Эврил Турон: Оқ гул

Мамадали Маҳмудов - Эврил Турон
Мамадали Маҳмудов – Эврил Турон

Эврил Турон

Оқ гул

(воқеий қисса)                                                                                          

“Ватанни беқиёс севувчи дўстларим…га бағишлайман”.

(28-29-30-боблар)

– 28 –

Худди шу вақтда Бектемир қалқади. Ҳеч кимга сездирмаслик учун биринчи шахта билан тепа оралиғидан ўтгувчи хилват сўқмоқ сари юради. Бу тор, кимсасиз сўқмоқ “Олтинтош” омборини қиялаб ўтар ва Оқгуллар маҳалласига элтарди.

Учқулоч теран уйқуда. Бектемирнинг ёнида зангламас темирдан ўзи ясаган (отасининг устахонасида) кумуш сопли пичоқ. “Олтинтош” омбори биқинида, Хонбандига элтувчи йўлга яқин ерда, кутулмаганда, унинг қаршисидан икки ўрис, бир ўзбек чиқди. Йигитлар йигирма уч-йигирма беш ёшларда эдилар. Бек юлдузлар ёғдусида уларнинг билакларидаги ёзувларни ўқиди:

     “Патруль…”

     – Қаердан келяпсан? – Рус тилида сўради гавдали ўзбек.

     – Дўстимникидан.

     – Тун ярмида-я?

     – Имтиҳонга тайёрландик. Шунга вақт ўтганини сезмай қолибмиз.

     – Қаёққа кетаяпсан?

     – Уйга.

     – Нега ёнингда пичоқ олиб юрибсан? – Совуқ оҳангда сўради ўрта бўйли ўрис.

     – Бу миллий  пичиқ. Ўзбек урфи бўйича мумкин.

     – Қонунни биласанми?

     – Оз-моз.

     -Қани пичоғингни кўрайчи, бола, – кенг елкали ўрис гапга уланди.

     Шу он узоқдан, шимол томондан машина чироқлари кўринди. “Патруль”лар бир-бирларига аланг-жаланг қарашди. Бекнинг кўнглида хавотир уйғонди:

     “ – Булар сохта патруллар…”

     У қора чарм қинидан пичоғини суғурди.

     – Бер, – ўнг қўлини чўзди кенг елкали ўрис.

     – Кўриб турибсан миллий пичоқ.

     – Бер!

     – Йўқ, – у пичоқни қинига қайта солиб қўйди.

     – Нима?!

     – Бермайман, бу менинг шахсий пичоғим.

     – Бўлмаса биз билан юр! – Буюрди ўзбек.

     – Қаерга?

     – Патруллар пунктига.

     – Нега?

     – Пичоғингни текшириб кўрамиз.

     – Ҳеч ёққа бормайман.

     – Бормайсан?!. – У шарт қўлтиғи тагидан тўппонча чиқарди ва Бекка ўқталди, – итдек отиб ташлайман, бола!

     Бектемир қўрқмади:

     “ – Отолмайди, – деди ичида, – отадиган одам айтиб ўтирмайди”.

     Учовлон уни ўраб олишди.

     – Болага пичоқ олиб юриш қонунан таъқиқланган! – деди юмшоқ оҳангда кенг елкали ўрис кулимсираб.

      Бек бу юмшоқ оҳанг, кулимсираш замирида чипор илон заҳарли тилини ўйнатиб турганини ақл кўзи билан кўрди. Сергак тортди. Жуда сергак тортди. Ўзи сезиб-сезмай ҳимоя ва ҳужмга шай бўлди. Кенг елкали ўрис уни чалғитиш учун:

     – Яхшиликча берақол, болакай, – дея Бекка тағин қўлини чўзди.

  Энди Бек ёвуз хавфини аниқ туйди. Пичоғини қайта суғурди. Бироқ шу он гавдали ўзбек тўппончасининг орт томони билан унинг калта сочли бошига устма-уст урди. Ўрта бўйли ўрис жигарига тепди. Бек кенг елкали руснинг ўнг қўлини яралаб қулади. У вой-войлаб тисарилди. Икки ёв қутургандан-қутурароқ Бектемирни уриб-тепишда давом этди. Лекин яқин келиб қолган машина унинг жонига оро кирди.

