўнгилликнинг кўнгилсизлик томони хусусида сўралмаётган бўлсада, айтишим керакки, мендан кўра улар кўпроқ ютқаздилар. Бу хусусда далил исбот сўрашнинг ҳожати бўлмаса керак. Негаки уларнинг “тарифи” масаласида кўп ёзилди , хўп ёзилди.
Ками бўлса , ман қарздорман.
Танилганим масаласига келсак, уларнинг қилган хизматларидан кўра, кўпроқ мен ўзимнинг адабий фаолиятим билан танилдим. Шунингдек , мен қатори улар ҳам танилдилар, аммо, ниҳоятда аянчли ва шармандали ҳолда танилдилар.
Саволингизга жавобимни давом этдирган ҳолда сиёсий фаолиятим ҳақида оз бўлсада тўхталиб ўтишим шарт. Токи Бишкекда бир ёшуллининг менга қарата қаҳр ва нафрат тўла “ кимсан ўзинг, қаердан келдинг” деган саволлари бошқалар томонидан қайтарилмаслиги учун ҳам бу ўта муҳимдир.

Мен ўз сиёсий фаолиятимни ўтган асрнинг 70 йиллари охири ва 80 йилларидан эътиборан бошлаганман. Бу пайтга келиб, ўзим таниган ва бирга ишлайдиган инсонлар билан, шунингдек ётоқхонада бирга турадиган кўплаб талабалар билан сиёсий мунозарага киришар эдим.

Бундай пайтларда сухбатларимиз анча қизиб, ўз- ўзидан ёшларимиз ҳам фикр мулоҳазаларини айтишар, мавзуларимиз кўпинча пахта етиштиришда ишлатиладиган заҳарли химикатлар ва уларнинг одамларимизнинг саломатликларига жиддий тасир этаётганлигининг дахшатли оқибатлари, шунингдек халқимизнинг мажбурий меҳнатга тўла сафарбар этилгани хусусида борар эди.

Шу билан бирга мунозараларимизда ижтимоий адолатсизликлар, хусусан совет давлатининг иқтисодини ривожлантиришда халқимиз қанчалик кўп бойликлар етиштирмасинлар, меҳнатларига яраша яхши яшамас, болтиқбўйи, кавказ ва бошқа республикаларидаги хаёт даражасига қараганда тенгсиз фарқ борлиги хақида ўз мулоҳазаларимизни билдирар эдик.

Бундай сухбатларимиз давомида албатта гап айланиб нима қилиш керак, деган саволга тўхталар эди. Шунда мен бундай ишларни мувофиқлаштириш учун сиёсий ташкилот тузиш кераклигини ва бу ташкилотнинг “Миллий ва сиёсий озодлик ташкилоти” дея номланиши кераклигини айтар эдим .

Албатта у пайтларда бизлар ҳали жуда ёш бўлиб, мақсадларимиз бор бўлсада, аммо сиёсий билимларимиз ва эҳтиёткорлигимиз йўқ эди. Ҳаттоки мен, коспиратсия сўзининг маъносини англасамда, лекин бу йўналишда ҳеч қандай тажрибам ҳам йўқ эди.

Қисқаси 1983 йил 26 апрел куни мени қўлга олишди. Чуст шаҳрида жойлашган КГБ идорасида биринчи бор сўроқ қилиш бошланди. Бундай сўроқлар икки йил, яъни то 1985 йилга қадар давом этди.

