
Эврил Турон
Оқ гул
(воқеий қисса)
“Ватанни беқиёс севувчи дўстларим…га бағишлайман”.
(31-32-33–боблар)
– 31-
Менимча, энди Оқгулни асраш қийин.
Худди ўрик оғочидан узилган довча мисол…
Довча…
Оқгул…
Табиатнинг шафқатсиз қонуни олдида ҳамма мавжудод ожиз.
Жонли, жонсиз айросиз…
Энди, Оқгул биринчи ва сўнгги қўриқчисидан ҳам айрилди. Бекнинг ҳаёти ҳам хавф остида… У ҳозир Оқгулни ўлимдан асраб қолиш йўлларини ўйлаб ётибди. Ўзининг оғир дарди кўзига ҳам кўринмаяпти. Қани энди ўрнидан туролса! Туролмайди. Ўз мувозанатини сақлолмайди. Боши айланиб, йиқилиб қолади. Ҳамма ёғи зирқираб оғрияпти. Оғриганда ҳам даҳшатли!..
Мен уйга хазин ўйлар қуршовида терга ботган, мажолсиз ҳолда келдим. Онам йўқ. Ишда. Жазирамадан, чивиндан сақланиш учун деразаларга қалин, қора тўсмалар илинган. Пақирлардаги сувлар илиб қолган. Бир челак сувга ювундим. Лекин артинмай, ўзимни кўрпачага ташладим. Хона жимжит. Қоронғу. Салқин аралаш дим. Қотиб қолибман. Тушумга Бек кирди. У соппа-соғ, ўша ҳаво ранг спорт кийимда. Оқгулнинг қора тўсма осилган деразаси остида қора қоплондек писиб турибди.
Бўғиқ тун.
Ой йўқ.
Юлдузлар йўқ.
Симёғочга осилган митти чироқнинг хира ёғдусида Бек Отелло*га ўхшайди. Ёш, қоп-қора Отеллога. “Тавба!.. – дейман, – Тавба!..” Унинг кўзлари қоплонникидек қаҳрли. Зулматни ёритароқ ёнмоқда. Қўлидаги кумуш сопли пичоқ совуқ ҳамда қўрқинчли йилтираяпти.
Ҳаво дим.
Шамол йўқ.
Сокит.
Қора тўсма силкинди. Балки, менга шундоқ туюлгандир? Қайдам. Митти чироқ ҳам сўнди.
———————————————————————————————–
* Отелло – Оқ хунлар империяси императори. Қадимги аждодимиз.
Учқулоч зулмат ичида қолди.
Тавба-тавба!
Оққуш Бекнинг шундай кўз олдидан учиб ўтди. Бек буни кўрмади. Мен бундан ажабландим. “Бек-Бек! Қара-қара!” – деб қичқирдим. Бор овозим билан қичқирдим. Бек эшитмади. Борлиғини кўз-қулоқ қилиб турган Бек эшитмади. Бундан баттар ҳайратландим.
Энди Оққуш менинг бошим узра оппоқ қанотларини силкита-силкита учиб ўта бошлади. Гўё:
“ – Алвидо Эврил, алвидо!” деяётгандек эди.
Шунда, шундагина мен уни: “Оқгул, – деб ўйладим, – Оққушга айланиб қолган Оқгул!.. Ё, Тангрим-ей! Бу қандоқ бўлди!!.”
Шунда, шундагина мен, ё Тангрим-ей, Оққуш билан ёнма-ён буюк бир нима учаётганини ҳис этдим. Кўзга кўринмас буюк бир нима!.. Ё Тангрим-ей, англадим, бу ўша: Ўлим фариштаси – Азроил!
Қўрққанимдан юрагим орқамга тортиб кетди. Шунга қарамай, мудҳиш бир титроқ хуружида ўлим фариштасига ёлвордим:
“ – Оққушни ташлаб кет!”
Нидом ҳавода қуруқ қор мисол сочилиб кетди. Ё тавба! Қор мисол!.. Умримда овозни қорга айланганини ва қор мисол сочилганини кўрмаганман.