     Уч кас қоронғилик қўйнига шўнғиди.

 – 29 –

     Юмалоқ очун одамзод билмайдиган, таг-тугига етмайдиган, етолмайдиган Тангри қонуниятлари асосида айланади, тумонот сир, жумбоқ, мўъжизаларни ўзида сақлароқ айланади.

     Абадий айланади.

     Инсон ақли буларни, яъни ўзига берилганидан ортиғини очишга ожиз. Ҳеч замон очолмайди ҳам.

     Ҳозир кон бошлиғининг ўз хизмат машинаси: “вильс”да жиноят устига келиб қолишини одам боласи “тасодиф” деб билади. Аслида шундайми? Йўқ. Бу ҳам Тангри иши”…

     “Тасодиф…”, “Ҳалокат…”, “Фалокат…”, “Тўсатдан”… Одамзод юзлаб атамалар ўйлаб топган. Бироқ буларнинг барчаси Тангри таолонинг қонуниятлари асосида юзага келади. Унинг измисиз оламда ҳеч нарса содир бўлмайди.

     Ҳеч нарса!..

     Агар, теран тафаккур этолсак, ақл, идрок, шуур, сезги, ҳис, туйғуларимизни борлиғича ишга сололсак, ҳали Бекнинг ризқи ёруғ очундан узулмаганини ғира-шира англагандек бўламиз.

     Шу сабабли, ҳа, айни шу сабабли Тангри Соколни “Тасодиф” ниқоби остида Бектемирга ёрдамга юборган. Буни Сокол сезганми? Йўқ. Сезишга қодир эмас, мутлақо қодир эмас.

     У Хонбандидан (ўзига тегишли ишларни бажариб) уйига қайтаётир.

     Сокол!..

     Учқулочда биринчи одам…

     Тангри Бектемирни ўлим чангалидан қутқазиш учун уни танлаган.

     Сокол қонга беланиб ётган чалажон Бекни Учқулоч хастахонаси*га тез етказди…

———————————————————————————————–

* Учқулоч хастахонаси – муваққат, мўъжаз хастахона.

 – 30 –

     Мен бу лаҳзада ТУШ бўғовида ўзим билан қўнишаётган эдим:

     “ – Ўтган киши қайтмайди. Сира қайтмайди. Сира-сира… Йўқ, қайтади. Йўқ қайтмайди. Қайтади… Қайтмайди…”

     Кўзга кўринмас бир куч, шакли-шамойили йўқ бир куч мени бўғади:

     “ – Шаккок! – деб сўкади. – Сен Оллоҳга шак келтираяпсан! Яна Қуръонга, бутун илоҳий китобларга!..”

     “ – Кимсан?” – дейман бўғилиб.

     “ – Мен ўлим фариштаси*ман” –  дейди у.

     Мен қўрққанимдан дир-дир титрайман. Ўзимникига ўхшамас хирқироқ, қалтироқ овозда дейман:

     “ – Ер яралгандан бери қайтган одамни ҳеч ким кўрмаган. У борса келмас йўл…”

     “ – Тавба қилдим” – деб айт.

     “ – Мен ўз кўзимга ишонаман, ўз ақлимга ишонаман, мутлақ аниқ далил – асосларга ишонаман”.

     “ – Оллоҳга-чи?”

     “ – Тангри ҳақ. Бошқалари тўқима..!”

     “ – Оллоҳ сўзига ишонмайсанми?”

     “ – Олам яралгандан бери унинг сўзини ҳеч ким эшитмаган. Ўзини ҳам ҳеч ким кўрмаган”.