Бу пайтга келиб Наманган вилояти обкомининг маъсул ходимлари, мен уйланган Саримсоқтепа (илгариги номи Ғайрат) қишлоғида ўтаётган колхозчиларнинг йиллик хисобот сайлов йиғилишида, шунингдек Чуст миллий пичоқлар ишлаб чиқариш заводи ишчи ходимлари олдида , мени бадном қилиш учун ҳам анчайин тер тўкишган.
Ўша пайтлари менга қарши тақибу таъзйиқлар ниҳоятда кучайган. Ҳатто мени олиб бориб сўроқ қилиш учун келган КГБ ходимлари мен билан бир бўлимда ишлайдиган ишчиларни фабрикага кириш эшиги олдига тўплашар ва қандай ҳолатда олиб кетилаётганимни кўрган ишчилар эса устимдан кулишар эдилар.
Менга қарши узлуксиз бўлаётган назорат ва таъқибларнинг сабабини кейинчалик билдим. 1983 йил баҳор ойларидан бирида , ўша пайтда маркази Мюнхенда жойлашган “Озодлик” радиоси мен ҳақимда эшиттириш берган экан.
Ўлганни устига тепган деганларидек мен уларни “ўлдирдим” “ Озодлик” эса устиларига чиқиб тепиб ташлади. Мана аламлари қаерда. Лекин шунга қарамай менда кучли ирода бўлгани учун ҳам буларни ҳаммасига чидадим. Бу нарсаларни ёзаётганимдан мақсад, сиёсатга эндигина кириб келмаганлигимни тиъкидламоқчиман холос.
Кейинги йилларда менда Совет ҳокимиятининг миллатимизга қарши юритган сиёсати ҳақида бирор нарса ёзиш фикри пайдо бўлди. Агарда ёзолсам, бу жирканч тузумнинг халқимиз бошига солган азоб- уқубатларини бутун кўринишлари билан баён этишга ҳаракат қиламан.

Савол: Сизни яқиндан билганлар сиёсатда қўними йўқ, дейишади. Сабаби эса ,
гоҳ «Бирлик», гоҳ «Бирдамлик» ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик
қилишингизни назарда тутишларини айтишади. Сиз бунга нима дейсиз?