Ё Тангрим! Бу фоний дунёда нималар бўлаяпти ўзи?!.
Оққуш Учқулоч тепасига ойдай кўтарилганда, ялтоқ итларнинг ялтоқхона акиллашлари кучайди. Бир тўда қора ит хириллаб Бектемирга ташланди. Бек уларга бас келолмаслигини сезди, пичоғини ялтиратиб сермаб, томга учиб чиқди. Худди бургут янглиғ. Ё тавба! Унда бундай қобилият борлигини олдин ҳеч сезмаганман.
Ожиз қолган итлар бироз ириллаб туришди-да, сўнг ер чангитиб менинг ёнимдан ўтиб кетишди.
Мен чанг-тўзон ичида қолдим…
Оққуш зулматга сингиб кетди.
Кўз олдимга тупроққа қорилиб ётган довча келди.
Сўнг Оқгул…
Икки хил мавжудот…
Бир хил тақдир…
Шафқатсиз тақдир…
“ – Оқгул! – дея йиғладим, – Оқгул!..”
– Уйғон болам, уйғон! – Онамнинг ташвишли овози қулоғимга узоқлардан келди. Қалтираб кўзимни очдим. Борлиғим тердан жиққа ҳўл эди.
Онам ҳўл кигиз ўралган кўзадан бир пиёла муздек сув олиб келиб берди:
– Ич, ўғлим, – деди қўрқувга қотилган меҳрибон овозда, – ичақол.
“ – Тангрига шукр, тушум экан! – дедим мен ичимда ва сувни бир симиришда ичдим. – Раҳмат, Она!”
Қалқдим. Чанқоғу қўрққанимдан оғзим қуриб қолган эди. Кўзадан тўйгунимча сув ичдим. Кейин бир пақир сувни кўтариб ҳовлига чиқдим ва бошимдан қуйдим. Бирдан енгил тортдим. Бироқ фикри-зикрим Оқгулда эди:
“ – Нега бундоқ қўрқинчли туш кўрдим? Жуда қўрқинчли! Уни кўп ўйлаганим учунми? Ё Бекнинг туши таъсирими бу, Ишқилиб шундоқ бўлсинда, Яратган Эгам! Оқгулнинг умрини узун қил! Уни ўз паноҳингда асра!”
Оддий оқ сочиқда артиниб бўлганимдан сўнг онам менга профессор Мария хонимнинг манзили ва телефон рақамлари ёзилган варақни узатди. Севинганимдан мен: “ – Раҳмат Она!” – дея уни қучоқлаб, юз-кўзларидан ўпдим. Вужудимни титратаётган туш, гумон, ғамлар тарқаб кетди.
– Ҳозир у хоним Исроилда экан, ўғлим, – деди онам афсусга қотиқ хомуш овозда менинг бошимни силаб.
Менинг ичим яна музга айланди. Онам буни юз-кўзимдан уқди шекилли, менга тасалли берди:
– Уч-тўрт кунда қайтармиш.
Ихтиёрсиз равишда кўнглимдан шу сўзлар кечди:
“ – Оқгулга келганда, ҳамма нарса тескари:
Қимматли китоблари ўғирланди.
Бўрон оға ўлдирилди.
Яҳудий хоним Исроилда.
Бектемир тўшакка михланди
Энди Оқгулнинг ҳаёти тамомила хавф остида қолди.
Тамомила!
Уч-тўрт кунгача уни ким қўриқлайди?
Уч-тўрт кун!..
Юз йилдек узун замон!
Юз йилдек!..”
– Сенга қуймоқ пишириб қўйдим, ўғлим.
Онамнинг гапидан ўзимга келдим. Оқгулларга сўз берганимни, эртага сўнгги имтиҳонлигини, тушликни ҳам уларникида қилишимни унга айтдим.