     “ – Янглишма, бола. Таврот, Забур, Инжил, Қуръон, яна кўплаб китобларни Оллоҳ туширган. Улардаги ҳар бир калима Уники. “Сен қайта тирилмайди” деб иддао қилаяпсан. Бу улуғ гуноҳ. Мана, Олло Таоло нима дейди, эшит:

     “Кофирлар қайта тирилмаймиз деб, гумон қиладилар.” Эй Муҳаммад, айтинг, Роббимга қасамки, албатта қайта тирилтирилурсизлар. ( Сув билан ўсимликлар тирилганидек)”.  (Тағобун – 7).

     “ – Қачон қайта тирилади?”

     “ – Қиёмат Қойимдан сўнг”.

     “ – Қачон Қиёмат Қойим бўлади?”

     “ – Бу ёлғиз Тангрига аён. Аммо, сен қиёмат ҳақидаги ушбу оятни эслаб қолгин:”

     “ Бас, қачонки юлдузлар сўндирилиб, осмон ёрилгач, тоғлар (қум каби) сочилгач ( Қиёмат Қойим бўлур)”.  (Мурсалат – 8 – 11).

     Мен даҳшат қуршовида илоҳий сўзларни такрорлайман:

—————————————————————————————————–

* Ўлим фариштаси – Малакул – Мавт – Азроил.

     “ – Юлдузлар сўндирилиб, осмон ёрилгач, тоғлар қум каби сочилгач  Қиёмат Қойим бўлур”.

     “ – Бундоқ ҳолда еру кўкда ҳаёт тугайди – ку” – дейман.

     “ – Тугайди, – дейди ўлим фариштаси, – аммо сўнг етти қат осмоннинг ўзга бир ерида ҳаёт бошланади. Бунинг қаердалигини Оллоҳдан бошқа билмайди”.

     “ – Шундан кейин ҳамма ўлганлар тириладиларми?”

     “ – Ҳа”.

     “ – Миллион – миллион йиллар ўнжа ўлганлар ҳамми?”

     “ – Ҳа”.

     “ – Ўғузхон, Билга Ҳоқон, Темурхон боболарим ҳам тириладилар – да”.

     “ – Энди ҳақни англаётгандайсан, бола”. – у мени бўғишдан тўхтади.

      Мен ҳаяжонланган, қаттиқ ҳаяжонланган ҳолда дейман:

     “ – Ў! Бу қандоқ мўъжиза!! Мисли қўрилмаган мўъжиза!!!”

     Шунда ўз – ўзидан бошимда илоҳий сўзлар айланди:

                                  “ Эй Муҳаммад, айтинг,

                                   Роббимга қасамки, албатта

                                   қайта тирилтирилурсизлар.

                                   Сув билан ўсимликлар

                                   тирилганидек”.

     Агарчи мен диндан узоқ бола бўлсам ҳам, бу оят менинг қўнглимда қайта тирилишга умид боғлайди. Шу билан бирга у қалбимдаги қўрқувни ҳам ҳайдайди.

     Мен ўлим фариштасидан юрак ботиниб сўрайман:

     “ – Сен менинг жонимни олгани келдингми?”

     У жавоб беради:

     “ – Ерда қиладиган ишларинг бор…”

     Оқгул ҳақида сўрашга оғиз жуфтлайман. Бироқ лабларим мумёлаб қўйилгандек очилмайди. У қатъий, лекин одамнинг кўнглини ўкситмайдиган оҳангда дейди:

     “ – Адашма!..”

     Бу ўлим фариштасининг менга айтган сўнги сўзи эди. У кўкга учади. Мен уни кўрмайман. Юрагим билан сезаман.

     Шунда кўз олдимда қора очун аста – секин, аста – секин ёриша бошлайди.

     Аста – секин…

     Аста – секин…

     Аста – секин…

     Мен уйғониб кетдим. Анча –анчагача бу ғайри – табиий учрашув таъсиридан чиқолмадим. Ўзимни –ўзим саволга тутдим:

     “ – Нега ўлим фариштаси менинг тушимга кирди? Нега? Ё ўлими яқинми? Йўқ. У буни инкор этди. Мени ерда қиладиган ишларим бор эмиш. Қандоқ ишлар? Бунга жавоб изладим. Топмадим. Балки, кейин топарман.