Жавоб: Улар ноҳақлар. Сабаби мен халқга тегишлиман (шунингдек ҳар биримиз ҳам). Бир миллиятчи инсон сифатида мен халқда қўним топаман. Биламан партиялар ва харакатлар бизларни бир мақсад атрофида бирлаштиради.
Лекин шу кунгача бирлаштира олмадилар.
Умумун олганда бу ҳаракатлар нима учун қилиняпти “Бирлик” учунми ёки “ Бирдамлик” учунми?
Ёки халқимиз учунми?
Буюк сиёсатчи инсонлар ҳақида гап кетганида ёки улуғланаётганда уларнинг номи тилга олинадими ёки партияларими?
Айрим одамлар ўйлаётганларидек инсоннинг ҳар томонлама мукаммал ривожланишида, етук инсон бўлишларида партияларнинг аҳамияти борми? Агар шундай деб ўйласалар, янглишибдилар. Совет ҳокимиятидан қолган бундай қурум босган фикрларини ташласинлар !
Яна шуни ҳам айтиб ўтмоқчиманки ҳаракат ёки партияларнинг ривожлана олмаётганлигига сабаб, биринчидан, лидерларимизда бир- бирларига ҳурмат , тоқатлилик , бағрикенглик етишмайди. Чамамда обрўлари ҳам қолмаган кўринади.
Иккинчидан, сиёсатчи бўлишликнинг ўзи камлик қилади негаки, ҳар бир сиёсатчи ким бўлишидан қаъий назар, ўзаро муомала қилиш маданиятини ҳам билишлари керак. Сиёсатчилар ўзларини буюк даҳо деб билмасинлар , ҳар кимга баҳони халқ беради.
Менинг қўнимсизлигим масаласига келсак. Авваламбор мен 2004 йилдан эътиборан ўз аризам билан ҳаракатдан чиқиб кетганлигимни кўпчилик билмайди. Шу кунгача буни Ғафуржон Тошпўлатов ва Исмоил Дадажонларгина биларди холос.
Ҳатто Исмоил Дадажон уйимга ҳам бориб, яна ҳаракатга қайтишимни сўраганида мен розилик бермаганман. Исмоилжон билан, ўтган йилги ўзаро сухбатларимизда ҳам, ака сизни сиёсатда ва мухолифат сафларида ўз ўрнингиз бор, яна сафларга қайтинг деганди.
Ахир ўзингиз ўйлаб кўринг, менда интилиш ва ҳаракат бўлса, оз бўлсада тўртта одамни олдида нутқ ирод эта олсам, нега энди сиёсат билан шуғулланмай. Ахир Ватанда азоб уқубатларга мубтало бўлган, ҳуқуқсиз, эрки паймол этилган қора кўзлар сизу биздан қайси партия ёки харакатда эканлигимидни сўрамайдилар. Қачон булар бирлашадилару ва бу бетайиннинг ҳукумронлигага чек қўйилади деган ўй билан яшайдилар.
Жавобимни давом этдирган ҳолда шуни айтмоқчиманки , ўзим раҳбари бўлган Поп туманидан ташқари (ҳаракат аъзоси бўлмаганлигим ҳолда ! ) кўплаб туманларда бўлимлар очилишига эришиш учун тинмай фаолият олиб бордим.
Туманлардан бирида ўтаётган йиғилишда маҳаллий аъзолар, Хайит ака бизга раис бўлсалар, фаолият олиб боришга биз доимо тайёрмиз деганларида, мен узримни айтдим.
Йиғилишда иштирок этаётган Бирлик раҳбарларидан бири менга қарата, “бундай пайтда кемани крисалар ташлаб кетади” деса бўладими.
Унда эс ҳуш борми ўзи? Ўзини аъзоларига айтса бўлмайдими бундай гапларини.
Яна улардан бири билан учрашиш учун офисда ўтирганимда хонага кириб келган бир лидер кира солиб, салом ҳам йўқ , тунд холда ўз стулига ўтирдида юзимга қарамаган куйи, “мени нима билан хурсанд қиласиз” деди. Нима дейишимни билмай қолдим. Тушунмадим , буларни нима қилиб, қачон, қаерда хурсанд қилишим кераклигини. Бахоли қудрат олиб бораётган фаолиятим камми?
Узримни айтиб, сўнги пайтларда иқтисодий томондан имкониятимиз чекланиб қолди десам , олдимга 50 долларни ташлаб қовоғини ўйганча ўтираведи. Бу ерда ортиқча ўтириш бефойда эканини билиб, кета бошладим. Мен хайрлашдим, ундан эса садо ҳам чиқмади. Шундай бўлсада Харакатни ривожлантириш учун ташкилотчилик ишларини давом этдиравердим.
Бундай ҳолларда , ўз ўринбосарларида муомала маданияти етишмаса, бунинг учун раис жавобгар. Муросага келтирадиган ҳам раис, улар узр сурамаса, узр сўрайдиган ҳам раис .
Туркиядаги бир арбобдан: турк халқларининг сиёсатдаги кўзга кўринган лидерлари деб сиз кимларни биласиз деганда : Мен Тўрғут Озал ва Абдурахим Пўлатни буюк сиёсатчилар деб биламан деб жавоб берибди.
Водийдаги таниқли бир мухолифатчи мен билан сухбатлашганда, биласизми Хайитбой , ман дунёда энг яхши кўрсам ҳам Абдурахим Пўлатни яхши кўраман, дунёда ёмон кўрсам ҳам Абдурахим Пўлатни ёмон кўраман деганди. Бундай эътироф ҳаммага ҳам берилавермайди.
Оз бўлсада Бирдамлик масаласига тўхталиб ўтсам. Биз тан олишни истаймизми, йўқми, Ўзбекистон мухолифатининг сиёсий сахнасига учинчи куч бўлиб, Баҳодир Чориев ташкилотчилиги ва раҳбарлигида Бирдамлик Ҳаракати кириб келди.
Тўғри, Баҳодир Чориев лидерлар орасидаги энг ёши, шундан келиб чиқиб тажрибаси ҳам камроқдир, лекин унинг ўз олдига қўйган мақсадлари ва интилишлари бор. Бу эса кўп нарсани белгилаб беради.
Бундан буён Баҳодир ҳаракатни сиёсий партияга айлантириши зарур, бу эса давр талаби. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Бирдамлик у ҳаракат ҳолида қоладими ёки сиёсий партияга айлантириладими бундан қатъий назар халқни ўз ортидан эргаштира олишлиги, етакчи куч бўлишлиги ва обрў эътибор қозонишлиги, унинг сафларига, асосан бошқарув рахбарлигига кимлар келишига боғлиқ . Шунингдек мухолифат орасида бўлаётган ҳар қандай интригалардан ўзини ва бутун харакат аъзоларини четда сақлай олишлиги керак.

Савол:Ҳа, майли, ҳамма гаплар ўз йўлига, ҳўп десангиз сизнинг ижодингиз
ҳақида суҳбатлашсак.Яъни, кейинги уч-тўрт йил ичида Демократик
Ўзбекистон Конгрессининг «Туронзамин», мустақил нашрлардан «Замондош»да
ўз мухлисларини топган асарларингиз билан таъбир жоиз бўлса, ярқ этиб
кўриндингиз. Хуллас ижодингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

Жавоб: 53 ёшга киргунимга қадар бадиий ижод билан ҳеч қачон шуғуланмаганман. Бишкекдалигимизда Юсуф Расул доимо менга “ота сиз ҳам бирор нарса ёзинг, мен ишонаманки бу иш сизнинг қўлингиздан келади”деб қистайверарди (Юсуфнинг отаси ёшига тенгроқ бўлганлигимдан бўлса керак , у мени доимо ота дер эди).
Қисқаси, ҳа энди қозонда бор экан, кеч бўлсада чўмичга чиқибтида (ҳазил). Умуман олганда бирор бир нарса ёзишимга сабаб, бу мени ёшлигимда кўп китоб мутоала қилганлигимдан бўлса керак. Ёшлик пайтимда мен Хўжа Аҳмад Яссавий, Боборахим Машраб , Ҳувайдо, Мажизубий Намангоний, Замахшарий, Огаҳий, Қўқон хонлигининг сўнги ҳукумдори Худоёрхон , Мулла Йўлдош Хилватий ва бошқа кўплаб шоирлар ижодларидан баҳраманд бўлганман.

Савол:Модомики суҳбатимиз бадиий ижод ҳақида кеча бошлар экан, сизнингча ҳақиқий ижодкорнинг жамиятда тутган ўрни қандай бўлиши керак?

Жавоб: Ижодкор деганда катта лавозимга тайинланган, депутат этиб сайланган, давлат томонидан ҳар турли имтиёзлар яратиб берилган шоиру ёзувчиларни деб тушунмаслик керак .Тўғри бундай тоифадаги инсонлар илгари ҳам бўлганлар ва ҳозир ҳам борлар.
Ҳақиқий ижодкор жамиятдаги вақтинчалик ўринлардан кўра, халқнинг дилида абадий қолишликни афзал билади. Аммо кўриб турганимиздек абадиятга дохиллик ҳаммага ҳам насиб қилавермаган. Камдан кам ижодкорларгина бундай бахтга насиб бўладилар.
Шу ўринда Ҳамид Олимжону Ғафур Ғуломларга, Уйғуну Эркин Воҳидларга , Абдулла Орифу Шухратларга ва яна бир қанчаларининг ижодларига ҳавас қилмаса ҳам бўлади. Қаранг буларнинг Машраб каби қадрлари йўқ . Тўғри уларнинг ҳам ўз ўрни бор. Лекин халқимиз дилида эмас, фақатгина тарих варақларидагина холос.
Шу ўринда биз, ҳар биримиз эркин фикрлашдан қолмайлик. Агарда қолсак, ўрнимизга улар ўз манфаатларига мақул йўсинда фикрлайдилар, подшоларимиз худонинг ердаги соясидирлар, уларга таъзим қилайлик дея орқаларидан эргаштирмоқчи бўладилар. Бу эса халокатга олиб келади.

Савол: Балки анънавий саволдай туюлар, бироқ яна бир муҳим савол шуки,
сиёсат ва адабиёт муштарак тушунчаларми ё…?

Жавоб: Албатта бу давлат бошқарувида сиёсат юритмоқчи бўлганлар танлаган ғояга , шунингдек ҳукумронликни ўз қўлига олган шахсларга боғлиқ .Умуман олганда капиталистик системадан ташқари, улар диний ёки сосиалистик тузумлар бўладими, доимо адабиёт ва сиёсат тушунчаси муштарак тушунчалар бўлиб келган.
Ислом дини билан адабиётнинг муштараклигини, юқорида номларини зикр этганим кўплаб шоирлар ижодларида кўришимиз мумкин.
Сосиалистик тузум ҳам ўз ғоясини инсонлар онгига сингдиришда адабиётдан, умуман санъатнинг ҳамма турларидан фойдаланган.
Юқорида таъкидлаб ўтганимдек ёлғиз капиталистик тузумгина бу воқеъликни четлаб ўтди. Бунга мисол Теодор Драйзернинг “ Америка фожеаси” романи ва бошқа кўплаб адибларнинг асарларини мисол сифатида келтириш мумкин.

Савол:Айрим мухлисларингиз, «ёзганларингиз ўқишли аммо кам ижод қиласиз,
ё бошқа бир ишлар билан кўпроқ бандмисиз» , дея сўрашади.Мумкин бўлса
айтингчи, асосий вақтингиз қандай юмушлар билан банд?

Жавоб: Оз бўлсаларда мухлисларим борликларидан хурсандман. Бундан буён ҳам улар учун қизиқарли ҳикоялар ва ривоятларни ҳукмларига ҳавола этаман. Бандлигим масаласига келсак, мен ҳозирда яшаётган мамлакатнинг туб халқи тилини ўрганишда давом этаяпман. Ёш ўтганидан сўнг янги бир тилни ўрганиш қийинроқ бўлар экан. Ундан ташқари овқат таёрлаш ва бошқа уй ишлари дегандек.

Савол: Сиёсатчи , ижодкор сифатида, умуман бир инсон сифатида
миллат, миллият сингари тушунчаларга нисбатан муносабатингиз қандай?

Жавоб: Мен кўпчилиги туркий миллат яшаётган мамлакатда, шу халқ орасида туғулиб ,униб- ўсдим. Дунёни қанчайин теран англаган бўлсам, шу миллат тили, рухи, адабиёти, тарихи ва унинг хаёт тарзи билан ўзлигимни танидим. Мен сиёсий фаолият юритган бўлсам ёки бирор бир нарса ёзган бўлсам шу миллатдан қарздорлигим учун юритдим ва ёздим.
Миллиятчи бўлиш учун ёлғиз тушунчанинг ўзи камлик қилар экан. Аниқроғи бунарса онгда, юракда ва рухда бўлишлиги керак. Умуман олганда ҳаётимни миллатимсиз тасаввур эта олмайман. Биласизми, мен ватанда эканлигимда, қачон ва қаерда кўришимдан қатъий назар, жажжи қизалоқларимиз ва ўғлонларимизга қалбим тўла меҳр билан қарар эдим.
Сабаби бирлари миллатимизга она бўлсалар, бирлари тобутимизни кўтарадилар деб ўйлайман доимо.

Савол: Ҳар бир инсоннинг икки «мени» бўлади, яъни ички ва ташқи ўзлиги,
дунёси, дейишади.Шу жиҳатдан олганда биз билган Ҳайит Ғафур қандай-у,
биз билмаганимизчи?