– Мейли, болам, мейли, – деди – яхши тайёрланинглар, фақат… фақат… – дея манглайимдан ўпиб, ўйланиб қолди. Кейин, чамаси, бир фикрга келди, сўзини айтди, – ортиқча гапдан ўзларингни тийинглар, ўғлим. Замон нозик. Ўз жонларига жабр қилманглар. Ўрис босқинида бўвакларни ҳам, гўдакларни ҳам ўлдиришди. Бўғоз хотинларнинг ичларини ҳам ёришди… Буни эл-юрт билади. Онгли дунё билади. Тузм бошида шуларнинг авлодлари туришибди… Ёш-қари деб ўтиришмайди…
– Биламан, она, – дедим, – хотиржам бўлинг.
– 32-
Нон, қаймоқни олиб, хастахонага чопдим. Деразадан Бекка нарсаларни узатарканман, янгиликни айтдим. Бундан у қаттиқ қувонди:
– Ҳозироқ унга телефон қил, дўстим. Яна телеграмма ҳам бер.
Бектемирнинг дардига-дард қўшишни истамадим. Яҳудий хонимни Тел-Авивда эканини ундан яширдим.
– Хўп, Бек, – дедим.
– Дўстларга салом айт.
– Хўп.
– Биласанми, дўстим, – у мени тўхтатди, – хастахонада миямга аваллари келмаган фикрлар келяпти:
Ҳозир мен ҳамма аъзолари соғ кишини энг бахтли киши деб ўйлайдиган бўлдим. Менимча, одам учун бу биринчи бахт.
Кўнглинг ғаш бўлса, олам кўзингга қоронғу кўринади.
Менимча, одам учун кўнгил тинчлиги: иккинчи бахт.
Истаган вақтингда қалбингга энг яқин дўстларинг билан кўришиб туришинг, менимча, бу учинчи бахт.
Сенга эришдек, лофдек туюлса ҳам, Эврил, айтай: ҳозир мен ўзинг билган дўстларимни бир марта кўриш учун жонимни ҳам беришга тайёрман. Ишон, дўстим, бу менинг юрак сўзим! Афсус! Бунинг иложи йўқ. Ўрнимдан туролмай ётибман. Минг афсус!!!
Бекнинг: “дўстларимни…” деганда, биринчи галда Оқгулни кўзда тутаётганини уқдим. Ўзим сезмаган ҳолда унга маъноли боқдим. У мендан соғинчга ғарқ кўзларини яширмади. Яширолмади.
– 33-
Қизлар мени олма остидаги сўрида кутиб олишди. Оқгулнинг ота – онаси, укалари уйда йўқ эди.
“ – Боғдонга кетишгандир?..” – деб ўзимча фараз қилдим.
Қизлар менга: “ – Бек қани?” – деган маънода савол назари билан қарадилар. Уларга ёлғон сўзлолмадим. Икковининг ҳам руҳи тушиб кетди.
– Сўнгги имтиҳонга бир кун қолганда–я!…– Оқгул гапини давом эттиролмай титради. Бошини чангаллаб ўйланиб қолди. Унинг юзлари қордан – да оқарди, тийрак кўзлари олмосдек кескин тус олди, дудоқлари асабий очилиб, юмилди.
Марварид ҳам ғамга ботди.
“ – Нега айтдима, нега?!, – дея ўзимдан ўзим ғижиндим.
Ниҳоят қизлар ўзларини тутиб, тергига бир чинни лаган кулчатой, бир чойнак кўк чой олиб келишди. Гап – сўзсиз, иштаҳасиз овқатландик. Терги йиғиштирилгач, бир пиёладан кўк чой ичдик.
– Имтиҳон ҳам қўнгилга сиғмаяпти, – деди Оқгул ўта хазин охангда, – эртага нима бўлишини ёлғиз Тангри билади. Ёлғиз Тангри!.. У – ф – ф!!. Ўлим қўрқинчли!.. Ўлим ғулғуласи ундан – да қўрқинчли!.. У – ф – ф!!!