     “ – Адашма!…” – деди.- Нимадан адашмай? Мен ҳар қандоқ ҳолда ҳам ўз Элимни Эркка етакловчи йўлдан бораман. Буни: “ Ҳақ йўл” деб биламан. Яшашдан туб мақсадим ҳам шу. Балки, Ўлим фариштаси ҳам шуни қўзда тутгандир? Яна диний туйғуларни ҳам…

     Мен тирик эканман, шу ишларни қиламан. Тангри ҳам бу ишларимни ёрлақайди. Мен бунга ишонаман. Бутун вужудим билан ишонаман.

     Шундай экан, Ўлим фариштаси тушимга кириши сирли бир ҳол эмасми? Бу нимадан дарак? Ўйладим… ўйладим… охири топдим: Бекнинг мана бу тушкин сўзларини ечиб бериш учун тушумга киргандир:

     “ – Ўлганимиздан кейин бу дунёга сира қайтиб келмаймиз – а, Эврил? Сира – сира… сира – сира… сира – сира…”

     Мен тушимни Бектемирга айтиш учун сўл томонимга бурилдим. У йўқ. Уни ёзилмада деб ўйладим. Кутдим. Келмади. Бирдан миямда нохуш фикр портлади:

     “Ухлаётганимда сурган…”

     Сапчиб қалқдим. Ёзилмага чопдим, йўқ. Айвонга чопдим. Йўқ.

     Юз – қўлимни шошиб ювароқ Оқгуллар маҳалласига югурдим. Жимжит. Бекнинг қариндошиникига югурдим. Беҳуда… Борлиғимни хавотир, қўрқув, турли ёмон ўй – фикрлар чулғаб олди. Юрагим кўксимдам ёрилиб чиқар даражасида қаттиқ урмоқда. Яна зир югуриб ҳамма хилват гўшаларни кўздан кечириб чиқдим.  Лекин Бектемирни топмадим. Қуёш кўтарилганда, наилож уйга қайтдим.

     Онам мени қаттиқ изтироб ичида, кўзлари тўрт бўлиб, остонада кутиб турган экан:

     – Менга бир оғиз айтмай кетибсан – да, болам, – деб оғринди хазин ва титроқ овозда, – қон ютдим – а!…

     – Узр, она, – мен мунғайиб бошимни эгдим.

     – Дўстинг хастахонада. Дам ҳушига келиб, дам ҳушидан кетиб, алаҳсираб ётибди. Врач унинг бадан, бошини ювиб, ёрилган ерларини тиккан. Худо бир асрабди… Кон бошлиғи кўриб қолмаганида …

     Онам гапини давом эттиролмади, унсиз йиғлади. Мен унинг ҳай – ҳуйига ҳам қарамай, Учқулочнинг чекка қисмида (шарқида) жойлашган хастахонага бор кучим билан чопдим.

     Неъмат деган қорачадан келган, озғин, кўркам духтур* (мед. брат) узоқроқ уруғимиз бўлади. У ўз ишини врачлар даражасда пухта билади, бироқ менга ёқмайди. Одам билан оғзини сунъий тарзда йириб, иршайиб, олифтанома гаплашади. Боғдон лаҳжасини (ўғузча) бузиб, адабий тилда сўзлашга уринади. Бундан менинг энсам қотади. Мен ичимда: “ – Кошки эпласа…” – деб пичинг қиламан.

     Келиб – келиб, ҳозир шу олифтага менинг ишим тушди. Мен бундан ичимда ғижинсам ҳам, ундан Бектемирни олдига киришга рухсат сўрашга мажбур бўлдим.

     – Қонун – қоидалар бор, жигар, – у олтин тишларини ярқиратиб иршайди, – мен буни ўйлаб топмаганман.

     – Одам ўйлаб топганми?

     – Эс – ҳушинг жойидами, бола? Бўлмаса ким? Ундан бошқаси бунга қодирмас.