Жавоб: Антиқа савол бўлди. Лекин жавоб беришим керак. Ташқи ”меним”:сизлар зоҳиран билганингиз Ҳайит Ғафур ўша мен бўламан. Ички ўзлигим: дунёни ва ҳаётни қандай талқин қилсалар, шундайлигича қабул қиладиган инсон эмасман. Бутун борлиқни ўз тафакурим билан англашга ва тушунишга интиламан. Қолган “меним”ни дастурхон қилмай қўя қолай, ботиним сирлигича қолсин. Ҳамма нарсаси ойдинлашган инсоннинг қизиғи қолмайди.

Суҳбатимиз мавзуи «Тил учида турган гаплар» , деб номланади.Кўп ҳолларда
суҳбатдошларимиз мана бу саволлар берилганда эди, мана бундай жавоб
берган бўлар эдим, деб қўйишади.Мабодо сизнинг тилингиз учида турган
гаплар, сиз кутгану аммо берилмай қолган саволлар ва унга сиз жавоб
беришни истаган мулоҳазаларингиз бўлса ҳаммасини баён этишингиз
мумкин.Марҳамат.

Берилмай қолган саволлар шундай эмасмикин?

-Қачон ватанга қайтамиз?

-Яқин қолди, бирлашинг, харакатда бўлинг ва кутинг!

-Ўзбекистон мухолифати бирлаша оладиларми?

-Мухолифати бирлашади, лекин лидерлари эмас, сабаби улар бир бирларига феълан тескари туғилганлар.

-Каримов бойлар ва авторитетларни томирини қуритишга бошлади, бунга сизнинг фикрингиз?
-Емоқликнинг қусмоқлиги бор.

-Гулнора президент бўлиши мумкинми?

-“Тираб” турадиган тиргакларнинг унга назари тушиб, “ашағига” “тупуриб” қўйган бўлсалар албатта президент бўлади.

-Сиз доимо жонажон юртбошимизни танқид қилганингиз қилган, ўзи инсоф бериб яхши томонларга ўзгариб қолсалар, бу ишингиздан уялиб қолмайсизми?

-Қани энди бир мен эмас, уни танқид қилаётган ҳаммамиз ҳам уялиб қолсак. Лекин худо фиравнларга ҳукмни чиқариб бўлган. Тангри ўз ҳукмидан қайтмасдир.

-Мабодо президент бўлиб қолсангиз ишни биринчи нимадан бошлардингиз?

-Бунга жавобим эртаю кеч тайёр, аммо жавоб бермайман. Сизни саволингизни Ризо Обидга ҳавола этаман. Бундан буён сайтида шу рукнда мулоқотни йўлга қўйсин.

Бу савол жавобларни давом этдиравериш мумкин, келинг яхшиси шу ерда
тўхтатайлик.

«Замондош» ўқувчиларига тилак ва истакларингиз…

Тилакларим бахтимизга соғ ва омон бўлишсин. Нима яхши ният қилган бўлсалар ниятларига етишсинлар. Фарзандларининг тоълейи баланд бўлсин. Бир- биримизга бўлган меҳр- оқибат бизни ҳеч қачон тарк этмасин.

Ҳа, айтгандай мақолаларим эълон қилина бошлаганда, бир мухлисим мен билан яқиндан танишмоқчи эканликларини айтиб, эмайл адресимни беришимни сўрабдилар. Мен бу ватандошимга айтган пайтларидаёқ электрон адресларимни бермаганим учун ҳам узр сўрайман. Менга хат ёзишни истаганлар мана бу эмайлларимга ёзишлари мумкин.

jahon-83@hotmail.com ,  hshohruh@rambler.ru  

Мўҳтарам ўқувчим сизлар билан хайрлашмайман , яна тез- тез дийдор кўришгунимизча…..
Бахтимизга омон бўлинг.

9 март, 2010 йил.

Zamondosh

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares