
Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларидаги иқтисодий танглик ҳолати, ишсизлик ва қонун олдидаги тенгсизлик тушунчалари ҳеч кимга сир эмас.
Айниқса, Қирғизистон жанубида яшаб, 2010 йилги миллатлараро қирғинни бошидан кечирган этник ўзбекларнинг айни дамдаги аянчли ҳаётлари барчага маълум.
Минглаган, ишга яроқли ёшлар юртдан кетиб, чет элларда муҳожирликда кун ўтказмоқдалар.
Ватанни ташлаб кетишга мажбур қилган омилларнинг биринчси ишсизлик бўлса, кейингиси этник можаролардир. Қирғизистон фуқароларининг шахсий хавфсизлиги таъминланмаганлиги ва мамлакат куч ишлатар тизимларининг таъқиблари ҳам одамларнинг ўз юридан бош олиб кетишларига сабаб бўлмоқда.
Ўзга диёрларга юз тутган ёш йигитларимизнинг аксарияти, бугунги кунда, уйида ёлғиз қолган жуфтларини оёқости қилаётгани ҳам сир эмас.
Ташқи меҳнат миграциясига юз тутган ёшларимизнинг барчасига ҳам бирдек омад кулиб боқмаган. У ердаги аҳволдан кўпчилик хабардор, албатта.
Омади чопганлари юртида қолган ота-онаси ва оиласини таъминлаб, иссиқ-совуғидан хабар олиб турибди. Омади келишмаганлар орасида ҳаттоки, ота-онасининг ватандан юбораётган пенсия пулига кун кўраётганлари ҳам бор.
Шундай муҳожиратга кетган юртдошларимиз орасидаги бир муаммо ҳақида тўхталмоқчиман. Мазкур муаммо айни дамда кўпчиликни қийнаётган асосий муаммолардан биридир, десам асло муболаға бўлмайди.
Гап шундаки, хорижга ишлагани кетган ёш йигитларнинг уйда қолган ота-онаси, аёли ва фарзандлари зор-интизор бўлиб йўл кутадилар. Бу “тадбиркор” йигитларимизнинг кўплари ўша юрган-турган жойларида гоҳ қонуний, гоҳ ноқонуний ҳолда бошқа аёлларга уйланиб олишади. Айримлари “янги” хотиндан болалар ҳам ортириб, ватанига мулойим фариштадек бўлиб қайтиб келадилар.
Ватанида ҳали уйланмаган бўйдоқ йигитлар ҳам шу аснода уйларига қайтадилар. Ота-оналар ўғиллари келишига не-не орзу-умидлар билан тўйга тараддуд кўра бошлайди. Ёшгина бокира қизга уйлантирадилар. Бир умр топган-тутганларини бир кунда сарфлаб, юртга тўй берадилар. Бу ёшларнинг айримлари қонуний ЗАГСдан ўтишса, баъзилари диний никоҳ билан кифояланади.
Тўй ўтиб, маросимлар тугагач, куёвбола ёш келинчакни ота-онасига чўри қилиб ташлаб, Московдаги жононлари олдига қайтади. Оғир оёқ бўлган келинчак бечораларнинг эрсиз, ёлғизликда кўрган кунлари-ю, уларга қайноналарнинг ўтказаётган зуғумлари ҳақида ёзсак, улар алоҳида бир достонга жой бўлади.
Ўш шаҳри “Ҳудудий Аёллар Кенгаши” ташкилотининг маълумотига кўра, бугунги кунда, юқорида тилга олинган сабабларга кўра, биргина Ўш шаҳрининг ўзида беш юз нафардан зиёд оиласидан ажраган аёллар ва отасиз қолган фарзандлар мавжуд.
Бу аёллар ва болаларнинг моддий аҳволидан, ижтимоий таъминотидан хабар оладиган мард куёвболалар бармоқ билан санарли даражада оз.
Қирғизистон қонунчилигига кўра, бу тоифадаги аёллар ва болалар давлатдан ижтимоий ёрдам нафақаси ололмайдилар. Нафақа олиш учун эр ёки хотин расмий равишда бирор жойда ишлашлари керак.
Бундай шўрпешона аёлларнинг бор умиди эса, алиментдан. ЗАГСсиз турмушга чиққан қизларнинг аҳволини энди айтишга тиллар ожиз. ЗАГСи бўла туриб, суд қарори билан ҳам эрларидан алимент ундиролмётган аёлларнинг саноғи йўқ. Сабаби, бу “эрлар” хорижда. Суд қарорини суд ижрочилари амалга оширолмайдилар. Хориждаги “той болларни” улар топишга имконсиз.
Шуларни кўриб туриб, нима дейишга ҳам ҳайрон қоласан, киши. Наҳотки, бу йигитларимиз уйланишидан аввал ота-оналарига айни ҳақиқатни, яъни, Московдаги хотинлари ҳақида бир оғиз айтишга жазм қилолмайдилар. Наҳотки, ўз жигарбандларимиз бўлган муниса сингилларимизни, лобар қизларимизни оёқости қилиб, хор қиламиз?! Ахир уларнинг ҳам уволи бордир?!
Бу йигитлар отасиз тирик етим бўлиб қолаётган гўдакларининг, бечора аёлларининг тақдирини ўйлаб иш кўришса яхши бўларди. Эртага бу гўдаклар бир амаллаб ўсиб-улғайсалар, ўз оталарига қандай муносабатда бўлишлари мумкин. Ҳозирда ёшлик-бебошлик қилиб юрган укаларимга юзланиб айтмоқчиманки: Кўзингизни каттароқ очинг, йигитлар! Бир иш бошлашдан аввал унинг келажагини ўйлаб кўринг! Билиб-билмасдан тиконли йўлларга юрманг! Эртага қўлингизга асо тушганида кеч бўлади. Жуда-жуда кеч бўлади. Бусиз ҳам ўшликларнинг муаммолари ва кўргуликлари тўлиб-тошиб ётибди.
Сиз эса, дард устига чипқон бўлманг, йигитлар!
Иззатилла Раҳматиллаев
“Қонун ва тартиб” Ҳуқуқни Ҳимоя Қилиш
Жамоатчилик Фонди раҳбари
Ўш шаҳри, Қирғизистон.
23 август 2013 й.