Оқгул менга алаҳсираётгандай туюлди. Бундан менинг юрагим увушди. Тиззаларим қалтиради. Мен уни бу қадар тушкун ҳолда сира кўрмагандим. Сира!..
“ – Нега бирдан таслим бўлаяпти? – Мен ўз – ўзимни саволга тутдим. – Нега? Таслим бўлиш бу иродали қиз табиатига ёт эди.
Энди?..
Энди: “ – Мен учун бирон ёруғ йўл қолмади” – деб ўйлаётгандир? Балки, шундай ечимга келгандир ҳам. Ўта тушкун, ўта мунгли у гаплар шунинг мевасимасми?Шунга унинг ёш қалби денгиздан – да чуқур қайғу, изтиробларга дош беролмагандир? Беролмаётгандир?..
Қайғу, изтироблар!..
Қайғу, изтироблар бўлганда ҳам, енгиб бўлмас қайғу, изтироблар!.. У тоғдек одамни ҳам сиқиб, букиб, бир сиқим қилиб қўяди.
Қалб қийноғидан ортиқ қийноқ борми дунёда?
Қалб азобидан ортиқ азоб борми дунёда?
Оқгул кеча– ю –кундуз ўйлай – ўйлай, қўтилиш йўлини топмай. ўзини – ўзи еди: уни қуруқ суякларигина қолди”.
Расм дафтари ва қаламнинг шитир – шитиридан хаёлим қочди. Оқгул тухумсимон шаклида ўн битта айлана чизди. Уларнинг қоқ ўртасига Қуёшни “ўрнатди”. Айлана чизиқларга эса Меркурий*, Венера*, Ер*, Марс*, Юпитер*, Сатурн*, Уран*, Нептун*, Плутон*ларни “жойлаштирди”.
Бу Қуёш тизими* (системаси) эди.
Қўёш |
меркурий |
венера |
ер |
марс |
юпитер
|
сатурн |
плотун
|
уран |
нептун |
———————————————————————————————-
* 1. Меркурийда бир йил – 88 кун. 2. Венерада бир йил – 150 кун. 3. Ерда бир йил – 365 кун. 4. Марсда бир йил – 700 кун. 5. Юпитерда бир йил – 1000 кун. 6. Сатурнда бир йил – 1500 кун. 7. Уранда бир йил – 50 йил, бизнинг йил ҳисобимизда. 8. Нептунда бир йил – 150 йил, бизнинг йил ҳисобимизда. 9. Плутонда бир йил – 250 йил бизнинг йил ҳисобимизда.
Мен бундан ажабландим. Марварид ҳам ҳайрон бўлди.
– Эртага математикадан имтиҳон эмасми, Оқгул? – Таажубини яширмай сўради Марварид.
– Балки?..
Бу жавобдан: “ – Эси оғиб қолдими?..” деган сўз бошимга тўқмоқдек урилди. Бундан ич – этим жимирлаб кетди.
– Мен мана бу сайёра*ниг йил ҳисоби бўйича олтмиш бир ярим йил яшайман… – У тухумсимон айланаларнинг бирига ишора этди, – сўнг…сўнг жоним учиб кетади. – Унинг кўзларидан маржон – маржон ёш оқди.
Оқгулнинг сўзлари бизга телбанинг гапидек ғайри – табиий туюлди. Бундан менинг ич – этим эзилди. Марвариднинг ҳам. У сир бермай деди:
– Олтмиш бир ярим йил яшаш ҳам ҳар кимга насб бўлавермайди, Оқгул.
Оқгул синиқ кулди.
Менинг кўнглим ёмон бир нарсани сезгандек, нотинч эди. Ёмон бир нарса!.. нима у? Буни аниқ билмасдим. Шу тобда мен фикрлашга ҳам ожиздай эдим.
“ – Агар чиндан ҳам олтмиш бир ярим ёшга кирса, – дедим ўзимга – ўзим, – буни олқишлаш керак. Лекин… Лекин… бу ерда бир сир бордай… Ё уни томи кетаяпти? Томи?..”
– Тангри менинг ўзимга қўйиб берса, мен ўзга бир сайёрада яшардим – деди Оқгул хаёлимни тўзғитиб, – Масалан: Марс*да!…
Унинг гапи қаътига қандоқдир сир яширинганлиги менинг хаёлимга ҳам келмади. Марварид эътироз билдирди:
– Марсда ҳаёт йўқ – ку Оқгул.
– Эсим қурсин, Марварид, ўзга Қуёш Тизимида, ўзга ерда…
– Ўзга Қуёш Тизими?.. Ўзга Ер?.. – Ҳайрон бўлдим мен ва кўнглимдан ихтиёрсиз бир тарзда ушбу сўзлар ўтди: “ – Оқгулнинг ҳуши ўзидамас. Ишқилиб уни Тангри асрасин!”
– Минглаб ўзга Қуёш тизмлари бор, Эврил. Улардаги Ерлар бизникидан катта ҳам кўркам. У Ерларда яшовчилар биздан кўп ақлли, имонли, илмли.
———————————————————————————————–
* …Мана бу сайёра – Қуёшга энг яқин сайёра – Меркурий. Меркурийда бир йил 88 кун. Ҳозир Оқгул 15 ёшда бўлса, Меркурий йили ҳисоби билан 61.5 ёшга тўлади.
* Марсда … – Марс сайёрасида бир йил 700 кундир. Ерда 15 ёшга кирган одам, Марсда тақрибон 8 ёшга чиқади.
– Буни сенга ким айтди., Оқгул?
– Юрагим сезаяпти, юрагим айтаяпти. Хаёл кўзи билан кўраяпман ҳам.
– Профессор Мария хоним ҳам шундай фикрдаларми?
– У киши Шарқшунос олималар, Эврил.
Биз баттар таажжубландик. Чунки Астрономия фанини билмас эдик.
– Сизлар мени жиннига чиқариб қўйяпсизлар. – Оқгулнинг оғир касалларникидай заъфарон юзлари ғалати тиришди, – гап мағзини чақмаяпсизлар, – унинг сўниқ кўзлари яна ловуллаб ёнди.
Биз мулзам бўлиб қолдик.
Оқгулнинг танбеҳидан кейин мен тухумсимон айланага қанча синчиклаб боқмай, ундан ҳеч нарсани англамадим. Ҳозир идрок қиладиган ҳолда эмасдим ҳам. Тушум ҳам кўнглимга ғулғула сола бошлаганди. Киражак тун ваҳми мени бўғма илондек бўғиб келарди. Оқгулнинг қисматини ўйлардим. Тан – жоним билан Ўйлардим. Энди, Бек йўқ. Уни ким қўриқлайди? Менда эса бундоқ жасорат етишмайди. Мабода етишганда ҳам, қўлимдан ҳеч нарса келмайди. Буюк Муқанна:
“Ўз кучингга ишомасанг, жангга кирма, йўқса, ҳалокатга учрайсан”, деб бежиз айтмаган.
Оқгул мендаги кечинмани адашмай уқди ва оғринди:
– Мен ҳозирча тирикман, Эврил. Олтмиш бир ярим йил яшайман… Мен ҳақимда ўйлашни бас қил. Бу менга оғир ботаяпти.
Мен ноқулай аҳволга тушдим. Юзим ёнганини ҳис этдим. Бундан қутилиш учун уни чалғитишга уриндим:
– Нега ўн битта айлана чиздинг? Менимча, иккитаси ортиқча. Ўзинг ҳам бу чизмада Қуёш теграсида тўққизта сайёра айланаётганини кўрсатгансан.
– Тўғри, Эврил. Аммо мен буни профессор Мария хонимнинг ўргатмасидан келиб чиққан ҳолда шундоқ қилдим.
– Бу ҳақиқатга зид-ку.
– Мен ҳам аввал сендай ўйлардим. Энди бошқача…
– Қандай?
– Болалик пайтида Юсуф элчи*нинг тушига ой, қуёш ҳамда ўн битта юлдуз киради.
– Бу бир ривоятда, Оқгул.
– Мен ҳам айни шу гапни профессор Мария хонимга айтгандим. У буни инкор этганди:
———————————————————————————————–
* Юсуф элчи – Юсуф пайғамбар. У Ёқуб пайғамбарнинг ўғли.
“ – Илоҳий китоблар*даги битикларни ривоят деб бўлмайди, азизим. Қуръонда ҳам бу тўғрида оят бор:
“Ёқуб (А.С.)га ўғли Юсуф деди:
“Менга (тушумда) Қуёш, Ой ҳамда ўн битта юлдузнинг сажда қилиб тургани кўрсатилди”*.
(Юсуф сураси, 4 – оят).
– Сен бунга инонасанми?
– Шак келтирма, Эврил.
– Бундан чиқди: Қуёш теграсида ўн битта планета айланаётир.
– Шундай.
– Қани иккитаси?
– Менимча, улар Ердан жуда-жуда йироқда, Масалан: миллиардлаб чақирим йироқда ва мутлақ-мутлақ қоронғулик қаърида бўлиши мумкин. Қачонлардир, Эврил, илм-фан уларга етиб боради. Балки, сен буни гувоҳи бўларсан. Марварид ҳам. Чунки сизлар мендан узоқ умр кўрасизлар…
– Ундай дема, Оқгул. Бу ёлғиз Тангрига аён.
– Балки, мен янглишаётгандирман. Лекин менинг юрагим шуни сезаётгандай… Ўша икки сайёра топилганда, мени эсларсизлар… Балки, сен, Эврил, ўзимиз тўғримизда китоб ҳам ёзарсан.
– Тангри насб этса, Оқгул.
– Мен сизларни севаман!
Мен сизларга инонаман!
– Биз ҳам сени севамиз, Оқгул! – дедим мен.
– Сен бизни жонимизсан! – деди Марварид.
Оқгул: “- Агар мен ораларингизда бўлмасам…” – дейишга оғиз жуфтлади. Бироқ бизни аяб фикридан қайтди. Ва пича сукутдан сўнг деди: – Агар мен шу таътилда сизлардан узоқларда бўлсам, масалан: Мария хонимникига кетсам, “Оқ туғ” Кенгашини сен бошқарасан, Эврил”.
Унинг кўзларига яна қайғули, аламли ёшлар қалқиди. Шунга қарамай, овозида шиддат, ишонч, ҳукмфармога ўхшаш бир нималар мавжуд эди. Мен Оқгулга бу хислатларни Тангри берган деб айтишга журъат этаман. “Улғайса, “Етакчи…” бўлади” – деб ўйлардим. Бек, Марварид, бошқалар ҳам шундай фикрда эдилар. У доимий равишда биздан бир қадамча олдинда юрарди.
—————————————————————————————————-
* Илоҳий китоблар – Таврат, Забур, Инжил кўзда тутилади.
*Бу оятни Оқгул ўрисчадан ўзбекчага ўгирган. Профессор Мария хонимнинг сўзи асосида.
Унинг бу одатини ўзгалар билан юрганда ҳам кузатганман. Оқгул туғма шундай эди.
– Сен яҳудий хонимникига кетсанг, биз бу айрилиққа қандоқ чидаймиз? – Марварид оғир хўрсинди. – Сени соғинамиз! Жуда-жуда соғинамиз! Аммо, шунга қарамай, узоқларга, дажжол қўли етмас узоқларга кетсанг, қувонамиз! Чексиз-чексиз қувонамиз, азиз дўстим! – Унинг кўзлари ёшга тўлди.
– Марварид менинг кўнглимни айтди, Омонгул, – дедим мен вужудимни қуршаб олган қайғу-ғамини қизларга сездирмай, – қаерда бўлсанг ҳам, омон бўлсанг бўлгани, дўстим. Биз сенга узоқ умр тилаб, Тангрига илтижо қиламиз!..
(Давоми бор)