     – Тангри – чи?

     – Жинни –пинни эмасмисан ўзи?!.

     Неъматнинг сўзи таъсирида менда шундай фикр туғилди:

     “ – Одам боласи одамзотни бошқариш учун қонун – қоидалар “кашф” қилган. Қонун – қоидалар дегани: буғов, жилов, тушов, қурол…дегани. Қурол бўлганда ҳам, энг дахшатли, энг қудратли қурол. Агар бу Сталин*дек ёвуз каснинг “қўлига тушса”, унинг оқибати олдида зилзила, ўлат, тўфонлар ҳам ҳолва бўлиб қолади. Худбин, қўрқоқ, тахтпараст йиртқич ўз жонини, тахтини сақлаб қолиш учун ҳар қандок қирғин, ёвузликдан қайтмайди. Бироқ қанча аянчли бўлмасин, бусиз одамзотни бошқариш қийин. Ҳатто мумкин эмас. Мен буни ўзим истамаган  ҳолда одам боласининг  буюк кашфиёти деб биламан.

     Менимча, инсон қонундан олдин уй, эшик, дарча, илгич, қулф-калитни; сўнг тўсиқ (панжара), девор, қопи (дарвоза)ни; сўнг зиндон, қамоқхоналарни “ихтиро” қилган. Булар яшаш, сақланиш, сақлаш воситалари, бунга одамни ҳаётнинг ўзи мажбур этган.

     Дўстим оғир аҳволда ётганда, мени бундоқ ҳаёл суришим, кечирилмас ҳол. Аммо, баъзан, киши хаёлга берилганини ўзи ҳам сезмай қолади. Чунки хаёл кутулмаганда, оний тезликда юз беради. Бундоқ онда одам ўзини идора қилолмай қолиши мумкин.

———————————————————————————————-

* духтур (мед. брат) – у замонда олий маълумотли врачлар етишмаганига , Неъмат Учқулоч хастахонасига бошлиқ эди.

* Сталин 65 миллион одамни бошига етган. Коммунистик мафкура сабабли 165 миллион киши ҳаётдан кўз юмган.

Мен ичимда ўз-ўзимдан хижолат чекдим. Ва:

     – Бир гал қонунни четлаб ўтсак, ер ёрилиб, осмон тушиб кетмас, – дедим.

     – Ўзинг чигирткадай бўлсанг ҳам, катта кишилардай гапирасан. Мен бир сўзли одамман. Ғашимга тегма.

     Ўзи менинг гапириш усулим шундай.

     – “Гапириш усулимиш”… Сенгамас бировнинг устидан кулиш… Олдин ўзингни бил, мақтанчоқ. Жўна!

     Менинг юрагим “шув” этди. Кўнглимдан: “ – Ўзига нисбатан менинг муносабатимни биларкан-да” – деган гап кечди. Бироқ сир бермай, сўрадим:

     – Бекнинг аҳволи яхшими ўзи?

     – Нафас оляпти. Ўлмайди. Айб ўзида. “Саёқ юрган, таёқ ейди”. Тун ярмида ит дайдиб, санқиб юради. Аҳмоқ бола! Кон бошлиғи ёрдам бермаганда, ўлиб кетарди.

     Неъматдан ёруғлик чиқмаслигини сездим. Руҳсиз ҳолда ташқарига чиқди. Шунда миямга: “Одам боласи хастахона билан бирга дераза ҳам “кашф” қилган деган фикр урилди. Яширинча очиқ ойна олдига бордим.

     Бектемирнинг бадани, боши бинт билан ўралган (фақат кўз қисми сал очиқ) бўлса ҳам, уни бешта касалнинг ичидан бир қарашда адашмай топдим. У шифтга қараганча чалқанча ётибди. Жуда паст товушда уни чақирдим:

     – Бек!

     У бошини дераза томонга зўрға бурди. Ҳол-аҳвол сўрашга ҳам менга имкон бермади:

     – У омонми? – сўради ўта заиф, қалтироқ сасда. Хасталар ичида Оқгулнинг отини айтишни лозим топмади.

     – Соғ-омон. Тушда уларникига ўтаман.

     – Сўраса, мени Боғдонда дегин.

     “ – Қизларни алдашга тилим бормайди” – демоқчи бўлдим. Лекин Бекни бу аҳволда ранжитгим келмади.

     – Ҳа, – деб қўя қолдим.

     – Яҳудий хоним масаласи…

     – Бугун ҳал бўлади. Хотиржам бўл. Хабар бераман.

     – Энди кет, ишлар билан бўл…

     Бекнинг аянчли аҳволидан кўнглим вайрон бўлиб, уйга қайтдим. Тикка ўрмалаётган қуёш ёндираман дейди. Кўча-куйда одам уруғи кам. Тўсатдан Неъматнинг пичингги эсимга тушди:

     “Ўзинг чигирткадай бўлсанг ҳам, катта кишилардай гапирасан”.

     Ўйлаб қарасам, у ҳақ. Айрим онларда одам ўз камчилигини сезмайди. Чиндан ҳам баъзи сўзларим катта кишиларникидай, сохтадай, китобийдай. Буни тан олмасдан иложим йўқ. Шу лаҳзада ичимдан бир сас келди:

     “ – Ҳамиша ўзингни-ўзинг тергаб юр, тузатиб юр”.

     Неъматнинг иккинчи кесатиғи ҳам юрагимга игнадек санчилди:

     “ – Сенгамас бировнинг устидан кулиш… Олдин ўзингни бил…”

     Қанча заҳарли бўлмасин, мен бу кесатиқни тўғри деб билдим. Шу зум кўзга кўринмас бир кас қулоғимга шивирлади:

     “ – Неъматнинг аччиқ гапи сенга сабоқ бўлғай”.

     “ – Тилнинг тизгини йўқ, – деб ўйладим мен ўзимча, – асов отни бошқариш қийин бўлганидек, баъзан ақл тилни идора қилолмай қолади”.

     Шунда, қўққис, онамнинг сўзи эсимга тушди:

     “ – Ҳар бир сўзни ўйлаб сўзла, гапнинг ҳам оёғи бор…”

     “ – Агар Оқгул ичидаги дардни ташига чиқармаганда, – дедим ўзимга-ўзим, – ҳозир бундай мудҳиш кунларга қолиб ўтирмасди”.

     Ичидаги дард!..

     Менимча, бу узун йиллардан кейин… айтиладиган дард эди. Узун – узун йиллардан кейин… Куч–қувватга тўлгандан кейин… Очунга танилгандан кейин…”

     Мен буни шундай изоҳладиму, бироқ қалбим бу фикримга қўшилмаётгандай эди. Тўғрироғи, у ўзгача фикрда эди:

     Бўғоз хотин туғади.

     Ой тутилади.

     Бўрон қўпади.

     Ердан минглаб марта катта юлдуз парчаланиб кетади.

     Булар Тангри амри билан юз беради ва шу сабабли уларни тўхтатиб бўлмайди. Айни шулар каби Оқгулнинг ичидаги дард ҳам ўзига бўйсунмаган ҳолда кўксини ёриб чиқди. Худди етти қат ер қаъридан отилиб чиққан вулқон мисол.

     Оқгул Совет сиёсати билан “улуғ оға”га қарши бир сўз дедими? Йўқ. Ҳамма қўрқанидан ёлғон сўзлаётганда, у тарихий ҳақиқатни айтди. Мавжуд ҳақни айтди. Бу эса тузмга ёқмади. Энг асосийси:

     Оқгулнинг ақлидан қўрқди.

     Тўғри сўзлигидан қўрқди.

     Келажагидан қўрқди.

     Йиллар кечароқ уни Элга танилишини, Чўлпонлар каби тузм илдизига болта урушини англади. Мана, таъқибга, ҳатто йўқ қилишга бўлган сабаб.

     Бош сабаб…

(Давоми бор)

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares